Виждоннинг маъноси тўғрисидаги саволга жавоб
Виждоннинг маъноси тўғрисидаги саволга жавоб
Сайтимиз почтасига Orhan исмли мухлисимиздан келган саволга жавоб.
Савол:
Ассалому алайкум. Ислом низоми китобининг “иймон йўли” бобида "виждон" ҳақида сўз юритган. Виждоннинг маъноси нима? Виждон билан келтирилган иймоннинг кўриниши қайси? Тафсилоти билан тушунтириб берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин.
Жавоб:
بسم الله الرحمن الرحيم
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Ислом низомининг “Иймон йўли” бўлимида келтирилган “виждон” сўзининг маъноси бизнинг халқлар сўзлашувида муайян тушунчага айланиб қолган ўзбек тилидаги “виждон” сўзидан фарқ қилади. Ўзбек тилида сўзлашувчи Марказий Осиё халқлари урфида “виждон” деганда, ички бир маънавий руҳий жавобгарлик тушунилади.
Иймон йўлида келтирилган виждоннинг маъноси тўғрисида тўхталадиган бўлсак.
Виждон сўзи араб тилидаги “وجد , يجد , وجدان – топди, топади, топмоқ” сўзидан олинган. Яъни “виждон” сўзи (бир нарсани) топди, топади феълининг иш-ҳаракат номи (масдари) бўлиб, “топмоқ” деган маънони билдиради.
Ислом низоми китобида келтирилган виждон – бу инсонларнинг ғариза ва узвий эҳтиёжлари талабларини, тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар, қондирадиган нарсани кўрсатиб берадиган омил.
Ушбу виждон тўғрисида келтирилган таърифимизни мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Масалан, инсонда унинг узвий эҳтиёжларидан очликни қондириш талаби мавжуд. Мавжуд талабни қондиришлик учун виждон инсонга ҳалол таомни ҳам, ҳаром таомни ҳам кўрсатиши мумкин, чунки виждонда, яъни қондирадиган нарсани кўрсатиб берадиган омилда ҳалол ҳаромни ажратиш хусусияти йўқ. Унинг вазифаси фақатгина кўрсатиш. Ҳалол ёки ҳаромни, тўғри ёки нотўғрини ажратиш хусусияти эса фақат инсоннинг ақлида мавжуд, чунки воқеликни ўрганиш ва унга нисбатан шаръий ечимни бериш инсон ақлининг иши. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, узвий эҳтиёжнинг талаби ҳам, виждоннинг қондирадиган нарсани кўрсатиб бериши ҳам инсонни мажбур қилмайди, балки инсон виждон кўрсатиб берган нарса билан ихтиёрий равишда талабини қондиради.
Юқорида келтирган мисолимиздан ғариза ва узвий эҳтиёжлар талабини виждон йўли билан қондиришлик воқеси тушунарли бўлди деб умид қиламиз.
Энди Ислом низоми китобининг “Иймонга йўл” мавзусида тадайюн ғаризасининг (сиғинишлик, ибодат қилишга бўлган талаб) талабини виждон йўли билан қондиришлик хатарли эканини, бу оқибатига ишониб бўлмайдиган йўл экани тушунтириб ўтилган. У ерда айтилган виждонни тўғри тушунадиган бўлсак, у виждон мавжуд ғариза талабини қондириш учун бут санамларни ҳам, ҳақиқий Яратувчини ҳам кўрсатиб бериши мумкинлигини биламиз. Бунда кўпроқ муҳитнинг таъсири рол ўйнаши мумкин, яъни инсон мусулмон оиласида туғилган ва ота-бобоси мусулмонлиги сабабли у ҳам Исломга кўр-кўрона эътиқод қилишлиги ёки худди шунинг сингари бутпараст оиласида туғилган ва кўр-кўрона бутпарастлик динига эътиқод қилишидир. Чунки такроран айтадиган бўлсак виждонда, яъни қондирадиган нарсани кўрсатиб берадиган омилда тўғрини нотўғридан ажратиш хусусияти мавжуд эмас. Шунинг учун Ислом ёлғиз виждоннинг ўзи иймонга олиб бора оладиган йўл деб тан олмади. Ислом виждон билан бирга ақлни ишлатишга чақирди. Бунга Қуръоннинг бир неча оятларида ота-боболари амал қилиб келган динга кўр-кўрона эргашиб келаётган, ўша диннинг асл асосларини ақлларини ишлатиб текшириб кўрмасдан қабул қилаётган одамларга нисбатан Аллоҳ Таъоло “сизлар ота-боболаримизни динидан қайтмаймиз деяпсизлар, ота боболарингиз адашган бўлсаларчи?” дея хитоб қилган маъноларни мисол қилишимиз мумкин.
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْا إِلَىٰ مَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُوا حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا ۚ أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لَا يَعْلَمُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ
“Уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар”, дейилса, “Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли”, дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!”. (Моида. 104)
Инсон ақидани виждон билан эмас, атрофидагиларнинг одатига қараб кўр-кўрона эргашиб ҳам эмас, балки ақли билан топиши кераклигига Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси ва қавми билан бўлган воқеа жуда ёрқин мисол бўлади.
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ لِأَبِيهِ آزَرَ أَتَتَّخِذُ أَصْنَامًا آلِهَةً ۖ إِنِّي أَرَاكَ وَقَوْمَكَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ * وَكَذَٰلِكَ نُرِي إِبْرَاهِيمَ مَلَكُوتَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلِيَكُونَ مِنَ الْمُوقِنِينَ * فَلَمَّا جَنَّ عَلَيْهِ اللَّيْلُ رَأَىٰ كَوْكَبًا ۖ قَالَ هَٰذَا رَبِّي ۖ فَلَمَّا أَفَلَ قَالَ لَا أُحِبُّ الْآفِلِينَ * فَلَمَّا رَأَى الْقَمَرَ بَازِغًا قَالَ هَٰذَا رَبِّي ۖ فَلَمَّا أَفَلَ قَالَ لَئِن لَّمْ يَهْدِنِي رَبِّي لَأَكُونَنَّ مِنَ الْقَوْمِ الضَّالِّينَ * فَلَمَّا رَأَى الشَّمْسَ بَازِغَةً قَالَ هَٰذَا رَبِّي هَٰذَا أَكْبَرُ ۖ فَلَمَّا أَفَلَتْ قَالَ يَا قَوْمِ إِنِّي بَرِيءٌ مِّمَّا تُشْرِكُونَ * إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفًا ۖ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ
“Иброҳим ўз отаси Озарга: “Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман”, деганини эсла. Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатамиз. Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: “Мана шу Роббимдир”, деди. У ботиб кетганида эса: “Ботувчиларни ёқтирмасман”, деди. Чиқаётган ойни кўрганда: “Мана шу Роббимдир”, деди. У ҳам ботганида: “Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан”, деди. Чиқаётган қуёшни кўрганда: “Мана шу Роббим. Бу каттароқ”, деди. У ҳам ботиб кетганида: “Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим”, деди. Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман”. (Анъом. 74-79)
Ушбу воқеага эътибор берсак, Иброҳим алайҳиссалом отасини эргашаётган ақидасини кўриб туриб, одам ўзи ясаган ҳайкал у учун илоҳ бўлиши ақлга тўғри келмаслигини айтди ва бу ишни очиқ залолат, деди. Кейин Иброҳим алайҳиссалом ҳақиқий илоҳни топиш учун ақлини ишлатиб атрофидаги нарсалар ва у нарсалардаги хусусиятлар, тартиб-низомларга диққат билан назар ташлади, яъни ёрқин фикрлаб кўрди ва бу фикрлаши охирида ҳақиқий Роббиси Аллоҳни топди, виждонан, атрофидагиларга кўр-кўрона эргашиш билан эмас, ақлини ишлатиб топди. Барча нарсаларнинг яратувчиси ҳақиқий илоҳ Аллоҳ эканини англаб етди ва Қуёшни илоҳ қилиб сиғинаётганларга қилаётган ширк амалларидан воз кечиш кераклигини айтди.
Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ инсонларга яратувчини топишда ақлларини ишлатишга чақиради. Ҳақиқий Яратувчини инсон ақлини ишлатиш билангина тўғри топишини бир неча оятларда таъкидлайди.
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ
“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор”. (Оли Имрон. 190)
Валлоҳу аълам.
Ҳизб ут – Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Муслим
26.02.2017й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми