Капиталистик иқтисод низоми соясида тадбиркорларнинг “косаси” оқармайди
Капиталистик иқтисод низоми соясида тадбиркорларнинг “косаси” оқармайди
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Жорий йилнинг 20 августда президент Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан 4 йилдан буён узлуксиз шу санада ўтказиб келинаётган очиқ мулоқоти бўлиб ўтганди. Маълумки, Мирзиёев ҳар йили, доимгидек, тадбиркорлар билан илиқ мулоқот ўтказиб, уларни баландпарвоз гаплар билан мақташдан ташқари, ҳатто айримларини юртга хизматлари учун мукофотлаб ҳам келади. Масалан, бу йилги нутқида Мирзиёев тадбиркорларга қарата шундай деди: “Ҳеч нарсадан қўрқманг, интилиш ва изланишдан чарчаманг, фақат олдинга, катта марралар сари дадил қадам ташланг! Янги Ўзбекистон тараққиётини, истиқболини таъминлайдиган куч бу – тадбиркорлар. Давлатимизни бой қиладиган куч бу – тадбиркорлар. Халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч бу – тадбиркорлар”. Юзаки қараганда, бу гаплардан сўнг, гўё Ўзбекистонда тадбикорлар учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгандек кўринади, бироқ воқелик бунинг аксини кўрсатмоқда.
Кун.узнинг 27 август кунги хабарида Тошкентдаги дўконлар ва дорихоналарга шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти огоҳлантириш хатларини юбора бошлади дейилади. Хабарда айтилишича, департамент дўконнинг номи ёзилган пешлавҳаларни ташқи реклама деб баҳолаяпти. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида назарда тутилган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.
Эътиборли жиҳати, бу талаб ҳатто “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби оддий бренд номини кўрсатмайдиган пешлавҳаларга ҳам қўлланмоқда. Табиийки, соғлом ақлга тўғри келмайдиган бундай абсурд даражада солиқ ундиришдан ҳар қандай инсон норози бўлади. Қолаверса, катта эҳтимолга кўра, бу қарор ҳам асосан ҳимоясиз, таниш-билиши йўқ тадбиркорларга қўлланяпти.
Масалан, Вақт.узнинг 1 сентябр кунги хабарида табдиркор Севара Салимова шундай дейди: “Шу десангиз, кеча ҳокимятдан икки киши келди, бизни огоҳлантириб кетишди. Кўриб турганингиздагидек, магазинимиз тепасидаги “Sevaras” ёзувини ташқи реклама деб ҳисоблаб, бу учун биз пул тўлашимиз кераклиги ҳақида огоҳлантириб кетишди. Мен бу логотипим, яъни номим учун давлатга ҳар битта метр квадрати учун 60 минг сўмдан тўлашим керак экан. Минимал ҳисобда 1 метр квадрат экан. Ундан ошганига 60 минг сўмдан тўлов қилишим керак экан давлатга ҳар ой… Ташқи реклама нима эканини мен жудаям яхши биламан. Нимага мен магазинимнинг номини қўйганим учун пул тўлашим керак, бу логикага тўғри келмаяпти”.
Ҳақиқатдан ҳам тадбиркорлар – давлат иқтисодиётининг моторидир. Бироқ манфаатга асосланган капиталистик тузум татбиқ этилган шароитда маҳаллий тадбиркорларнинг ривожланиши амримаҳол. Чунки бу тузумнинг иқтисодиёти солиқ ва ҳаром фоизли кредитларга асосланади. Солиққа келсак, унинг турлари кўп ва деярли ҳар ойда тўланиши шарт. Даромад кўпайгани сари солиқ ҳам ортиб бораверади. Боз устига, давлат бор кучини заифларга кўрсатади, кучлилар эса давлатнинг ҳимояси остида бўлади.
Президент Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларда доимий равишда таъкидлайдиган солиқ имтиёзлари амалда кўзбўямачилик бўлиб қолмоқда. Чунки капиталистик иқтисодиётга қурилган давлатнинг энг катта “маҳорати” – солиқ ўйлаб топиш ва уни йиғиш. Шунинг учун имтиёз дейилаётган нарса тадбиркорни бир солиқдан озод қилиш, аммо шу заҳоти бошқасини ошириш ёки янгисини пайдо қилишдан бошқа нарса эмас. Бу бир қўл билан бериб, иккинчи қўл билан бир неча баробар қилиб олишга ўхшайди. Натижада тадбиркорнинг юки енгиллашмайди, балки оғирлашиб, пешона тери билан топгани яна ҳам қаттиқроқ сиқиб олинади.
Исломда эса давлат тадбиркорлар фаолиятига – агар у шариатга зид бўлмаса – мутлақо аралашмайди, аксинча уларга ёрдам қилади. Масалан, тадбиркор ўз фаолиятида моддий қийинчиликка дуч келса ёки тадбиркорликни бошлашни истаган инсон маблағдан маҳрум бўлса, давлат унга ҳеч қандай фоизсиз қарз бериши ёки давлатнинг ўзи унинг шериги сифатида иштирок этиши ҳам мумкин. Шунингдек, тадбиркорнинг даромади қанча бўлишидан қатъий назар, капиталистик демократиядаги каби унга золимона солиқлар солинмайди. Чунки бу иш шариатга зиддир. Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар:
لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ صَاحِبُ مَكْسٍ
“Солиқ йиғувчи жаннатга кирмайди”.
Демак, Халифалик давлатида ҳеч қачон тадбиркорга солиқ юки юклатилмайди, балки давлатнинг кафолатли ҳимояси остида унинг фаол ривожланиши таъминланади.
Салоҳиддин
08.10.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми