Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (qalampir.uz 31.10.2023й): Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги пойтахт Тошкентда катта тантана билан нишонланди. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган расмий қабул маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари иштирок этди.
Изоҳ: Бундан 100 йил аввал инглизлар малайи хоин Мустафо Камол ўша даврдаги етакчи давлат Англия кўмагида Турк Султонлиги – Исломий Халифалик давлатини ағдариб, Туркия Республикасини эълон қилади ва унинг биринчи президенти этиб сайланади. Албатта, Халифаликнинг тугатилишида Европа, айниқса Англия катта рол ўйнаган. Биринчи Жаҳон Уруши тимсолидаги катта сиёсий фитна бутун куфр оламининг узоқ кутган орзуси – Халифаликнинг тугатилиши билан якун топди. Шунинг учун бу кунни аслида Ислом Уммати душманлари ва Умматга бегона бўлиб қолган мунофиқ кимсаларгина байрам сифатида нишонлайди. Султонлик ўрнига пайдо бўлган қўғирчоқ Туркия жумҳурияти ташкил топган кунни мусулмон одам байрам деб билиши ва нишонлаши асло жоиз эмас. Зеро, бу кун бутун Ислом Уммати учун тарихдаги энг қайғули ва фожеали кундир. Чунки мана шу кунда Усмоний Халифалик давлати тугатилди. Ислом ҳукмлари амалда татбиқ бўлишдан тўхтади. Аллоҳнинг каломидан инсоннинг каломи, Аллоҳнинг қонунларидан инсон ўйлаб топган қонунлар устун қўйиладиган бўлди. Шундай бўлгач, қандай қилиб бу кун билан табриклаб, байрам сифатида нишонлаш мумкин?! Ахир, инсон ғамхўр ота-онаси ўлдирилган кунни байрам қиладими?! Шундай экан, Ислом Умматининг ота-онаси ҳисобланган Халифаликнинг тугатилиши қандай қилиб байрам бўлсин?! Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати онгли равишда Туркияни шундай шармандали “байрам” билан табриклаб, уни нишонлашда иштирок ҳам этяпти. Ҳукуматнинг бу ишига нисбатан ҳар бир иймон эгаси нафрат ва ғазаб билан қараши лозим. Чунки мусулмон халқи учун бундай қайғу кунини нишонлаш мустамлакачи давлатларнинг хурсандчилигига шерик бўлишдир. Шунингдек, бу барча мусулмонларнинг битта вужуд сифатида, ягона байроқ остида, Халифалик соясида яшашини инкор қилиб, алоҳида миллий давлатларга бўлиниб, заиф ва қолоқ ҳолда яшашларига рози бўлишни англатади.
Хабар (qalampir.uz 01.11.2023й): Шавкат Мирзиёев томонидан 31 октябрь куни имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра кўп хотинлилик ва юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди.
Изоҳ: Ғарб ўз демократиясини мусулмон ўлкаларига ёйишда Аллоҳ таолонинг ҳақ дини, ундаги тўғри тушунча ва қарашлар, буйруқ ва қайтариқлар темир қоядек тўсиқ бўлиб қолаётганини кўрмоқда. Америка, Европа ва барча куфр мамлакатларида “виждон эркинлиги”дан келиб чиқиб, мусулмонлар эътиқодига бироз “ҳурмат” билан қаралаётгандек бўлса-да, тобора ўсиб бораётган мигрантларнинг аксари мусулмонлар эканлиги, улар ўз диний қарашлари, урф-одатлари билан кириб келаётганликлари ва бунинг натижасида маҳаллий аҳолида ҳам Исломдан таъсирланиш ҳолатлари сезиларли кўпайгани боис, қарши курашни ўзидан эмас, балки уларнинг туғилган юртларидан бошламоқда. Шунинг учун Марказий Осиё юртлари раҳбарлари ҳам охирги пайтларда хожаларига содиқлигини кўрсатиб, динимиз аҳкомларига, Аллоҳ ва Росули ﷺга қарши курашда мусобақа бошладилар. Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларни, таълим масканлари – мадрасаларни ёпмоқдалар, аёлларимиз ҳижобига осилмоқдалар. Мирзиёев имзо чеккан қарорга кўра, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай ҳатти-ҳаракатларни рағбатлантирганлик учун БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан, 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Демак, икки ёки уч боласи билан у ёки бу сабабга кўра тул қолган ва боқувчи ғамхўридан айрилган бева аёл болаларини боқаман, деб хор бўлиб ишласин ёки бузуқлик йўли билан – Аллоҳ асрасин – пул топса топсину, аммо уни бирор мусулмон эркак иккинчи хотин қилиб олиб, унинг ҳам, болаларининг ҳам таъминотини қиламан, дея кўрмасин. Бу – мана шундай тақдирга йўлиққан аёл учун, ҳар қанақасига олганда ҳам, очиқдан очиқ зулм ҳамда жамиятда зино аталмиш фаҳшнинг илдиз отиши ва ёйилишига кенг йўл очишдир. Шунингдек, бу ўз навбатида динимиз душманлари учун айни улар истаган нарсанинг ўзидир! Шу ўринда бу бузғунчи, зулмқор қонунларни қабул қилаётган раҳбарларни ҳам, уларнинг қонунларини шариат билан “оқлаб” бераётган “дин пешволари”ни ҳам Аллоҳ таолонинг қуйидаги маънода келган ояти билан огоҳлантириб ўтамиз: “Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир”. (Нур: 19) Энг ачинарлиси, бундай қонунларни илмсиз киши ҳам бу Аллоҳнинг қонунларига қарши кураш-ку ахир, дея ғазабга минганида, уларнинг ўз динига бўлган ғаюрлигини ҳукумат муллалари минбарлардан туриб сўндирмоқдалар.
Хабар (minenergy.uz 01.11.2023й): Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди.
Изоҳ: Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер 1 ноябрь куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этиши, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин, дея маълум қилди. Буни Ўзбекистон тарафи инкор этмади ва Энергетика вазири Мирзамаҳмудов ҳам бу масала муҳокама қилинганини айтди. Албатта, дастлаб 2,8 млрд куб метр газ импорти бўйича тузилган шартнома ҳали бошланиши эканлиги аниқ эди. Мана энди у яна 15 йилга мўлжалланган узоқ муддатли шартномага уланиб кетишга яқин турибди. Россия ўтган йили газ иттифоқи ҳақида гапира бошлаганда, айнан шундай шартномалар тузишни қасд қилган кўринади. Чунки ҳозир Ўзбекистоннинг энг заиф нуқталаридан бири – истеъмолга яроқли энергия ресурслари танқислигидир. Йўқ, аслида юртимиз энергия ресурсларига бой, бироқ 30 йилдан бери кўр-кўрона, балки қасддан юргизилган нотўғри сиёсат энг кучли тарафимизни заиф нуқтамизга айлантириб қўйди. Россия газ шартномалари орқали айни шу заиф нуқтамизга зарба бериб, юртимизни ўзига янада қарам қилмоқчи бўляпти. Ўзбек ҳукумати энергетика бўйича бундай калтабин сиёсатни ё онгли равишда қиляпти ёки бошлиқлар аниқ кўриниб турган хавфни сезиб сезмасликка оляпти ва халқ устида навбатдаги хиёнатга қўл уряпти. Аксига олиб, Мирзиёевнинг мактабларни иситиш учун деразаларни камайтиришдек тутуруқсиз таклифи каби ечимларни илгари суришяпти. Нима бўлганда ҳам, ғолиб билан мағлуб ўртасидаги “тенг манфаатли” битимларнинг оғир тўловини бечора халқимиз тўламоқда. Халқимиз неча йиллардан буён – газ ва свет борасида умуман ташвиш қилмаса бўладиган шароитга эга бўла туриб – озгина совуқ тушиши билан қишни қандай қилиб ўтказиб олиш борасида ўйланишга мажбур бўляпти. Ваҳоланки, ҳозирги ривожланган технологиялар даврида одамлар уйларини таппи билан иситишга ҳаракат қилишларини қандай тушуниш мумкин, ахир?! Бундан ташқари, мана шундай даврда одамлар ис газидан ўлаётганлигини сўз билан таърифлаш жуда ҳам қийин. Бундай хорликнинг бош сабаби устимизда татбиқ этилаётган ғайриисломий демократик тузум ва унга асосланган нотўғри бошқарув тизимидир. Халқимиз бор диққат-эътиборини Ислом тузумини татбиқ ўрнига олиб келиш учун ҳаракат қилишга қаратмас экан, ҳозирги хор аҳволидан асло қутула олмайди.
Хабар (uza.uz 02.11.2023й): Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг расмий ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Франция бизнес форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Orano» компанияси раиси Клод Имовен билан учрашди. Учрашувда геология-қидирув ишлари ва уран қазиб чиқариш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Изоҳ: Маълумки, айни вақтда Ўзбекистон уран қазиб олиш ҳажми бўйича дунёда 5-ўрин, уран захиралари бўйича 10-ўринда. Сайёранинг энг даҳшатли қирғинбарот қуроллари учун асосий хомашё бўлган уран борасида дунёда олинадиган жами ураннинг 6,4 фоизи Навоий кон металлургия комбинати (НКМК) ҳиссасига тўғри келади. Компания Ўзбекистонда табиий уран олувчи ягона корхона ва дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Франциянинг “Orano” компанияси эса уран ва ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг йирик компанияси, активлари қиймати 29 миллиард евродан ортиқни ташкил этади. Мирзиёев Orano раҳбари Клод Имовен билан геология-қидирув ва уран қазиб олиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуси билан чиқар экан, эски ҳамкорларини негадир тилга олмади. Аслида, бу компания Жаҳон ядро ассоциацияси аъзоси ҳисобланиб, бугунги кунда уранни дунёнинг етакчи компаниялари, жумладан, AREVA NC (Франция), Converdyn (АҚШ), Cameco (Канада), CNEIC (ХХР) ва бошқаларга экспорт қилади. Ўзбекистонда олинувчи уран мамлакат ичида қўлланмайди ва тўлиқ ҳажмда хорижга экспорт қилинади. Шундан келиб чиқиб, афсус билан айтиш мумкинки, Ироқ, Сурия, Афғон мусулмонлари устиларига ёғилган ва айни дамларда Ғазо аҳлига тинимсиз ёғилаётган бомбаларда бу юртнинг ҳам иштироки – билвосита бўлса-да – борлигини инкор этиб бўлмайди. Эътибор қилсак, барча мустамлакачиларни тили ва қўлини узун қилаётган ҳарбий қуроллар учун хомашёнинг аксар қисми мусулмонлар юртидан олинади. Шунинг учун бу Уммат бирлашиб кетиб, аввалдаги иззат ва шараф ўрнига чиқмаслиги учун барча етакчи куфр давлатлари ва уларнинг мусулмонлар устига канадек ёпишган малай ҳокимлари тинимсиз ҳаракат қилмоқдалар.
Хабар (kun.uz 03.11.2023й): Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарлари кенгашининг Х саммити якунлари бўйича якуний декларация қабул қилинди.
Изоҳ: “Остона декларацияси” деб ном олган ушбу ҳужжат ТДТ ҳам бошқа ташкилотлар каби мусулмонларни бирлаштира олмайдиган ва аксинча, уларни миллийлик асосида бўлинишга олиб борадиган қуруқ бир тўпланишдан бошқа нарса эмаслигини яна бир бор исботлади. Буни тушуниш учун биргина Фаластин масаласи ҳақидаги ташкилот позициясига назар солишнинг ўзи кифоя қилади. Унда айтилишича, Исроил-Фаластин можаросидан жиддий хавотир билдирилган, тинч аҳолига қилинган барча ҳужумлар қораланган… (Исроил)-Фаластин можаросини фақат БМТнинг тегишли резолюциялари ва икки давлат қарори асосида тинч йўл билан ҳал қилиш мумкинлиги ва буни таъминлаш учун кафолат механизми зарурлиги қайд этилган. Мирзиёев ҳам “(исроил)-Фаластин можаро”сининг ечими “икки халқ учун икки давлат” ечими эканлигини таъкидлаган. Бу президентларнинг бирортаси – хусусан популистик чиқишлари билан танилган Эрдўған ҳам – (исроил)га қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаш ҳақида лом-мим демади. Аксинча, буларнинг бари босқинчи (исроил)ни қонуний давлат сифатида тан олишда давом этишяпти. Бундан аввал Мирзиёев Фаластинга 1,5 млн, сўнгра Тўқаев 1 млн доллар, Эрдўған эса гуманитар ёрдамлар юборилганини эълон қилишган эди. Ахир, ҳарбий куч, армия, қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар керак бўлган жойга пул ва яна нималардир жўнатиладими?! Бундан кейин уларнинг мусулмонларни бирлаштириш, ҳар соҳада юксалиш, ўзаро ёрдамлашиш… ҳақидаги даъволарига ким ишонади?! Аслини олганда, ТДТга замин яратган Туркия эканлигини ҳисобга олсак, бу ташкилот Америка лойиҳаси бўлиб, ундан кўзланган нарса – Марказий Осиёда ўз нуфузини ёйиш ва мусулмонларни ягона тўғри ғоядан, яъни Халифалик давлатини тиклаш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлашдан чалғитиш эканлигини тушуниш унчалик қийин эмас. Ушбу ташкилотнинг Фаластин масаласида айнан Американинг “икки давлат” ечимини қабул қилгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Шунинг учун мусулмонлар унга алданмасликлари ва ундан бирор яхшилик умид қилмасликлари лозим. Бутун умматнинг бир жон, бир тан бўлиб битта кучга айланишини таъминлайдиган ва шу жумладан Фаластин муаммосини ҳам узил-кесил ҳал қиладиган ягона йўл – Халифалик давлатининг такланишидир.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
06.11.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми