Коронавирус: Муаммонинг энг тўғри ечими Исломда

Коронавирус: Муаммонинг энг тўғри ечими Исломда
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Чорасизлик инсонни тушкун кайфиятга туширади. Ожизлигини ҳис қилдиради. Бугун инсоният шундай аҳволга тушди. Ўз ҳарбий қуввати ва иқтисодига ишониб дунёда етакчиликни даъво қилган, ўз манфаатлари учун ўзга юртлар бойликларини талаб, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган ҳукуматлар бугун чорасиз. Гарчи ўзлари буни тан олмаётган бўлсалар-да, ожиз ва нотавон ҳолга тушиб қолдилар. Инсон учун ҳаёт қонунларини ўзлари тузишни даъво қилганлари ҳолида такаббурлик билан Яратувчининг низомларини ҳаётдан узоқлаштирганлар бугун шу қудратли Зотнинг кўзга кўринмас махлуқоти олдида ожиз бўлиб қолдилар. Кўкларга кўтарган иқтисодлари яксон бўлмоқда. Мақталган ҳарбий қувватлари худди тумандек тарқалиб кетди. Дунё аҳлини қўрқувга солган ваҳшатлари пуч ёнғоққа айланди.
Бу ботил ақида эгалари бугунги офатнинг инсониятга келтирадиган кулфатини ҳам ўз ўлчовлари бўйича фойда-зарарга қараб баҳоламоқдалар. Қанча инсон қурбон бўлишини, бунинг ортидан қанча оилалар барбод бўлиши, қанча фарзандлар етим қолиши ҳақида эмас, балки иқтисодлари қанчалик зарар кўришини ҳисобламоқдалар. Кўкларга кўтариб мақтаган иқтисодлари бугун яксон бўлаётгани, йўқотаётган бойликлари кўлами уларни қўрқитмоқда. Асло қурбон бўлаётган инсонлар адади эмас. Чунки бу ботил ақида эгалари учун манфаат ҳаёт мазмунига айланган. Улар инсонларни қутқаришни уларнинг инсон эканлигидан эмас, балки ишчи кучи, товар-маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмолидан уларга фойда келтирувчи даромад манбаи эканидан ҳаракат қилмоқдалар.
Бу уларнинг муаммога муносабатлари ва уни ҳал қилиш учун қилаётган ҳаракатларида яққол кўриниб турибди. Жумладан, бугунги кунга келиб дунё бўйлаб фақатгина 18 давлатда вирус қайд қилинмади, қолган барча давлатларга етиб борди, деярли 3 миллиарддан ортиқ одам карантинга олинган. Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб вирус юқтирганлар сони 2181308 нафарга, ўлганлар сони эса 145470 нафарга, соғайганлар сони 547069 нафарга етди. Бу дунёда тарқалган касалликдан зарарланган инсонлар ҳақидаги маълумот. Энди бу ҳолатга бўлган муносабатга эътибор беринг:
АҚШ президенти Трамп 30 март куни Вашингтондаги ўз чиқишида “Ўлимларнинг энг чўққига чиққан вақти икки ҳафтадан сўнг юз беради. Агар бизда қурбонлар сони 100-250 мингдан ошмаса, демак, яхши иш олиб борган бўламиз” деди. (Вашингтон, 30 март 2020й (askanews)).
Бу муносабат тирик инсонга эмас, худдики бир товар ёки қимматли қоғозлар савдосига нисбатан қарашга ўхшамаяптими? Ахир Трамп инсонлар ҳаёти ҳақида гапирмоқда. Шунингдек, қуйидаги маълумотларга эътибор берсак:
Канберрадаги Австралия миллий университети олимлари коронавируснинг дунё иқтисодига таъсирининг етита сценарийсини ишлаб чиқдилар. Жумладан, уларнинг таҳлилларида ижобий деб қаралган ҳолатда ҳам дунё иқтисоди 2.4 трлн доллар зарар кўргани ҳолда 15 млн одамнинг қурбон бўлиши тахмин қилинган. Бу тахмин 1968-69 йиллари Гонконгда тарқалган ва 1 млн одамнинг ҳаётига зомин бўлган грипп пандемиясига қиёсланиб чиқарилган. Шунингдек, салбий деб қаралган таҳлилларига кўра, дунё иқтисоди 9 трлн доллар зарар кўради ва қурбонлар сони 68 млн га етиши мумкин. Бу тахмин коронавирус пандемиясини 1918-20 йилларда пандемияга сабаб бўлган “Испан гриппи” номини олган ва 50 млн га яқин инсоннинг ёстиғини қуритган пандемияга қиёслаб чиқарилган. (https://tsn.ua/ru/nauka_it/koronavirusnye-prognozy-do-68-millionov-zhertv-gody-pandemii-i-smerti-pozhilyh-lyudey-uchenye-dayut-ne-optimistichnye-predskazaniya-1509978.html).
Эътибор берсак, улар инсонларнинг қурбон бўлиши ҳақида худдики моддий товар-маҳсулотларнинг камайиши ортидан кўриладиган зарар сифатида муносабатда бўлган ҳолда иқтисодий йўқотишларни атрофлича таҳлил қилмоқдалар. Бу нарса шуни англатадики, буларнинг инсонга бўлган муносабати худдики товарга бўлган муносабатлари кабидир. Дунё ҳаётига моддий нуқтаи назардан қарайдиган ва ўз манфаатларидан бошқа нарсани ўйламайдиганлар инсон муаммосига тўғри ечим бериши мумкинми? Асло йўқ. Чунки бугун дунёда татбиқ қилинаётган капитализм тузумида бундай жиҳатнинг ўзи йўқ. Инсонга фақат даромад келтирувчи манба сифатида қарайдиганлар ўзи учун манфаатли ҳолатлардагина инсонга ёрдам беришлари мумкин, манфаат йўқ, деб ҳисобланса ҳеч қачон ёрдам бермайдилар. Сўзимизнинг исботи сифатида қуйидаги маълумотларни тақдим қиламиз:
Коронавирусга чалинган америкаликлар даволаниш учун бир неча ўн минг доллар тўлашларига тўғри келади. Коронавирус инфекцияси билан касалхонага тушганлар агарда тиббий суғуртаси йўқ бўлса ёки суғурта компанияси уларга кўрсатилган тиббий хизмат суғуртада кўрсатилмаган деб топса, 42486 доллардан 74310 долларгача тўлашга тайёр туришлари керак – деб хабар берди CNBC FAIR Health мустақил ташкилот маълумотларига таяниб. Бунда, мисол учун, олти кунлик даволаниш учун суғурталанмаган беморлар 73 300 доллар атрофида, суғурталанганлар эса 38 220 доллар тўлашларига тўғри келади.
Хўш, маблағи йўқ инсонлар нима қилади? Ё улар камбағалликлари туфайли ўлимга маҳкумларми? Ёки камбағалликлари уларни кераксиз товарга айлантирдими?
Шунингдек, бу офатнинг олдини олиш борасида ҳам олиб бораётган ишлари, биринчидан, у ҳақидаги маълумотларни яшириш бўлса, иккинчидан, у ҳақида сунъий ваҳималар билан инсонларни мажбурлаб ўз уйларига қамаб изоляция қилишдан нарига ўтмади. Бу бутун дунёдаги инсонлар бошига офат ёғилган вақтда дунёга хўжайинликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни даъво қилаётганларнинг инсонга бўлган муносабати, ботил тузумнинг асл қиёфасидир.
Бу ботил тузум мусулмон юртларига ҳам кириб келди. Юртларимиздаги ҳукмдорлар барча ишларида ботил тузум эгаларига тақлид қилиб, эргашмоқдалар. Уларнинг муаммоларга берган ечимларини бу тўғри ечимми йўқми, деб ўйлаб ҳам кўрмай қабул қилмоқдалар. Бугунги кундаги юз бераётган офатнинг олдини олиш борасидаги тутаётган йўллари ҳам айнан ботилга кўр-кўрона эргашишдир. Чунки бутун дунё давлатлари тутган йўл тўғри деган хулоса, оқибатини англамай тақлид қилишдан бошқа нарса эмас. Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик. Бизга инсондан манфаатни устун қўювчи, инсонга инсон деб эмас, даромад манбаи сифатда муносабат қилувчи шундай тузум керакми? Ҳаёт майдонига келганидан буён инсониятнинг бирор муаммосини тўғри ҳал қилмаган, қайтанга ўзининг ботил ечимлари билан инсониятни ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйган шундай тузум керакми?!
Ваҳоланки, инсоният ўз бошига шундай ботил тузумнинг келишига ўзи сабабчи бўлди, чунки ҳаётидан Яратувчининг қонунларини узоқлаштирган кунидан бошлаб шайтоннинг измига тушди, залолатга кетди. Бугунги чорасизлик гирдобидаги оғир кунлари айни шу залолатнинг “самараси” дир. Чунки Яратувчи инсонни яратиб, унинг муаммоларига энг тўғри ечимларини ҳам берди ҳамда бу ечимлар асосида яшаш инсонни хотиржамлик ва саодатга етаклаши, акс ҳолда залолат ва тубанликда хорланишидан огоҳлантирди. Аллоҳ айтади:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُوْلِي الاَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الاَخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً –(*) أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يَزْعُمُونَ أَنَّهُمْ آمَنُوا بِمَا أُنزِلَ إِلَيْكَ وَمَا أُنزِلَ مِنْ قَبْلِكَ يُرِيدُونَ أَنْ يَتَحَاكَمُوا إِلَى الطَّاغُوتِ وَقَدْ أُمِرُوا أَنْ يَكْفُرُوا بِهِ وَيُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُضِلَّهُمْ ضَلَلاً بَعِيدًا (*) وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا إِلَى مَا أَنزَلَ اللَّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ رَأَيْتَ الْمُنَافِقِينَ يَصُدُّونَ عَنْكَ صُدُودًا
– “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу энг яхши ва энг чиройли ечимдир. (Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган, деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга: “Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар”, дейилса, бу мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз”. (Нисо:59-61)
Ислом инсон муаммоларини муолажа қилишда, энг аввало, унга инсон сифатида қаради, даромад манбаи ёки жонсиз буюм каби эмас. Исломда инсоннинг барча муаммоларини шариат асосида тўғри муолажа қилиш давлат томонидан татбиқ қилинаётган тузумда ўз аксини топган бўлса, унинг назорати ва ижроси халифанинг зиммасига юкланади. Халифа ҳар бир мусулмон учун масъул, жавобгардир ва бу ишни ўз манфаати асосида эмас, Аллоҳнинг розилиги йўлида адо этади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ: الإِمَامُ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ فِي أَهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالْمَرْأَةُ رَاعِيَةٌ فِي بَيْتِ زَوجِهَا وَمَسْؤُولَةًّ عَنْ رَعِيَّتِهَا، وَالخَادِمُ رَاعٍ فِي مَالِ سَيِّدِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَكُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг мол-мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир”, деяётганларини эшитдим”. (Муттафақун алайҳ)
Ислом давлатида таълим ва соғлиқни сақлашни бепул эканлиги ҳам юқоридаги сўзларимизнинг далили. Жумладан, бугунги кундаги каби офатлар юз берса, аввало, инсонлар саломатлигини сақлаш учун барча чораларни кўради. Касаллик чиққан ердаги фуқароларни бошқалардан изоляция қилади. Бу ишни фуқароларни бепул даволаш, дори-дармон ва озиқ-овқат каби барча асосий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаган ҳолда амалга оширади. Касалхоналар ва тиббий лабораторияларни барпо қилади. Бу ишларни Байтулмолдаги маблағлар эвазига бажаради, ҳар қандай иқтисодий йўқотишлар юзага келса-да, биринчи навбатда фуқароларининг саломатлигини инобатга олади ва керак бўлса, барча маблағларни шу йўлда сарфлайди. Зарурий эҳтиёж бўлмаса, одамларни ўша ердан чиқармайди, у ерга бошқаларни киритмайди. Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳ”ида Усома ибн Зайддан ривоят қилган ҳадисда Набий ﷺ. марҳамат қиладилар:
«إِذَا سَمِعْتُمْ بِالطَّاعُونِ بِأَرْضٍ فَلَا تَدْخُلُوهَا وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا»
“Агар бирор ерда тоун-ўлат тарқалганини эшитсангиз, у ерга кирманг. Агар ўзингиз турган ерда тарқалса, у ердан чиқманг”. Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган яна бир ҳадисда Оиша онамиз бундай деганлар: мен Росулуллоҳ ﷺ дан тоун ҳақида сўраганимда, бундай жавоб берганлар:
«أَنَّهُ عَذَابٌ يَبْعَثُهُ اللَّهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ وَأَنَّ اللَّهَ جَعَلَهُ رَحْمَةً لِلْمُؤْمِنِينَ لَيْسَ مِنْ أَحَدٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِي بَلَدِهِ صَابِراً مُحْتَسِباً يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُهُ إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ إِلَّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ شَهِيدٍ»
“Тоун азоб бўлиб, Аллоҳ уни истаган кимсага юборади. Мўминларга эса, уни раҳмат қилган. Зеро, қайсидир банданинг юртида тоун тарқалса, у Аллоҳ пешонага ёзган нарсадан бошқа нарса бўлмайди, деб билган ҳолида ўша юртидан чиқмай сабр қилиб ўтирса, албатта битта шаҳид оладиган ажрга эга бўлади”.
Касаллик тарқамаган ерларда эса, инсонлар барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда ўз ишларини давом эттирадилар. Шу билан касаллик тарқалиши туфайли ишлаб чиқариш, саноат ва зироат ишларини тўхтаб қолиб, иқтисодий қийинчилик юзага келишининг олди олинади. Шунингдек, жумъа ва жамоат намози каби жамоавий ибодатлар ҳам оммавий равишда тарк этилмайди. Узрли сабаблари бўлган ва касалланганлардан ташқари барча соғлом мусулмонлар эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда жумъа ва жамоат намозларини адо қилаверадилар. Аллоҳни зикр қилиб, бошларига тушган балолардан нажот ва офият сўрайдилар. Аллоҳ Таоло айтади:
إِذَا نُودِي لِلصَّلاَةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ
– “Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!” (Жумъа:9)
Абу Мусо Набий ﷺ. нинг бундай деганларини ривоят қилади:
«الْجُمُعَةُ حَقٌّ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ فِي جَمَاعَةٍ إِلَّا أَرْبَعَةٌ: عَبْدٌ مَمْلُوكٌ، أَوِ امْرَأَةٌ، أَوْ صَبِيٌّ، أَوْ مَرِيضٌ»
“Жумъа намози жамоадаги ҳар бир мусулмоннинг вожиб ҳаққидир. Тўрт киши бундан мустасно: бировнинг қули, аёл киши, ёш бола ва бемор”. Ҳоким буни икки шайх шарти билан саҳиҳдир, деган.
Демак, бугунги кунимиз хусусида фикрлаб кўришимиз – ваҳоланки, бунинг учун аниқ воқеликка эгамиз – ҳолатимизни англаб тўғри хулосага келиш вақти етди. Чунки бундай вазиятларда чорасизликдан нотўғри тадбирлар қилиш билан ўз аҳволларини янада оғирлаштираётган давлатлар тажрибасига эмас, балки бутун оламлар Роббиси ва Росули ﷺнинг кўрсатмаларига амал қилишимиз энг тўғри йўл. Шунинг учун муаммоларимизнинг энг тўғри ечими Исломда эканлигини англаб, уни ҳаётимизга қайтармас эканмиз, ҳолимиз бундан-да абгор бўлиши аниқ.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
18.04.2020й
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Республика президентлиги сайловлари ҳукми
Муслима синглимиз Роҳиланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қиламиз