Мункарлардан нега ҳазар қилмай қўйдик?
Мункарлардан нега ҳазар қилмай қўйдик?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Ўтган ўн асрдан зиёд давр мобайнидаги Ислом тарихига назар солсак, мусулмонлар тақвода, ахлоқда аввалги сафда эдилар. Бунга сабаб, улар Аллоҳ ва Унинг Росулининг сўзларини ўзлари учун асосий дастур, деб билар эдилар. Аммо мусулмонлар яшаб келаётган жамиятларни кўздан кечирар эканмиз, бу юртлар Ислом шариати асосида бошқарилмаётгани сабабли фисқу-фужур, хиёнат очиқ-ошкора бўлаётганини ва маъсиятлар мусулмонларнинг хусусий ва умумий ҳаётларига кириб келаётганини гувоҳи бўляпмиз.
Бунинг асосий боиси, биз мусулмонлар асосий хушёрлик марказимиз бўлган ақидамиздан узоқлашдик. Ушбу узоқлашиш ортидан ғанимларимиз биз мусулмонлар яшаётган юртлар устидан ғайриисломий ҳукмларини татбиқ этиб, ўзларининг бузуқ сақофатини ҳаётимизнинг барча соҳаларига мажбуран олиб кирди. Ушбу сақофат натижасида уммат фарзандлари қилаётган барча амалларини манфаат билан ўлчайдиган, ҳатто гуноҳ ишларни ошкора қилишдан фахрланадиган номигагина мусулмон фарзандларга айландилар.
Аслида, динимиз таълимоти шу эдики, мункарлардан нафақат ўзимиз, балки бошқа инсонларни ҳам қайтаришга масъул эдик. Абу Саид ал Ҳудрийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. айтадилар: “Сизлардан қай бирингиз мункар ишни кўрса қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, бунга ҳам қодир бўлмаса қалбида ёмон кўрсин, бу иймоннинг энг заифидир”.
Бирор мункарни кўрганда қалбида ёмон кўриш ушбу мункарни содир бўлишидан ғазабланиб, уни ёмон кўриш ва ундан узоқлашиш билан бўлади. Акс ҳолда, ушбу мункарга рози бўлганлар қаторидан жой оламиз. Шундай экан, ҳар бир иймон даъвосидаги мусулмон кишисининг асосий вазифаси оиладами, иш жойимиздами, ўқув масканидами, иккинчи бир қибладош ака-укамизни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришимиз ҳар биримизнинг ҳаёт мазмунига айланмоғи шарт.
Зеро, мусулмонлар битта жисм кабидир. Ундаги бирор аъзога шикаст етса, бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўладилар. Бир аъзога етган касалликнинг бутун жисмга ёйилиб кетиш хавфи ҳам йўқ эмас. Шунга ўхшаб жамиятга кирган айрим бузуқликларнинг олди олинмаса, улар тезда бутун жамиятни эгаллаб олишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам жамиятни муҳофаза этиш масъулияти фақат маълум бир шахсларнинг эмас, балки ҳар бир мусулмон шахснинг гарданидаги бурчидир. Аллоҳ Таоло агар мусулмонлар мункар ишларга сукут қиладиган бўлсалар, бало фақат тўғри йўлдан озганлар ва тойилганларгагина эмас, балки уларни қайтармаганларга ҳам, яъни ҳаммага омматан келишининг хабарини беради:
وَاتَّقُوا فِتْنَةً لا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
– “Ҳамда сизлардан фақат золим кимсаларнинг ўзигагина етмай, балки барчага баробар етадиган балодан сақланингиз! Ва билингизки, Албатта Аллоҳнинг азоби қаттиқдир!” (Анфол:25)
Хулоса ўрнида айтамизки, мункарларга бўлган эътиборсизлигимиз дунё ҳаётимизда ҳам, охират ҳаётимизда ҳам ўзимизнинг зиёнимизга ҳужжат бўлиши бор ҳақиқатдир. Ҳузайфа ибн Яман ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё сизлар амри маъруф, наҳй мункарни албатта қиласизлар, ё Аллоҳ Таоло Ўз тарафидан сизларга бир азобни юбориши яқиндир. Кейин унга дуо қилганларингизда дуоингиз ижобат бўлмайди». (Бухорий ривояти)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Зайниддин
06.06.2020й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми