Куфрий тузумда яшаш қазо эмас, балки инсон ихтиёридаги ишдир
Куфрий тузумда яшаш қазо эмас, балки инсон ихтиёридаги ишдир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Мусулмонларда қазовий ишлар ҳақидаги тушунча заифлашиб боргани сари Ислом татбиқининг ҳаётдан четлаштирилишига ҳам эътиборсизлик билан қарай бошладилар. Бу албатта асосий сабаб эмас, балки сабаблардан биридир. Гап шундаки, кўпчилик мусулмонлар куфр қонунлари татбиқ қилинаётган жамиятда яшаш қазовий иш, деб ўйлайдилар. Яъни шундай бўлишини Аллоҳ қазо қилган ва инсонда бу борада ҳеч қандай ихтиёр йўқ, у куфрий тузумга рози бўлиб яшашга мажбур. Бундай тушунча хато бўлиб, қазо масаласининг бунга даҳли йўқ. Чунки қазовий ишлар инсон ихтиёридан ташқарида юз берадиган ишлар бўлиб, инсоннинг уларга ҳеч қандай таъсири йўқ. Масалан, қор, ёмғир, дўл ёғишига инсон таъсир кўрсата олмайди, уни ёғдира олмайди ҳам ёки уни тўхтатиб ҳам қола олмайди. Инсоннинг туғилиши ва ўлиши ҳам худди шундай. Шунингдек, турли хил ҳолатлар, жумладан автомобил йўлига тўсатдан чиқиб қолган одамни уриб юбориши, самолёт, поезд ва бошқа техникаларнинг тўсатдан ишдан чиқиши натижасида ҳалокатга учраб одамларнинг ҳалок бўлиши, бир одам бехосдан бошқа одамни ўлдириб қўйиши кабилар ҳам қазовий ишлардир. Бу ишларнинг барчасини Аллоҳ қазо қилган ва уларга инсон жавобгар эмас. Яъни бу ишлар учун инсонга савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ.
Бироқ инсон ҳукмронлик қиладиган доирада эса, хоҳ Аллоҳнинг шариати бўлсин, хоҳ бошқа қонунлар бўлсин, инсон ўзи танлаган тузум асосида, ўз хоҳиш-иродасига эга бўлган ҳолда яшайди. Чунки Аллоҳ инсонни у ёки бу тузумда яшашга мажбур қилмайди, бу инсон ихтиёридаги ишдир. Аллоҳ Таоло инсонларга бу борада ихтиёр берган. Хоҳласа Ислом тузуми билан, хоҳламаса ғайриисломий тузум билан яшасин. Буни шундай тушуниш лозимки, Аллоҳ Таоло инсон учун нарсаларни бир-биридан ажрата оладиган ақлни яратди. Ақлнинг яратилиш табиатида идрок ва ажрата олиш хоссасини яратди, сўнгра инсонга яхшилик ва ёмонлик йўлини кўрсатди:
وَهَدَيْنَاهُ النَّجْدَيْنِ
– “Биз инсонга иккала йўлни ҳам – яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кўрсатдик”. (Балад:10)
Аллоҳ Таоло ақлнинг табиатида фужур-бузуқликни ва тақво-покликни идрок қилиш хусусиятини яратган:
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا
– “Аллоҳ инсонга фужур-бузуқликни ҳам, тақво-покликни ҳам танитиб қўйган”. (Шамс:8)
Демак, Аллоҳ Таоло инсонга яхшилик ва ёмонлик йўлини кўрсатиб, унинг ақлида фужур-бузуқлик ва тақво-покликни ажратиш хусусиятини яратди ҳамда бу иккисидан қайси бирини танлаш ихтиёрини ҳам берди. Шунга кўра, Аллоҳнинг буйруқ ва тақиқлари асосида ҳаёт кечиришни танлаган одамнинг тақдирланиши ва Аллоҳга осийлик қилиб, Унинг йўлидан юрмаган инсоннинг жазоланиши адолатдандир. Чунки инсон ўз ақлига кўра бу иккисидан қайси бирини танлаган бўлса, шу бўйича Аллоҳнинг олдида ҳисоб беради. Аллоҳ Таоло айтади:
كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ رَهِينَةٌ
– “Ҳар бир инсон қилган ишига жавобгар”. (Муддассир:38)
Азиз мусулмон биродарим, сиз ғайриисломий тузумда яшаш қазо, деб ўзингизни алдаманг. Ва бу масалага ойдинлик киритиб олишдан ҳам қочманг. Буни билмасам амал қилишим ҳам шарт эмас, деб ўйламанг. Бу фақат ўзингизнинг зарарингизга бўлади холос. Балки бу борада Аллоҳнинг олдига ҳужжатсиз бориб қолишдан қўрқинг. У вақтда ҳеч ким Аллоҳга ёлғон гапира олмайди, ҳаммасини рўйи-рост сўзлайди. Шундай бўлгач, Ислом тузуми татбиқ бўлиши учун ҳаракат қилишингиз сизни куфр жамиятида яшаш гуноҳидан сақлаб қолади ин ша Аллоҳ.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Абдуллоҳ
23.12.2020й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми