Фарзанд тарбиясида жамиятнинг ўрни
Фарзанд тарбиясида жамиятнинг ўрни
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ҳеч кимга сир эмаски, фарзанд тарбияси масаласи ҳар қандай даврда инсонлар олдидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб келган. У бугун ҳам одамлар орасида энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу масала муҳокама қилинар экан, асосий урғу оиладаги тарбияга берилади. Фарзанднинг оила ўчоғида олган тарбияси унинг учун пойдевор вазифасини ўташи таъкидланади. Албатта, оилада олинган тарбия муҳим, бироқ унга тарбиянинг асосий манбаси сифатида қарашга озгина шошилмаган маъқул. Чунки фарзанд тарбиясига билвосита ва бевосита кучли таъсир ўтказадиган яна бир муҳим омил бор. Бу омил жамиятдир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жамиятда ҳукмрон бўлган муҳит.
Аввало, жамиятнинг оилада вояга етаётган ўғил-қизлар тарбиясига билвосита таъсир ўтказишига изоҳ бериб ўтсак. Бу шундан иборатки, жамиятдаги ҳукмрон муҳитдан оиладаги асосий тарбия берувчилар бўлмиш ота-она албатта таъсирланади. Чунки улар шу жамиятда яшашади, бошқа одамлар билан алоқага киришишади, бу жараёнда ота-она шу жамиятдаги муҳит тақозо қилган фикр ва туйғулардан маълум даражада таъсирланишади. Масалан, ҳозирги жамиятларда бузуқ муҳит, яъни ғарб дунёқарашига асосланган фикр ва туйғулар ҳукмрон бўлиб, бу муҳит таъсири натижасида тарбия берувчиларнинг ўзлари тарбияга муҳтож аҳволга келиб қолишган. Шунинг учун улар фарзандларига тарбия беришда жуда катта тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Бундан ташқари, яна кўплаб омиллар мавжудки, фарзанд тарбияси жараёнини мураккабликлар инканжасига ташламоқда. Биргина мисол, аксар оилаларнинг иқтисодий аҳволи ночор бўлгани сабабли тарбия берувчиларнинг асосий ташвиши рўзғор тебратиш бўлиб, фарзанд тарбиясига вақт ажратишга имконият топа олишмаяпти ёки бу ҳақида деярли бош қотиришмаяпти. Асосий ғам-ташвиш фарзандларини едириш-ичириш, кийинтириш бўлиб қолмоқда. Демак, жамиятдаги бузуқ муҳит тарбия берувчилар орқали тарбияланувчиларга ўзининг ҳалокатли таъсирини ўтказиши кундек равшан бўлган ҳолат.
Жамиятдаги ҳукмрон муҳитнинг фарзанд тарбиясига бевосита таъсир кўрсатишига келсак, оилада ҳар қанча яхши тарбия берилмасин, ҳар қанча асраб-авайлашга ҳаракат қилинмасин, бугун ёки эрта бу йигит-қизлар албатта жамиятга чиқадилар, одамларга аралашадилар. Бусиз ҳеч иложи йўқ, чунки инсон ҳаёти шуни тақозо қилади. У жамиятдан айрича ҳаёт кечира олмайди. Шундай экан, жамиятда қандай муҳит ҳукмрон бўлса, у албатта ундан таъсирланмай қолмайди. Масалан, кўпчилик намунали деб биладиган оилалардан баъзида ноқобил фарзандлар чиқиши бунга яққол мисол бўла олади. Бу йигит-қизларнинг ота-оналари ўз доирасида яхши ном ва ўзига яраша ҳурматга эга бўлиши баробарида ўз фарзандлари ортидан уларнинг қадди букилади, боши эгилади, ҳатто кўчада юра олмайдиган аҳволга тушиб қолишади. Бундай ҳолатларга ҳаммамиз гувоҳ бўлганмиз. Хўш, оилада яхши тарбия берилган, деб тахмин қилсак, унда бу йигит-қизлар нега ноқобил фарзанд бўлиб вояга етди? Бу борада ҳар ким турлича фикр билдиради. Бироқ ҳақиқат шуки, оилада яхши тарбия берилган бўлса-да, йигит-қизлар жамиятдаги бузуқ муҳитдан таъсирланмай қолишмайди, ҳатто тарбия берувчилар асл исломий тарбия берган тақдирларида ҳам, жамиятда бузуқ муҳит ҳукмрон экан, бу уларнинг тарбиясига маълум даражада таъсир қилаверади. Чунки юқорида айтилганидек, инсонни бутун умр уйга қамаб, кўчага чиқармай ушлаб ўтиришнинг ҳеч иложи йўқ.
Агар сиз фарзандимни ўзим қандай тарбия қилишни яхши биламан, бу борада етарли тажрибам бор, деб ўйлаётган бўлсангиз, майли бу сизнинг хоҳишингиз. Бироқ жамиятдаги бузуқ муҳит ҳукмрон бўлиб турар экан, сизнинг тажрибангиз ҳам, билимингиз ҳам фойда бермаслиги мумкин. Буни сизга ёки фарзандингизга ёмонликни раво кўраётганимиз учун айтаётганимиз йўқ, асло ундай эмас. Аксинча, биз ҳар бир оиладаги фарзанд тақволи ва кўрса кўз қувонадиган бўлиб етишишини истаймиз. Шунинг учун жамиятнинг фарзанд тарбиясидаги ўрнини яхши ҳис қилган ҳолда ушбу жамиятни ўзгартириш ҳақида бош қотириш лозимлигини айтмоқчимиз. Яъни бугунги бузуқ жамиятни исломий фикр ва туйғулар ҳукмрон бўлган ҳамда Ислом қонунлари татбиқ қилинадиган фаровон жамиятга айлантириш зарур эканлигини тушунтирмоқчимиз. Зеро, жамиятда мана шундай исломий муҳит ҳукмронлик қилсагина фарзанд тарбияси борасида қалбларимиз хотиржам бўлади, ин ша Аллоҳ.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Фаррух
08.05.2020й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми