Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (kun.uz 28.02.2025й): Солиқ қўмитасининг Kun.uz’га фискал чеклар таҳлили бўйича тақдим қилган маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар 2024 йилда дори воситаларига жами 19,7 трлн сўмдан ортиқ пул сарфлаган.
Изоҳ: Ушбу статистик маълумотлардан баъзи хулосаларни чиқариш мумкин. Масалан, 2024 йилда дори воситалари учун сарфланган 19,7 трлн сўмнинг 15,7 трлн сўмдан кўпроғи импорт препаратлар, 4 трлн сўм маҳаллий ишлаб чиқарилган препаратлар ҳиссасига тўғри келган. Демак, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжнинг атиги 20,3 фоизини таъминлаяпти холос. Қолган деярли 80% эҳтиёж импорт ҳисобига қопланяпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга 1 млрд 744,7 млн долларлик фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинган. Шундан 1,5 млрд долларлик маҳсулотлар айнан чакана савдо учун олиб кирилган дори воситалари ҳиссасига тўғри келган. Шундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон фармацевтика ва тиббиёт буюмлари бўйича импортга қаттиқ қарамлиги сақланиб қоляпти. Чунки ушбу соҳа ҳам бошқа соҳалар сингари монополия қилиб олинган. Монополистларга юртимизда фармацевтика ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилишини ривожлантиришдан асло манфаат йўқ. Уларга четдан импорт қилиб, халқимизга отни калласидек нархларда сотиш осонроқ ва фойдалироқ. Шунинг учун ҳам ички ишлаб чиқариш жуда оқсоқ ҳолда қоляпти. Шунингдек, халқимизнинг тиббий эҳтиёжлари юқори даражада эканлиги унинг ҳаёт сифати жуда ёмон аҳволда эканлигини ҳам кўрсатади. Ҳеч кимга сир эмаски, баъзи кўчаларда дорихоналар ҳатто озиқ-овқат дўконларидан ҳам кўпроқ. Энди дорилар ва тиббий хизматнинг қимматлиги алоҳида катта мавзу. Халқимиз учун сифатли ва бепул тиббий хизмат деярли йўқ даражада. Бунинг сабаби ўзбек ҳукумати ғайриисломий демократик тузумни татбиқ қиляпти. Исломий бошқарувда давлат ўз фуқароларини сифатли ва бепул тиббий хизмат билан таъминлашни тўла кафолатлайди. Ҳатто энг оғир касалликка чалинганларни ҳам – қанча сарф-харажат талаб қилинмасин – давлат ғамхўрлик билан даволайди. Чунки Росули акрам ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
«…اَلْإِمَامُ رَاعٍ وَهُوَ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»
“…Имом бошлиқдир ва у ўз қўл остидагиларга жавобгардир”. (Аҳмад ва Бухорий ривояти)
Хабар (gazeta.uz 03.03.2025й): Ўзбекистонда жиноятлар сони 2024 йилда 27 фоизга, 5 йилда эса 113 фоизга ошди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда 2024 йилда республика бўйича рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий сони 132 298 тани ташкил этган. Бу 2023 йилга нисбатан 27,1 фоизга, 2020 йилга нисбатан эса 113,1 фоизга кўпайганини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич Статистика агентлигининг ҳисоботида қайд этилиб ҳужжатлаштирилгани бўлиб, асл воқелик бундан-да ёмонроқ бўлиши мумкин. Савол туғилади, нега жиноятчилик камайиш ўрнига борган сайин кўпайиб боряпти? Унинг асл сабаблари нимада? Ва улар қандай қилиб бартараф этилади? Аввало шуни такидлаш лозимки, жамиятда жиноятларнинг кўпайиб бориши, шубҳасиз, татбиқ этилаётган капиталистик демократия билан боғлиқдир. Демократия инсоннинг мутлақо эркин бўлишини, яъни кўнгли нимани тусаса, ўшани қилиши кераклигини илгари суради ва буни “инсон ҳақ-ҳуқуқи” деб атайди. Демократик тушунчадаги эркинликлар инсоннинг нафс-хоҳишлари ҳеч бир тизгинсиз бўш қўйиб юборилишини англатади. Бунинг натижасида эса инсоният ҳаётида ҳайвон ҳам қилмайдиган ЛГБТ, бузуқлик, судхўрлик, фирибгарлик, ўғирлик, қотиллик каби мудҳиш жиноятлар кўпайгандан-кўпаймоқда. Росулуллоҳ ﷺ бежизга айтмагандилар: “Сизларнинг нафсларингиз бамисоли қутурган туя кабидир. Арқоннинг бир учи туянинг бўйнига боғланган. Иккинчи учи сизнинг белингизга боғланган. У сизларни чунонан тортиб судрайди-ки, ҳатто этларингиз нимта-нимта бўлакларга бўлинишга яқин бўлади. Шунинг учун сизлар уни ақл қўрғони билан ўраб-қамаб қўйинглар. У барибир бузиб чиққувчидир”. Демак, инсон нафсини фақатгина Илоҳий тузум, шаръий чегаралар билангина чиройли тартибга солиш мумкин. Аллоҳ таоло дейди:
إِنَّ ٱلنَّفۡسَ لَأَمَّارَةُۢ بِٱلسُّوٓءِ
– “Албатта, нафс ёмонликка ундовчидир”. (Юсуф:53)
Хабар (ozodlikkanali 04.03.2025й): “Заправка”лар очилмаётганидан норози ҳайдовчилар катта йўлни тўсишди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, М39 трассасининг Тошкент вилояти Чиноз туманидан ўтган қисми ўнлаб юк ва енгил автомобиль ҳайдовчилари томонидан тўсиб қўйилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларга қараганда, ҳайдовчилар автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ишламаётганига норозилик билдириб катта йўлни тўсишган. “4-5 кундан бери машинасига газ тўлдира олмаётгани”ни айтган ҳайдовчилар Энергетика вазирлигидан муаммони ҳал қилишни талаб этган. Маълумот учун, 4 март эрталаб Тошкент – Термиз автомагистралининг 30 га яқин нуқтасида узунлиги ўнлаб чақиримга етган навбатлар юзага келди. Шу куни эрталаб 9 дан очилиши кутилган метан газ заправкалари кечгача очилмади. Минг афсуски, ўзбек режимининг энергетика соҳасидаги ўта муваффақиятсиз ва қарамлик сиёсатининг оғир тўловини мана шу жабрдийда халқимиз тўламоқда. Россияга нефт, бензин, газ каби энергия манбалари бўйича қарамлик, газ ва электр нархларининг ўта даражада қимматлаштирилгани, таъминотнинг ҳали ҳам ёмон аҳволда эканлиги – буларнинг барчаси халқ зиммасига жуда оғир юк бўлиб тушяпти. Халқимиз фақат энергия муаммосининг ўзидан тортаётган азобларини сўз билан таърифлаб беришнинг иложи йўқ. Халқимизнинг норозилиги очиқ-ойдин кўриниб турган бўлса-да, ўзбек режимининг халқ дарди-ташвиши билан умуман иши йўқ. У муаммони узил-кесил бартараф қиладиган ечимлар устида бош қотириш ўрнига, амал-тақал қилиб халқ кўзи учун нимадир қилаётганини кўрсатиш билан банд. Хўш, Мирзиёевнинг халқни рози қилиш ҳақида айтган баландпарвоз гап-сўзлари қаерга кетди?! Аслида, у бошлиқ ҳукумат айнан халқни норози қиладиган ишларга қўл урмаяптими?!… Шунинг учун ҳам одамлар ноилож қолганидан йўлларни тўсиш каби жиддийроқ чоралар қўллашга мажбур бўляпти. Албатта, бу табиий ҳол. Бироқ мусулмон халқимиз қаршисида тоғдек уюлиб ётган муаммоларнинг туб илдизи айнан ғийриисломий демократик тузум эканлигини яна эслатамиз. Токи, Исломий бошқарув келмас экан, уларга батамом барҳам беришнинг асло иложи йўқ!
Хабар (ozodlik.org 04.03.2025й): Хитой Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича биринчи ўринда туради. Ўтган йили у қўшма корхоналар сони бўйича ҳам Россияни ортда қолдирди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, Хитойнинг иқтисодий таъсири ўсиши мавзуси яқинда бўлиб ўтган онлайн-аукцион туфайли Ўзбекистонда яна қизғин муҳокама мавзусига айланди. Маълумки, савдога қўйилган конларни сотиб олган 12 та компаниянинг аксарияти Хитой иштирокидаги фирмалардир. Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ўзбек сегменти орасида “Хитой экспансияси”дан хавотир билдирилган видеолар тарқалмоқда. Албатта, бу хавотирлар ўринли. Ва қувонарлиси шуки, халқимиз ҳар турли хатарларга бефарқ бўлмай, уларни англашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ юртимизда нафақат Хитой, балки бошқа кофир мустамлакачи давлатлар ҳам ўз манфаатлари йўлида ҳар соҳада таъсирини ўтказишга интилаётгани очиқ кўриниб турибди. Фикримизча, халқимиз Россия ва Хитойдан келаётган хавф-хатарларни яхши англаётгани баробарида, Америка бошлиқ Ғарбдан келадиган хатарларни ҳам янада чуқурроқ ҳис қилиши лозим. Агар булардан келадиган хатарларни таққослайдиган бўлсак, айтиш мумкинки, Ғарб мустамлакачилари, айниқса Американинг хатари Россия ва Хитойдан келадиган хатардан асло кам бўлмайди. Чунки улар капитализм мафкурасига эга давлатлар бўлиб, мусулмон халқимиз онгига ана шу бузуқ ва жирканч мафкурадан келиб чиқадиган дунёқараш ва ҳаёт тарзини сингдиришга уринишяпти. Бундай ҳаракатлар сақофий мустамлака қилиш жумласидан бўлиб, хатарларнинг энг каттаси ҳисобланади. Зеро, фикран мустамлака бўлган халқни хоҳлаганча бошқариб, хоҳлаганча бойликларини талаш мумкин бўлади. Бугун Украина халқи бошига тушаётган бевафо Америка очкўзлиги бунга ёрқин мисолдир. Шу эътибордан, Россия, Хитой, Америка каби ўзининг шахсий манфаатини кўзлаб, мусулмон халқимизни қул қилиш, бойликларини талон-тарож қилишдан бошқа мақсади бўлмаган бу душман давлатларнинг барча соҳада ташлаётган қадамларини диққат билан кузатиб боришимиз лозим. Шунингдек, фақат кузатиш билан кифояланмай, уларнинг юртимизда илдиз отишига бор куч-имкониятимиз билан қарши туришимиз вожибдир. Аллоҳ таоло айтади:
وَاللَّهُ أَعْلَمُ بِأَعْدَائِكُمْ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَلِيًّا وَكَفَىٰ بِاللَّهِ نَصِيرًا
– “Ҳолбуки, Аллоҳ душманларингизни жуда яхши билгувчи, Аллоҳнинг ўзи етарли дўст, Аллоҳнинг ўзи етарли ёрдамчидир”. (Нисо:45)
Хабар (kun.uz 04.03.2025й): Маданият вазирлигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва диний қўмита вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда хонандаларга «Санъаткор одоби», диний сиёсат концепцияси каби ҳужжатлар тушунтирилган.
Изоҳ: Йиғилиш давомида асосий лицензия талабларида ижрочиларнинг “концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик” масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, ўз ижодлари давомида ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни кўпайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлишлари айтиб ўтилди. Ҳукумат Рамазон ойида халқимиз шоду ҳуррамлик ва ихлос билан кўчаларни безатган байрамона безакларни олдириб ташлаш, болаларни масжидга киритмаслик, миллий гвардия ходимларига рўза тутишни таъқиқлаш, хайр-эҳсонни чеклаш каби фасод ишларини яна давом эттиряпти. Буларга энди санъаткорларга Исломни тарғиб қиладиган қўшиқлар айтишни тақиқлагани ҳам қўшилди. Улардан ёмонлик ва фасодга тўла диний концепцияга қатъий амал қилишни талаб қилаётгани, албатта, ҳукуматнинг иккиюзламачи ва абсурд сиёсатининг давомидир. Агар санъаткорлар фаҳшни тарғиб қилувчи ярим-яланғоч, бехаё чиқишлар қилишса ва ашулалар айтишса, бунга қарши айтарли чора кўрилмайди. Яна “диннинг ўрнига ватанпарварликни мадҳ қилинглар” деган талаби ҳам бор. Бу билан ўзбек режими мусулмон халқимизга Ислом қайсики йўллар билан етиб бориши мумкин бўлса, уларнинг барчасини тўсишга қаттиқ уриняпти. Ҳатто Исломга даъват ҳисобланади, деб қаралган энг майда нарсаларгача тақиқлаяпти. Бу худди телба одамнинг орқа-олдига қарамай қилаётган тушунарсиз ҳаракатларига ўхшаб кетади. Ўзбек режимининг бундай ҳаракатлари ҳам кулгили, ҳам афсусланарли. У ўзининг Исломга тоқатсизликни яққол намоён қилувчи “чора-тадбир”ларини “биз дунёвий давлатмиз” деган баҳона билан ниқоблашга уриняпти. Бундан кўриниб турибдики, ўзбек режими дунёвий давлат ҳақиқатда қандай бўлишини тушунмайди ҳам. Аслида, бу режим дунёвийлик ниқоби остида мусулмонларни Исломдан йироқлатиш бўйича Россия ва Америка каби мустамлакачи давлатларга берган ваъдасини бажаряпти холос. Мусулмон халқимиз бу золим режимнинг бунчалик ҳаддидан ошишига сукут сақлашда давом этадиган бўлса, бунинг тўлови ҳозиргидан-да оғир бўлади. Аллоҳ золимларга кифоя қилсин!
Хабар (kun.uz 04.03.2025й): Навоий вилояти Кармана туманидаги 15-мактабнинг 8-синф ўқувчиси фарзанд кўрди. Ушбу мактабда ўтган йили ҳам эрта туғуруқ ҳолати кузатилган. Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда.
Изоҳ: Хабарда қўшимча қилинишича, ушбу мактабда ўтган йили ҳам эрта туғуруқ ҳолати кузатилган. Ўшанда мактабнинг 10-синф ўқувчиси она бўлган. Хабарда айтилмаган бўлса-да, ҳолатни прокуратура ўрганаётганидан бу болалар никоҳсиз алоқадан, яъни зино ортидан туғилганини тушуниш қийин эмас. Kun.uz.нинг 2024 йил 12 август кунги хабарида эса, Хоразмнинг Шовот туманидаги мактаблардан бирининг 8- ва 10-синф йигитлари 7-синфда ўқувчи қизни зўрлагани, шундан сўнг у фарзанд кўргани айтилди. Воқеа ортидан 2 нафар синф раҳбари ва бир психолог ишдан бўшатилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилаётгани билдирилди. Афсуски, бундай хунук хабарларнинг бириси совумай туриб, кейингиси чиқиб келяпти. Ва булар одамларга маълум бўлаётганлари холос. Қанчадан-қанча махфий қолаётган ҳолатлар ҳам борки, улар ёлғиз Аллоҳга аён. Ҳукумат ҳар доимгидек, бир-икки одамни ишдан олиб, жиноятчиларга жазо бериш билан ишни ёпади. Ва шу билан гўё у вазифасини қойилмақом қилиб бажариб қўйяпти. Аслида эса бу жирканч муаммонинг ечими бундай ҳал қилинмайди. Балки муаммо яхшилаб ўрганилиб, уни ҳақиқатда бартараф қиладиган ечимлар татбиқ қилиниши лозим. Шу ўринда воқеликка назар солсак, мактабда йигит-қизлар аралаш ўқитиляпти, никоҳ ёши эса йигит-қизларнинг балоғатга етиши билан ўлчанмай, балки қасддан 18 ёш қилиб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ёшларимиз зинонинг ҳаромлиги ва у энг оғир гуноҳлардан бири эканлиги ҳақида тўғри тушунчаларни берадиган Исломий таълим-тарбиядан маҳрум қилинган. Аксига олиб, ҳукумат Ғарбнинг эркинликлар дея аталмиш заҳриқотил тушунчаларини дастаклаб, енгил-елпи ҳаётга одатланишлари учун ёшларимизга тунги клублар очяпти, турли кўнгилочар тадбирлар уюштиряпти… Оқибатда эса ёшлар зино каби ҳаром ишлардан хазар қилмайдиган, ўз нафсини қондириш кўйида номусга тажовуз қилишдан ҳам тап тортмайдиган авлод бўлиб етишяпти. Албатта, бунга асосан мана шу ўзбек режими айбдор. Чунки у халқимиз устида инсонни ўз нафсининг қулига айлантирадиган бузуқ Ғарб демократик тузумини зўравонлик билан татбиқ қилмоқда.
Хабар (president.uz 05.03.2025й): Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этди.
Изоҳ: Йиғилишда Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши кураш бўйича 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, амалдорларнинг даромадларини декларация қилиш бўйича қонун қабул қилиш вақти келганини айтди. Бироқ Озодлик хабарига кўра, Мирзиёевнинг бу ва бошқа ташаббуслари аввал ҳам янграган, аммо бу борадаги қонунчилик ташаббуси ва аниқ қадамлар кечиктириб келинади. Бундан ташқари, йиғилишда Мирзиёев ҳокимиятнинг юқори доиралари, шахсан президент оиласи аъзоларининг коррупция ва непотизмга алоқадорлиги ҳақида умуман гапирмади. Мисол учун, президент айрим раҳбарларни ортиқча ҳашамат ва дабдабага берилгани учун танқид қилган, аммо бирон раҳбар номини тилга олмаган. Ҳолбуки, ижтимоий тармоқларда унинг оиласи аъзолари – куёвлари ва қизларининг ҳашаматли ҳаёти ўзбекистонликлар томонидан танқид қилиб келинади. Яна бир эътиборли томони, Мирзиёев коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдиришни эътироф этган. Қизиқ, ўзбек режими бир томондан ҳалол-ҳаромнинг асоси бўлган Исломдан ёшларни узоқлаштирса-ю, бошқа томондан ҳалол авлодни ўстиришга ҳаракат қилса. Албатта, коррупцияни йўқ қилишда ҳалол-ҳаромни ёшларга сингдириш тўғри ғоя. Аммо Исломсиз, Исломий тарбиясиз бунинг асло иложи йўқ. Бугунги кунда ўзбек режими татбиқ қилаётган капиталистик демократия тузуми манфаатдорликка асосланган бўлиб, коррупция унинг аччиқ мевасидир. Шунинг учун, демак, коррупцияни йўқ қилишнинг ягона йўли – демократик тузум, бузуқ Ғарб қонунларидан бутунлай воз кечиб, Исломни ҳаётга олиб келишдир. Шу ўринда Ислом тарбиясини олган раҳбар қандай бўлиши ҳақида тарихдан бир мисолни келтириб ўтсак: Урва ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ Яманга ҳоким бўлиб келганида: “Эй Яман аҳли, бу менинг уловим, агар мен Ямандан чиқиб кетишда бундан ортиғи билан кетсам, мен ўғриман!” – деди. Урва ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ Яманда 20 йил ҳукмронлик қилди ва у ўз вазифасини тугалларкан, Яманни биргина туясига минган ҳолда тарк этди. Унинг ёнида эса, қиличи ва Қуръонидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди.
Хабар (qalampir.uz 07.03.2025й): Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат аёлларини безовта қилаётган энг катта масала ишсизлик эканини айтди. Бу ҳақда у 7 март куни Кўксарой қароргоҳида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда сўз очди.
Изоҳ: Агар Мирзиёев эркаклар учун энг катта муаммолардан бири ишсизлик эканини айтганда, ҳақиқатда тўғри гапирган бўларди. Бироқ Ислом нуқтаи назаридан қараганда, аёллар учун ишсизликни муаммо қилиб кўтариш нотўғри бўлади. Чунки оила таъминоти эркакларнинг бўйнида, аёлларнинг эмас. Ислом эркакларга оиласининг моддий таъминотини вожиб қилди. Аёлларга эса ишлаш вожиб эмас, балки жоиздир. Яъни аёл хоҳласа ишлайди, хоҳламаса йўқ. Унинг вазифаси ишлаб пул топиш эмас, балки уй бекаси бўлиш ва фарзанд тарбиясидир. Унинг нозик елкасига юрт иқтисодига ҳисса қўшишдек оғир юкни юклаш аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Бу аёлларни эркаклар билан тенгма-тенг ишлашга мажбурлашни англатади. Ҳозир аёллар учун энг катта муаммо бу – аёлга нисбатан ғайриисломий нуқтаи назардан қаралаётганидир. Яъни ўзбек ҳукумати татбиқ қилишга уринаётган капиталистик демократия тузумида аёлга уй бекаси ва фарзанд тарбиячиси, деб эмас, балки ишчи кучи сифатида қаралади. Мирзиёевнинг аёллар учун энг катта муаммолардан бири ишсизликдир, деган фикри ҳам мана шу нотўғри қарашдан келиб чиқяпти. Демакки, юртимиздаги муслима аёлларнинг энг катта муаммоси ва энг катта зулм ана шу ғайриисломий демократик тузумдир. Шунингдек, ундан келиб чиқадиган гендер тенглиги каби Ғарбнинг сарқит лойиҳалари ҳам улкан муаммолар туғдиради. Аёллар учун ана шу бузуқ тузум пайдо қилган бундан бошқа муаммолар ҳам қалашиб ётибди. Хулоса шуки, Ислом бошқаруви, хусусан, Исломдаги ижтимо низоми татбиқ қилинмас экан, юртимиздаги муслима аёллар устида сунъий пайдо қилинган бундай муаммолар ортиб бораверади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
10.03.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми