Ўзбекистон ҳукумати ўзига душман санаётган кишилар аслида ким?

Хабар ва изоҳ
Ўзбекистон ҳукумати ўзига душман санаётган кишилар аслида ким?
بسم الله الرحمن الرحيم
Хабар: Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси берган хабарга кўра: “Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан илк бор Мисрдан диний экстремистик ташкилотларда иштирок этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстрадиция қилинди”.
Изоҳ: Ўзбекистонда референдум ва сайловдан кейин кўзга яққол чалиниб, дилларни вайрон қилаётган айрим ҳодисалар гўё аввалги Каримов даври яна ортга қайтганидан дарак бераётгандек. Эл назарига тушган машҳур блогерлар ва ҳатто уларни қўллаб-қувватлаган шахсларни ҳам таъқиб қилиш оддий ҳолга айланди. Ижтимоий тармоқлардаги каналлар диний тарғибот кучайган, деган баҳоналар билан ёпилмоқда. Azon.uz ҳам ўз фолиятини тўхтатди ва саҳифаларидан диний мавзуларни олиб ташлади. Табиийки, бу одамларда ҳайрат уйғотди. Бундай босим ва қамашлар фақатгина юртимиз ичкарисига чекланмай, балки Ўзбекистон ҳукумати интерпол билан ҳамкорликда хорижда ўз халқи дард-аламларини ич-ичидан ҳис қилиб юрган кишиларни ҳам таъқиб қилишни бошлаб юборди. Бу – Ўзбекистон ҳукуматидаги бугунги умумий воқеалар манзараси. Ушбу мақолада қамоққа тиқилаётган, таъқиб қилинаётган, босим остида қолаётган блогерлар ва уларнинг расмий каналлари ҳақидаги фактларга бирма-бир тўхталсак, саҳифамиз тўлиб-тошади. Шу боис, қисқа маълумотларни тақдим этиш билан кифояланмоқдамиз.
“Сиёсий маҳбус Абдуқодир Мўминовнинг судига борган Зайнаб Салоҳиддиновна номи билан таниш фаолни кеча соат 14:00 лар атрофида уйидан 10 нафар ИИБ ходимлари олиб кетган. Ярим тунгача ИИБ биносида овқат бермай ушлаб туриб, кеч соат 23:00 ларда Юнусобод судида суд қилишган. Зайнаб Россия фуқароси бўлгани учун, суд уни Ўзбекистондан депорт қилиш бўйича ҳукм чиқарган”.
Охири кўринмаётган бундай курашлар ҳар қандай оқил кишини ҳайратга солмаслиги мумкин эмас. Биз мавзуни бу каби юзлаб фактларни келтириб ўтиш мақсадида ёзаётганимиз йўқ. Шунчаки, ҳукумат бугун халқимизга айнан ўзи севган ва ардоқлаган шахсларини душманга чиқараётганини тушуниб етмоқликлари лозим эканлигини уқтирмоқчимиз холос. Юқорида эслаб ўтган кишиларимиз аслида шу юртнинг бугунги кундаги халқ дардини олиб чиқаётган ўғлонларидир. Шунингдек, ўзбек ҳукумати ҳужраларда таълим олаётган ёшларга қарши шиддатли курашларни узлуксиз давом эттирмоқда. Ўзбекистон расмий каналлари, телевидение ва матбуот саҳифаларида диний таълим берилаётган ҳужраларга қарши бир неча бор рейдлар ўтказилгани намойиш этилди ва ҳатто ҳужрани ташкил этувчилар жазо тариқасида жаримага ҳам тортилди. Хўш, ҳозирги пайтда ҳужра таълимоти ортидан Ўзбекистон ҳукумати учун шу даражада хатар борми? Жавоб эса, албатта ҳеч қандай хатар йўқ. Бу золим, жиноятчи, хоин кимсалар ўзларининг аёвсиз курашларини ҳужралардаги шароит – уларнинг даъвосига кўра – санитария, гигиена талабларига жавоб бермаслиги билан хаспўшлашмоқда. Аммо бу баҳона холос. Ахир бундай талабларга жавоб бериш у ёқда турсин, аксинча турли ОИТС каби инфекцион касалликлар ўчоғига айланган фаҳш масканларининг бемалол фаолиятига нима дейсиз?! Шунинг учун ҳозирда хужраларга қаратилган курашлар – айнан Ислом аҳкомларига қарши қаратилгани кундек равшандир. Тан олмоқ лозимки, оламга машҳур Марғилонлик Абдулҳакимжон қори устозимиз ҳам бир қанча уламоларимизни ҳукумат курашаётган ҳужра шароитида тарбиялаганлар. Жумладан, Қурони Каримни ўзбек тилида тафсир қилиб, филолог олимларнида ҳайратга солган Аловиддин Мансур ҳазратлари, ўзининг етук-балоғатли суҳбатлари билан ҳатто араб олимлари эътирофига сазовор бўлган дунёга таниқли Андижонлик шайх Абдували қори ва араб тилини ўрганишнинг бир мунча енгил услубларини қатор дарслик китоблари орқали ёритиб берган устоз аллома Раҳматуллоҳлар ҳам мана шу ҳужра аталмиш таълим ўчоғидан чиққан олимлар бўлишган.
Энди ҳукумат талабига жавоб берадиган мактабгача таълим масканлари, мактаблар, коллежлар ва ОТМлардан ҳамда диний идора ва қўмита рухсатидан ўтган расмий диний таълим масканларидан бу каби алломалар чиққанига ҳали ҳеч ким гувоҳ бўлмади. Улардан асосан, Аллоҳнинг шариатини жорий ҳукумат сиёсатига мослашга йўналтирилган масжид имомлари “тарбияланиб” чиқмоқда. Шунлардан келиб чиқиб хулоса қилсак бўладики, Ўзбекистон ҳар соҳада “тахт”, режим ва мустамлакачи “оғалар” манфаатига хатар туғдирадиган жамоаларга қарши курашга бел боғлаган. Бу эса юртга аввалги қаттол режимнинг қайтаётгани нишоналаридир. Қолаверса, собиқ биринчи президент даврида қамалган не не кучли, фаол йигитлар ва етук сиёсатчиларимиз мана 25 йилдирки, ҳануз зиндонларда қолиб кетмоқдалар.
Дарҳақиқат, зукко халқимиз охирги пайтларда ҳукумат кимни таъқиб этса, уларнинг аслида ким эканликларини англаб етиб, уларни ардоқлаш ва иззат-икром кўрсатиш тушунчаларига эга бўлиб бормоқда. Бугунги иқтидордаги раҳбарият ўзига душман санаётган азиз инсонлар, аслида шу ҳалқнинг дардига оро кирувчи ҳақиқий ўғлонларидир. Тоза ҳаводан эркин нафас олишдан, олиму фозиллари хизматидан, бойлиги ва оиласидан маҳрум қилинаётган бу халқ устида бошлиқ бўлиш, бугунги кунда гўё димланган порох бочкаси устида ўтириш кабидир… Инша Аллоҳ яқинда бу Уммат, албатта нажот ва азизликнинг ягона йўли – Исломга бутунича қайтишда эканини англаб етади ҳамда бу золим режимларни ағдариб, ўрнига Пайғамбарлик Минҳожидаги Рошид Халифаликни тиклашга жиддий киришади. Ана ўша пайтда бу “ҳокимтўра”лар ўзларининг туғёнлари сабабли нақадар аянчли оқибатларга юз тутганларини билиб қоладилар. Аллоҳ таоло дейди:
وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَيَّ مُنقَلَبٍ يَنقَلِبُونَ
– “Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар”. (Шуаро:227)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими раиси Ислом Абу Халил
15.08.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми