Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ёмон намуна кўрсатяпти

Хабар ва изоҳ
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида ёмон намуна кўрсатяпти
بسم الله الرحمن الرحيم
Хабар: Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан Қирғизистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти етакчилари ва аъзолари, жумладан, амалдаги ва собиқ “масъуллар” (республикадаги етакчилар), молиячи ва “мусоидлар” (“масъуллар” ёрдамчилари ва маълум ҳудуд учун масъуллар) қўлга олинди. (24.kg 07.02.2025й)
Изоҳ: Сўнгги пайтларда Марказий Осиёдаги тоғут режимлар томонидан Ҳизб ут-Таҳрир Исломий сиёсий партиясига қарши кураш кампанияси янада авжига чиққани кузатиляпти. Албатта, бунинг ортида Россия каби кофир мустамлакачи давлатлар турганига асло шубҳа йўқ. Бироқ бундай кураш фақат муайян жамоага қаратилмай, балки минтақа мусулмонларининг Исломга қизиқиши ортганига қарши кураш эканлиги аллақачон ўз исботини топиб бўлган. Минтақадаги бундай ғайриисломий сиёсат ижроси марказида эса, афсуслар бўлсинки, Ўзбекистон турибди. Чунки ўзбек режими дин борасида қандай йўналишдан юрса, бу қўшни давлатларга ҳам маълум даражада ўз таъсирини ўтказяпти. Масалан, 2023 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистонда аёлларнинг юзини тўсиб турувчи ниқоб ва бурқа тақиш тақиқланди. Авратни, аёл зийнатини тўсувчи жилбобга (ҳижоб) тоқатсизлик эса, аввалдан турли даражада намоён бўлиб келарди. Шундан сўнг Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам шундай тақиқларни жорий қилиш масаласи жиддийроқ кўтарила бошлади. 2024 йилнинг июнида Тожикистонда миллийликни асраш баҳонаси билан жилбоб кийиш умуман тақиқланди. Қозоғистонда ҳам ҳукумат томонидан юзни ёпиб турувчи диний либосни тақиқлашга жиддий ҳаракат қилиняпти. Қирғизистонда эса, кўп баҳс-мунозаралар ва қаршиликларга қарамай, 2025 йилнинг январ ойида ниқоб тақишни тақиқловчи қонун қабул қилинди. Ушбу қонун қабул қилиниши жараёнида баъзи депутатлар Ўзбекистонда шундай тақиқ жорий қилинганига ишора ҳам қилишган. Марказий Осиёда аёллар кийимига осилиш кампаниясига эътибор берилса, бундай хунук “ташаббус” биринчи бўлиб айнан ўзбек режими тарафидан бошлаб берилгани яққол кўзга ташланади.
Яқинда Қирғизистонда қамоқда жазо муддатини ўтаётган маҳбусларга кучишлатар тизимлар ходимлари томонидан жисмоний қийноқ қўллаш ҳолатлари юз бергани ҳақида хабарлар тарқади. Эътиборлиси шуки, ижтимоий тармоқда ушбу маҳбуслар Ўзбекистон хавфсизлик идоралари қўллайдиган қийноқ услубларига ўхшаб кетадиган тарзда қийноққа солинган. Ва шу важдан бунда ҳам ўзбек тарафининг иштироки бормикин, деган шубҳа-гумонлар пайдо бўлмасдан қолмайди.
Энди Қирғизистонда Ҳизб ут-Таҳрирнинг масъуллари қўлга олингани ҳақидаги хабарга келсак, бунга ҳам охирги пайтда ўзбек режимининг Ҳизбга қарши кураши кучайиб қолганлигининг қандайдир даражада таъсири борлиги келиб чиқади. Маълумки, Ўзбекистонда 2024 йилда 50 дан ортиқ собиқ сиёсий маҳбуслар қўлга олиниб, уларнинг бир гуруҳига яна узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, бошқа бир гуруҳи устидан эса ҳозирда суд жараёнлари кетмоқда. Қирғизистонда ҳам сўнгги пайтларда Ҳизб ут-Таҳрирга қарши кураш жиддий тус олмоқда. 2024 йилнинг декабр ойида 22 нафар мусулмон йигитлар Ҳизбга аъзо бўлишда айбланиб қўлга олинди. Шундай қилиб, юқоридаги хабарда келтирилганидек, яна бир қанча йигитлар золим режим нишонига айланди.
Мазкур ҳолатлар ва шунга ўхшаш бошқа ишларни диққат билан кузатадиган бўлсак, ўз-ўзидан бизда Ўзбекистон бутун минтақа мусулмонлари бошига кулфат келтираётган сиёсатни олиб бормоқда ва Исломий даъватга қарши курашда Марказий Осиё мамлакатларига етакчилик қилмоқда, деган ҳақли хулоса пайдо бўлмасдан қолмайди. Албатта, бундай сиёсат ортида Россия каби кофир мустамлакачи давлатларни рози қилиш турганига асло шубҳа йўқ. Бироқ халқимизнинг Исломга рағбати ортиб бораётганига қарши чора-тадбирларни ўзбек режими бошлаб беряпти, қонун ва қарорлар чиқаряпти, қўшни давлатлар эса ундан “ранг” оляпти. Демакки, минтақа устидаги икки асосий рақобатчилар бўлмиш Америка ва Россия Ўзбекистоннинг минтақа давлатларига таъсир ўтказиш салоҳиятини кўра биляпти ва ўз сиёсатларини кўпроқ шу давлатга тиқиштиришга уринишяпти. Америка ҳам ўзининг сарқит демократиясидан келиб чиққан аёллар ва болалар ҳуқуқлари, гендер тенглиги, фикр эркинлиги каби усти ялтироқ, ичи қалтироқ сиёсатини аввал Ўзбекистонда, кейин у орқали бутун минтақада татбиқ қилиш билан ўз манфаатларига эришишни кўзлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, Ўзбекистон гендер тенглигини таъминлаш борасида Марказий Осиёда яққол етакчига айланди, буни ҳатто қўшни давлатларнинг баъзи расмийлари ва бошқалар ҳам эътироф этяпти. Гўё бу борада Ўзбекистондан ўрнак олишимиз керак, дегандек фикр билдиришяпти.
Бироқ демократик ислоҳотлар ўтказиш ҳамда Ислом ва мусулмонларга қарши курашда етакчилик ролини ўйнаш асло фахрланадиган иш эмас. Балки бу ўта жирканч ва шармандали ишдир. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда минтақага етакчи бўлиш салоҳияти бор, буни амалда ҳам кўриб турибмиз. Бироқ бундай салоҳият ён-атрофга бузуқлик ва ёмонлик тарқатишга ишлатиладиган бўлса, бу иш унинг бошида турганларга ҳам, минтақа мусулмонларига ҳам жуда катта шармандалик ва улкан фалокат келтиради холос. Модомики, ҳукуматдагилар ўзларини мусулмон санар эканлар, шунингдек, халқимиз ҳам мусулмон экан, юргизиладиган сиёсат ҳам шунга мос бўлиши вожиб. Ўзининг таъсир ўтказиш имкониятидан унумли фойдаланиб, минтақада фақат яхшилик тарқатувчи марказга айланиши лозим. Мусулмон халқимиз эса, Бухорий ва Термизийлар етишиб чиққан покиза юртимиз анави кофир давлатларнинг фитна-фасодга тўла жирканч режаларини амалга ошириб берадиган, ҳар тарафга ёмонлик ва бузуқлик уруғларини сепадиган ёвузлик марказига айланиб қолишига қаттиқ қарши турмоғи зарур. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, нафақат юртимиз, балки бутун минтақа устидаги масъулиятнинг катта қисми айнан биз – Ўзбекистон мусулмонлари бўйнига тушади! Акс ҳолда, Аллоҳнинг иқобига қолиб, устимиздаги бугунги зулм, хорлик ва йўқсилликлар узундан-узоқ давом этишидан огоҳ бўлайлик. Расулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
«والَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَتَأْمُرُنَّ بالْمَعْرُوفِ، ولَتَنْهَوُنَّ عَنِ المُنْكَرِ، أَوْ لَيُوشِكَنَّ الله أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَاباً مِنْهُ، ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلا يُسْتَجابُ لَكُمْ»
“Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасиз (ўшанда ҳолингиз ўнгланади), ёки аксинча Аллоҳ бошингизга, ҳеч шубҳа йўқ, Ўзи томонидан бир иқоб (азоб) жўнатади, сўнгра Аллоҳга ёлвориб дуо қиласизлар, У эса сизни ижобат қилмайди”. (Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).
Ҳизб ут-Таҳрир Марказий медиа офиси радиоси учун Ислом Абу Халил – Ўзбекистон
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми