Эй биродарим, холис бўлинг!

Эй биродарим, холис бўлинг!
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Холислик инсоннинг энг олий фазилатларидандир. Холис инсон ҳақ гапни – у ким томонидан айтилишидан қатъий назар – қабул қилади, нохолис инсон бунинг тамоман акси, ўзига маъқул келган гапни ва ким гапираётганига қараб қабул қилади. Холислик инсон учун буюк неъмат бўлиб, холис бўлган инсон нохолис бўлган одамдан кўра ҳақни топишга яқинроқ бўлади. Чунки у ҳақни гапирган одамнинг кимлигидан кўра нима деяётганига кўпроқ эътибор беради. Шунинг учун холис инсоннинг ҳақ гапни қабул қилиши осонроқ ва энг асосийси бу унинг ўзи учун яхшидир. Чунки ҳақни ҳақ деб тасдиқлаб уни қабул қилиш тўғри ишдир, гарчи бунинг оқибатида инсон зулмланса ва мусибатларга рўбарў бўлса ҳам.
Динимиз биз мусулмонларга холис бўлишни ўргатади. Иккиюзламачилик, мутаассиблик, мунофиқликни қоралайди. Ҳақни ким гапиришидан қатъий назар уни қабул қилишга буюради. Шунга қарамай, динни тушунишдан узоқлашиб кетилгани сабабли ҳар ким ҳам ҳақ гапни қабул қила олмаяпти, бунга ғурур ёки қайсарлик ёки калондимоғлик ё яна бошқа нарсалар йўл қўймаяпти. Шу ўринда, холисликка ўзингизни бир текшириб кўришингиз ҳам мумкин. Масалан, бир нотаниш одам олдингизга келиб дабдурустдан “эй фалончи, Аллоҳдан қўрққин” деса сиз нима деб жавоб берасиз? Эслатманг учун Аллоҳ сендан рози бўлсин биродар, дейсизми ёки эй сен, нега менга ундай деяпсан, мен нима қилибман, дейсизми? Бу мисолни бир алоҳида ҳолат сифатида келтириш мумкин. Гарчи шундай бўлса-да, ҳозир унча-мунча одамнинг бундай гап эшитишдан энсаси қотади. Чунки динни тушунишдан узоқлашилгани сари холислик ҳам йўқолиб бораверади.
Мавзумизга оид бир гўзал намуна келтириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ривоятларда келишича, Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар халифа Умарни кўриб қолсалар, улардан бири бошқаларга қарата “қараб туринглар, ҳозир мен Умарни йиғлатаман” дер экан ва Умар р.а. нинг олдига бориб “эй Умар, Аллоҳдан қўрққин” дейиши билан халифа Умар йиғлаб юборар экан. Аллоҳ Таоло аввали ва охиридаги гуноҳларини кечиб юборган, тириклигидаёқ жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири, адолатнинг тирик биноси бўлмиш Умар р.а. дек буюк шахс Аллоҳдан қўрқмасмиди? Ёки унинг тақвоси заифмиди ё бирор ҳаром иш қилганини биров кўрганмиди? Қиёматгача тилларда достон бўладиган Умардек мўмин одамнинг бир ёш болани гапидан йиғлашини тасаввур қилинг. Бу бола киму, Умар ким. Янада ҳайратланарлиси у ёш болани сўкмади, отасини олдига олиб бориб “болангга тарбия бериб қўй, у ҳаммани олдида мени изза қилди” демади. Чунки у зот Аллоҳдан қўрқадиган холис қалб эгаси эди. Унга ким гапиришининг фарқи йўқ эди, ҳақни гапирса – у ҳатто ҳали гўдак бўлса ҳам – гапини қабул қиларди. Гапнинг эгасига эмас, гапга эътибор қаратарди. Энди ўзимизга келсак, айтингчи, Умар киму биз киммиз?
Эй биродарим, шуни унутмангки, сиз ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадар Расулуллоҳ дея калима келтирган экансиз, мусулмонликни даъво қилар экансиз, биродарингизнинг ҳақ гапини олишга мажбурсиз. Агар у ҳақ бўлса албатта мажбурсиз, чунки сиз эътиқод қилаётган Исломингиз сизни шунга буюради. Акс ҳолда ҳақ гапни қабул қилмасликдан келадиган энг катта зиённи сиз кўрасиз, сизга ҳақни етказган одам эса, ажрини олиб кетаверади. Ҳаққа бўйин эгмаслик ботилга йўл очади. Ҳақдан юз бурган одамнинг ҳолига войдир.
Азиз мусулмон биродарим, сизга ҳақ гап келганда холислик билан уни олишга ҳарис бўлинг, олишга ўйлансангиз Умарни эсланг, унинг холис ва пок қалбини ёдга олинг. Зора шунда Аллоҳ сизни Умардек холис ва ҳаққа бўйсунувчилардан қилиб қўйса.
Аллоҳим, ўзинг бизни холис ва пок қалб эгаларидан қилгин!
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
30.11.2020й
Муслима синглимиз Роҳиланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қиламиз
Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг қурбон ҳайити табриги
Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг қурбон ҳайити табриги
Насроний аёлга никоҳ қилганда валий тўғрисидаги саволга жавоб