Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон борасида геосиёсий кураш авж олмоқда

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон борасида геосиёсий кураш авж олмоқда
بسم الله الرحمن الرحيم
Бугун оламдаги мустамлакачилик таъмасида бўлган йирик давлатларнинг эътибори Марказий Осиёга қадалди. Чунки Украина ботқоғига ботиб қолган Россиянинг халқаро даражадаги обрўси тушиб кетди, ўзи мақтаниб келадиган ҳарбий қудрати ўзи ўйлаганидек эмаслиги фош бўлиб қолди, иқтисодий қамал ҳолатга тушди… Унинг бундай заифлашаётган аҳволи мисоли яраланган айиқни эслатмоқда. Ўрмон қонунларига кўра, бир йиртқичнинг яраланиб, ўз ҳудудини ҳимоя қила олишга кучи етмаслигини кўрган бошқа йиртқичлар унинг ҳудудини ўзиники қилиб олиш учун ўзаро курашга киришадилар. Халқаро капиталистик система ҳам ўрмон қонунларига асосланганлиги сабабли, Марказий Осиёни ўзиники деб биладиган Россиянинг заифлашуви ортидан оламдаги барча йирик давлатлар бу минтақадан ўз улушига эга бўлиш учун ёпирилиб келишяпти. Бундай геосиёсий курашдаги энг йирик ўйинчи бўлган Америка ўзини асосий даъвогар сифатида кўрмоқда. Зеро, Россияни Украинага олиб кириб, унинг агрессиясига қарши туришда Европа Иттифоқини ўз сиёсатига юргизиб, ёнида туришга мажбурлай олган ҳам мана шу Америкадир. Шунинг учун ҳам ЕИ Марказий Осиёда Америка билан умумий манфаатлар доирасида бирга ҳаракат қиляпти. Бошқа тарафдан, ўзининг улкан иқтисодий амбициялари билан Хитой ҳам қулай вазиятдан фойдаланиб қолишни истаяпти. Россия эса, Марказий Осиёни ўзи билан боғлаб олган иплар узилмаслиги учун имконидаги барча услуб-воситаларни ишга соляпти. Зеро, унинг йирик давлат сифатида сақланиб қолиши Марказий Осиё билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу унинг учун ҳаёт-мамот масаласидир. Чунки унинг дунё бўйича бу минтақадан бошқа кучли таъсирга эга бўлган жойи қолмади ҳисоб. Марказий Осиёни ўз қўлига олмоқчи бўлаётган анави йирик давлатлар жуда яхши биладиларки, бу минтақани Ўзбекистон орқали тўлиқ ўз таъсир доирасига киритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистонга эга чиқиш, Марказий Осиёга эга чиқиш демакдир. У минтақанинг юрагидир. Унинг стратегик жойлашуви, аҳоли сони, кўзни қамаштирадиган даражадаги бойликлари ва бошқа омиллар йирик мустамлакачи давлатларнинг эътиборида бўлиб келяпти. Шунинг учун ҳам улар асосий нишон сифатида Ўзбекистонни кўз остига олишган.
Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун курашда Американинг сиёсати ҳақида гапирадиган бўлсак, худди Украина масаласида бўлганидек, бу масалада ҳам Америка ЕИни ишга соляпти. Чунки унинг ёлғиз ўзи минтақада катта таъсирга эга бўлган Россия ва таъсирини кенгайтириб бораётган Хитойга қарши бас кела олмайди. Американинг қадамларига келсак, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга ташрифи энг кўзга кўринарли ишлардан бўлди. Чунки Американинг бундай юқори лавозимли расмийси шунчаки келмайди ва бу амалда тасдиқланди ҳам. Блинкен 28 феврал куни Марказий Осиёга ташриф буюриб, минтақанинг беш давлати ТИВ раҳбарлари иштирокида “С5+1” форматида учрашув ўтказди. Сўнгра Тошкентга келиб, президент Мирзиёев билан учрашди. У ўз ташрифи давомида Россиянинг Украинага босқини МО давлатлари учун ҳам таҳдид эканини, урушнинг минтақага салбий таъсир кўрсатганини алоҳида таъкидлади, Кремлнинг агрессив ташқи сиёсатини қоралади, рус пропагандасига қарши курашда ОАВни эркинлаштириш лозимлигини айтди… Шунингдек, Россияга қарши санкциялардан кўрилган зарарларни қоплаб берилишини ҳам айтиб ўтди. Қисқача айтганда, Блинкен ташрифининг бош мақсади Россиянинг Ўзбекистондаги таъсирини заифлаштиришга қаратилгани очиқ кўриниб турди. Буни айниқса, Блинкеннинг ташрифидан икки ҳафта ўтиб Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи давомида у билан учрашувдаги энг муҳим гапни очиқлагани ҳам кўрсатиб турибди. Ўшанда Мирзиёев катта давлатлар ундан бетарафликни бас қилиб, бир томонни танлашни талаб қилганини айтиб қўйди. Демакки, Блинкен ундан Россиядан воз кечиб, ўз қаноти остига киришни, агар шундай қиладиган бўлса, уни худди Украинани қўллаганидек ҳимоя қилишни ваъда берган. Бироқ Мирзиёевнинг ўз баёнотида айтган гапларига ишониладиган бўлса, у Блинкенга ҳозирча йўқ, деган жавобни берган. Чунки у ҳозирда кўпвекторли сиёсатга ўхшаш сиёсат юргизяпти ва Россияга очиқчасига қарши боришга ботинмаяпти.
Америка ўзининг Ўзбекистондаги нуфузини мустаҳкамлашда сиёсий жиҳатдан “С5+1”, Туркия бошчилигидаги “Туркий давлатлар ташкилоти” орқали ҳаракат қиляпти. Шунингдек, Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг, у ердаги назоратини қўлдан чиқармаслик учун Ўзбекистонни минтақадаги асосий воситачи қилиб олди. Блинкен ўз ташрифи давомида берган интервьюсида Толибон билан мулоқотларни давом эттиришда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини айтиб ўтганди. Шунинг учун ҳам Толибон вакиллари билан учрашувлар асосан Ўзбекистонда ўтказиб келиняпти. Бу ва бошқа ишлардан кўриниб турибдики, раҳбарликка иштиёқи баланд бўлган Мирзиёевнинг минтақада Ўзбекистонни етакчи давлатга айлантириш хоҳиши Америка хоҳиши билан мос келяпти. Зеро, Ўзбекистонни минтақада етакчи давлатга айлантириш орқали Америка МОда ўз нуфузини ёйишга эришади. Мирзиёевга эса, минтақада етакчиликни қўлга олиб, қолган давлатларни ортидан эргаштиришдек лидерлик мансаби тегади. Энди иқтисодий жиҳатдан Америка “Термиз-Мозори-Шариф-Қобул-Пешовар” темир йўл лойиҳаси, Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо қилиш, Жаҳон банки орқали қарз бериш ва инвестициялар киритиш каби ишлар билан ҳаракат қиляпти. Масалан, Евросиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси (ЕБТЖ) томонидан эълон қилинган “Евросиё минтақаси” мамлакатларига халқаро ташкилотлар ва ривожланиш агентликлари томонидан берилган молиявий ёрдам миқдори ҳақидаги таҳлилида айтилишича, Ўзбекистон сўнгги 15 йилда энг катта ёрдам олган давлат бўлган. Умумий ҳисобда Ўзбекистонга 20,9 млрд доллар (бундан 15,4 млрд доллар инвестиция кредитлари) ажратилган. Ушбу маблағларнинг 80 фоизи Жаҳон банки, ОТБ, ХВЖ ва ЕБТЖ ҳиссасига тўғри келади. Бу ёрдамларнинг катта қисми Мирзиёевнинг президентлик даврида (2016 йилдан бошлаб) олинган. Хусусан, 2017 йилда давлат қарзи 11,6 миллиард доллар бўлган бўлса, 2023 йилнинг 1 январ ҳолатига 29,2 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 36,4 фоизни ташкил қилган. Атиги беш йилда қарз 17,6 миллиард долларга ўсиб кетган. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми эса, 2017 йилдан бошлаб ($3,3 млрд.) 2,5 баробарга ($8,6 млрд.) ошган. Шубҳасиз, бундай иқтисодий қўллаб-қувватловларнинг ортиши Ўзбекистонни Ғарб ва айниқса, Америкага қарамлигини кучайтиради. Чунки ушбу халқаро молиявий ташкилотлар Америка таъсири остида бўлиб, улар заиф давлатларни қул қилишда қурол вазифасини ўтайди. Халқаро молиявий ташкилотлардан ташқари, Америка ўзига қарам ёки малай бўлган давлатлардан ҳам фойдаланяпти. Масалан, Ўзбекистонга июн ойи бошларида Сингапур президенти ва Қатар амири илк бор ташриф буюрди. Бу ташрифлар давомида қатор инвестициявий келишувлар имзоланди.
Америка нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки сақофий ва таълим дастурлари орқали қадамларини мустаҳкамламоқда. Юқорида айтилган молиявий ёрдамлар, қарзлар ортида юртимизда Ғарб демократиясини ривожлантириш бўйича ўзбек ҳукуматига қўйилган шартлар ётибди. Гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари, хусусан аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ эркинлигини таъминлаш, “терроризм ва экстремизм” (Ислом ва мусулмонлар)га қарши кураш шулар жумласидан. Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда ҳам демократик принциплар конституциянинг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилгани Америка ва Ғарбни рози қилиш учун бўлди. Оилавий зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритилишидан ҳам шу мақсад кўзланган. Шунингдек, юртимизда гендер тенглик масаласи ҳам кўп муҳокама қилиниб, фаол тарғиб қилиняпти, бу масалада Ғарб давлатлари билан мулоқотлар сони ошиб боряпти. Масалан, Президент администрацияси Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева март ойи охирларида Америкага сафар қилиб, АҚШ президенти ёрдамчиси ва президент администрациясининг гендер сиёсати бўйича кенгаши директори Женнифер Кляйн ҳамда президентнинг махсус ёрдамчиси, Россия ва Марказий Осиё бўйича катта директор Николас Берлинер билан Оқ уйда учрашув ўтказди. Унда асосий мавзу хотин-қизларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда унга йўл қўймаслик учун амалга оширилаётган ишлар бўлди ҳамда Кляйн бу борада амалий ёрдам беришни таклиф қилган. Бундан аввалроқ, 2023 йил 7 февралда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори эълон қилинганди. Бундай учрашувлар, қонун ва қарорлар юртимизда Америка нуфузини ёйишга ҳамда бузуқ демократиясининг илдиз отиб мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Энди Европа Иттифоқига келсак, унинг Марказий Осиёда Америка билан умумий манфаати бор. Бу ушбу минтақадан Россия таъсирини сиқиб чиқаришдир. Бироқ бундан бошқа манфаатлар борасида ЕИ ва Американинг мақсад ва режалари бир-бирига мос келмайди. Чунки мустамлакачи капиталистик давлатлар фақат ўз манфаатлари ҳақида қайғурадилар ва бу йўлда рақобатчиларини имкон туғилди дегунча йўлдан супуриб ташлашни кўзлайдилар. Америка Украина масаласида ЕИни ўз тарафида туриб Россияга қарши санкциялар жорий қилишига муваффақ бўлди. Чунки Россия халқаро тартибга қарши исён қилди ва уни ўзгартириш ниятини очиқ эълон қилди. ЕИни қизиқтираётган манфаатга келсак, бу МО, хусусан Ўзбекистоннинг юқори иқтисодий потенциали ва табиий бойликларидир. У ҳам бошқа мустамлакачилар қатори ушбу потенциал ва бойликлардан ўз улушига эга бўлишни истаяпти. Умуман олганда, сиёсий таҳлилчилар томонидан ЕИ ва МО муносабатлари борасидаги 3-босқич дея аталган давр, 2019 йилдан бугунги кунгача бўлган янги даврни қамраб олади. Шунга кўра, 2019 йилда Брюсселда ЕИнинг 2021-2027 йилларга мўлжалланган МО билан ҳамкорликнинг янги стратегияси қабул қилинди ва бу стратегия “Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё: ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги янги имкониятлар” деб номланди. Шундан сўнг ЕИ американча “С5+1” форматининг европача варианти – “Марказий Осиё — ЕИ” саммитини ташкил қилди. Ушбу саммит иккинчи марта Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 2 июн куни бўлиб ўтди. Унда минтақадаги беш давлат раҳбарлари, хусусан Мирзиёев ҳам иштирок этди. Ушбу саммит МОда нуфузини ёйиш учун ЕИ қўллаётган услублардан бири ҳисобланади.
ЕИ Ўзбекистон билан ҳам мана шу янги стратегия доирасида сиёсат юргизяпти. Айни вақтда ЕИ ва Ўзбекистон Кенгайтирилган Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (КШҲБ) бўйича музокаралар олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ушбу битим имзоланиш арафасида турибди. ЕИ иқтисодий йўналишда ҳам ўз иштирокини фаоллаштиряпти. Жумладан, 2 июн куни Мирзиёев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи саммити доирасида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашув ўтказди. Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг ЕИ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 70 фоизга ошган. Европанинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакат иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард евродан ортган. Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, GSP+ имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишди. Буларнинг ичида GSP+ имтиёзли савдо тизимига алоҳида эътибор билан қараш лозим. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 2020 йил 1 декабрдаги хабарига кўра, Европа комиссияси Ўзбекистонга “GSP+” Преференциялар бош тизими бенефициари мақомини бериш тўғрисида муддатидан олдин қарор қабул қилган. Таъкидланишича, қарор Европа комиссияси мониторинг гуруҳларининг Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасидаги 27 халқаро конвенция талабларини бажараётгани тўғрисидаги ҳисоботлари асосида қабул қилинди. Қарор кучга кирганидан сўнг, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари ўз маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилишда бир томонлама тариф имтиёзларидан фойдаланишни бошлашди ва экспорт қилишлари мумкин бўлган товар позицияларининг сони 6200 тагача ошди. ЕИнинг Ўзбекистонга бундай “марҳамат” кўрсатишига юқорида тилга олинган 27 та халқаро конвенция талабларини бажараётгани сабаб қилиб келтирилган. Бундай халқаро конвенцияларнинг барчаси юртимизда демократиянинг томир отишига хизмат қилади. Бу эса, жамиятдан Ислом ва унинг аҳкомларини қувишни англатади. Шунингдек, Ўзбекистонга “GSP+” мақомини бериш Россияга иқтисодий жиҳатдан қарамликни камайтиришга ҳам хизмат қилади.
Эътиборга молик бўлган ишлардан яна бири 2023 йил 27 апрел куни Тошкентда ЕИнинг санкциялар бўйича махсус элчиси Дэвид О’Салливан ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги учрашув бўлди. Учрашув давомида элчи Ўзбекистондан Россияга санкцияларни четлаб ўтиш учун ёрдам бермаслик кафолатини олди. Бундай кафолат олиш орқали ЕИ Россиянинг санкцияларни айланиб ўтиш имкониятини йўққа чиқаришга эришишни хоҳлайди. Агар Мирзиёев ушбу ваъдасини бузадиган бўлса, ЕИ Ўзбекистонни жазолайди. Politico сайти хабарига кўра, ЕИ санкцияларни четлаб ўтиб, айрим товарларни Россияга жўнатилишини тўхтатиш учун Қозоғистон, Ўзбекистон, Хитой ва Туркияга санкциялар жорий қилиши мумкин. Маълумотга кўра, ЕИ бундай чорани Россияга қарши санкцияларнинг 11-тўпламига киритиши мумкин. Соддароқ айтганда, МО давлатлари, хусусан Ўзбекистоннинг Россияга яқинлашуви кучайиб борса, санкциялар амалда жорий этилади. Аксинча, Россиядан узоқлашиш сари қадам ташласа, бу таҳдидлар гаплигича қолади. ЕИ томонидан бу ва бундан бошқа қилинаётган ишлардан кўриниб турибдики, Ғарб Россиянинг МОдаги таъсирини заифлаштириш учун қўл остидаги барча услуб ва воситаларни ишга соляпти.
Россиянинг заифлашуви фонида МОга ўзининг иқтисодий экспанцияси билан хавф солиб келаётган Хитой энди янги мавқега кўтарилиш ниятини эълон қилди. Унинг американча “С5+1” форматининг хитойча варианти бўлган “Марказий Осиё — Хитой” саммитини ташкил қилиши шунга далолат қиляпти. У энди нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ҳарбий йўналишларда ҳам МОдаги иштирокини кучайтиришни хоҳламоқда. ХХР раиси Си Жинпинг 19 майда Хитойдаги Сиан шаҳрида бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё — Хитой” саммитида нутқ сўзлаб, Пекиннинг МО борасидаги улкан режаларини эълон қилди. Унинг нутқидан баъзи муҳим аҳамиятга эга бўлган нуқталарини келтириш ўринли бўлади. Нутқининг кириш қисмида Си жумладан шундай деди: “…Ўрта осиё халқларида айтилишича, “Биродарлик ҳар қандай хазинадан қимматлидир”. Этник низолар, диний низолар ва маданий бегоналашув минтақани белгиловчи хусусият эмас. Аксинча, ҳамжиҳатлик ва инклюзивлик Марказий Осиё халқининг интилишларидир. Худбин сиёсий манфаатларни кўзлаш у ёқда турсин, минтақада нифоқни уруғлантиришга ёки қарама-қаршиликни қўзғатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”. Тўғри, мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар, МО мусулмонларида мана шундай эътиқод ҳануз сақланиб қоляпти. Бироқ Си Жинпинг айтганидек бу биродарликни мушрик Хитой давлатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ахир уйғур мусулмонларини ғайриинсоний ва ўта шафқатсизларча репрессия қилаётган Хитой билан МО мусулмонлари ўртасида қандай биродарлик бўлиши мумкин?! Си нутқининг давомидаги гаплар эса, катта эҳтимол билан Ғарбга қаратилган. У ҳам Россия сингари МОда Ғарбнинг фаоллашувидан манфаатдор эмас. Бироқ Хитой ҳозиргача буни очиқ айтмаган бўлса-да, баъзи илмоқли гаплар билан шунга шаъма қиляпти. Си ўз нутқи давомида МО билан ҳамкорликни тўрт тамойил асосида ривожлантириш муҳимлигини айтган, булар ўзаро ёрдам, умумий ривожланиш, универсал хавфсизлик ва абадий дўстлик. Унинг шундан келиб чиқиб айтган мана бу гапларига диққат қилиш лозим: “Биз Глобал хавфсизлик ташаббуси асосида ҳаракат қилишимиз ва минтақа давлатларининг ички ишларига аралашиш ёки рангли инқилобларни қўзғатишга ташқи уринишларга қатъий қарши туришимиз муҳим. Биз терроризм, сепаратизм ва экстремизм каби уч кучга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиб, минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишга интилишимиз керак… Хитой Марказий Осиё мамлакатларига ҳуқуқ-тартибот, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида салоҳиятни оширишда ёрдам беришга… тайёр”. Бу ўринда “минтақа давлатларининг ички ишларига аралашиш ёки рангли инқилобларни қўзғатишга ташқи уринишлар” деган гап ҳам Ғарбга қаратилган дейиш мумкин. Энди “терроризм, сепаратизм ва экстремизм каби уч кучга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш” дейишдан МОдаги мусулмонларнинг Ислом асосида уйғонишларига қарши аёвсиз кураш назарда тутилган. Хитойнинг Ислом ва мусулмонларга нафрати қанчалик чуқур эканлигини уйғур мусулмонларга нисбатан ваҳшиёна сиёсати кўрсатиб турибди. Унинг қалбидаги нафрати эса, бундан-да қаттиқроқдир! Хитой иқтисодий йўналишда ҳам катта ёрдамлар ваъда қилди. Жумладан, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни ривожлантириш учун Хитой бу давлатларга 26 миллиард юань (3,8 миллиард доллар) миқдорида молиявий ёрдам ва грантлар ажратиши айтилди.
Ўзбекистонга келсак, Мирзиёев давлат ташрифи давомида 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилди. Ушбу дастур ва қўшма ишбилармонлик тадбирлари доирасида энергетика, кимё, металлургия, геология, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 25 миллиард доллардан зиёд бўлган янги юқори технологик саноат, савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев МО давлатлари ҳамда Хитой махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида наркотрафик, трансчегаравий ва кибержиноятчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Буларга қўшимча сифатида айтиш мумкинки, Хитойнинг 2017 йилдан бери Ўзбекистонда ўзлаштирилган инвестиция ҳажми 11 миллиард долларга етган ва Хитой инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 2100 дан ортган. 2022 йил якунларига кўра, Хитой билан савдо айланмаси 9 миллиард долларга етган ва бу борада Хитой Ўзбекистоннинг иккинчи йирик савдо шериги бўлган. 01.10.2022й ҳолатга кўра, Ўзбекистон Хитой Эксимбанкидан 1,9 миллиард, Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқалардан 2,1 миллиард доллар қарзи бор. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг Хитойга иқтисодий қарамлигини кучайиб бораётганини англатади. Ва бу қарамлик охир-оқибат унумдор ерлари ва бой қазилма конларини Хитойга бериб юборилишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Ваҳоланки, Хитойнинг айёрона қарз қопқонига Қирғизистон ва Тожикистон тушиб бўлган. Бундан ташқари, Хитой энди Россиянинг заифлашаётгани сабабли бўшаб қолаётган сиёсий майдонни тўлдириш учун сиёсий ишларни амалга ошириши, шунингдек ўзининг ҳарбий ёрдамларини йўлга қўйиши ҳам кутилади.
Энди Россияга келсак, Россия Ғарбнинг МОга серқатнов бўлиб қолганига қарши ҳар турли минбарларда имкони туғилди дегунча баёнотлар бериб, танқид қилаётгани ҳолида, Хитойнинг МОдаги фаоллашувига нисбатан сукут сақлаётганини Хитой-Россия муносабатларини бузиб қўйишдан хавфсираётгани билан изоҳлаш мумкин. Чунки Украина масаласида Россияга тиргак бўладиган Хитойдан бошқа йирик куч йўқ. Ҳозир Россия Хитойга ўта муҳтож бўлиб турибди ва катта эҳтимолга кўра, Хитой Россияга яширин ёрдамларни беряпти, шунингдек халқаро майдонда ҳам эҳтиёткорлик билан бўлса-да Россияга ён босяпти. Россия ҳукумати расмийлари МОнинг Ғарб давлатлари билан алоқаларининг қуюқлашиб бораётгани Россияни ғашига тегаётганини бир неча марта очиқ айтишди. Буларнинг охиргиси Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Россия-Тожикистон (Славян) университетида сўзлаган нутқи бўлди. Унда жумладан шундай дейилади: “Бугун Ғарбнинг Марказий Осиёга шиддат ва ғайрат билан, жумладан, гуманитар ва ҳарбий жиҳатдан киришга бўлган аниқ бир мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари кузатилмоқда”. У МОдаги ҳамкорларни “Ғарб томонидан мажбуран ўтказилаётган ҳам ҳарбий соҳада, ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўқитиш дастурларидаги ҳамкорлик схемаларини” танқидий қабул қилишга чақирди. Лавров бундан аввал АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг МОда “С5+1” саммити, сўнг Тошкентда Мирзиёев билан ўтказган музокараларига нисбатан ҳам шунга ўхшаш танқидий баёнот берганди. Ва эътиборлиси, Блинкеннинг Тошкентга ташрифидан беш кун ўтиб РФ президенти Владимир Путин Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашган. Шу ишлардан сўнг Мирзиёев – юқорида келтирганимиз – катта давлатларнинг “бетараф бўлишни бас қилиб, у ёки бу тарафга ўт” деган талабларини бир учини чиқариб қўйди.
Россия ўзининг Ўзбекистондаги нуфузини сақлаб қолиш учун АЭС қуриш лойиҳаси, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиш, Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқини тузиш каби ишларни амалга оширмоқчи бўляпти. 2022 йилнинг 1 декабрида РФ Бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. У ҳам ўзидан аввал келиб кетган Россия Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг фикрларига қўшимча равишда Ғарб давлатларини қоралади. Бундан ташқари, Ўзбекистон АЭС қуришни тезлаштириши кераклигини айтди, Россия ҳукми остидаги ЕОИИга тезроқ қўшилишга тарғиб қилди ҳамда Путин таклиф қилган Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат газ иттифоқининг зарурлиги ҳақида ҳам гапирди. Булардан ташқари, Россия Ўзбекистонга босим сифатида ишлатиб келаётган ўзбекистонлик ишчи мигрантларга нисбатан турли қийинчилик ва муаммолар туғдиришдан ҳам фойдаланяпти. Бу иш бугунга келиб тоқат қилиб бўлмас даражага етиб келиб, энди Марказий Осиёлик, хоссатан ўзбекистонлик ишчи мигрантларни Украинага қарши урушга юборишни ҳам йўлга қўйди. Украинадаги урушда қатнашишга мажбурланиб, ўлиги келаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги фактлар борлигига қарамай, ўзбек ҳукумати бунга сукут қиляпти. У ушбу урушда қатнашиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини эълон қилиб қўйиш билан чекланяпти. Ҳукуматнинг бирор расмийси Россиядан Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги урушга юборишга мажбурлашни бас қилишни талаб қилиб чиқиб қўйгани ҳам йўқ. Баъзи бир масалаларда Россиянинг баъзи мулозимларига юмшоқ оҳангда қарши фикр билдираётган баъзи депутатлар ва фаолларни ҳисобга олмаса, расмий ҳукумат томонидан Россияга очиқ қарши гап гапириш ёки танқидий фикр билдириш ҳолатлари кузатилгани йўқ. Шунинг учун Россия гарчи заифлашаётган бўлса-да, МО ва Ўзбекистонга ўзининг “экинзори” сифатида қараб, баланддан туриб муомала қиляпти. Ҳали ҳам ўзининг буюк давлат эканлиги тўғрисидаги даъволаридан воз кечгани йўқ. Албатта, МО ва айниқса Ўзбекистон Россия учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб, уни қўлдан чиқариш ўзининг буюк давлат эканлиги ҳақидаги даъволарини йўққа чиқаради. Шунга кўра, рус айиғи МОнинг Ғарб ва айниқса Америка чангалига тушишидан қаттиқ хавфсираяпти. Айтишимиз мумкинки, шунинг учун ҳам Хитойнинг МОдаги фаоллигига бир мунча кўз юммоқда.
Энди уларнинг орасида юртларимизга энг катта хавф келтирадиган давлат қайси бири эканлиги ҳақидаги саволга келсак, бу саволга халқимизнинг машҳур “оқ ит, қора ит – ҳаммаси ҳам бир ит” мақоли билан жавоб берамиз. Бироқ яна бир муҳим нарсага хушёр бўлишимиз зарур, Америка бугунги кунда нафақат минтақага, балки бутун инсониятга энг катта хатар ҳисобланади. Чунки Россия ва Хитойда одамларни эргаштириб, уларга қандайдир ғоя ва мақсадлар бера оладиган ҳеч қандай мафкура йўқ. ЕИ давлатлари, жумладан Франция ва Англияда гарчи капиталистик (демократик) мафкура бўлса-да, бироқ уларнинг халқаро сиёсатдаги таъсири заифлашиб кетган. Мабдаий-мафкуравий давлат бўлган Америка эса, ҳозирда дунёдаги биринчи давлат бўлиб, қудрат жиҳатидан ягоналигича қоляпти. Унинг капиталистик мабда-мафкурага асосланиши ва таъсир кўрсатиш ричагларининг кўп эканлиги биз мусулмонларни унга биринчи рақамли душман сифатида қарашимизга сабабчи бўлади. Бироқ бу дегани қолганларига беэътибор бўлиш мумкинлигини англатмайди, балки Америка асосий диққат марказимизда туриши кераклигини англатади.
Хулоса: Биз юқорида Марказий Осиё ва айниқса Ўзбекистон устида нуфуз талашаётган жирканч ва ёвуз мустамлакачи давлатларнинг баъзи ташлаётган қадамларини келтирдик холос. Улар юртларимизга кириб, ўрнашиб олиш учун устимизда турган ҳукумат ва сиёсий элитага таянишади. Афсуски, ана шу ҳукумат ва сиёсий элита юртларимизни ҳимоя қилиб, тараққий эттириш, келажак ҳақида қайғуриш ўрнига, анави кофир мустамлакачиларга юрт эшикларини очиб бериб, бойликларимизни талон-тарож қилишга, халқимиз ва айниқса, ёшларимизни қул қилишга, уларни фаҳш ва бузуқлик ботқоғига ботиришга, ҳар соҳада қолоқ аҳволга туширишда хизматкорлик қилишяпти. Бунинг эвазига ҳожаларидан умид қилаётган ягона нарса – ўз тахтларида узоқроқ қолиб, бойлик орттиришдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, бу ҳеч бир мусулмон одамга, айниқса у халқ масъулиятини зиммасига олган кимса бўлса, муносиб иш эмас, балки бу мунофиқлик ва халққа хиётандир. Аллоҳ таоло дейди:
بَشِّرِ الْمُنَافِقِينَ بِأَنَّ لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا ﴿١٣٨﴾ الَّذِينَ يَتَّخِذُونَ الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاءَ مِن دُونِ الْمُؤْمِنِينَ ۚ أَيَبْتَغُونَ عِندَهُمُ الْعِزَّةَ فَإِنَّ الْعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا
– “Бундай мунофиқларга улар учун аламли азоб борлигидан “хушхабар” бериб кўйинг! 139. Улар мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир”. (Нисо:139)
Бизнинг қолоқ ва хорлигимизнинг бош сабаби шуки, МО давлатлари ва Ўзбекистон каби картон давлатчалар ўз мабдасига эга бўлмаган заиф давлатлардир. Токи, юртларимизда халқаро тартибга бўйсуниш ҳамда бузуқ демократик мабда-мафкура томир отиб, ундан келиб чиққан тузумнинг татбиқ қилиниши давом этар экан, биз мусулмонларга ҳеч бир яхшилик йўқ. Анави кофир мустамлакачилар ўзларининг ёмонлик ва фитнага тўла бўлган режаларини амалга ошириб, ҳамма ишлар ўз сценарийларига мувофиқ кетишини хоҳлашяпти. Улар бизга ўзларини дўст ва ишончли ҳамкор қилиб кўрсатиб, аслида устимиздан ҳукмрон бўлишни мақсад қилишган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:
وَلَن يَجْعَلَ اللَّـهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
– “Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас”. (Нисо:141)
Ва яна дейди:
إِنْ يَنْصُرْكُمُ اللهُ فَلَا غَالِبَ لَكُمْ
– “Агар Аллоҳ сизларга нусрат берса, ҳеч ким сизлардан ғолиб бўлолмас”. (Оли Имрон:160)
Модомики биз мусулмонларга кофир мустамлакачилар ҳукмронлигидан озод бўлиб, Аллоҳнинг нусратига эришиб, азиз ва қудратли бўлишимиз ва Ўзи рози бўладиган Ислом тузумини ҳокимият тепасига олиб келишимиз муҳим бўлар экан, албатта у ҳолда душманларимиз тузаётган режалар ва сценарийларни барбод қилиб, бизни бахт-саодатли, азиз ва куч-қудратли қиладиган Ислом буюрган йўлдан юришимиз вожибдир. Бундан бошқаси бизга бегона ҳисобланиши ва бошқасига ҳеч рози бўлмаслигимиз керак. Бу йўлнинг охири, ҳеч шубҳасиз Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Иккинчи Рошид Халифалик давлати тикланишига олиб боради. Шунга кўра, юртимиздаги мусулмон фарзандларига айтамизки, сиз бу йўлни аниқ ва тиниқ кўриб турган Ҳизб ут-Таҳрир билан елкадош бўлинг, уни қўллаб-қувватланг ва бағрингизга олинг! Аллоҳ субҳанаҳу дейди:
قُلْ هَٰذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ ۚ عَلَىٰ بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي ۖ وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ
– “Айтинг: “Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман””. (Юсуф:108)
Ҳизб ут-Таҳрир Матбуот маркази учун
Ислом Абу Халил – Ўзбекистон
31.08.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми