Ўзбекистонда фермер мулкдорми ё қулми?!…
بسم الله الرحمن الرحيم
Ўзбекистонда фермер мулкдорми ё қулми?!…
Фермер – деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик ва бошқа шу каби фаолиятлар билан, ўз ерида ёки ижарага олинган ерда фаолият олиб борувчи тадбиркор.
Марказий Осиёда яшовчи халқларнинг аксари ўтрор ва кўчманчи ҳалқларга бўлинган, ўтрор ҳалқлар асосан деҳқончилик билан, кўчманчи ҳалқлар эса чорвачилик билан шуғулланганлар. Бугунги кунга келиб кўчманчилик деярли йўқ бўлиб, ҳалқлар асосан ўтрор ҳаётга ўрганди. Шу сабабли деҳқончиликка эътибор кучайди.
Ўзбекистон Марказий Осиёда энг аҳолиси кўп давлат ҳисобланиб, аҳолиси 30 миллиондан ошиқроқ. Аҳолининг деярли 60 фоизи қишлоқларда яшайди. Ўзбекистонда ҳам фермерлик фаолияти йўлга қўйилган. Келинг фермерларнинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлаб кўрайлик.
Статистик маълумотлар
Ўзбекистонда 1 октябрь 2015 йил ҳолатига кўра фермерлар сони 83514 нафар бўлиб, ҳар бир фермернинг ери ўртача 43,9 гектарни ташкил қилади. Жумладан, 48264 нафари пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган бўлиб, ўртача ер майдони 65,1 гектарни ташкил қилган, 2982 нафари сабзавот ва полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган бўлиб ўртача ер майдони 12,5 гектарни ташкил қилган, 19575 нафари узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, ўртача ер майдони 9,5 гектарни ташкил қилган, 6770 нафари чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, ўртача ер майдони 34,6 гектарни ташкил қилган, 5923 нафари турли йўналишлардаги (паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик,…) фермер хўжаликлари бўлиб ўртача ер майдони 11,5 гектарни ташкил қилган.
Ўзбекистон республикаси президентининг 2015 йил 1 декабрь кунги №50 сонли “Фермер хўжаликлари ерларини муқобиллаштириш” ҳақидаги фармойишидан сўнг фермер ҳўжаликларининг ер майдонлари 1 октябрь 2015 йил холатига нисбатан ўртача 43,9 гектардан 36,1 гектаргача қисқартирилиб, фермер ҳўжаликлари сони 83514 нафардан 101070 нафарга етди, яъни фермер хўжаликлари сони 17556 нафарга кўпайиб ўртача ер майдони 21 фоизга қисқарди. Шундан, пахта ва бошоқли дон маҳсулоти етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 48264 нафардан 60695 нафарга кўпайтирилиб, ўртача ер майдони 65,1 гектардан 52,7 гектаргача қисқартирилди, яъни фермер ҳўжаликлар сони 12431 нафарга кўпайиб, ер майдонлари 25,8 фоизга қисқарди. Сабзавот ва полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 2982 нафардан 3655 нафарга кўпайтирилиб ўртача ер майдони 12,5 гектадан 8,1 гектаргача қисқартирилди, фермер хўжаликлар сони 673 нафарга кўпайиб, ўртача ер майдонлари 22,6 фоизга қисқарди. Узумчилик ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 15575 нафардан 24730 нафарга кўпайиб, ўртача ер майдони 9,5 гектардан 6,8 гектаргача қисқартирилиб, фермер хўжаликлари сони 5155 нафарга кўпайиб, ўртача ер майдонлари 26,9 фоизга қисқартирилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 6770 нафардан 6572 нафаргача камайтирилиб, ўртача ер майдонлари 34,6 гектардан 31,2 гектаргача қисқартирилди, фермер хўжаликлари сони 198 нафарга камайтирилиб, ўртача ер майдонлари 2,9 фоизга қисқартирилди. Турли йўналишдаги (паррандачилик, балиқчилик, асларичилик,…) фермер хўжаликлари сони 5923 нафардан 5418 нафарга камайтирилиб, ўртача ер майдонлари 11,5 гектардан 8,3 гектаргача қисқартирилди, фермер хўжаликлари 505 нафарга камайтирилиб, ер майдонлари ўртача 8,1 фоизга қисқартирилди. Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак, қизиқ холатни кўриш мумкин, чорвачилик ва бошқа йуналишга ихисослашган фермер хўжаликлари сони ҳам, ер майдони ҳам қисқартирилмоқда. Бу соҳаларда бундай ислоҳот қилишни кераги борми? Йўқ, сабаби чорвачиликда ҳам, паррандачиликда ҳам ер майдони катта аҳамият касб қилади, масалан чорвадорни ер майдонини қисқариши унга дағал хашак ва ембоп маҳсулотларни етиштириш муаммосини келтириб чиқаради, бу эса чорва сонини қисқаришига олиб келади. Ўз навбатида гўшт, тухум ва бошқа шу каби кундалик эҳтиёж махсулотларига талаб ортади.
Хукуматнинг олиб борилаётган ислоҳотлари ким учун манфаатли?!
Умуман Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳўжалик сохасида юқоридаги каби аҳмоқона ислоҳотлар ўтказилиши янгилик эмас. 2003 йилда Ш.Мирзиёев бош вазир лавозимига келганидан сўнг бундай тутуруқсиз ислоҳотлар бир неча маротаба ўтказилди. Жумладан, 2003 йилгача фермер хўжаликлариинг қарздорликлари (МТП, кимё, ёқилғи, солиқ, эл.энериядан,…) Молия вазирлиги томонидан қопланиб (траншлар ва имтиёзли кредитлар шаклида), фермерлар ҳар йили ҳисоботни янгидан қарзсиз бошлар эди. Лекин 2003 йилдан бошлаб фермерларнинг қарздорлигини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш тўхтатилди, натижада қарздорликлар ўсиб борди ва бугунги кунда 100 – 200 млн сўмдан ортиб кетди. Бундан ташқари, 2004 йилгача режа топшириқни бажарган фермерлар пахта заводидан чигитни олиб, ёғ мой комбинатидан қайта ишлаттириб пахта ёғи, кунжара, шелуха олиши ва ёғ мой комбинатига фақат қайта ишлаб берганлик ҳаққини тўлаши мумкин эди, лекин 2004 йилда қайта ишлаб бериш нархлари бир неча баробарга оширилди натижада чигитни қайта ишлаттириш фермерлар учун зарар бўла бошлади, 2005 йилдан бошлаб фермерларга пахта ёғи берилиши тўхтатилиб фақат кунжара ва шелухани ўзигина берила бошлади. 2006 йилдан бошлаб фермерларга умуман чигит берилиши тўхтатилди. Ҳа, юқоридагилар Ўзбекистонда фермерларни аҳволини аста секинлик билан оғирлаштириш борасидаги пухта режа асосида олиб борилаётган ишларнинг дебочаси эди халос. Бу пухта ўйланган режани тўлиқ амалга оширилиши 2008 йилдан бошланди.
2008 йил 6 октябрдаги Ўзбекистон республикаси президентининг №3077 сонли фермер хўжаликларининг ерларини мақбуллаштириш (оптимизация) ҳақидаги фармойиши чиқди. Фармойишга кўра пахта ва бошоқли дон маҳсулотлари етиштирувчи фермер ҳўжаликларининг ери 80 гектардан, сабзавот ва полиз экинлари етиштирувчи фермер ҳўжаликларининг ери 10 гектардан, чорвачилик билан шуғулланувчи фермер ҳўжаликларининг ерлари 13,5 гектардан ва боғдорчиликка иҳтисослашган фермер ҳўжаликлари ерлари 5 гектардан кам бўлмаслиги керак. Ерлари бу кўрсаткичлардан кам бўлган фермер ҳўжаликлари тугатилди. Натижада жуда кўп фермерлар ишсиз қолиши баробарида тирикчилик манбаларидан ажралдилар, аҳоли ўртасида ишсизлик орта бошлади ва бунинг оқибатида кўпчилик иш излаб бошқа юртларга чиқиб кета бошладилар.
Мақбуллаштириш натижасида ерлари катталашган фермерларнинг аҳволи ҳам ҳавас қиладиган даражада эмасди, сабаби белгиланган режа топшириқлар ортиши баробарида ерларни қайта ишлаш, ўғитлаш ва бошқа агротехник ишларни бажариш учун техника ва маблағ етишмовчилиги ҳам ортиб борди. 2009 йилдан бошлаб бу муаммоларга кимёвий ўғит ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархларини деярли икки баробар оширилиши қўшимча бўлди, натижада ўзидаги 40 – 50 гектар ерини зўрға қайта ишлаётган фермер 80 гектар ерни қайта ишлашга ва ҳосил етиштиришга имкони қолмади, оқибатда ерлар қаровсиз қолиб кета бошлади, фермер эса режа топшириқни бажара олмай тобора қарз ботқоғига ботиб касодга учрай бошлади. Бунга қўшимча равишда хукумат томонидан режа топшириқларни бажармаган фермерларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди, банклардан ҳосил учун имтиёзли кредит олиб қайтара олмаган, режа топшириқни бажара олмаган фермерларнинг техникаси ва мол мулки судлар орқали мусодара қилина бошлади, натижада 2010 йилга келиб жуда кўп фермерлар қишлоқ ҳўжалиги техникасидан, шахсий мулкидан айрилгани етмаганидек жуда кўп миллионлик қарзларга ботди. Иқтисодий қийин холатдан чиқиш учун фермерлар ўзига тегишли 70 – 80 гектар ерни 20 – 30 фоизига сабзавот ва полиз маҳсулотларини эка бошладилар, бунга имкон қилмаганлари эса ерни ижарага бера бошладилар. Лекин бу чоралар ҳам фермерларни муаммосини хал қилмади, аксинча хукумат томонидан фермерлар қаттиқ сиқувга олинишига сабаб бўлди. Юқоридаги холатлар аниқланган фермерларнинг сабзавот ва полиз маҳсулотлари яксон қилиниб, ўзлари жиноий жавобгарликка тортилиб, хатто шу майдонда етиштирилганда олиниши мумкин бўлган пахта ва бошоқли дон маҳсулотларининг эҳтимолий қиймати ҳисобланиб фермерни зиммасига зарар сифатида юкланиб ундирила бошланди.
2010 йилда мақбуллаштириш натижалари бўйича фермер хўжаликлари сони 2009 йилдагига нисбатан 26753 нафарга камайтирилиб, ўртача ер майдонлари 14,9 гектарга оширилди, яъни 2009 йилда фермер хўжаликлари сони 107381 нафар бўлиб, ўртача ер майдони 47,5 гектарни ташкил қилган бўлиб, 2010 йилга келиб фермер хўжаликлари сони 80628 нафарни, ўртача ер майдони эса 62,4 гектарни ташкил қилди. Шундан, пахта ва бошқли дон маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари сони 50511 нафардан 41827 нафарга, яъни 8684 нафарга камайтирилиб, ўртача ер майдони 84,5 гектарга етказилди. Сабзавот ва полиз экинлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 5514 нафардан 4036 нафарга, яъни 1478 нафарга камайтирилиб ер майдони 19,1 гектарга етказилди. Узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 34221 нафардан 22159 нафарга, яъни 12062 нафарга камайтирилиб уртача ер майдонлари 9,5 гектарга етказилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 7044 нафардан 6009 нафарга, яъни 1035 нафарга камайтирилиб ўртача ер майдони 162,2 гектарга етказилди. Яъни, фермер хўжаликлари сони камайтирилиб, ер майдонлари кўпайтирилди. Орадан 5 йил вақт 2015 йилда бу ислоҳотнинг тескариси қилинди, яъни фермер хўжаликлари сони кўпайтирилиб, ўртача ер майдонлари қисқартирилди.
Бу ислоҳотлардан ким манфаатдор? Албатта фермерлар эмас. Сабаби бундай тутуруқсиз ислоҳотлар фермер хўжалиги фаолиятига фақатгина салбий таъсир кўрсатади халос. Лекин нима учун доимий равишда бундай аҳмоқона ислоҳотлар ўтказиб борилмоқда? Бу саволнинг жавоби шуки, бундай аҳмоқона ислоҳотларни доимий равишда олиб борилиши натижасида фермер хўжалиги фаолияти фалаж холатга келади, сабаби фермер хўжалиги асосий иши қолиб турли хужжатларни расмийлаштириши, яъни қайта рўйхатдан ўтиш, фермер хўжалигини низомини ўзгартириш, муҳр ва бурчак муҳрини янгилаш, ер майдонлари ўлчамини аниқлаштириш каби ишларни бажариши керак бўлади. Бу ишлар эса осонлик билан бир зумда бажарилмайди, чунки маъмурий буйруқбозлик ва коррупция ботқоғига ботган давлат органлари фермерни муаммоларини осонлик билан текинга хал қилиб бермайди.
Ўзбекистонда фермерлар қандай ҳуқуққа эга?!
Бу саволга жавоб беришдан аввал фермерларни аҳволига чуқурроқ назар ташлаш керак. Чунки аксарият инсонлар “Ўзбекистондаги фермерларнинг ҳеч қандай ҳақ ҳуқуқлари йўқ” деб жавоб бериши табии, лекин бу жавобни далиллаш керак. Келинг шу холатни чуқурроқ ўрганиб кўрайлик, чунки бу тўғри жавоб. Сабаби, Ўзбекистонда фермерлик фаолияти маъмурий буйруқбозлик асосида бошқарилади, яъни собиқ Шўролар давридан қолган режали иқтисод билан. Фарқи шундаки, собиқ Шўролар давридаги жамоа (колхоз) ва совет (совхоз) хўжаликлари раҳбарлари режа топшириқни бажара олмасалар жазо сифатида ҳайфсан берилар, лавозимидан бўшатилар ёки энг оғир жазо, партиядан ўчирилган. Ҳаддан зиёд равишда ҳалқ мулкини талон тарож қилгани аниқлангандагина жиноий жавобгарликка тортилган. Лекин шу хўжалик ишчиларига ойлик иш ҳақларини вақтида етказиб бериш таъминланган. Бу мисолни нима учун келтирмоқдамиз, мақсад собиқ Шўролар давридаги ҳаётни мадҳ қилиш эмас, лекин ўша динсиз ва даҳрий тузумда ҳам меҳнаткашларга қарши, шу тузум вакили бўлган, шу тузум таълимни олган Каримов ва унинг золим хукумати олиб бораётганчалик адолатсиз ва репрессив сиёсат юргазилмаган. Бугунги фермерларнинг холатига қарасак, гўёки ўз меҳнати билан яшаш, тадбиркорлик қилиш жиноятга айланган замонда яшамоқда. Энг аввало шуни айтиш керакки, бугунги фермер мустақил эмас, яъни ўзи ижарага олган ерда ўз иҳтиёри билан ўзи хоҳлаган экинни эка олмайди чунки бу жиноят ҳисобланади. Ўзи етиштирган маҳсулотни ўзи истаган ҳаридорга сота олмайди, бу ҳам жиноят. Агар режа ва топшириқни бажармаса мол мулки мусодара бўлади (ҳатто катакдаги товуғи ҳам қолмайди) ўзи эса жиноий жавобгарликка тортилади. Режа ва топшириқлар Хокимият томонидан белгиланиб, фермерларга прокуратура ва ҳуқуқ тартибот идоралари тазйиқи остида берилади, бу ишга норасмий аралашиб келаётган МХХ 2016 йилдан бошлаб расман киришди. Иш шу даражага бориб етдики деярли барча вилоят ва туман хокимлари, прокурор ва ИИБ бошлиқлари фермерни очиқдан очиқ таҳқирлаб хатто калтаклайдиган бўлди. Бундай муносабат оқибатида ўз жонига қасд қилган, юрак ҳуружидан, калтакдан ўлган фермерларни сони йилда йилга ортиб бормоқда.
Ҳа… Ўзбекистонда фермер учун ягона ҳуқуқ бор, у ҳам бўлса ўз ҳисобидан давлат томонидан унга юклатилган режа ва топшириқни бажариш. Жуда қизиқ холат, хатто қулдорлик тузуми даврида ҳам қулларнинг фақат меҳнатидан фойдаланилган, Ўзбекистондаги хукумат эса фермернинг ҳам меҳнатидан фойдаланаяпти, ҳам бор будини тортиб олгани етмаганидек барча сарф ҳаражатни фермернинг ўзига юклаяпти. Бундай холатни ўз ҳисобидан қуллик қилиш десак ҳам бўлаверади, чунки бугунги фермерларнинг аҳволига бундан бошқа баҳо беролмаймиз. Бу ҳам етмаганидек Каримов баланд минбарлардан туриб фермерликни қўллаб қувватловчи турли фармонлар чиқараётгани, қарорлар қабул қилиниб қонунлар ишлаб чиқилаётгани билан мақтанмоқда. Биз юқорида 2008, 2010, 2015 йиллардаги президент фармонларидан кейин фермерлик фаолияти қандай “қўллаб қувватланганига” гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, президент Каримовнинг 2016 йил 12 апрелда қабул қилган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, бир амаллаб ўз маҳсулотини четга сотилишидан тирикчилик қилиб турган сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирувчи, узумчилик ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштирувчи фермерларнинг охирги тирикчилик манбасини йўқ қилиш учун чиқарилди десак бўлаверади. Буни ана шу фермерлар ва қолаверса ҳалқимиз воқеликда кўрдилар.
Хулоса:
Биз юқорида Ўзбекистондаги фермерлар аҳволининг айрим жиҳатларигагина тўхталдик. Лекин шуни ўзи ҳам етарли, сабаби бу ишлар Каримовнинг золим хукумати томонидан Ўзбекистон иқтисодини барча сохаларини яксон қилиш, халқни қашшоқлаштириш, қарам қилиш борасида пухта ўйлаб амалга оширилаётган режасининг бир қисми халос. Бу золим хукумат мана қатор йиллардан буён бу режасини амалга ошириб келмоқда, бу ҳам етмаганидек амалга ошириши бошланган ҳар бир режани бошланишида президент Каримов томонидан масҳараомуз фармон чиқарилади. Сўзимизни исботи сифатида қуйидагиларни келтирамиз; фермерлик фаолиятини яксон қилиш борасидаги режанинг амалга оширишни асосий босқичи 2008 йилдан бошланган бўлса, 2009 йилни президент Каримов томонидан “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинди. Яна бир мисол, президент Каримов томонидан 2015 йил “Кексаларни эзозлаш йили” деб эълон қилинди, кексаларимиз қандай “эъзозлангани”га барчамиз гувоҳ бўлдик. Арзимаган пенсиясини олиш учун тонг саҳардан қаронғу кечгача банк ва алоқа бўлимлари олдида турнақтор навбат кутишларининг ўзигина бу хукуматни кексаларни қандай эъзозлаганига далил. Худди шу каби қатор йилларни номланишида ҳам рамзий ишоралар бор, бу ҳақида чуқурроқ фикрлаб далилларга ва воқеликка эътибор беришни ўзи кифоя қилади. Жумладан 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик” йили бўлган. Қанча тадбиркор хонавайрон бўлиб, жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақидаги статистик маълумотларни бошқа йиллардаги маълумотлар билан солиштириш кифоя. Ёки 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди. Айнан шу йили болалар ўлими бошқа йилларга нисбатан ортган. Айтмоқчи бўлганимиз, бу золим хукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизни тобора қашшоқлик ва хорлик гирдобига ботирмоқда. Халқимиз “мустақиллик” эълон қилинган даврдан, яъни деярли 25 йилдан буён бу золим хукуматдан яхшилик умид қилиб келмоқда, лекин фақат ёмонлик кўрмоқда. Бу хукуматнинг бошқаруви фикрий жиҳатдан ўсишимизга тўсиқ бўлиб, маънавий жиҳатдан қолоқлик домига ғарқ бўлишимизга сабаб бўлган бўлса, моддий жиҳатдан ҳам бойликларимизни талаб деярли қашшоқ яшашга мажбур қилмоқда. Шу сабабли қишлоқ ҳўжалиги сохасида олиб бораётган золимона ислоҳотлари нафақат фермерларга балки халқниг дастурхонига ҳам тажовуз ҳисобланади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси Салохиддин
25.08.2016й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми