Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (gazeta.uz 25.07.2025й): Ўзбекистонда 1 июль ҳолатига кўра, камбағаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилмоқда, бу ҳақда Шавкат Мирзиёевга таништирилган тақдимотда сўз боради.
Изоҳ: Қайд этилишича, биринчи яримйилликда 3 млн дан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинган. Ҳукумат камбағалликка қарши курашишда аҳолини иш билан таъминлашни асосий ечимлардан бири сифатида кўрмоқда. Бироқ шуни ҳам кўзбўмаячиликка тўлдириб юборган. Масалан, ўтган йилнинг сентябр ойида 765 мингта иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилгани ошкор бўлганди. Яна бу текширишлар натижасида аниқлангани холос ва бундай сохта иш ўринлари “яратиш” тўхтагани йўқ. Ҳукуматнинг ҳийлаларидан яна бири шуки, ўзини иш билан таъминлаганларни ҳам расмийлаштириб, улар ҳам ҳисоботларга қўшиб юбориляпти. Гўё уларни ҳам давлат иш билан таъминлагандек. Ўзбек режими мана шундай сохтакорликлар ва рақамларни ўйнатиш билан камбағаллик даражаси 6,8%га туширилди, деб мақтаняпти. Йил охирига бориб эса, бу 6%га тушишини кутиш мумкин. Чунки Мирзиёев селектор йиғилишларидан бирида 2025 йилда камбағаллик даражаси 6%га тушишига амин эканлигини айтганди. Ҳақиқий ҳолат эса жуда ачинарли. Буни халқимиз дардига қулоқ солган ҳар бир инсон англаши қийин эмас. Агар камбағаллар ҳукумат айтганидек камаяётган бўлса, унда нега чет элга ишлаш учун кетаётганлар оқими камаймаяпти?! Нега одамларнинг иқтисодий аҳволи фақат ёмонлашиб боряпти?! Бир оддий мисол, кредит олаётганлар сони аввалги йиллардан кўра тезлик билан ўсиб боряпти. Умуман олганда, ўзбек ҳукуматининг камбағаллик мезонларини белгилашдаги ўлчови ҳам, бераётган ечимлари ҳам нотўғри бўлиб, бу капиталистча ёндашувдан бошқа нарса эмас. Камбағаллик муаммосини яшириш, ҳар турли ҳийлалар билан хаспўшлаш эмас, балки унга Ислом асосида ёндашилсагина тамоман барҳам бериш мумкин. Баъзи уламолар томонидан бешинчи рошид халифа деб айтиладиган Умар ибн Абдулазиз даврида закот оладиган одам қолмаганди. Бундай ақлбовар қилмас натижага эса атиги 2,5-3 йилда эришилганди. Исломни татбиқ қилиш билан бугун ҳам ҳеч қайси давлат эриша олмаётган бундай юксак маррага ҳақиқатда жуда тез муддатларда етиш мумкин!
Хабар (kun.uz 25.07.2025й): Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ҳавога қўйиб юборилган заҳарли модда “Навоийазот”дан чиқмаган.
Изоҳ: 19 июл куни эрта тонгда Навоий шаҳрини заҳарли тутун қоплаганди. Шаҳар аҳолиси тутун ўткир ҳидли экани, йўтал қўзғаётгани ва деярли нафас олиб бўлмаётганидан қаттиқ шикоят қилди. Ҳатто ҳукумат сиёсатини мақтайдиган маҳаллий давлат телевидениеси кўрсатувларидан бирида ҳам мазкур муаммо тилга олиниб, расмийлардан изоҳ талаб қилинди. Бироқ ҳукумат мазкур ҳолатга эътиборсизлик билан қаради. Чунки орадан тўрт кун ўтибгина Экология вазири расмий баёнот берди. Унинг айтишича, заҳарли тутуннинг асосий манбаси “Электроаппарат” ҳудудидаги корхоналар эканлиги аниқланган. Вазир ушбу корхоналар устидан судга даъво аризаси киритилганини билдирди, бироқ улар айнан қайсилар эканлигини очиқламади. Шаҳар аҳолиси фикрига кўра эса, бу корхоналар хорижий инвесторларга тегишли бўлиши мумкин. Таъкидлаш керакки, Навоий шаҳри аҳолисини заҳарлаётган газ тарқалиши ҳозиргача бартараф қилинмаган. Сўнгги вақтларда юртимизда шунга ўхшаш техноген ҳодисалар сони ортгандан ортиб боряпти. Масалан, 21 июлга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида водород пероксиди заҳарли газсимон моддасининг ҳавога сизиб чиқиши кузатилди. Шу йилнинг май ойида Қўқондаги корхонадан суюқ аммиак сизиб чиқиб, атроф-муҳит ва одамлар ҳаётига хавф солганди. Мўйноқда эса газ сизиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда Жанубий Фарғона каналида зарарли кўпик оқаётгани акс этган хабарлар тарқалмоқда ва ҳоказо. Бироқ ҳукумат бу ҳолатлар бўйича “ўрганиляпти”, “назоратга олинди” каби сийқаси чиққан гаплар билан халқимизни алдашдан бошқасига ярамаяпти. Кимлар айбдор эканлиги, уларга қандай жазо берилгани ҳақида ҳеч гап йўқ. Демакки, ўзбек режимининг экологияни асраш ҳақидаги гап-сўзлари, қандайдир чора-тадбирлари кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Шунингдек, уни аҳоли саломатлиги ҳам ташвишга солмайди. Ўзбек режими учун сиёсий элита билан чатишиб кетган маҳаллий ва хорижий капиталист бойларга тегишли корхона-заводлар тўхтамаслиги муҳим! Ер-сувимиз ва халқимизни заҳарлаш эвазига бўлса ҳам, улар фойда кўриши муҳим! Устимизда татбиқ қилинаётган капиталистик демократия тузуми илдизи билан қўпориб ташланмас экан, аҳвол бундан-да ёмонлашиб бораверади!
Хабар (dunyo.info 29.07.2025й): Тошкентда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Изоҳ: Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, пенитенциар муассасаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқ ҳолатларини олдини олиш, ногиронлар ҳуқуқлари ҳамда мигрантлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Омбудсманлар ўртасида мурожаатлар алмашинуви орқали бир қатор масалалар ижобий ҳал этилаётгани қайд этилди. Бу каби учрашувлар Россия ташқи сиёсатида “юмшоқ куч” (soft power) воситаси сифатида хизмат қилади. Аввало, Украинадаги уруш ва халқаро санкциялар фонида Россия Марказий Осиёдаги таъсирини йўқотмаслик учун ҳаракат қилмоқда. Иккинчидан, Россиядаги ўзбек мигрантлари кўп сонли бўлиб, уларнинг аксарида ўрисга нисбатан кучли норозилик кайфияти бор. Шунинг учун меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳолатини муҳокама қилиш орқали Россия ўзини “адолатли” ва “ҳуқуқпарвар” давлат сифатида кўрсатишни мақсад қилмоқда. Учинчидан, Омбудсман институти билан яқин алоқалар Россияга инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистондаги сиёсий ва ҳуқуқий жараёнларда таъсирини сақлаб қолишга хизмат қилади. Россия ўз ҳудудида бўлган ўзбек фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати халқаро майдонда муҳокамага чиқмаслиги учун бу масалани икки томонлама “ички иш” сифатида ҳал қилишга уринади. Бу Кремл учун ташқи босимни юмшатиш ва халқаро танқидларни чеклашга қаратилган амалий стратегия сифатида ишламоқда. Аслида, ўрис режимининг инсон ҳуқуқлари ҳақида гап сотиши жуда кулгили. Унинг мусулмонларга нисбатан ўта шафқатсиз ва такаббур сиёсатини ҳамма кўриб турибди. Бироқ у ўзини гўё ҳаммага тенг муомала қиладиган “адолатли” давлат сифатида кўрсатишга уринмоқда. Аммо унинг бундай чираниши фойдасиз, унинг номига аллақачон катта қора доғ тушиб бўлган. Ўзбек режими шуни кўра била туриб, ўрисга ялтоқланаётгани уни Россиянинг бу жиноятларига шерик эканлигини кўрсатади холос.
Хабар (uza.uz 30.07.2025й): Жорий йилнинг июль ойида Пекин шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Котибиятида ШҲТ Ёшлар кенгашининг XVIII йиғилиши бўлиб ўтди.
Изоҳ: Йиғилишда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ёшлар ҳаракати етакчилари ўз мамлакатларида ёшларга оид олиб борилаётган сиёсат, лойиҳалар ва ташаббуслар хусусида ахборот бердилар. Шу билан бирга, Кенгаш фаолиятини “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида фаоллаштириш, ёшлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, стартаплар ва замонавий касбларга йўналтириш ҳамда медиа контент орқали “умуминсоний қадриятлар”ни тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди. ШҲТ Ёшлар кенгаши 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, расмий мақсади – аъзо давлатларда ёшлар сиёсати соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ва тинчлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдан иборат. Маълумки, ёшлар ҳар қандай давлатнинг нафақат келажаги, балки стратегик таянчи ҳамдир. Улар орқали сиёсий таъсир ўтказиш, ғоя ва маданиятлар тарқатиш, маълум бир қарашларни сингдириш мумкин. Шу боис, ШҲТнинг ёшларга қаратаётган эътибори тасодифий эмас. Бу эътибор ортида икки асосий мақсадни кўриш мумкин. Биринчиси, Ғарб таъсирига қарши ўлароқ ШҲТ доирасида шакллантирилаётган ёшлар сиёсати “либерал дунёқараш” эмас, балки давлатга итоаткор, “Шанхай руҳи”га содиқ шахсни тарбиялашга қаратилган. Иккинчиси эса Ислом асосидаги уйғонишнинг олдини олиш. ШҲТ аъзоларининг асосий қисмини ташкил этувчи давлатлар (жумладан, Хитой ва Россия) Исломий тикланишни ўзлари учун хавфли деб биладилар. Шунинг учун ушбу платформада ҳам Исломий қадриятлар эмас, “умуминсоний” деб аталадиган секуляр тамойиллар орқали ёшлар онгини йўналтириш сиёсати юритилмоқда. Умуман олганда, ШҲТ ва Ғарб позицияларида қарама-қаршиликлар бўлса-да, улар бир мақсадда, яъни ёшларни Исломдан узоқлаштиришда якдилдирлар. Жамиятимизда бундай бузуқ низомлар татбиқ этилаётган бир пайтда, ёшлар онгини Исломга тамоман зид бўлган сохта ғоялардан асраш тобора долзарб ва мураккаб тус олмоқда. Шу сабабдан ҳам ҳаётимизга Ислом низомини тўлиқ татбиқ қиладиган Халифалик бошқарувининг қайтиши ҳаётий заруратдир. Зеро, айнан Ислом низоми асосидагина ёшларимизни ҳар тарафлама тўғри тарбиялаш мумкин бўлади.
Хабар (gazeta.uz 30.07.2025й): Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тизими жорий этилади.
Изоҳ: Янги солиқ тизимига кўра, эндиликда мулкка солиқ унинг кадастр (рўйхат) қийматига эмас, балки бозор нархига асосан ҳисобланади. Шу билан бирга, солиқ ставкалари пасайтирилиши айтиляпти. Республикадаги 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар ҳамда 7 миллионга яқин ер участкалари қайта баҳоланиши режалаштирилган. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, кўплаб битимларда уй-жой қиймати сунъий равишда паст кўрсатилган. Масалан, 1 кв. метр учун 1 миллион сўм деб кўрсатилган ҳолатлар бор. Янги тизим бундай амалиётларга чек қўйиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, мулкдор “реал” нархни яшира олмайди. Шу муносабат билан, Тошкентда 1 кв. метр уй-жой нархи минимал 500 доллар этиб белгиланиши таклиф қилинди. Бу бозор нархидан кўра давлат томонидан нархларни белгилашга уриниш ҳисобланади. Чунки солиқ органларининг “бозор нархи” сифатида таклиф қилаётган қийматлари “юқори”дан белгилаб берилган нархдир. Бу қурилиш бозорида сунъий, яъни рақобатсиз ва аҳоли имкониятларини ҳисобга олмаган нархлар вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин. Асосийси эса, бундай “ислоҳот”лар “адолатли солиқ” деган шиор остида аҳоли учун оғир солиқ юкига айланиши аниқ. Масалан, аввал 300 миллион сўм деб баҳоланган уйингиз, агар бозорда 700 миллионга баҳоланса, солиқ ана шу юқори баҳога нисбатан ҳисобланади. Солиқ ставкалари пасайтирилишига келсак, шундай бўлган тақдирда ҳам, барибир одамлар аввалгидан кўпроқ солиқ тўлашларига тўғри келади. Чунки мақсад кўпроқ солиқ ундириш. Бу каби чора-тадбирлар, яъни ҳар бир фуқаронинг мол-мулкини тўлиқ ҳисобга олиш, солиқ базасини кенгайтириш – жамиятда татбиқ қилинаётган капиталистик тузум ва унинг иқтисодий низомининг ажралмас қисмидир. Бу тузумда давлатнинг асосий манфаати халқдан кўпроқ пул йиғиш ва буни “адолатли солиқ сиёсати” деб кўрсатишдир. Исломда эса шариатда белгиланмаган солиқлар ундириш асло жоиз эмас. Яқинда тикланажак Халифалик давлатида инсонлар бугунгидек солиқлар юкидан эзилмайдилар. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Макс (солиқ) эгаси дўзахдадир”. (Имом Аҳмад, Муснад)
Хабар (gazeta.uz 31.07.2025й): Ўзбекистон ички ишлар вазири ҳар ойнинг сўнгги якшанбасида фуқаролар қабулини ўтказяпти. 27 июль куни 16 соат давом этган навбатдаги қабулда салкам 500 мурожаат қабул қилинди.
Изоҳ: Ушбу қабул жараёнида Gazeta.uz мухбири мурожаатчилар билан суҳбат уюштирган. Унда халқимиз муаммоларга нақадар ботиб қолгани ва уларга тўғри ечим берилмаётгани янада ойдинлашади. Жумладан, одамлар ноиложликдан ҳатто жуда оддий масалаларни ҳам вазир қабулига келиш билан ҳал қилишга уринишаётгани маълум бўлади. Бу эса, албатта, мавжуд тузумнинг яроқсизлигини янада аниқроқ намоён қилади. Аслида, мурожаатчилар кўтариб келган бу каби масалалар ҳам, бундан бошқалари ҳам маҳаллий даражада осонгина ечилиши ва одамларни сарсон қилишга ҳеч қандай ҳожат қолмаслиги керак эди. Бундай ҳолат ўзбек ҳукумати учун ўта шармандали экани билан бирга, унинг асл қиёфаси тимсолига ҳам айланиб улгурди! Чунки энг майда масалаларнинг ҳам маҳаллий даражада ечилмаётгани ижро органлари ва суд-ҳуқуқ тизимининг нақадар абгор аҳволга келиб қолганини кўрсатади. Зеро, бу тизим энг қуйи бўғиндан тортиб то юқоригача коррупция, порахўрлик, таниш-билишчилик, қўл бошқаруви каби иллатларга бўғзигача ботиб қолган. Вазир бир ойда 500 тагача мурожаатни кўряпти, бироқ бу денгиздан томчи холос. Ҳатто ана шу кўриб чиқилган ишлар бўйича ҳам яна қайтадан мурожаат қилиш ҳолатлари талайгина эканлиги янада ачинарли. Буни қарангки, вазир кўриб чиқиб, керакли вазифаларни юклаганидан сўнг ҳам иш битмаётган бўлса, демак, бу тизим ҳақиқатан инқирозга юз тутган. Албатта, муаммоларга тўғри ечим берилиб, ижроси ҳам зудлик билан амалга оширилмаса, одамларда хотиржамлик бўлмайди. Бунинг натижасида бошқарув ва тузумга бўлган ишонч ҳам сўнади. Бироқ Ислом тузуми барча жиҳатдан, жумладан, унинг хавфсизлик ва қозилик тизими ҳам бундай иллатлардан тамомила покдир! Ислом низомининг адолатли ечимлари ва унинг ижросини пайсалга солмай, ўрнида таъминланиши одамлар қалбига хотиржамлик беради ва тузумга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Хабар (qalampir.uz 31.07.2025й): Ўзбекистон айни пайтда (Исроил) билан иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар бермоқда.
Изоҳ: Ушбу ҳамкорлик, жумладан, Туркия томонидан жорий этилган иқтисодий бойкот туфайли зарар кўрган йўналишлардаги бўшлиқларни тўлдиришни ҳам ўз ичига олмоқда. Нашрга кўра, гап асосан мис импорти ҳақида бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан (Исроил)га мис етказиб бериш ҳажми деярли икки бараварга ошиб, 7 миллион долларни ташкил этди. Прогнозларга кўра, йил охиригача бу ҳажм рекорд даражада – 20 миллион долларга етиши мумкин. Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган яҳудий вужуди Ғазо ва Ғарбий Соҳилда мусулмонларни оммавий қирғин қилиб, бутун дунё кўз ўнгида геноцид содир этаётгани очиқ кўриниб турибди. Америка бошчилигидаги Ғарб эса босқинчи яҳудларнинг бу қилмишларига қарши чиқиш тугул, уларни қўллаб-қувватламоқда. Улар ўзлари ўйлаб топган ва йиллар давомида ҳимоя қилиб келган халқаро нормаларнинг бу жиноятчи вужуд томонидан топталишига ҳам парво қилмаяпти. Аммо агар ана шу нормаларга бирорта мусулмон мамлакати озгина тескари келадиган бўлса, дарҳол таҳдид билан чиқишади. Ҳозирга келиб яҳудий вужуди Ғазо аҳлини озиқ-овқат, сув ва тиббиётдан маҳрум қилиб, уларнинг ҳаётини “дўзах”га айлантирмоқда. Анави мусулмонлар юртлари ҳукмдорлари эса, Ислом Умматига мисли кўрилмаган даражада хиёнатга қўл уриб, муборак Фаластин заминини, Муқаддас Масжиди Ақсони ёлғиз ташлаб қўйди. Минг афсуски, ўзбек режими ҳам хиёнатда улардан қолишмасликка ҳаракат қиляпти. Бундай манзара тоғу тошларни ҳам ларзага келтираётган бир пайтда, ўзбек ҳукумати уялмасдан яҳуд вужудига саноатда ва ҳарбий соҳада муҳим аҳамиятга эга бўлган мис хомашёсини етказиб бермоқда. Бу билан Ўзбекистон ҳукумати Ғазодаги ҳар бир мусулмонга, жумладан, аёллар ва болаларга қарши қилинган жиноятда амалда ўшаларга шериклик қилмоқда. Ҳар қандай иймонли ва ғурурли мусулмон бу ҳолатга сукут сақлаши мумкин эмас. Айниқса, масжидларимиз минбарида турган имом-хатиблар бу каби жирканч ҳамкорликни қаттиқ қоралашлари керак! Ҳақиқий ечим эса, шубҳасиз, Халифалик давлатини тиклашдадир! Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Имом (Халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон Матбуот бўлими аъзоси Форуқ
03.08.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми