Марказий Осиё давлатлари Маслаҳат учрашуви – бугун ва келажак

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Хабар ва изоҳ
Марказий Осиё давлатлари Маслаҳат учрашуви – бугун ва келажак
Хабар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, фахрий меҳмонлар сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди. (president.uz 09.08.2024й)
Изоҳ: Ушбу Маслаҳат учрашуви айрим нарсалар борасида аввалгилардан бирмунча фарқли равишда ўтди, деб айтиш мумкин. Аввалги учрашувларда ҳар бир давлат ўз ташвиш ва муаммоларини ўртага ташлар, ўзаро бирлашиш ва интеграцияга киришиш масаласи эса орқа планда қолиб кетарди. Бу сафар мана шу бирлашиш ва интеграция масаласи асосий мавзу бўлиб кўтарилди. Масалан, Шавкат Мирзиёев савдо-саноат, логистика, экология, энергетика каби соҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги таклифлари билан чиқди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “минтақамиз келажаги… барча ички ва ташқи чақириқларга адекват жавобларни биргаликда излашга боғлиқ” эканлигини, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари энди мудофаа соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришини айтиб ўтди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “дунёда жадал ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги шароитда Марказий Осиё келажаги учун умумий позицияни шакллантириш зарурати юзага келган”лигини маълум қилди. Агар масалага бугунги халқаро вазият ва геосиёсий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ушбу баёнотлар кўпроқ Ғарб, хусусан Американинг стратегик лойиҳалари ва хоҳиш-истакларига мос келади. Чунки Америка минтақа давлатлари ўзлари якка ҳолда Россияга бўлган қарамликларини камайтиришлари қийин кечишини яхши тушуниб турибди. Шунинг учун АҚШ ушбу беш давлатнинг бошини қовуштириб, Россия босимлари ва шунингдек, ҳар хил таҳдидларга қарши тура оладиган ягона кучга айлантириш устида иш олиб боряпти. Токи, Марказий Осиё давлатлари позициялари бир хил тус олсин ва ўзаро иқтисодий-ижтимоий ҳамкорлик жадаллашиб, Россияга қарамлик минималлашиб борсин. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, Америка бундай яқинлашиш ва интеграция фақат унинг манфаатларига хизмат қиладиган тарзда кечишини истайди холос.
Минтақа давлатлари ва халқларининг бирлашишига шаръий-исломий нуқтаи назардан қараганда – агар бу миллатчилик ёки ватанпарварлик кабилардан холи бўладиган бўлса – албатта, яхши ва таҳсинга лойиқ иш. Демак, бирлашув Америка сингари мустамлакачи кучлар хоҳлаётган тарзда эмас, балки соф Исломий асосда бўлиши лозим. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, мусулмон халқларининг ҳар қандай бирлашувини ва ўзаро яқинлашувини Ислом ёқлайди, қўллаб-қувватлайди. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди:
إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُون
“(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчангизнинг) Роббингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!” (Анбиё:92)
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, МО давлатларининг Америка лойиҳалари бўйича бирлашуви минтақа мусулмонлари муаммоларининг тўлиқ ечимига олиб келмайди, балки улар аввалгидек қолоқ ва заифлигича қолаверади. Чунки уларнинг орасини ҳозирги сохта чегаралар ажратиб туришда давом этади. Буни Америка расмийларининг минтақага ташрифлари давомида, миллий давлатларнинг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашларини доим таъкидлаб келишлари, чегараларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишни ҳеч канда қилмаётганликларидан ҳам тушуниш мумкин. Демакки, Америкага ҳақиқий маънодаги кучли Марказий Осиё керак эмас. Аксинча, Россияга қарши унинг ёнида турадиган ва унинг манфаатларигагина хизмат қиладиган заиф ва қолоқ давлатчалар керак холос.
Энди Маслаҳат учрашувида янграган алоқаларни кучайтириш ҳақидаги гапларга келсак, улар катта эҳтимолга кўра, ҳали бери амалга кўчиши қийин бўлган масалалардир. Чунки бу таклифлар реал ҳаётга кўчиши учун бугун ўта муҳим иккита омил топилиши керак. Биринчидан, Россиянинг Украина уруши билан овора бўлиши янада кўпроқ давом этиши лозим бўлса, иккинчидан, минтақа раҳбарларида кучли сиёсий ирода топилиши зарур! Қолаверса, улардан бир қанча унчалик катта бўлмаганлари деярли амалга оширилган. Жумладан, ўзаро гуманитар ёрдамлар етказиш, қўшни давлатлар фуқароларининг мамлакатда бўлишлари муддатини узайтириш кабилар. Бироқ буларни кўп ҳам катта ютуқ, деб бўлмайди. Чунки улкан имкониятларга эга Марказий Осиё учун аслида булар анча майда нарсалар ҳисобланади. Масалан, минтақада биргина эркин савдо режимини жорий қилиш улкан самаралар ва катта фойдаларни келтирган бўларди. Аксига олиб, бугунги кунда умумий товар айланмасида минтақавий савдо ҳажмининг анча кичиклиги сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, ҳатто ҳозирги ҳолатда ҳам чегараларни деярли йўқ ҳолатга келтириш имконияти мавжуд. Агар бу амалга ошса, минтақа мусулмонлари учун қанчалик кенгликлар юзага келишини, қандай ижобий натижалар рўй беришини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Ҳа, мана шундай катта имкониятлар эшиги Россия каби мустамлакачи душман давлатлар касофатидан ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.
Албатта, Ўзбекистон ва унинг атрофидаги мусулмон юртларнинг бирлашиши учун кучли ва тўғри мафкура керак. Бу эса, шак-шубҳасиз, ҳақ ва адолатга асосланган Ислом мабдаси, Ислом мафкурасидир! Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш Ислом бир-бирига етти-ёт бегона бўлган қанчадан-қанча халқларни биродар қилгани ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, Исломнинг ўзи мусулмон халқлар орасига тортилган бу сохта чегара ва тўсиқларни олиб ташлашга ҳам қодир эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, агар минтақа ҳукумат раҳбарлари ўзларининг бирлашиш ҳақидаги даъволарида ростгўй бўлсалар, мустамлакачи давлатлардан ечим исташни бас қилиб, Исломга юзланишлари, уни барча ишларда ўзларига дастуруламал қилишга ҳаракат қилишлари лозим. Ана шунда улар қарамлик, ожизлик, қолоқлик ботқоғидан чиқиб, азизлик, буюклик ва куч-қудратга эга бўладилар. Ўз юрти аҳолиси меҳрини қозониб, уларнинг дуоларини оладиган раҳбарларга айланадилар. Ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг розилигига эришадилар:
– “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз, Аллоҳдан қўрқингиз, шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир!” (Моида:2)
Ислом Абу Халил – Ўзбекистон
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми