Тақийюддин Набаҳоний… Асосчи шайх
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
У олим аллома, Ҳизб ут-Таҳрир асосчиси шайх Тақийюддин ибн Иброҳим ибн Мустафо ибн Исмоил ибн Юсуф Набаҳонийдир. Фаластиндаги бадавий араблардан бўлган Бани Набаҳон қабиласига нисбат берилиб, у киши Набаҳоний дейилди.
Бу қабила Фаластин шимолидаги Ҳайфа шаҳрига қарашли Софу қазоси (вилояти)нинг «Ажзам» қишлоғини ўзига манзил тутган эди. Шайх шу Ажзам қишлоғида — кучлироқ маълумотларга қараганда — ҳижрий 1332 йил, милодий 1914 йилда вараъ (диёнат) ва тақво билан машҳур бўлган илмли ва диндор оилада таваллуд топди. Унинг отаси шайх Иброҳим фақиҳ киши бўлиб, Фаластин маъориф вазирлигида шаръий илмлар бўйича мударрис бўлиб ишлар эди. Онаси ҳам шаръий ишлар бўйича катта билим орттирган аёл бўлиб, у бу билимни отаси шайх Юсуфдан олган эди.
Шайх Юсуфнинг тўлиқ исми — таржимаи ҳолларда кўрсатилишича: Юсуф ибн Исмоил ибн Юсуф ибн Ҳасан ибн Муҳаммад Набаҳоний Шофеъий «Абу Маҳосин»дир. У адиб, шоир, сўфий ҳамда таниқли қозилардан бири эди. У Наблус аъмол (провинция)ларидан бири бўлган Жанин қасабасида қозилик қилган. Кейинчалик Қустантиния (Истанбул)га кўчиб Мосул вилояти аъмолларидан бири Куй Санжиқда қози этиб тайинланган, кейин Лозиқиядаги, сўнгра Қуддусдаги жазо маҳкамасига бошлиқ қилиб, кейинчалик эса Байрутдаги ҳуқуқ маҳкамасига бошлиқ қилиб тайинланган. Унинг кўпгина асарлари бўлиб, уларнинг сони 48га етади.
Бундай муҳитда ўсиб вояга етишнинг шайх Тақийюддиннинг Исломий шахсияти шаклланишида ўта кучли таъсири бўлди. Шунинг учун у Қуръонни жуда эрта, ўн уч ёшидаёқ тўлиқ ёд олди. У она томондан бобосининг тақвоси ва онгидан қаттиқ таъсирланди ва унинг мўл-кўл илмидан фойдаланди. Тақийюддин сиёсий онгдан, айниқса муҳим сиёсий масалалардан ҳам жуда эрта баҳраманд бўлди. Бобоси Усмоний давлатдаги ҳукумат арбоблари билан мустаҳкам алоқада бўлгани боис бундай масалалардан яхши хабардор эди. Шайх бобоси шайх Юсуф уюштирган фиқҳий мажлислар ва мунозараларда ҳозир бўлиб, улардан фойдаланди. У ана шу илм мажлисларида иштирок этар экан, ўзининг ўткир ақли ва юксак қобилияти билан бобосининг эътиборини ўзига тортди. Шунинг учун бобоси унга катта аҳамият бериб, шаръий таълимни давом эттириши учун уни ал-Азҳарга юбориш зарурлигига унинг отасини кўндирди.
Илми ва дарс ўқиши
Шайх Тақийюддин 1928 йилда ал-Азҳарнинг иккинчи босқичига ўқишга кириб, уни шу йилнинг ўзидаёқ аъло баҳолар билан тамомлаб «ғурабо» дипломини олди. Шундан кейин Дорул улум куллиясига ўқишга кирди. Бу куллия ўша пайтда ал-Азҳарга қарар эди. Бундан ташқари, шайх Азҳари шарифдаги илмий ҳалқаларда ҳам қатнашар, чунки Азҳардаги эски дарс низоми бунга рухсат берар эди. Бу ҳалқаларда шайх Муҳаммад ал-Хозр Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ каби таниқли шайхлар дарс ўтар эди. Бу шайхларни унга бобоси тавсия қилди. Шайх Набаҳоний Азҳарнинг эски низоми билан Дорул улумни ўзида жамлаганига қарамай, жидду жаҳд ва ҳаракатда устунлик ва мумтозлик намунасини кўрсатди. У ўзидаги чуқур фикр, устун раъй, баҳс-мунозараларда кучли ҳужжат келтириш билан танилиб, тенгдошлари ва муаллимлари эътиборини ўзига тортди. Қоҳирадаги ва бошқа мусулмон юртлардаги илм даргоҳлари эса ўша пайтда бундай баҳс-мунозаралар билан тўлиб-тошган эди.
Шайх Набаҳоний олган шаҳодатномалар: Азҳарнинг иккинчи босқичи шаҳодатномаси, Азҳардан берилган Ғурабо шаҳодатномаси, Қоҳирадаги Дорул улум куллияси томонидан берилган араб тили ва адабиёти бўйича диплом. Шайх Азҳарга қарашли шаръий қозилик олий маъҳади томонидан берилган қозилик дипломига ҳам эга бўлган. У Азҳарни 1932 йилда шариат ихтисоси бўйича олий диплом билан битирди.
Шайх ишлаган соҳалар
Шайх 1937 йилгача маъориф вазирлигидаги шаръий таълим соҳасида ишлади. Шу йили шаръий қозилик ишига ўтди. Аста-секин кўтарилиб, Ҳайфадаги марказий маҳкама бош котиби вазифасида ишлай бошлади, сўнгра маслаҳатчи (қози ёрдамчиси), кейин 1948 йилгача Рамла маҳкамаси қозиси бўлиб ишлади. Шу йили Фаластин яҳудлар қўлига тушганидан кейин Шомга чиқиб кетди. Сўнгра шу йилнинг ўзида қайтиб келиб, Қуддусдаги шаръий маҳкамага қози этиб тайинланди. Ундан кейин шаръий апелляцион маҳкамага қози этиб тайинланди. Бу вазифада 1950 йилгача ишлади. Шу йили ишдан бўшаб, Аммондаги Исломий илмлар куллияси (факулpтети)нинг иккинчи курс талабаларига лекция (маъруза)лар ўқиш вазифасига ўтди. 1952 йилгача шу вазифада ишлади. Шайх раҳимаҳуллоҳ илмлар денгизи, барча илмлар бўйича кенг билим соҳиби, мужтаҳиди мутлақ, ўта кучли ҳужжат соҳиби бўлган нотиқ эди.
Ёзган асарлари
1) «Ислом низоми»,
2) «Ҳизбий уюшма»,
3) «Ҳизб ут-Таҳрир тушунчалари»,
4) «Исломда иқтисод низоми»,
5) «Исломда ижтимо низоми»,
6) «Исломда бошқарув низоми»,
7) «Дустур»,
8) «Дустур муқаддимаси»,
9) «Ислом давлати»,
10) «Исломий шахсия» (уч жуздан иборат),
11) «Ҳизб ут-Таҳрирнинг сиёсий тушунчалари»,
12) «Сиёсий қарашлар»,
13) «Қайноқ нидо»,
14) «Халифалик»,
15) «Тафкир»,
16) «Суръат ал-Бадиҳа» (Топқирлик),
17) «Бошланиш нуқтаси»,
18) «Жамиятга кириш»,
19) «Мисрнинг қуролланиши»,
20) «Миср, Сурия, Яман икки ёқлама битимлари»,
21) «Фаластин масаласини америкача ва инглизча услуб билан ҳал қилиш»,
22) «Эйзенхауэр лойиҳаси бўйича сиёсий бўшлиқ назарияси». Бундан ташқари, шайх минглаб фикрий, сиёсий, иқтисодий нашралар муаллифи ҳамдир.
Шайх шунингдек, унинг китобларини нашр қилиш ва тарқатиш қонун йўли билан ман қилинганидан кейин уларни нашр қилиш имкони бўлиши учун Ҳизб аъзолари номи билан бир қанча китобларни чиқарди.
Ана шу китоблар жумласига:
1) «Идеал иқтисодий сиёсат»,
2) «Марксистик социализмни рад этиш»,
3) «Халифалик қандай қулатилди»,
4) «Аҳком ал-Баййинот»,
5) «Жазолар низоми»,
6) «Намоз аҳкомлари»,
7) «Исломий фикр» кабилар киради.
Шайх илгари — Ҳизбни таъсис этишдан олдин — «Фаластинни қутқариш» ва «Рисолатул араб» номли китобларни ҳам чиқарган эди.
Характери ва ахлоқи
Исломий илмлар куллиясининг идорий мудири бўлиб ишлаган ва шайх Тақийюддин куллияга қадам қўйганидан буён ундан ажралмаган устоз Зуҳайр Каҳола шундай дейди: «У софдил, улуғ, покиза, ихлосли, ғайрати тўлиб-тошган, жонкуяр киши эди, Уммат қалбига (Исроил) вужуди санчилиши оқибатида Уммат бошига тушган мусибатлардан қаттиқ алам чекар эди».
Шайх ўрта бўйли, гавдали, ғайратга тўла, жўшқин, баҳсда моҳир, ҳужжати ғолиб, ўзи ҳақ деб иймон келтирган нарсада мустаҳкам турувчи инсон эди. У ўртача соқол қўйган, соқолига оқ аралашган, кучли шахсият соҳиби эди. Сўзласа нутқи таъсирли, ҳужжатлашса қаноатлантира олувчи эди. Ҳаракатларнинг тарқоқ бўлишини, қобиққа ўралиб олишни, Уммат учун манфаатли бўлган ишлардан ўзини олиб қочишни ёмон кўрар эди. Шайх кишининг ўз шахсий ҳаёти ишлари билангина банд бўлиб қолишини ёқтирмас, Расулуллоҳ rнинг:
«مَنْ لَمْ يَهْتَمَّ بِأَمْرِ الْمُسْلِمِيْنَ فَلَيْسَ مِنْهُمْ»
«Кимки мусулмонлар иши ҳақида қайғурмаса — улардан эмас», деган сўзларига итоат қилиб, Умматга яхшилик келтиришга ҳаракат қилар эди. Шайх бу ҳадисни кўп такрорлар ва далил келтирар эди. Шунинг учун «Иҳё» муаллифи имом Ғаззолийни Исломий юртларга бостириб кирган салибчиларга қарши курашмай, масжидга кириб китобларини ёзиб ўтирганини айблар эди.
Ҳизб ут-Таҳрирни тузиш ва ундаги ҳаракат
Шайх Тақийюддин чуқур аҳамият бериб ҳизбларни ва ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб пайдо бўлган ҳаракатлар ва ташкилотларни ўргана бошлади. Уларнинг услублари, фикрлари, кенг тарқалиши ёки муваффақиятсизликка учраши сабабларини ўрганди. Шайхнинг Халифаликни қайта тиклаш учун ҳаракат қиладиган бир Исломий уюшма бўлиши вожиблигини ҳис қилиши ана шу ҳизбларни ўрганиб чиқишга ундади. Чунки Халифалик жиноятчи Мустафо Камол «Отатурк» қўли билан бекор қилинганидан кейин мусулмонлар ўша пайтда ҳаракат қилаётган Исломий ташкилотлар мавжудлигига қарамасдан, уни қайта тиклай олмагандилар. 1948 йил май ойида Фаластин ерларида (Исроил) давлати пайдо бўлиб, арабларнинг Иордания, Миср, Ироқ…да ҳукм юритаётган Британия «арзандаси» бўлмиш яҳуд тўдалари қаршисидаги заифлиги кўриниб қолгач, шайх Тақийюддиннинг ҳис-туйғулари янада кўпроқ жўш ура бошлади. Шунинг учун мусулмонларни уйғота оладиган ҳақиқий сабабларни ўрганишга киришиб, миллий фикр орқали Умматни уйғотишга уриниб кўрди. Бу ҳақда икки рисола ёзди. Улар: 1) «Араб рисолати», 2) «Фаластинни қутқариш», деган рисолалар эди. Бу икки рисола 1950 йилда чоп этилди. Унинг шу икки рисолада намоён бўлган миллий интилиши фикр, ақида, Умматнинг бу борлиқдаги ҳақиқий рисолати (вазифаси), яъни, Ислом рисолатидан холи эмас эди. У билан араб миллатчилигига чақирувчилар ўртасидаги фарқ шу эди. Чунки араб миллатчилари Умматни ўз рисолатидан маҳрум қилиб, унга бегона бўлган, унинг ақидаси, хилқати, қиймат-қадриятларига зид бўлган рисолатларга, йўналишларга ва идеологияларга чақиришар эди. Шундан сўнг Тақийюддин аввал-бошда ўзи юрган бу ҳаракат чизиғидан қайтди ва шу соҳада фикр баён қилаётган кишилар билан суҳбатга киришди ва уларни тинглай бошлади. Бироқ, уларнинг ҳеч биридан қониқиш ҳосил қилмади.
Шунинг учун қозилик ишига ўтиши биланоқ ўзи таниган уламолар билан боғлана бошлади. Улар билан Мисрда учрашиб, уларга мусулмонларни уйғотиш, уларнинг азизлиги ва улуғлигини қайта тиклаш учун Ислом асосида бир сиёсий ҳизб тузиш фикрини баён қилди. Шу мақсадда Фаластиннинг кўплаб шаҳарларига бориб, зеҳнида пишиб-етилган бу ишни таниқли уламоларга ва фикр етакчиларига баён қила бошлади. Фаластиннинг турли шаҳарларидан келган уламоларни тўплаб йиғинлар ўтказди. Шу йиғинлар асносида улар билан тўғри, ҳақиқий уйғониш йўли ҳақида суҳбатлашди. У кўпинча Исломий жамиятлар, сиёсий, миллий ва ватанпарварлик асосидаги ҳизблар етакчилари билан баҳс-мунозара қилар, уларга йўлларининг хатолигини, ҳаракатлари самарасиз бўлиб чиқишини баён қилар эди. Шунингдек, шайх ўз нутқларида бир қанча сиёсий масалаларни ҳам кўндаланг қўяр эди. У бу нутқларини диний муносабатлар билан ал-Ақсо масжиди, ал-Халилдаги Иброҳим масжиди ва бошқа масжидларда сўзлар эди. Бу нутқларида араб режимларига ҳужум қилиб, уларни Ғарб мустамлакачилиги мусулмонлар юртларини ўз чангалида сақлаб қолиш учун етиштирган қўғирчоқлар ва шунга ёрдам берувчи бир қурол деб атар эди. Шайх Ғарб давлатларининг сиёсий режаларини фош қилар ва уларнинг Ислом ва мусулмонларга қарши қабиҳ ниятларини очиб ташлар эди. У мусулмонларга ўз вожиб-вазифаларини уқтирар ва уларни Ислом асосида ҳизб тузишга чақирар эди.
Шундан сўнг шайх Тақийюддин депутатлар мажлисига ўз номзодини қўйди… Қатъий позицияси, сиёсий фаолияти, мабдаси Ислом бўлган сиёсий ҳизб тузишга жиддий ҳаракат қилганлиги, Исломга маҳкам ёпишганлиги ва қолаверса давлатнинг сайлов натижа-ларини сохталаштиргани, буларнинг барчаси сайлов натижалари шайхнинг фойдасига бўлмаслигига олиб келди.
Шунга қарамай, шайх сиёсий фаолиятни тўхтатмади ва унинг қатъияти бўшашмади. У уламолар билан боғланишни ва баҳс-муно-зараларни давом эттирди. Оқибатда бир гуруҳ фазилатли уламоларни, эътиборли қозиларни, кўзга кўринган таниқли сиёсий, муфаккир шахсларни Ислом асосида бир сиёсий ҳизб тузиш зарурлигига ишонтиришга муваффақ бўлди ва уларга ҳизбий доирани ва шу ҳизб учун сақофий озуқа бўлиши мумкин бўлган фикрларни баён қила бошлади. Унинг фикрлари ана шу уламолар томонидан маъқуллаб кутиб олинди ва қабул қилинди ҳамда шайхнинг сиёсий фаолиятининг бу босқичи Ҳизб ут-Таҳрир ташкил бўлиши билан якунланди.
Ҳизбни ташкил қилиш иши Қуддус шаҳрида бошланди. Бу ерда шайх шаръий апелляцион маҳкамада ишлар эди. У ўша пайтда бир қанча таниқли кишилар билан, жумладан қалқилиялик шайх Аҳмад Доур, ал-Лад ва Рамладан Сайдон Намир Мисрий ва Довуд Ҳамадон, ал-Халил шаҳридан шайх Абдулқадим Заллум, Одил Наблусий, Ғоним Абдуҳ, Мунир Шақир, шайх Асъад Буюз ат-Тамимий ва бошқалар билан боғланди.
Ишнинг аввалида таъсисчи шахслар ўртасидаги учрашувлар тартибли бўлмади. Бу учрашувларнинг кўпи ё Қуддусда ёки ал-Халилда ўтказилиб, ўзаро фикр алмашинар ва янги шахслар жалб қилинар эди. Уларда асосан Умматнинг уйғонишига таъсир этувчи Исломий мавзулар борасида баҳс қилинар эди. Бундай ҳолат 1952 йилнинг охирларигача давом этди. Бу вақтга келиб ана шу шахслар сиёсий ҳизб тусини ола бошлаган эдилар.
1952 йил 17 ноябрда Ҳизбнинг таъсисчи аъзоларидан беш киши сиёсий ҳизб тузишга рухсат олиш мақсадида Иордания ички ишлар вазирлигига расмий талабнома билан чиқдилар. Улар:
1. Тақийюддин Набаҳоний (Ҳизб раиси);
2. Довуд Ҳамадон (раис ўринбосари ва ҳизб секретари);
3. Ғоним Абдуҳ (хазиначи);
4. Одил Наблусий (аъзо);
5. Мунир Шақир (аъзо).
Шундан кейин Ҳизб жамиятлар ҳақидаги Усмонийлар қонунида талаб қилинган қонуний процедура (тартиб-чора)ларни тўлиқ адо этди. Ҳизб маркази қилиб Қуддус белгиланди ва Ҳизб қонун бўйича «маълум ва хабардор қилиб қўйиш» деган рухсатномани олди.
Ҳизб ўзининг асосий низоми билан бирга баённомасини ҳам ҳукуматга тақдим қилди. Ундан олдинроқ эса ўзининг қандай бўлиши ҳақида «ас-Сариҳ» газетасининг 1953 йил 14 мартдаги 176-сонида нашр қилган эди. Шу билан Ҳизб ут-Таҳрир 1372 ҳижрий йил 28 жумодус-соний, 1953 йил 14 март шанба кунидан эътиборан қонуний ҳизб бўлиб қолди ва бевосита ҳизбий фаолият олиб бориш ҳамда жамиятлар ҳақида амалдаги Усмонийлар қонунига мувофиқ ўзининг асосий низомида кўрсатилган барча ҳизбий ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.
Бироқ, ҳукумат Ҳизбнинг беш таъсисчисини чақириб, уларни тергов қилди ва улардан тўрттасини қамоққа олди. Шундан кейин ҳижрий 1372 йил 7 ражаб, милодий 1953 йил 22 мартда бир баёнот чиқариб, унда Ҳизб ут-Таҳрирни ноқонуний деб эълон қилди ва Ҳизб раҳбарларига ҳар қандай иш олиб боришни (яъни, ҳизбий фаолиятни) ман қилди. 1953 йил 1 апрелда эса ҳукумат Ҳизб ут-Таҳрирнинг Қуддусдаги идораси устига илинган пешёзувларни олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқарди ва уларни олиб ташлади.
Лекин шайх Тақийюддин Набаҳоний бу ман қилишга зиғирча ҳам аҳамият бермади ва Ҳизб таъсис этилишига сабаб бўлган рисолатни кўтариб чиқишда олдинга қараб ҳаракатни давом эттираверди. Довуд Ҳамадон ва Намир Мисрий 1956 йилда Ҳизб қиёдати (раҳбарияти) таркибидан чиққан пайтда уларнинг ўрнига қиёдат таркибига шайх Абдулқадим Заллум ва шайх Аҳмад Доур кирди ва Ҳизб қиёдати аллома шайх Тақийюддин Набаҳоний амирлигида мана шу икки улуғ олимдан иборат бўлиб қолди. Бу қиёдат даъват юкини Оллоҳ фазли ва ризолиги ила жуда яхши суратда кўтарди.
Ал-Ақсо майдонидан туриб Ҳизб Исломий ҳаётни янгидан бошлаш учун оммавий сақофат бериш кампаниясини бошлади ва кенг кўламли фаолият кўрсатди. Бу эса ҳукумат маъмурларини Ҳизбнинг ўзининг шакллантиришига ва кучайишига йўл қўймаслик учун кучли қадамларни ташлашга мажбур қилди. Натижада Набаҳоний мамлакат-ни 1953 йилнинг ниҳоясида ўз ихтиёри билан тарк этишга мажбур бўлди. Бироқ, унга иккинчи марта қайтиб келиши ман этилди.
1953 йил ноябрда шайх Набаҳоний Дамашққа кўчишга мажбур бўлди. Лекин у ерда узоқ туролмади. Чунки Сурия маъмурлари уни қамоққа олди ва Суриянинг Ливан билан бўлган чегараларига олиб келиб қўйишди. Бироқ Ливан маъмурлари ҳам унга Ливан ерларига киришни ман қилишди. Шунда Набаҳоний Водий ал-Ҳарирдаги Ливан полиция постининг бир масъул ходимидан Ливан ичкарисидаги ўзи танийдиган бирон киши билан боғланишга рухсат беришни талаб қилди. Ливан хавфсизлик хизмати масъули боғланишга рухсат берди. Шайх Набаҳоний ўша ердаги дўстидан Ливан муфтиси шайх Ҳасан ал-Алаё билан боғланишни сўради. Бу хабар шайх ал-Алаё қулоғига етиб боргач, у тезлик билан Ливан масъуллари олдига бориб, улардан шайх Набаҳонийни Ливан ерларига киритиш тўғрисида дарҳол буйруқ беришларини талаб қилди. Акс ҳолда демократияни даъво қила туриб, Ислом дини уламоларидан бир олимни ўз ерларига қадам қўйишини ман қилаётган бу мамлакатнинг барча томонларига бу хабарни тарқатиб юборишини маълум қилди. Натижада Ливан маъмурларининг Ливан муфтиси талабига бўйин эгиб, таслим бўлишдан ўзга чоралари қолмади.
Шайх Набаҳоний Ливанда ўрнашгандан бошлаб ўз фикрларини тарқатишга киришди. Тазйиққа учрамай бу ишни тақрибан 1958 йилгача давом эттирди. Бу вақтга келиб Ливан маъмурлари унинг фикрлари Ливан режимига хатарли эканини сезиб, унга тазйиқ ўтказа бошлашди. Натижада шайх Байрутдан Триполига махфий тарзда кўчишга мажбур бўлди. Уни таниган ишончли кишилардан бири шундай ҳикоя қилади: «Шайх кўп вақтини ўқиш ва ёзиш билан ўтказар, радио унинг олдида турар, шайх ўзининг кучли сиёсий нашраларини ёзиш учун олам хабарларини ундан эшитар эди. Шайх исми жисмига монанд тақволи, кўзи ҳам, тили ҳам афиф-покиза бир инсон эди. Бирон кун ундан сўкиш ёки ёмонлаш ёки мусулмонлардан биронтасини, хусусан ижтиҳодлари турлича бўлишига қарамай, Ислом даъватчиларини ҳақорат қилганини эшитмаганман».
Муассис шайх Ироқдаги нусрат талаб қилиш амалиётига қаттиқ аҳамият берган эди. Шу мақсадда шайх ўша ерда баъзи муҳим боғланиш ишлари билан, шу жумладан марҳум Абдуссалом Ориф ва бошқалар билан боғланиш ишлари билан юрган шайх Абдулқадим (Абу Юсуф)га шерик бўлиш учун Ироққа бир неча бор сафар қилди. Ана шу сафарларнинг охиргиси вафотидан олдинроқ бўлди. Ўша сафари чоғида Ироқда қамоққа олинди. Шайхни кўп азоблашди. Бироқ терговчилар қўллаган азоблашлар ҳеч фойда бермай, шайхдан ҳеч қандай маълумот олишолмади. Шайх айтган сўз бор-йўғи: «Мен илож (малҳам) излаб юрган бир шайхман!» дейиш бўлди, холос. Натижада уни азоблашдан чарчаб, Сурия чегаралари орқали чиқариб юборишди. Тоғутлар берган азобнинг қаттиқлиги ва даҳшатлилигидан шайхнинг қўли ишламай қолган ва ўзи ҳолдан тойган аҳволда эди. Шайхни чегара орқали чиқариб юбориш ўша тоғутларга Иордания разведкасидан «Сизлар қўлга олган маҳбус ўша сиз қидириб юрган шайх Тақийюддин Набаҳонийдир», деган хабар етиб келишидан олдин бўлган эди. Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу хабар фурсат ўтгандан кейин келди.
Ҳақиқатда шайх раҳимаҳуллоҳ Ҳизбни собит қадам қилиб таъсис этди. Мақсадга етишга жуда оз қолган эди. Лекин ҳар бир нарсанинг Оллоҳ белгилаб қўйган вақти бор экан.
1398 ҳижрий йил муҳаррам ойининг биринчи куни, 1977 милодий 11 декабр якшанба куни тонгда бутун Исломий Уммат ўзининг энг таниқли, буюк олимларининг биридан ажралиб қолди. Бу Уммат учун жуда катта йўқотиш бўлди. Зеро, у илмлар денгизи, мутлақо ўз асри фақиҳларининг энг машҳури, XX-чи асрда Исломий фикрни янгидан кўтариб чиққан, фақиҳ, мужтаҳид, олим, аллома, Ҳизб ут-Таҳрир амири ва асосчиси шайх Тақийюддин Набаҳоний эди. Шайх ўзи вафот этган Байрутдаги ал-Авзоий қабристонига дафн этилди. У бутун умрини бағишлаган ишининг мевасини, яъни пайғамбарлик минҳожи асосида тўғри йўлни тутувчи Халифалик давлатини кўришга улгурмай бу омонатни ўзининг ўринбосари ва содиқ сафдоши — йирик олим шайх Абдулқадим ибн Юсуф Заллумга қолдирди. Шайх раҳимаҳуллоҳ бутун кучи билан рўёбга чиқаришга ҳаракат қилган мақсаднинг амалга ошганини кўришга улгурмаган бўлса-да, бироқ у сарфлаган куч-ғайрат, меҳнатлар шундай бир ҳизб мевасини бердики, бугунги кунда бу ҳизбнинг кўп минглаб аъзолари бор бўлиб, улар унинг фикрларини кўтариб чиқмоқдалар. Бундан ташқари, бу ҳизбнинг миллионлаб қўллаб-қувватловчилари бор. Ер юзининг жуда кўп жойларида ва кофирлар, тоғутлар, золимларнинг кўплаб қамоқларида унинг аъзолари бор.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми