ЁШ БОЛАНИ КАФИЛЛИККА ОЛИШ

ЁШ БОЛАНИ КАФИЛЛИККА ОЛИШ
(“Исломда ижтимоий алоқалар” туркумидан)
(2)
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Талоқ қилинганда болага ва майиб-мажруҳга она кафиллик қилишга ҳақлидир. Аҳмад ва Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан ривоят қиладиларки:
«أن امرأة قالت يا رسول الله إن ابني هذا كان بطني له وعاء, وثديي له سقاء وحجري له حواء, وإن أباه طلقني وأراد أن ينزعه مني. فقال رسول الله r أنت أحق به ما لم تنكحي»
«Бир аёл Расулуллоҳﷺ га деди: «Эй Расулуллоҳ, бу менинг болам. Уни қорнимда сақлаганман, кўкрагимдан эмизганман, бағримда асраганман. Унинг отаси мени талоқ қўйиб, уни мендан тортиб олмоқчи». Расулуллоҳﷺ: «Модомики турмушга чиқмас экансан, унга сен ҳақлироқсан», дедилар». Ибн Абу Шайба Умардан ривоят қиладики: «Умар Умму Осимни талоқ қилиб, унинг олдига келди. Осим онасининг қарамоғида эди. Умар болани ундан олмоқчи бўлди. Улар ўзаро болани тортқилашди. Охири бола йиғлаб юборди. Сўнг иккови Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига боришди. У:
«مسحها وحجرها وريحها خير له منك حتى يشب الغلام فيختار لنفسه»
«Бола улғайиб, ўзи танлаб оладиган бўлгунча онасининг ювиб-тараши, бағри ва ҳиди унга сендан кўра яхшироқдир», деди». Агар она турмушга чиққан ёки майиб-мажруҳ бўлиб, боқувчилик шартлари топилмай, боқишга яроқли бўлмаса, у йўқдек ҳисобланади. Боқиш ҳуқуқи ундан кейинги шахсга ўтади. Агар ота-она боқишга яроқли бўлмасалар, боқиш улардан кейингиларга ўтади. Бу ҳолатда улар йўқдек ҳисобланадилар. Боқишга, тарбиялашга ҳаммадан кўра она ҳақлидир. Ундан сўнг унинг оналари, агар улар кўп бўлса, уларнинг энг яқини ҳақли бўлади. Чунки улар туққанлари аниқ бўлган аёллардир. Демак, улар она ўрнидадирлар. Сўнг ота, сўнгра унинг оналари. Сўнг бобо. Сўнгра, гарчи меросхўр бўлмасалар ҳам, отанинг бобоси ва унинг оналари. Чунки улар қариндошлик туфайли боқишга яроқлилар жумласига кирадилар. Оталар ва оналар тугаса, боқишлик опа-сингилларга ўтади. Бир ота-онадан бўлган опа-сингил муқаддам қўйилади. Сўнг ота бир опа-сингил, сўнгра она бир опа-сингил туради. Боқувчилардан ҳисоблангани учун опа-сингил ака-укадан муқаддам қўйилади. Шунингдек, опа-сингил улар даражасидаги эркаклардан ҳам муқаддам қўйилади. Агар опа-сингил йўқ бўлса, бир ота-онадан бўлган ака-укаси лойиқроқдир. Сўнг ота бир бўлган ака-ука. Сўнг уларнинг ўғиллари. Онадан бўлган ака-ука эса, боқишга ҳақли эмас. Агар мазкур шахслар йўқ бўлса, боқиш холаларга ўтади. Агар холалар йўқ бўлса, аммаларига ўтади. Сўнг бир ота-она бўлган амаки болани боқади. Сўнг ота бир амакиси. Она бир амакиси боқишга ҳақли эмас. Агар улар йўқ бўлсалар, бола она тарафидан бўлган холалар қарамоғида бўлади. Сўнг ота тарафидан бўлган холалар, сўнг ота тарафидан бўлган аммалар. Онанинг аммалари болани ўз қарамоғларига олмайдилар. Чунки онанинг аммалари қариндошлик жиҳатидан онанинг отасига боғланадилар. Онанинг отаси болани боқишга ҳақли эмас.
Кафилликка олишга ҳақли бўлган шахслар йўқ бўлсалар ёки кафилликка олишга ярамасалар, болани боқиш бошқаларга ўтади. Агар боқишга ҳаққи бўлган шахс болани боқмаса, болани боқиш бошқа шахсга – агар унда болани боқиш аниқ амалга ошсагина – ўтади. Чунки болани боқиш боқувчининг ҳуқуқигина эмас, балки унинг вазифаси ҳамдир. Боқишга яроқли одам ўз вазифасини бажарсагина қарамоғидаги шахснинг ҳаққини адо этган бўлади. Шундагина боқишни тарк этган боқувчидан боқишлик юқоридаги тартибда ундан кейинги шахсга ўтади. Агар боқиш ҳаққини ўзидан соқит қилган шахс ўз ҳуқуқини қайтармоқчи бўлса, ҳуқуқ тикланади ва бола унга қайтарилади. Шунга ўхшаб она турмуш қурса, боқиш ҳуқуқи ундан соқит бўлади. Сўнг талоқ қилиниб, болага кафиллик қилишга қайтса, ҳуқуқи тикланади. Шунингдек, боқишга ҳаққи бўлган қариндошлар бирор монелик туфайли болани боқмасалар, сўнгра моне йўқолса, болани боқишдаги ҳуқуқлари ҳам қайтади.
Агар бир жамоат болани боқишга қайсилари ҳақлироқ эканлигида келиша олмасалар, боқишга ҳақлироқ шахс устун қўйилади. Барро ибн Озибдан ривоят қилинадики: «Ҳамзанинг қизи хусусида Али, Жаъфар ва Зайд тортишиб қолишди. Али дедики: «Унга мен ҳақлироқман. У – амакимнинг қизи». Жаъфар деди: «Бу – амакимнинг қизи, унинг холаси менинг жуфтим». Зайд деди: «У – акамнинг фарзанди». Расулуллоҳﷺ қизчани холасига, деб ҳукм чиқариб:
«الخالة بمنز لة الأم»
«Хола она ўрнидадир», дедилар». (Бухорий ривояти)
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси
28.11.2020й
Муслима синглимиз Роҳиланинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор қиламиз
Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг қурбон ҳайити табриги
Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг қурбон ҳайити табриги
Насроний аёлга никоҳ қилганда валий тўғрисидаги саволга жавоб