Иймон келтириб қўйдим, холос, онажон!
“Зиндон хотиралари” туркумидан
Иймон келтириб қўйдим, холос, онажон!
بسم الله الرحمن الرحيم
Зона изолятори камерасига мендан ташқари яна иккита биродарни қамашди. Улар бошқа бўлимдан эди. Бу иккисининг бир-бирига муомаласи устоз ва шогирдларникидек ажойиб. Салом-алик, ҳол- аҳвол сўрашишдан кейин, табиийки танишдик. “Шогирд”га ўхшагани учинчи куни менинг қистовим билан тақдиридан сўзлаб кетди. Келинг, азиз ўқувчи, ўша суҳбатга сизни ҳам шерик қилай:
– Институтга кириш имтиҳонларидан ўтиб студент бўлганимни эшитган оиламиз қувончи ичига сиғмай қолди, дея узоқдан ҳикоясини бошлади у. Айниқса, онамнинг энди “бу болангиз одам бўлмайди”, деган қишлоқ кишиларига айтар сўзи бор. “Болам ўқишга кирди, ажабмас энди сал мулойимроқ бўлиб, қишлоққа қайтса” деб қўшниларига айтгувчи онам “ўғлингизни тийиб олинг, боламнинг кўзини кўкартириб, хомталаш қилибди” деган шикоятлардан қутуладигандек қувонарди. Чунки устимдан кунора шикоят эшитиш онамни анчагина уятли қилиб улгурганди.
Инсоф билан айтсам, мендан шикоят қилувчиларнинг аксари ўғилларини пўпалаб, эркалатиб, шу замонанинг “янги ўзбеги”, яъни “аяжон, мени анави яна урдииии” дейдиган қилиб тарбиялаган кимсалар бўлиб, ўша ўғиллари тек турса ҳам ургим келаверадиган хотинчалишлар эди.
Институтнинг биринчи курсида уйдагиларга малол келмаслик учун якшанба кунлари мардикорлик қилиб юрдим. Кунларнинг бирида бир йигитнинг бузилган машинасини устахонагача итариб бориб, ёрдамлашдиму “бало”га қолдим. У билан ирқимиз чиқишиб, машинаси тузалгунча яхшигина улфат ҳам бўлиб олдим. Аслида хаммаси мана шундан бошланди. У йигитнинг бир соатлик суҳбати институт доцентининг лекцияларидан гўзалроқ, қалбга яқинроқ эди. Бир ой ўтмай ўша йигит мени – анавиларнинг тили билан айтганда – “айнитиб”, “заҳарлади”. Яъни намозхон, уйғоқ ва теран фикр эгасига айлантирди. Мен бора-бора институт домлаларини ҳам саволлар билан яхшигина бошини қотирадиган бўлиб қолдим. Мен мутлақо ўзгариб қолдим. Ахир ақлимни ишлатиб, Оламлар Роббисини топиш лаззатини кўнгил тубидан ҳис қила бошлагандим.
Авваллари мусулмонман десам-да, Исломга бегоналар ҳаётни қандай билса шундай деб билардим. Улардек орзу, ўшалардек ўйин- кулгу қилиб, ғафлатда юрганимни билгач, Ҳақни танитган биродаримдан бошқа кишининг суҳбати сафсатадек туюла бошлади. Чунки Аллоҳнинг барча ишларимга алоқаси борлигини идрок қила бошлагандим. Аллоҳ билан бўлган алоқамиз фақат намоз, рўза каби амаллардагинадир, қолган ишларни ҳукумат қонунлари тартибга солади, деб юриш ўта тубанлик эканини тушуниш қандаям ажойиб уйғониш. Кофирлар ўз динларини черковга тиқиб қўйишганидек Исломимизни ҳам фақат масжидга қамаб, бизни ҳам ўзларидек қилиб қўйишганини англаш ҳар қандай кишини мутлақо ўзгартириб юборишга қодир фикр эди. Мен учун энг қизиғи имомлар ва муллаларнинг Исломни бизга нега соф ҳолда танитмаслиги эди. Хуллас, юриш-туришим, сўзларим, амалларим Исломдан ўзга тартибни тан олмай қўйди. Ва институтда ҳам ўзимга ҳамфикр улфатларим кўпайди. Ҳатто факультетдаги устозлар ҳам қайноқ суҳбатдошга айланди…
Аммо ёшлардаги бундай ўзгаришни ҳукумат жиноят санади. Ҳатто ҳукумат сиёсатига терс гапирган имомлар қамала бошлади. Масжидларни – улар эл пулига битган бўлса-да – давлат тортиб олди. Одамларнинг норозилиги кучайишини олдини олиш мақсадида энг тубан чораларни қўллади. У ер, бу ер портлатилиб, мусулмонларга тўнкалди. Золим Каримов буйруғи билан оммавий қамаш бошланди. Севимли устозим ҳам, ҳатто баъзи институт олимлари ҳам қамалди. Мени ҳам 1999 йили апрел ойида ҳукумат шоқоллари курсдошларимни “айнитиб”, “заҳарлашда” айблаб, қамашди.
Бу ҳикояни сўзлагувчи укамиз камерадошларига қараб бироз камтарона қилиб:
– Кейин сизларгаям бегона бўлмаган қийноқлардан тирик чиқдим, дер экан, ўша йиллардаги терговларда тирноқларидан айрилган бармоқларини негадир енглари ичига яширди.
Мен ҳикоясини тўмтоқ тугатишига унамадим ва қамалишига оиласи қандай қарагани ҳақида сўрадим.
– Онам ҳам, дадам ҳам ва барча яқинларим ҳам менинг қамалганим хабари боргач, дастлаб заррача ҳайрон бўлмай: “Яна бировни ургандир-да, боламизни ўқишдаги домлалари ҳам эплолмабди-да” деган эканлар. Аммо орадан бир ҳафта ўтмай бутун қишлоқни ваҳимага солиб, уйимизга бостириб кирган формалилар тинтув қилишганида, бунақа тўполонни онамнинг юраги кўтаролмай, ҳушсиз йиқилган экан. Чунки бечора онам гўдаклигида бобосини шунақа бир гала олабўжилар халқ душмани, ватан хоини, дея олиб кетишиб, ўлигини олиб келиб ташлашган эди.
Судга чақирилганида бечора онам суюкли ўғлини панжара ортида кўрди-ю, бақириб юборди.
– Нима қилиб қўйдинг болам, деб зўрға кучланиб сўрадилар.
– Бизга сўзлашишни ман қилишига қарамасдан онажонимга хотиржам ҳолда, ширин табассум ила жавоб бердим:
– Қўрқманг, онажон! Юзингизни ерга қаратадиган иш қилмадим! Фақат, иймон келтириб қўйдим, холос, онажон, дедим.
Жавобимдан атрофдагилар бир турли ҳайрон қолдилар. Онам билан дадам эса, енгил нафас олди. Дадам кўзларини маъноли қисиб: “элга келган тўй”, дедилар.
“Шогирд” бола сўзини тугатгач, “устози” унинг елкасига қўл ташлаб, табассум билан: “Машинамнинг бузилиши ортида шунча ҳикматга йўлиқдингиз ука”, — деб менга қараб чиройли кулиб қўйди.
وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا ۚ وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ
– “Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир”. (Анкабут:69)
(Устоз, шогирд ва каминанинг изолятордаги суҳбатидан сизга илинганим – ўша хотиралардан)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги матбуот бўлими аъзоси Зайниддин
28.02.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми