МДҲ саммити: Ҳамма Россия учун!

Хабар ва изоҳ
МДҲ саммити: Ҳамма Россия учун!
Хабар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди. (president.uz 08.10.2024й)
Изоҳ: Дарҳақиқат, МДҲнинг бу йилги саммити ҳам Россия учун бўлди, яъни Россия ўз манфаатларига мос келадиган ишларни буйруқ оҳангида бериши, қолганлар эса итоаткорлик билан унга қулоқ солишлари билан ўтди. Бу ҳолат собиқ Совет Иттифоқи даврида босиб олинган халқлар ичидан чиққан хоин бошлиқларнинг “рус оға”сига қуллуқ қилиб, рози қилишга интилишларини эсга солиб юборди. Чунки саммитда муҳокама қилинган масалалар – гарчи МДҲ барча аъзо давлатларнинг манфаати учун тузилганлиги белгилаб қўйилган бўлса-да – фақат Россия манфаатлари учун эканлиги очиқ кўриниб турди. Масалан, Владимир Путин МДҲнинг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини маълум қилиб, шундай деди: “Бир йил аввал Бишкекда биз Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган эдик. Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон аллақачон уни ратификация қилган. Умид қиламанки, қолган дўстларимиз ва иштирокчи давлатлар тегишли ички тартиб-қоидаларни амалга оширади”. Шунингдек, барча давлатлар умумий тарих хотирасини сақлаш ва уни сохталаштиришнинг олдини олиш муҳимлигини тушунишини таъкидлаб ўтди. “Ёшлар, албатта, халқларимизнинг бир давлатда узоқ умр кўриши давомида эришган ютуқлари, ота-боболаримиз, айниқса, Улуғ Ватан уруши йилларида кўрсатган жасоратларни билиши керак”, – деди у. Шу эътибордан саммит сўнггида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарларининг 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги совет халқи Ғалабасининг 80 йиллиги муносабати билан Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва жаҳон ҳамжамиятига Мурожаатномаси тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг таклифига биноан эса, “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган дерадикализация соҳасидаги ҳамкорлик дастури тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Украина уруши бошланганидан сўнг Россиянинг МО давлатларига муносабати янада ёмонлашди, ҳатто руслар ҳаддидан ошиб, минтақа халқларига ўта қўпол муомала қилишга ўтди, уларга паст назар билан қараши кучайиб кетди. Чунки Россиянинг Украина билан овора бўлиб қолганидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётган Америка бошлиқ Ғарб давлатларининг МОга қизиқиши ортиб, минтақада ўз таъсири ва нуфузини кучайтирадиган қадамлар ташлади. Россия бунга ўз норозилигини яширмай, бир қатор таҳдидли баёнотлар бериб келяпти. Шу билан бирга, МОда ўз нуфузи, хусусан, сақофати ва тилига озгина хатар келганини кўрса ҳам ўзини қўярга жой топа олмай қоляпти. Яқинда Ўзбекистон мактабларидан бирида содир бўлган воқеа юзасидан рус тарафи ўзбек ҳукуматидан изоҳ талаб қилгани бунга яққол мисолдир. Ўшанда бир ўқувчи рус тили фанида ўқитувчидан русчада гапиришни сўраган, бунга жавобан у ўқувчини ҳақоратлаб, қўпол муомала қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Шундан сўнг ўзбек ва рус фаоллари ўртасида даҳанаки жанг авж олди… Шунингдек, Россия Фанлар академиясининг Ижтимоий фанлар бўйича илмий ахборот институти МО, хусусан, Ўзбекистон мактаб дарсликларида “Россия қонли тартибсизликлар ташкилотчиси, зўравон мамлакат сифатида тасвирланганлиги, сайёрада бу мамлакат “бўлмагани яхшироқ” экани” айтилганини билдирганди. Мазкур ва шу каби ҳолатлар Россияни МОда ўз нуфузини ҳимоя қилиш, керак бўлса таҳдидли баёнотлар беришга ундамоқда.
Булардан кўриниб турибдики, Россия МДҲ саммитида юқорида келтириб ўтилган масалаларни бекорга кўтармаган. У МОдаги таъсири ва нуфузи аввалгидек эмаслигини яхши тушуняпти, бироқ бунга рози бўлмоқчи ҳам эмас. Россия ҳануз ўзини халқаро сиёсатга таъсир қиладиган йирик давлат – йирик куч марказларидан бири, деб ҳисобламоқди. Бироқ унинг бугунги реал ҳолати ўз даъволарига мос келмайди. Чунки у ўз мафкурасига эга бўлган давлат эмас. Шундай бўлса-да, Россия Совет давлати давридаги куч-қудратга эга бўлиш учун тажовузкорлик сиёсатини юргизишдан ҳеч қачон воз кечгани йўқ. Албатта, у зулму зўравонлик ва бошқаларга хоҳиш-истакларини зўрлаб тиқиштириш билан ўз мақсадларига ҳеч қачон эриша олмайди. Аксинча, ҳаммани, ҳатто ўзига содиқ бўлган МОдаги малай раҳбарларни ҳам бездириб юбораётганга ўхшайди. Сабаби, у бошқаларнинг манфаатини умуман ҳисобга олмаган ҳолда “фақат ўзим…” сиёсатини қўллаб, айниқса Марказий Осиё халқлари худди ўтмишдагидек унинг хизматида бўлишини истамоқда. Шунингдек, Россия юзсизлик билан ўзининг қора тарихини яшириб, гўё ижобий қаҳрамон сифатида кўрсатилишини талаб қиляпти. У ўз тили, дунёқараши ва сақофат-маърифати билан мусулмон ёшларимиз онгини заҳарлашни истаяпти.
Ўриснинг бундай талаб-хоҳишларига МО давлатлари, жумладан, Мирзиёев бошлиқ ўзбек ҳукуматининг ҳам – гарчи истар-истамас бўлса-да – бўйин эгаётгани хоинликдан бошқа нарса эмас. Зеро, мусулмон халқимизнинг ақидавий ва тарихий душмани бўлмиш Россияга қуллуқ қилиб бўйин эгишнинг оғир юки охир-оқибат шу халқ гарданига тушяпти. Хусусан, юртдаги иқтисодий танглик сабабли Россияга ишлашга боришга мажбур бўлаётган миллионлаб одамларни хор-зор қилаётган мана шу рус ҳукуматидир. Энергетик соҳада русларга қарамликнинг кучаяётгани ортидан қимматчилик ва тақчиллик юзага келиб, халқимизнинг аҳволи янада оғирлашаётганининг бош сабабчиси ҳам мана шу ўрис давлати…
Афтидан, мусулмонлар устига ўрнашиб олган бу ҳукмдорлар Россияга қарши ҳеч қачон журъат қила олмайдилар. Чунки улар ҳамон қуллик зеҳниятидан қутула олганлари йўқ. Ўриснинг душманлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да, ўз тахтини сақлаш учун унга қарши боришга ўзларида ирода топа олмаяптилар. Бу, албатта, табиий ҳол. Чунки Аллоҳни рози қилиш, Ундан қўрқиш, Унгагина суяниш ва Ундангина мадад кутишдан бошқа ҳар қандай йўл ҳеч қачон азизлик ва куч-қудратга олиб бормайди! Аллоҳга қайтишдан бошқа йўлни тутиш дунёда ҳам, Охиратда ҳам фақат хор-зорлик ва шармандаликдир. Демак, бизнинг Россия ва бошқа кофир мустамлакачи давлатлар зулму зўравонлиги, босимлари ва бойликларимизни талон-тарож қилишларидан фақат ўзимизнинг ғамхўр ва ҳимоячи давлатимиз – Халифаликкина қалқон бўла олади. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Имом (яъни халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Ислом Абу Халил – Ўзбекистон
Ҳизб ут-Таҳрир Марказий Матбуот бўлими радиоси учун
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми