Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (yenisafak.com 29.08.2025й): 22-29 август кунлари Истанбулда бўлиб ўтган “Ғазо – Ислом ва инсонпарварлик масъулияти” номли конференцияда 50 дан ортиқ давлатдан 200 га яқин мусулмон олим ва арбоблари иштирок этди.
Изоҳ: Форумда яҳудий вужудининг Ғазо секторида давом эттираётган геноцид уруши ва мусулмон дунёсининг жавоб чоралари муҳокама қилинди. Саккиз кунлик муҳокамалардан сўнг конференция иштирокчилари сиёсий, гуманитар ва ҳуқуқий сафарбарлик чоралари белгиланган Истанбул декларациясини қабул қилдилар. Конференцияда берилган фатволардан бирида Ислом юртлари яҳудий режим билан ҳар қандай алоқаларни узиши, (Исроил)га боғлиқ компания маҳсулотларини харид қилиш ҳаромлиги ва уларни бойкот қилиш фарз эканлигига алоҳида урғу берилди. Биз учун энг эътиборли томони шундаки, ушбу конференцияда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан бирор расмийнинг иштирок этгани ҳақида маълумот берилмади. Шунингдек, Туркиядаги конференциянинг Ўзбекистон муфтийси бошлиқ имом-домлаларга таъсир қилгани ҳам сезилмади. Ҳолбуки, улар ҳеч бўлмаганда ўзбек режимини лаънати яҳудий вужуди билан барча турдаги алоқаларни, шу жумладан, дипломатик алоқаларни ҳам узишга чақиришлари керак эди. Афсуски, Ғазодан, Муборак Фаластин заминидан таралаётган, ҳатто тоғу тошларни ларзага келтираётган мазлумларнинг оҳу нолалари ҳали ҳам динини дунёсига алмашаётган имомлар, қалби тошдек қотган бошлиқларнинг қалби ва қулоғига етиб бормаяпти! Муфтий бошлиқ имомлар тўдаси Ғазода яҳудий режими содир этаётган мисли йўқ геноцид ҳақида бир оғиз сўз гапириш, ҳатто дуо қилишга ярамаётганлари етмаганидек, юртимиздаги мусулмонларнинг оғзини ёпиб қўйишда ҳам ўз “хизмат”ларини аяшмаяпти. Янада аламлиси, Умматнинг аҳволи нима-ю, булар эса ҳамон мусулмонлардаги хато-камчиликларни қидириб топиб, маломат қилиш, “экстремизм ва терроризм”дан огоҳлантириш… билан бандлар! Қандай ҳам адашмоқдалар-а! Бироқ, таъкидлаш лозимки, Туркиядаги конференция якунида қабул қилинган декларациядан муаммонинг ягона тўғри ечими – Халифаликни тиклаш ва Муборак Фаластин заминини, Ақсо ва Ғазони босқинчи яҳудлардан тўлиқ озод қилиш учун Исломий армияларни сафарбар қилиш зарурлиги ҳақидаги шаръий ҳукм жой олмади. Бу кунларга эса, Аллоҳнинг изни ила, жуда оз қолди!
Хабар (president.uz 01.09.2025й): Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Изоҳ: ШҲТ Хитойнинг иқтисодий ва хавфсизликдан иборат геосиёсий манфаатларини рўёбга чиқариш учун тузилган энг йирик лойиҳаларидан бири. Бу сафарги ШҲТ саммити 3 сентябрда Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигини нишонлаш учун ўтказилган оммавий ҳарбий парадга уланиб кетди. Кўплаб маҳаллий ва хорижий ОАВлар, сиёсий таҳлилчиларга кўра, Хитой ушбу йирик тадбирлар орқали Ғарб, хусусан, Америкага унинг якка гегемонлиги даврига якун ясалиб, кўпқутбли янги дунё тартиботи бошланаётгани борасида ўзига хос нома юборди. Юзаки қараганда, чиндан ҳам дунё совуқ уруш даврида бўлганидек, Ғарбий ва Шарқий лагерга бўлинганга ўхшаб кўринади. Бироқ асл воқелик бундан бошқачароқ, яъни биргина ШҲТга аъзо давлатлар орасида Ҳиндистон, Эрон, Покистон каби Америка орбитасида ҳаракатланадиган давлатларнинг борлиги унинг умумий ва якдил позицияга келишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, Хитойнинг ШҲТ саммити каби тадбирларда бош-қош бўлиши ёки қандайдир парад, ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказиши Америкага қарши позиция эгаллаганини англатмайди. Энди Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзолиги ва мазкур тадбирларда иштирок этишига келсак, бу унинг Ғарб, айниқса, Америка, Хитой ва Россия ўртасида мувозанат сақлаш сиёсатини давом эттираётганини кўрсатади холос. Аслини олганда, мустамлакачи кофир давлатлар ҳукмронлиги остидаги бу каби ташкилотларда иштирок этиш мусулмонлар учун асло жоиз эмас. Бироқ Марказий Осиё, жумладан, ўзбек режимининг ҳам энг катта мақсади – йирик давлатлар ўртасида, уларнинг ҳар бирини рози қилган ҳолда жон сақлашдир. Бу эса ўта афсусланарли ҳолат. Қарам давлатларнинг хорлиги шундаки, йирик кучларнинг ўзаро курашида у фақат қурбонга айланади ва Ўзбекистон ҳам айни шу йўлдан кетмоқда. Мусулмонлар кофир мустамлакачи давлатлар ҳукмронлигидан озод бўлиш учун Исломга асосланган мустақил сиёсат юргизиб, азизлик ва куч-қудрат касб қиладиган буюк Халифалик давлатини тиклашлари зарур!
Хабар (gazeta.uz 02.09.2025й): Ўзбекистонда сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланмаган ерости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланмоқда.
Изоҳ: 28 августдаги ҳукумат қарори билан “Ерости сув олиш иншоотларини сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозлашни рўйхатга олиш ва муҳрлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Регламентга кўра, энди Ўзбекистонда сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланмаган ерости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Фақат Ўзбекистон Республикасидаги ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган ҳисоблагичлар ўрнатилади. Сув ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш хизмати учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида йиғим олинади. Бундай чоралар кўриш билан ўзбек режими сувни товарга айлантириб, ундан ҳам фойда олиш учун яна бир қадам ташлади, деб бемалол айтиш мумкин. Зеро, бундан икки йил аввал ХВЖ директори Кристалина Георгиева ўзининг Ўзбекистонга ташрифи давомида сувнинг бозор нархи шаклланмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Бошқача айтганда, у сув ҳамма бемалол фойдалана оладиган ҳаёт воситаси эмас, фақат пули борларга сотиладиган товарга айлантириш кераклигига шаъма қилганди. Бу капиталистик иқтисод низоми асосидаги қараш бўлиб, одамларни ҳатто сувдан ҳам маҳрум қилишга олиб боради. Шунингдек, ҳукуматга яқин бўлган қайсидир монопол компаниянинг сув ҳисоблагичларини ўтказиб, мўмай даромад олиши эҳтимолини ҳам кучайтиради. Исломий нуқтаи назарга кўра эса, сув умумий мулк жумласидан бўлиб, ундан ҳар бир шахс фойдаланишга ҳақлидир. Росулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилдилар: “Мусулмонлар уч нарсада шерикдирлар: сув, ўт-ўлан ва оловда”. Шунинг учун сувга солиқ ва тўловлар жорий қилиш, уни хусусий мулк қилиб бериш асло жоиз эмас. Бунга ерости сувлари ҳам киради. Бироқ ўзбек режими Исломдаги қатъий ҳукмларга қарши бориб, одамларга сув учун солиқ жорий қилмоқда. Гўё шу билан одамларни сувдан тежаб-тергаб фойдаланишга ўтишига эришмоқчи. Бироқ одамларга Аллоҳнинг неъматларидан оқилона ва исроф қилмасдан фойдаланиш ҳам аслида Исломий таълим-тарбия билан сингдирилади. Шунинг учун Исломни татбиқ қилиш билан бу соҳадаги барча муаммоларни осонгина бартараф қилиш мумкин.
Хабар (kun.uz 02.09.2025й): “Ўзбекнефтгаз” 2 сентябрдан эътиборан АИ-80 маркали бензинни биржа савдоларига чиқаришни тўхтатди. Компания унинг ўрнига АИ-92 таклифи оширилганини билдирди.
Изоҳ: АИ-80 маркали энг паст сифатли бензиндан воз кечиш режалари ҳақида камида 2020 йилдан бери айтиб келинади. Бунинг сабаби сифатида мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводларининг эскирганлиги, тўлиқ қувватда ишламаслиги, Россиядан импорт қилинадиган бензиндан манфаатдор доираларнинг тўсқинлиги, Кремлнинг ўз таъсирини сақлаб қолиш ҳаракатлари бўлганини тахмин қилиш мумкин. 2024 йилда расмий идоралар энг йирик заводлардан бири бўлган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, 2024 йил январ ойида “Ўзбекнефтгаз” Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation) компанияси билан ҳамкорликда йилига 1 миллион тоннагача юқори октанли бензин ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани биргаликда амалга ошириш тўғрисида келишув имзолади. Бунда ишлаб чиқариш ҳажмининг 60 фоизи Аи-92 га, 40 фоизи эса Аи-95 га тўғри келади. Лойиҳа Хитой сармояси ҳисобидан молиялаштирилиши ҳам айтилганди, бироқ Хитой компанияси айнан қанча улушга эга бўлишига ойдинлик киритилмади. Шунингдек, модернизацияга Жанубий Кореянинг SK Engineering ва Франциянинг Axens компаниялари ҳам жалб қилингани хабар берилганди. Маълумки, Ўзбекистон нефт ва нефт маҳсулотлари борасида асосан Россияга қарам. Афтидан, ёқилғи бозорига янги ўйинчиларни олиб келишдан Россияга қарамликни қандайдир даражада камайтириш мақсад қилингандир. Балки бу ҳақиқатда иш бериб, ўрисга бўлган боғлиқликдан ҳатто бутунлай халос бўлинар. Бироқ масаланинг бошқа томони бор, бу ҳолатда ўрисни ўрнига бошқаларга қарам бўлиш юзага келади. Шунингдек, юртимиз аҳолиси ҳам ниҳоят сифатли ва арзон ёқилғидан фойдаланишдан мосуволигича қолаверади, чунки ўзбек режими ва анави очкўз хорижий компанияларнинг мақсади фақат фойда олишдир, халқ манфаати эмас. Хуллас, биридан қутулиб, бошқасига қарам бўлиш тўғри ечим бўлмайди. Балки ўз мустақил оғир саноатимизга эга бўлиш – мусулмонларнинг туб манфаатларини ҳимояловчи ўзгаришларга олиб борадиган ягона тўғри ечимдир!
Хабар (qalampir.uz 02.09.2025й): 2 сентябрь куни Пекинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпин расмий музокара ўтказди.
Изоҳ: Музокаралар якунида савдо, иқтисод, тиббиёт, маданият каби соҳаларга оид бир қатор ҳужжат ва келишувлар имзоланди. Таъкидланишича, 2024 йилда қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа амалга оширилган, инвестиция портфели 60 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Мирзиёев Хитойнинг “China Gold”, “China Coal Resources”, “China Datang Corporation”, “Tianjin Rail Transit Group”, “Poly Changda”, “Tianjin Urban Construction”, “Jinchuan Group”, “China Synfuels”, “Jinchuan”, “ST Wonderful”, “Mizuda”, “World Agriculture”, “Dongzhu Ecology” ва бошқа етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Ўзбек режими халқимизга тенг шериклик ва ҳамкорлик қилиб кўрсатмоқчи бўлаётган ушбу музокара ва учрашувлар асосан Хитойнинг юртимиздаги иқтисодий экспанциясини янада кучайтиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Қолаверса, бу гал ҳам, кутилганидек, яна уйғур мусулмонлари масаласи ёпиқлигича қолди. Чунки Хитой режими босиб олинган Шарқий Туркистондаги уйғур мусулмонларига нисбатан очиқчасига Исломдан қайтариш ва бузуқ хитойча маданиятни куч билан сингдириш сиёсатини ҳар қандай шаклда муҳокама қилинишини умуман қабул қилмайди. Шу сабабли ўзбек режими Хитой “оға”сини хафа қилмаслик ва ғазабига учрамаслик, шунингдек, унинг кредитлари ва инвестицияларидан қуруқ қолмаслик учун бу масалага кўз юмиб келади. Бу эса Ислом Уммати тақдирининг ўзбек ҳукумати учун сариқ чақалик қиймати йўқлигини ва унинг бор ташвиши Хитойнинг ифлос пулларига эга чиқиш ва ўз тахтини сақлаб қолиш эканлигини яна бир карра тасдиқлайди. Бунинг эвазига мусулмонларга тегишли бўлган табиий бойликлар ва иқтисодиётимиз эшикларини хитойликларга ланг очиб беришга ҳам тайёр турибди. Шунинг учун мусулмон халқимиз худосиз Хитой давлатининг уйғур мусулмонлари устидаги шафқатсиз сиёсатини доим ёдида тутган ҳолда, ўзбек режимининг Хитой билан яқинлашувига бор имконияти билан қарши чиқиб, унинг юртимизда илдиз отишига йўл қўймаслиги лозим.
Хабар (kun.uz 04.09.2025й): 15 август куни Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида юз берган ҳодисани ўрганиш бўйича тузилган комиссия хулосаси эълон қилинди.
Изоҳ: ДХХ Чегара қўшинлари хабарига кўра, қирғизистонлик икки нафар фуқаро ўлими билан тугаган ҳодисада уларга қарата ўқ узган ўзбекистонлик чегарачиларнинг хатти-ҳаракатлари асосли деб топилди. Аввалроқ тожик-афғон чегарасида ҳам отишма юз бериб, икки афғон наркодилери ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Бу каби ҳодисалар мустамлакачи ўрис томонидан Марказий Осиё давлатлари ўртасига тортилган сохта чегаралар келтириб чиқараётган салбий оқибатларнинг бир кўриниши холос. Гарчи чегара борасида минтақа ҳукуматлари бир қанча келишувларга эришган бўлсалар-да, мусулмон халқлар азалдан яшаб келган юртларига турли мақсадларда кириб чиқишлари ҳалигача қийинлигича қоляпти. Чегаралардаги порахўрлик, коррупция, зўравонлик, ҳатто рекет ҳолатлари одамларга катта қийинчилик туғдиришда давом этяпти. Аслида, Марказий Осиё мусулмонлари азалдан Халифалик давлати соясида, бир бўлинмас юртда яшаб келишганди. Ўрис босқини ва ундан кейин бу халқларни алоҳида миллатларга бўлиб, ўрталарига сохта чегаралар тортилиши жуда катта бало бўлди. Ҳатто бу давлатлар ўзларини мустақил деб эълон қилганларидан кейин ҳам чегара муаммоларига барҳам берилмади. Хусусан, Россия бу муаммолардан ёки ўзи сунъий келтириб чиқарган чегара кризисларидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келяпти. Мусулмонлар ўртасини бўлиб, уларга турли тўсиқ ва машаққатлар туғдираётган, кофир мустамлакачи давлатлар қаршисида ожиз ва қолоқ аҳволда қолдираётган бу чегаралар олиб ташланмас экан, ҳеч қачон йирик ва қудратли давлат даражасига чиқа олмаймиз. Сохта чегараларга барҳам берилиб, юртларимиз Халифалик байроғи остида бирлашсагина битта иқтисодга, ягона армияга ва эмин-эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўламиз. Бу мусулмонлар учун улкан имкониятлар эшигини очади. Мана шунда мусулмонларнинг ақлий, жисмоний ва юртларидаги иқтисодий салоҳиятлари бирлашиб, мисли йўқ тараққиёт даврига қадам қўямиз!
Хабар (gazeta.uz 04.09.2025й): Ўзбекистон ва Хитой геология соҳасида 5 млрд долларлик 13 та янги лойиҳани амалга оширади.
Изоҳ: Таъкидланишича, икки давлат ўртасида кўплаб йирик лойиҳалар бўйича келишувларга президент Шавкат Мирзиёевнинг Пекинга ташрифи доирасида эришилган. Расмийлар буни ташқи иқтисодий ҳамкорлик сифатида кўрсатаётган бўлсалар-да, масаланинг геосиёсий ва мустамлакачилик жиҳатлари парда ортида қолиб кетади. Аввало, 5 миллиард долларлик лойиҳалар – рақамнинг ўзиёқ Ўзбекистоннинг стратегик ресурслари қай даражада ташқи кучларга боғланиб қолаётганини кўрсатади. Уран, критик минераллар каби ресурслар ҳар бир давлатнинг геосиёсий мустақиллиги учун асосий омил ҳисобланади. Шу соҳаларда Хитойнинг чуқур кириб келиши эса Ўзбекистонни нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам тобе ҳолатга тушириши мумкин. Иккинчидан, Хитойнинг минтақадаги стратегияси фақат бизнес эмас. “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси орқали у Марказий Осиё ресурслари устидан назорат ўрнатиб, АҚШ бошчилигидаги Ғарб билан глобал рақобатда устунликка эришишни кўзлаяпти. Бу эса Ўзбекистон каби ресурсларга бой давлатларга нисбатан “ҳамкор” ниқоби остида “хомашё базаси” сифатида қаралаётганини англатади. Учинчидан, уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ва АЭСларда қўллаш жараёни катта геосиёсий аҳамиятга эга. Шунинг учун ядровий энергетикада Хитой ёки бошқа мустамлакачи давлат билан ҳамкорлик – стратегик ресурсларимизни капиталистик ширкатлар қўлига ўтиш хавфини юзага келтиради. Хуллас, мустамлакачи давлатлар ҳаракатларига диққат қилсак, уларнинг мақсади юртимизнинг стратегик табиий бойликларига эга чиқиш ва таъсир доирасини кенгайтириш экани очиқ намоён бўлади. Бунинг сабаби эса, юртимизда оғир саноатнинг йўлга қўйилмаганлиги натижасида табиий бойликларимизни қазиш ва қайта ишлашда йирик саноатлашган давлатларнинг техника-технологиясига қарамликдир. Бундан қутулишнинг ягона йўли эса, Исломга қайтиш ва уни ҳаётда тўлиқ татбиқ қилишдир. Исломий ҳукумат мустақил оғир саноатни ташкил қилади ва ривожлантиради. Ва шу билан ташқи кучларга қарамликка тўла барҳам берилади.
Форуқ
07.09.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми