Ие, буларни мажбурлашар эканда!

“Зиндон хотиралари” туркумидан
Ие, буларни мажбурлашар эканда!
بسم الله الرحمن ألرحيم
Тошкент. Зангиота 64/1-сонли зона, 2001 йил. Золим Каримовнинг мусулмонларга адовати аланга олган даҳшатли йиллар. Зонада 350 дан ортиқ диний маҳбуслар бўлиб, бизнинг устимизда турли режали қийноқлар қўлланаётган пайтлар. 2 сменада ташкил этилган 12 соатлик иш ҳам асосан Исломга даъвати билан айбланиб қамалганлар учун эди. Қийноқларни амалга оширишдаги баҳоналари ҳам ип йигирувда нормани бажармаганлик баҳонаси билан бўларди. 12 соатлик ишдан қайтарканмиз, норма бажармаганларни, асосан 159-модда билан қамалганларни изоляторда олиб қолиб калтаклашарди. Чарчоқ, очлик, қийноқлардан бир аҳволда ётоққа зўрға етиб келардик. Бошқа маҳкумлардан фарқли ўлароқ, бизларни дам олиш вақтимизда умумий саноқ (проверка) учун текширувга олиб чиқишарди. Чамаси бир соатларга чўзиладиган саноқ пайтида, ўтирган ҳолда пинакка кетиб мизғиб ҳам олардик. Икки мингдан ортиқ маҳкумлар йиғиладиган майдонни штаб биноси балкончасидан томоша қилувчи зона бошлиғи Исроилов Ғулом Ғофурович, ёрдамчи ўринбосари Асмановга берган галдаги янги топшириғи қандай натижа беришини ҳузур билан томоша қилиб турарди. Унинг мазкур топшириғи бўйича, ҳар доим проверка пайтида Ҳизб ут-Таҳрир аъзоларидан биттаси “тиббий бўлим” устида жойлашган қишки клуб радио узелидан “мен бу йўлга адашиб кирган эканман, энди тушуниб етдим”, деб президентдан, халқдан кечирим сўрашга мажбурланарди. Мунтазам қўлланган оғир калтаклар ва турли таҳдидлардан заифлашган биродарлардан қайсидир бири ҳар куни проверкада чиқиб, ўзининг “адашиб” кириб қолган йўлидан қайтганлигини айтиб, узр сўраши лозим эди. Бу жирканч тадбиридан ўзгача ҳузур топаётган бошлиқ баъзи “катта”ларга, айниқса бошқа зона бошлиқларига ўз ютуғини кўз-кўз қилиб, гўё “ишлаш манақа бўлади” деб мағрурланарди. Чунки “тажриба” ўрганиш учун бошқа зоналардан келган ходимлар бу тадбир сирларини чуқур ўзлаштириб, ўзларининг қўлидаги биродарларимизга қўллаш режаларини тузганларига гувоҳ бўлганмиз.
Навбатдаги эрталабки проверка. Бошлиқ ўз қўноғида меҳмонлари билан курсиларга жойлашган. Асмановнинг ишораси билан режим бошлиғи Баҳром ўз югурдаклари орқали навбатдаги биродарни радио узельга олиб чиқишни буюрди. Радио карнайининг овози одатдагидан баландроқ эди. Демак, бошлиқ бугунги “дил изҳорлари” билан кимларгадир мақтанмоқчи. Радио мухбири салом-аликдан кейин:
– Энди эътиборингизга Ҳизб ут-Таҳрир диний экстремистик гуруҳига адашиб кириб қолган маҳкум С…ев …мжоннинг пушаймонлик изҳорини ҳавола қиламиз, тинглаб хулоса қилгайсиз, деган сўзи эшитилди. Саноқ майдонидаги икки минг маҳкум орасида ғала-ғовур бошланди, “яна бошланди”, “надоели”, “боринг шу экан, нима қилардинг сиёсатга бурнингни тиқиб” каби сўзлар айрим маҳкумлар тилидан қулоққа чалина бошланди. Фақат режим бошлиғининг “жим бўлларинг”гидан сўнггина ғала-ғовур босилди. Жимлик. Зона бошлиғи шунча кунлар фахрланишига сабаб бўлиб келган тадбири айнан бугун меҳмонлари олдида унинг обрўсини бир пул қилишини қаерданам билсин… Радио карнайида мухбир сўзи ортидан бирданига пушаймонлик ноласи ўрнига ҳаммани ҳайратга солган сўзлар янгради:
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мен …ев …мжон Андижон вилояти фалон шаҳрида туғилганман. Ҳизб ут-Таҳрир аъзосиман ва бундай Ҳизбга аъзо қилган Аллоҳга ҳамду сано айтаман…
Олам бузилди гўё, бошлиқ устига “осмон қулади”… Кутилмаганда гумбурлаган ушбу шер наърасидан маймунлар чирқираб юборди. Ўрмонга ўт кетиб, хўлу қуруқ баравар аланга олди. Мухбир саросимада микрофонни укамиздан тортиб олди-ю, уни ўчиришни унутди шекилли, карнайдан унинг “нима қилиб қўйдинг аҳмоқ, энди сенга қўшиб мениям…” деган ўшқириқлари барчага тиниқ эшитиларди. Аристонлар шов-шуви, бақир-чақирлари ҳам радио карнайидаги сўзларни босиб кетишга ярамади. Биродарлар юзларига табассум келгани баробарида бошлиқ юзига “чақмоқ” урилгандек эди гўё. Карнайдан ҳануз мухбирнинг “нима қилиб қўйдинг, энди тамомсан, ўлиб кетасан”и таралишда давом этарди. Бу орада ДПНК (навбатчиликдаги бошлиқ ёрдамчиси) бир тўда режимник, туркум бошлиқлари, ҳарбий назоратчилар, опер бўлим ходимлари билан бирга зинадан иккинчи қаватдаги радио узельга кўтарила бошлади. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, микрофонни ўчириш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бир маҳал клубдан ур-теплар, резина таёқ(дубинка)ларнинг танага урилгандаги тарсиллашлари ва …нинг “Аллоҳу акбар”…лари оламни бузиб “янграй” кетди. Барча маҳкумлар клуб ичидаги калтаклар зарбига жавобан …мнинг “Аллоҳу Акбар” садоларидан ўзларида бошқача бир хузур туярдилар. Анави бошлиқ эса жон-жаҳди билан “ўчир микрофонни, ўчир пид…” дея бақириб, оммага баттар шарманда бўлиб, аристонлар кулгисини янада олов олдирди. Ҳалигина турли минғир-минғирларни қилаётган маҳкумлар орасида ҳам тўхтатиб бўлмайдиган “маладдес мужик, приветствую” , “э-э гап йў, вот настояший мужик”… деган гаплар кўтарилди. Бу хитоб баракасидан бироз қўрқув ва ғашликда қолган қалбларга нур таралди, диллар яйради. Шунча кунлар бошлиққа обрў келтирувчи тадбир …мжоннинг журъати билан яксон бўлди. Айниқса, мен учун маҳкумлар орасидаги бир аристоннинг сўзи анча аҳамиятли тарзда хотирамга муҳрланди – “озодликка чиқаман деб радиода сайрейди булар, десам, қайтасан деб мажбурлашар эканда, вой с…ларей…”.
Азиз ўқувчи! Ишонаманки, укамизнинг мазкур хитоби узоқ йиллар тилдан тилга кўчиб юрувчи, Уммат фарзандлари журъат ва жасоратига янада куч берувчи воқеий ҳикоя бўлиб қолиши билан бирга, Қиёмат кунида укамизнинг амал дафтарини безагувчи олтин саҳифа ҳам бўлгай. Аллоҳ таоло дейди:
مِّنَ الْمُؤْمِنِينَ رِجَالٌ صَدَقُوا مَا عَاهَدُوا اللَّهَ عَلَيْهِ, فَمِنْهُم مَّن قَضَىٰ نَحْبَهُ وَمِنْهُم مَّن يَنتَظِرُوَمَا بَدَّلُوا تَبْدِيلًا
– “Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ”. (Аҳзоб:23)
(Йигирма бир йил мобайнида тилимдан тушмай келаётган хитобни эслаганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми