Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар: 31 нафар собиқ сиёсий маҳкумлар устидан навбатдаги суд жараёнининг янги тафсилотлари маълум бўлди.
Изоҳ: Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, маҳкамага тортилган 31 нафар собиқ сиёсий маҳкумлардан бири бўлган Холиқов Хайдар Шербоевичнинг соғлиги жуда ёмон аҳволда бўлишига қарамай, унга нисбатан 2024 йил 29 феврал куни “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Таъкидлаш ўринлики, у золим Каримов режими томонидан ёлғон айбловлар билан 2000 йилда қамоққа ташланган. Шундан сўнг 3 марта “раскрутка” қилиниб, жами 20 йиллик умрини қамоқда ўтказиб, 2020 йилда озод қилинган эди. Маълумотларга кўра, у жигар циррозига чалинган. Бироқ суд унинг бундай аҳволига қараб ўтирмай, тергов ва суд жараёнларида бир йилдан бери қамоқда ушлаб ўтиришга рухсат берган. Гарчи 55 ёшга кирган, оғир касаллик билан курашаётган бу йигит ўзи хоҳлаган тақдирида ҳам жисмоний ҳолати уни қочиб кетишига тўсқинлик қилиши ойдек равшан бўлишига қарамай, бунинг устига қалблар эрийдиган муборак Рамазон ойи эканлиги ҳам инобатга олинмай, унга нисбатан шундай шафқатсиз муносабатда бўлиняпти. Рамазон ойининг 13-кунида бўлиб ўтган судда, маҳкамага тортилган йигитлардан бири судьяга Холиқов Хайдар борасида мурожаат қилиб, шундай деган: “Бу киши енгил касал эмас, балки жигар циррози касали билан оғрияпти ва юраги инфаркт бўлган, ўзи ҳар сафар судга зўрға етаклаб олиб келаётган эдик. Бугун ҳам ҳушини йўқотиб судга кела олмади, “санчаст”га олиб кетишди. Унинг аҳволи жуда оғир, ҳатто ўлимгача бориши ҳам мумкин. Шуни эътиборга олиб уни қамоқдан озод қилишингизни талаб қиламиз. Судни эса онлайн давом эттирса ҳам бўлаверади”. Бунга жавобан судья ўнғайсизланиб: “Мени ҳам тўғри тушунинглар, мен ҳам одамман, мусулмонман. Мен ҳам биламан у ерда қандай қийинлигини. Мен ҳам ҳали билмайман сизларга қандай ҳукм чиқишини”, – дея жавоб берган. Яна қўшимча қилиб: “Яхши, буни керакли жойларга етказаман, рухсат берилса енгиллик берилади”, – деган. Шундай қилиб, суд 19 мартга қолдирилган. Судья ўзини оқлаш учун тилидан бехосдан чиқиб кетган охирги сўзлари биз аввалдан айтиб келаётган фикрларимизни яна бир бор очиқ тасдиқлаган. Судья бу гапи билан “сизларга зулм қилаётган мен эмас, балки мендан анча юқоридаги одамлардир” демоқчи бўлган. Аввал 20 йиллаб қамоқда ўтириб, яримжон бўлиб чиққан бу мазлум йигитларни энг юқори доиралар “буюртма”си билан суд-ҳуқуқ тизимларига яна қайта қамоққа ташлаш топшириғи берилганлиги қайта-қайта тасдиқланяпти. Бироқ бундай топшириқларни фақат бажарувчи эканлигини айтиб, ўзини оқлаш билан Аллоҳнинг олдидаги ҳисоб ҳеч ҳам енгиллашиб қолмаслигидан судья ва терговчиларни қатъий огоҳлантирамиз! Балки судья бўладими, терговчилар бўладими, хуллас шу ишга кимки аралашган бўлса, ҳаммаси зулмда шерик ҳисобланади. Энг катта золимлар, яъни Россия ва Америка каби мустамлакачи хўжайинларини рози қилишга уринаётган ҳукуматдагилар эса, ҳатто муборак Рамазон ойини ҳам писанд қилмай, зулм қилишда давом этаётганлари учун ҳам, ҳеч шубҳасиз, ўзларини Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманлари эканликларини яна бир бор исботламоқдалар. Огоҳ бўлинг, эй мусулмонлар! Аллоҳ таоло айтади:
وَاللَّهُ أَعْلَمُ بِأَعْدَائِكُمْ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَلِيًّا وَكَفَىٰ بِاللَّهِ نَصِيرًا
– “Ҳолбуки, Аллоҳ душманларингизни жуда яхши билгувчидир, Аллоҳнинг ўзи етарли дўст, Аллоҳнинг ўзи етарли ёрдамчидир”. (Нисо:45)
Хабар (azon.global 10.03.2025й): 50 дан ортиқ раввин Дональд Трампга Иброҳим келишувларини кенгайтириш ва унга туркий давлатларни ҳам қўшиш бўйича расмий мурожаат билан чиқди.
Изоҳ: Иброҳим келишуви (Abraham Accords) – “Исроил” ва бир қатор араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича тарихий дипломатик келишувлар бўлиб, улар 2020-2021 йилларда АҚШ воситачилигида имзоланган. Бу келишувлар доирасида БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш “Исроил”ни расман тан олди ва дипломатик муносабатлар ўрнатди. Аслида, бу келишувдан мурод – Ислом Уммати қалбига ҳанжар мисол санчилган яҳудий вужудининг Ислом оламидаги мавқеини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, уни қабул қилиш Аллоҳ ва Унинг Росули ﷺга ҳамда мусулмонларга нисбатан улкан хиёнат ҳисобланади. Энди эса мазкур жирканч келишувни Исломий юртлар – Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ҳам кенгайтириш таклиф қилиняпти. Афтидан, бундай таклиф замирида Озарбайжондаги сиёсий элита, хусусан, президент Илҳом Алиевнинг Американинг бевосита қўллаб-қувватловига эришишга интилиши ётган кўринади. Чунки Иброҳим келишувини кенгайтириш таклифи Озарбайжон ва Россия муносабатларида маълум даражада совуқлик тушган бир вақтга тўғри келмоқда. Ва Алиев бошлиқ ҳукумат Америка қўллаб-қувватловини яҳуд вужудига ялтоқланиш орқали олишни кўзлаётган бўлиши мумкин. Чунончи, лаънати яҳуд вужуди Ғазони вайрон қилиб, фаластинлик мусулмонларни аёвсиз қонини оқизиб келаётганига қарамай, Озарбайжон уни нефт билан узлуксиз таъминлашда давом этяпти. Яҳудий раввинлар ҳам Озарбайжон ва “Исроил” алоқаларини яҳудийлар ва мусулмонларнинг биргаликда ҳаёт кечиришлари борасидаги энг намунали модел эканлигини таъкидлашган… Агар Ўзбекистон ҳам ушбу хиёнат келишувига қўшиладиган бўлса, шундай ҳам яҳудий вужудини давлат сифатида тан олиб, у билан алоқаларни давом эттиришдек жиноятга қўл урган Мирзиёев режими яна бир улкан хиёнатни ўз номига ёздирган бўлади. Шунинг учун биз ўзини мусулмон санайдиган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ҳукуматларини қаттиқ огоҳлантирамиз! Муборак Фаластиндаги мусулмонлар ярасига туз сепиб, бундай келишувга қўшилишни ҳатто хаёлларига ҳам келтирмасинлар! Аллоҳ айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَتَّخِذُواْ ٱلۡيَهُودَ وَٱلنَّصَٰرَىٰٓ أَوۡلِيَآءَۘ
– “Эй, иймон келтирганлар! Яҳудий ва насороларни ўзингизга дўст тутманг”. (Моида:51)
Хабар (kun.uz 12.03.2025й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 март куни Францияга давлат ташрифи доирасида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори Одри Азулени қабул қилди.
Изоҳ: Бу ташкилотнинг асл мақсади дунё халқлари ва давлатлари устидан маориф, фан ва маданият соҳаларида бошқарувни ўз қўлига олиб, БМТ тарафидан улар учун белгиланган вазифа ва мажбуриятлардан бошқа томонга бурилиб кетмаслигини, яъни аграр давлатларнинг таълим тизими, саноатлашган давлатларнинг таълим тизими каби бўлиб кетмаслигини қаттиқ назорат қилади. Маориф, фан ва маданият соҳаларининг барчаси, кўрсатув ва эшиттиришлар улар томонидан қўйилган цензурадан ўтказилади. БМТнинг асл қиёфасини, Америка каби мустамлакачи давлатларнинг сиёсатини фош қилган ҳар қандай фикр ва ёзма манбаларни, кўрсатув ва эшиттиришларни қатъиян ман қилади. Улар илгари сураётган маданиятдан ўзга маданиятларнинг яшашига йўл қўймайди. Шунинг учун Исломий маданиятни, ҳатто биргина рўмол ёпиниб юришни ҳам қатъиян ман қилади. Матбуот устидан ҳам назорат ўрнатиб, уларнинг иш услуби ва тарқатадиган хабарларини ўзи қолипига солади. Бунинг учун халқаро журналистлар ташкилотини тузган. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги Франциянинг Ўзбекистон билан муносабатлари учун жуда муҳим саналади. Сабаби, Франция мустамлакачи давлат бўлиб, унинг мустамлака қилиш сиёсати сақофий-маърифий жиҳатга асосланади. Шунинг учун ҳам ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ҳукмронликдан кўра кўпроқ сақофий-маърифий ҳукмронликка эътибор қаратади. Таъбир жоиз бўлса, қўй териси остидаги бўри каби ўз мустамлакачилигини ўрнатади. Худдики, бугунги кунда Хитой ҳам кўзни ўйнатадиган маҳсулотлари билан жадал кириб келаётгани каби. Шундай экан, биз мусулмонлар – у хоҳ Россия, хоҳ Хитой, хоҳ Франция бўлсин – юртимизни мустамлака қилишларига йўл бермаслигимиз керак. Бунинг йўли эса, мустамлакачилик занжирларини юртимиздан улоқтириб ташлайдиган Рошид Халифалик бошқарув шаклига ўтиш билан бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
وَلَن يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
– “Аллоҳ ҳаргиз мўминлар устидан кофирларга йўл бермагай”. (Нисо:141)
Хабар (president.uz 12.03.2025й): 12 март куни Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Изоҳ: Ушбу ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири президент Мирзиёевнинг Францияга ташрифи бўлди. Бу Макроннинг 2023 йил ноябр ойидаги Ўзбекистонга келганига жавоб тариқасидаги ва унинг таклифига биноан амалга оширилди. Ташриф давомида Мирзиёев ва Макрон ўртасида стратегик шериклик декларацияси қабул қилинди ҳамда 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари, 6,5 млрд евролик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида келишувга эришилди. Бугунги кунда йирик давлатлар ўртасида МО минтақаси учун Россия-Украина уруши фонида геосиёсий кураш янада авж олмоқда. Буни улар яшириб ҳам ўтиришмаяпти. Макрон Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларига ташрифидан иккита мақсадни – Франциянинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва “собиқ Совет республикаларини Россияга қарамликдан чиқариш”ни кўзлагани айтилганди. Бунга жавобан Россия ТИВ Лавров Макронни “сурбетлик” ва “беҳаёлик”да айблаган эди. Мазкур ташрифнинг эътиборга молик томонларидан бири, Мирзиёевга 1802 йилда таъсис этилган Франциянинг “Фахрий легион” ордени топширилгани бўлди. Бу ҳам мустамлакачи Франциянинг Ўзбекистон раҳбарини ўзига мойил қилишдаги маккорона услубларидан биридир. Хуллас, бу мустамлакачи кофирларнинг мақсади юртларимизни ўз маҳсулотлари учун бозорга айлантириш, табиий бойликларимизни талон-тарож қилиш ҳамда халқимиздан арзон иш кучи сифатида фойдаланишдир. Зеро, мустамлакачилик бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мустамлакачи кофир давлатларнинг барчасидан ва устимиздаги малайтабиат ҳокимлардан қутулиш зарур. Бунинг учун эса, мусулмонлар ягона давлат – Халифаликда бирлашишлари керак. Яқинда тикланажак Халифалик давлати Исломни ҳаётга тўлиқ татбиқ қилади ва мустамлакачилик илдизига болта уриб, Ислом умматини улардан ва уларнинг югурдакларидан халос қилади иншаАллоҳ. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Имом-халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Хабар (daryo.uz 12.03.2025й): Сурхондарё вилоятида 6 фарзанднинг онаси чақалоғини 62 млн сўмга сотаётганда ушланди.
Изоҳ: Мазкур ҳолат 2024 йилнинг 13 ноябр куни содир бўлган. Маълум қилинишича, 1989 йилда туғилган 6 нафар фарзанднинг онаси 7 кунлик чақалоғини уй олиш мақсадида сотган. Турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони экани, оилавий шароити оғирлиги, яшаш уйи йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган. Бунинг оқибатида суд ҳукми билан аёл 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Яна шу хабарда келтирилишича, аввал ҳам бу каби ҳолатлар бир неча бор кузатилган. Жумладан, Қашқадарёда эр-хотин уй олиш мақсадида бир ҳафталик чақалоғини 190 млн сўмга пуллагани ҳақида хабар берилганди. Бундан олдин Тошкент вилоятида бир ёшли ўғлини 9 минг долларга сотишга уринган эр-хотинга суд ҳукми ўқилганди. Хабарларга эътибор берилса, ушбу жиноят инсоннинг асосий эҳтиёжларидан бўлмиш уйга муҳтожлигидан келиб чиққан. Агар уларнинг шу эҳтиёжлари таъминланганда, ўз жигарбандларини сотишгача боришармиди?! Албатта йўқ. Бироқ ўзбек режими муаммонинг ечими масаласига тўғри ёндошмай, яъни уни келтириб чиқараётган омилга эътибор қаратмай, аксинча оқибатлари билан курашишдан бошқасини эплай олмаяпти. Аслида, мана шундай ишларнинг юз бераётганлигининг ўзи бу режим учун улкан шармандалик ҳисобланади. Мирзиёев бошлиқ ҳукумат капиталистик демократия тузумини татбиқ қилар экан, бундан бошқача бўлмайди. Чунки бу тузумда ҳар бир шахснинг асосий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилиши лозим, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Исломда эса ҳар бир инсон уй билан таъминланиши унинг бирламчи эҳтиёжи бўлиб, уни назоратга олиш ва таъминлаш Халифалик давлатининг зиммасидаги вожиб амал ҳисобланади. Давлат бу ишни қилмасдан туриб инсонга жазо беришга ҳақли бўлмайди. Мисол учун, халифа Умар р.а. очарчилик даврида ўғрининг қўлини кесмаган эдилар.
Хабар (kun.uz 13.03.2025й): Тошкент шаҳридаги қурувчи фирмалардан уй учун шартнома олиб, узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан харидорларга «сотиб» келган «Credit House» ва «In Fin Strоy Invest» МЧЖ мансабдорлари минглаб фуқароларнинг пулларини ўзлаштирганликда гумонланяпти.
Изоҳ: Юртимизда уйга эга бўлиш илинжида йиққан-терганини фирибгарларга қўш-қўллаб топшириб, “куйиб” қолганлар жуда кўп. Ҳар йили бундай фирибгарлик ортидан одамлар миллионлаб доллар зарар кўради. Шундай бўлса-да, шу пайтгача ўзбек ҳукумати бунга чек қўя олмаяпти. Чунки бундай фирибгарликларнинг тўхтамай давом этаётгани аслида мавжуд қонунларга бориб тақалади. Айнан ана шу қонунлар фирибгарлар учун одамларни чув туширишда кенг шароит яратиб беряпти. Масалан, уй олди-сотдиси бўйича фирибгарликларда ҳали қуриб битказилмаган уй учун ёки фақат қуриладиган уйнинг макетини кўрсатиб ҳам аввалдан пул олиш мумкинлиги жуда қўл келади. Асосийси эса, жамиятда Исломий муҳит заиф, ўзаро муомалаларда ҳалол-ҳаромга деярли амал қилинмайди, Исломдаги ер, савдо ва ижарага оид ҳукмлар татбиқ этилмайди. Шунингдек, фирибгарлик ҳолатларида Исломдаги жазо чоралари қўлланмайди. Масалан, Исломда ўзи эгалик қилмаган нарсани сотишнинг жоиз эмаслиги ҳақидаги шаръий ҳукмни татбиқ қилишнинг ўзи билан қанчадан-қанча фирибгарликларни олдини олиш мумкин. Ушбу ҳукм татбиқ қилиниши ортидан ҳеч ким ҳали тайёр бўлмаган уйга олдиндан пул тўлашига тўғри келмайди. Шунингдек, қурувчи компаниялар ёки ўртадаги даллоллар ҳам ҳали уйни битмасидан туриб сота олишмайди. Бу ўринда, улар зарар кўриши мумкин-ку, ҳатто банкрот бўлиб ёпилиб кетишларига олиб бориши ҳеч гап эмас, бундан иқтисодиёт зарар кўради, дейиш ноўрин. Зеро, Ислом шартларига кўра, фойда-зарар ёнма-ён юриши керак, акс ҳолда бундай фаолият – у қайси соҳада бўлмасин – асло жоиз бўлмайди. Шунингдек, бундан иқтисодиёт ҳам, одамлар ҳам фақат ютади, чунки бозорда фақат ишончли ва барқарор қурилиш ширкатлари қолиб, бошқалари, шу жумладан, монополистлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ва шундай қилиб фирибгарликларга батамом нуқта қўйилади.
Хабар (daryo.uz 13.03.2025й): Жиззах вилоятида 2 млрд сўмлик табиий газдан ўғринча фойдаланган корхона аниқланди, деб хабар бермоқда “Ҳудудгазтаъминот”.
Изоҳ: Хабарда қайд этилишича, барча ҳудудларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда. Матбуотда бу каби “ваҳимали” хабарларнинг кети узилмай қолди. Газ танқислигидан аҳоли қийналаётгани бор гап. Бу муаммони бартараф қилиш учун эса ўзбек ҳукумати деярли ҳеч қандай чора кўраётгани йўқ. Балки ва аниқроғи ҳам шу – кунлар исишини кутяпти ҳамда аҳоли ичидан газни яширин ишлатаётганларни аниқлаб, жазога тортиш орқали одамлар эътиборини чалғитмоқчи бўляпти. Бундан ташқари, ҳукумат табиий газ экспорт-импорти ва унга ажратилаётган триллионлаган субсидияларнинг қай йўсинда ишлатилиши ҳақида шу кунгача ишонарли маълумот бермай келяпти. Шунингдек, табиий газга бой юртнинг экспортчидан соф импортчига айланиб қолгани сабабларини ҳам жамоатчиликдан яшириб келмоқда. Булардан маълум бўладики, табиий газ масаласида энг катта ўғрилар аслида ҳукуматдагилар ва уларга яқин бўлган кимсалардир. Шунинг учун, агар ҳукумат халқининг фаровонлигини ўйласа, биринчи навбатда ана ўшаларни жавобгарликка тортиши керак. Афсуски, қонун чиқариш инсоннинг ноқис ақлига қолар экан, ундай қонун олдида ҳеч қачон барча баробар бўлмайди. Чунки бу ҳолатда ҳокимият эгалари ўзлари истаган қонунларни чиқартириб олишлари ёки уни хоҳлаганча ўзгартириш ёки айланиб ўтиш имконига эга бўладилар. Бу йўл билан улар хоҳлаган инсонни жиноятчига ҳам чиқара оладилар. Ўзлари эса доим сувдан қуруқ чиқаверадилар. “Қонун устувор”, “қонун олдида барча баробар” деган гаплар қуруқ сафсата бўлиб қолаверади. Қонун мукаммал ва барчага баробар ишлаши учун у Яратувчи Аллоҳ таоло томонидан бўлиши ва уни халифа Умардек ҳаромдан, бировлар ҳаққидан ҳазар қилувчи зотлар татбиқ қилиши зарур. Мана шундагина қонунлар ўзгармас бўлади ва раҳбар ҳам, оддий фуқаро ҳам унинг олдида бир хил бўладилар. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, албатта, қўлини кесган бўлардим”.
Хабар (yuz.uz 13.03.2025й): Ижтимоий тармоқларда ИИО ходимлари патрул машинасида болали аёлни олиб келгани, у машинадан тушишни истамай қаршилик қилгани ва ЙПХ ходими уни мажбуран туширгани акс этган видео тарқалди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ муносабат билдирган. Ушбу муносабатдан маълум бўлишича, аёлнинг айби ўзининг уч нафар 10, 5 ва 3 ёшли фарзандларидан фойдаланиб, уларнинг соғлом ҳаёт кечириши ва таълимга жалб қилиниши таъминламай, тиланчилик билан шуғуллангани бўлган. Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро Х.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 188/3-моддаси (Тиланчилик қилиш) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бундан ташқари, аёлнинг фарзандларини ҳам вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш чораси кўрилаётгани айтилади. Бу аёл фарзандларини таъминлаш учун тиланчилик қиларкан, бунинг учун асосий айбдор аёлнинг ўзи эмас, балки унинг шу ҳолатга келишига сабабчи бўлган ўзбек ҳукуматидир. Чунки ҳукумат бу аёлнинг муаммосини атрофлича ўрганиб, унга моддий ёрдам кўрсатиб, асосий эҳтиёжларини таъминлаши керак эмасмиди? Аксига олиб кучишлатар тизимлар уни қўполлик ишлатган ҳолда маҳкамага олиб бориб, жазолаб ҳам қўйишмоқда. Аёлларнинг бунчалик даражада хор бўлиши бугунги кунда татбиқ бўлаётган манфаатдорликка асосланган капиталистик демократия тузумига боғлиқдир. Чунки бу тузумда аёл ҳеч қачон қадрланмайди, балки унга бир буюм сифатида эътибор қилиниб, ундан манфаат йўлида фойдаланилади. Аёллар ҳуқуқи, гендер тенглик деган нарсалар қуруқ сафсаталар бўлиб, аёлнинг янада хўрланишидан бошқа нарсага ярамайди. Унутманг! Фақат Исломгина аёлга – она, уй бекаси ва ҳимоя қилиниши лозим бўлган номус деб қараб, унга энг гўзал тарзда муомала қилинишини вожиб қилади. Унинг асосий эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайди ва эркаклар билан теппа-тенг меҳнат қилишга мажбур қилмайди. Шунингдек, унинг ҳимояси учун, худди тарихдагидек, керак бўлганда бутун Ислом армияси оёққа туради. Чунки Исломий тушунчага кўра аёл – Аллоҳнинг омонатидир!
Хабар (president.uz 14.03.2025й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володинни қабул қилди.
Изоҳ: Мирзиёев Франция ташрифини 13 март куни якунлади. Шунинг эртасига эса ўрис тарафдан вакил келди. Албатта, буни катта эҳтимолга кўра кутилган ташриф, дейиш мумкин. Чунки шу пайтгача Мирзиёев Ғарбдаги етакчи давлатлар ва уларнинг малайлари ёки иттифоқчилари билан учрашувлар ўтказганидан сўнг Россиянинг қайсидир расмийси келиб Мирзиёев қабулига кириши оддий ҳолга айланиб қолди. Демакки, бундан Россия Мирзиёевнинг ўрисдан узоқлашиб, Ғарбга мойиллиги ортишидан доимий хавотирда эканлигини тушуниш мумкин. Россия охирги йилларда бундай хавотирларини яшириб ҳам ўтирмаяпти. Марказиё Осиё – Франция алоқалари борасида Макрон ва Лавров ўртасида даҳанаки жанг ҳам бўлиб ўтганди. Макрон 2023 йил 1 ноябр куни Қозоғистонга қилган ташрифи чоғида Қозоғистоннинг “ҳар қандай давлатнинг вассали” бўлишдан бош тортганини олқишлаганди. Лавров эса бунга жавобан “Европа Иттифоқи бизни ҳар томонлама жиловлаш, Марказий Осиё ва Кавказ ортидан сиқиб чиқариш ниятларини яширмаяпти. Бунинг уддасидан чиқишолмайди. Биз тарихан шу ердамиз ва ҳеч қаерга йўқолмаймиз. Ҳамкорларимиз, иттифоқчиларимиз буни жуда яхши билишади” деганди. Буни Лавровнинг Марказий Осиё давлатлари президентлари ва ҳукуматларига яширин таҳдиди сифатида баҳолаш мумкин. Яъни “биздан узоқлашишни хаёлингизга ҳам келтирманг” қабилида. Катта эҳтимол билан 14 март куни Мирзиёев билан учрашган Володин ҳам Путиннинг шунга ўхшаш номасини унга етказган. Минг афсуски, устимизга ўрнашиб олган раҳбарлар у ёки бу мустамлакачи давлатлар ўртасида мувозанат сақлашга уринишдан бошқа нарсани эплай олмаяптилар. Улар тахтларида умрбод қолиш учун мана шундай хорлик ва шармандаликка ҳам рози бўлмоқдалар. Бунинг жабрини эса, мана шу бечора халқимиз тортмоқда. Бундан қутулишнинг ягона йўли Ислом низомини давлат бошқаруви асоси қилиб оладиган Исломий бошқарувнинг ҳокимият тепасига келишидир. Аллоҳ таоло айтади:
وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجًا ﴿٢﴾ وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ ۚ وَمَن يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ ۚ
– “Ким Аллоҳдан қўрқса (яъни Аллоҳдан қўрқиб, Ундан келган қонун-қоидаларга риоя этса), У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. 3. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир”. (Талоқ:2-3)
Хабар (kun.uz 14.03.2025й): Профилактика инспекторлари эри хорижга кетган аёллар билан «қўлга тушаётган» ҳолатлар учрамоқда. ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Наимов, бу ҳақдаги саволга жавобан, президент томонидан профилактика инспекторлари фаолиятига эътирозлар бўлгач, аттестация ўтказилиб, 300 ходим ишдан бўшатилганини айтди.
Изоҳ: Маълумки, сўнгги пайтларда ички ишлар ходимлари томонидан аёлларга нисбатан ҳақоратли, қўпол ва шаҳвоний муносабатлар бўлаётгани ҳақидаги хабарлар интернет саҳифаларида кўп учрамоқда, яъни ҳуқуқбузарликни олдини олувчилар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Буни бартараф қилиш учун чора сифатида инспекторлар аттестациядан ўтказилаётгани айтилди. Аслида, бу аттестациялар олдиндан мавжуд бўлиб, ходимларни зулмкор буйруқларни қай даражада бажара олиш лаёқатига эга эканлиги назорат қилиниб борилади. Шундай экан, бу аттестацияларни халқ эътиборини чалғитиш, ғазабини бостиришга қаратилган кўзбўямачилик ва майнавозчиликдан бошқа нарса эмас, дейиш мумкин. Чунки инспекторларга юкланаётган топшириқлар уларда яхшилик-тақво ишларини ёқтирмаслик, фисқ-бузуқ ишларни эса яхши кўриш, ҳатто Аллоҳнинг динига қарши тап тортмай қадам босиш “кўникмаларини” пайдо қилишга олиб борадиган қилиб берилмоқда. Ҳа, улар мана шундай қилиб тарбияланмоқда. Буни ёш авлодни Исломий таълимдан, ибодатлардан – жума ва таровеҳдан тўсиш, ҳижоб ва соқолга қарши рейдлар ўтказиш каби Аллоҳнинг ҳукмларига қарши буйруқлар ҳамда бузуқликни тарғиб қилувчи шайтоний масканларга қонунан рухсат берилгани мисолида кўриш мумкин. Хулоса шуки, токи Исломий шариатни татбиқ қиладиган, бошқаруви Халифалик бўлган Исломий жамият бўлиб, ҳуқуқ посбонлари бажарадиган буйруқлар Аллоҳнинг шариати доирасида бўлмас экан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтарувчи идоралар бўлиб қолаверади.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Салоҳиддин
17.03.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми