Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uzdiplomat 31.12.2025й): 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги тартиб кучга кирмоқда.
Изоҳ: Ушбу тартибга кўра, чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатувчи ЯТТ ва ўзбандлар махсус электрон QR-кодга эга бўлиши шарт қилиб белгиланди. Расмий идоралар мазкур чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – иқтисодиётни рақамлаштириш, “яширин иқтисодиёт” улушини камайтириш ва кичик тадбиркорларнинг даромадларини легаллаштириш эканини таъкидламоқда. Ҳукуматнинг иддаосига кўра, бу тизим тўловлар шаффофлигини таъминлайди ва солиқ маъмуриятчилигини соддалаштиради. Бироқ амалда мазкур QR-код фақат Paynet Xolis иловаси орқали генерация қилиниши ва бошқа банк ёки тўлов тизимларининг бу жараёндан четлатилгани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, бу тартиб амалда миллионлаб тадбиркорларни битта хусусий монополияга мажбурий боғлаб қўйган. Шунингдек, ушбу илова орқали берилган чекларга 1 фоизлик кэшбек қайтарилмаслиги ва тадбиркор ўз пулини картага чиқаришда 0,9 фоизлик асоссиз комиссия тўлаши тизимнинг асосий моҳиятини очиб бермоқда. Яъни ҳукуматнинг “рақамлаштириш” ва “шаффофлик” ҳақидаги даъволари аслида маълум бир гуруҳлар манфаати учун ниқоб эканини кўрсатмоқда. Бу капиталистик тузумдаги лоббизмнинг яққол намунаси бўлиб, унда сиёсий ҳокимият ва йирик бизнес вакиллари халқни тизимли талон-торож қилиш учун тил бириктирадилар. “Яширин иқтисодиёт” улушини камайтириш ва кичик тадбиркорларнинг даромадларини легаллаштиришдан кўзланган мақсад эса, солиқ базасини кенгайтириб, бюджетга тушумларни кўпайтиришдир. Бу, албатта, яна учма-уч кун кўраётган одамлар ҳақига чанг солиш ҳисобланади. Исломда эса бундай талончиликка асло йўл қўйилмайди. Ислом тузумида тадбиркорлик фаолияти учун ҳеч қандай солиқлар, мажбурий тўловлар ёки комиссиялар йўқ. Тадбиркорларга Ислом аҳкомларида белгиланганидан бошқа ҳеч қандай молиявий мажбурият юкланмайди. Шунингдек, одамларнинг мулкини ботил йўл билан ейиш ва бойликнинг фақат бир гуруҳ шахслар қўлида айланишини таъминловчи монополияларга ҳам тамоман барҳам берилади.
Хабар (gazeta.uz 02.01.2026й): Тармоқларда Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари Ўзбекистон фуқароларини калтаклагани, улардан бири вафот этгани хабари тарқалди. Ўзбекистон ТИВ фуқаро ўлимини тасдиқлаб, Россияга нота юборилганини маълум қилди.
Изоҳ: Ижтимоий тармоқларда 2025 йил 12 декабр куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ОМОН ходимлари Ўзбекистон фуқароларини калтаклагани, улардан икки нафари комага тушгани ҳақида маълумот тарқалди. Кейинроқ улардан бири вафот этган. Маълум қилинишича, воқеа кафелардан бирида ўтказилган рейд вақтида содир бўлган. Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош консулхона эса одатдагидек “вазият назоратда”, “нота юборилди”, “холисона ўрганиш сўралди” каби қуруқ ва жонсиз баёнотлар билан чекланди. Ҳар галгидек, ўзбек дипломатларининг “устувор вазифаси” фуқаро ҳаёти ва обрўсини ҳимоя қилиш эмас, балки майитни ватанга қайтариш бўйича “юк ташувчилик” хизматини бажариш бўлиб қолмоқда. Бу ўзбек ҳукуматининг нақадар хор, заиф ва ўз халқи олдида масъулиятини бажаришдан ожиз эканининг навбатдаги очиқ исботидир! Россияда ўзбекистонлик муҳожирлар таҳқирланмоқда, калтакланмоқда, ҳеч бир асоссиз қамоқларга ташланмоқда ёки Хабаровскдаги каби жон таслим қилмоқда. Путин режими ва унинг жаллод полицияси мусулмон муҳожирларга нисбатан ҳаддидан ошиб кетди, уларни ҳатто инсон ўрнида кўрмай қўйди. Бу ваҳшийликлар олдида Ўзбекистон ҳукумати эса “стратегик шерикчилик” ниқоби остида ўрисга ялтоқланишдан бошқасига ярамаяпти. Ўзбек режими учун муҳожир фақат ватанга валюта юборувчи, иқтисодий тешикларни ёпувчи жонсиз бир “статистика”дир. Агар муҳожир ўлса, унинг ўрнига бошқаси боради, лекин “катта оға” бўлмиш Россия билан муносабатларга путур етмаслиги, раҳбарларнинг тинчи бузилмаслиги ҳаммасидан муҳимроқдир. Бу – масъулиятсизликнинг олий намунасидир! Исломда эса битта мусулмоннинг қони ва обрўси тўкилиши Каъбанинг вайрон бўлишидан кўра азизроқдир. Токи, биз капиталистик демократия тузумидан воз кечиб, ўз азизлигимиз, ўз динимиз – Исломга тўлақонли қайтмас эканмиз, Хабаровскдаги фожиалар ҳеч қачон тўхтамайди. Бизга қоғозда “нота” ёзадиган дипломатлар эмас, золимнинг қўлини синдирадиган, мусулмоннинг қони учун дунёни оёққа турғизадиган Халифа зарур! Шундагина мусулмонлар ҳеч қаерда ҳимоясиз қолмайди, балки ўз давлатининг ҳайбати ва илоҳий адолат соясида азиз бўлиб яшайди.
Хабар (gazeta.uz 03.01.2026й): 3 январга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий кучлари Венесуэла пойтахти Каракасдаги стратегик объектлар ва ҳарбий базаларга ҳаводан зарба берди. Президент Дональд Трамп ушбу «кенг кўламли операция» натижасида Николас Мадуро ва унинг рафиқаси қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини расман тасдиқлади.
Изоҳ: Албатта, Венесуэлага ҳужум қилиш Американинг биринчи босқини эмас ва ҳайрон қоларли иш ҳам эмас. Зеро, Вашингтоннинг халқаро қонунлар, бошқа давлатлар суверенитетини оёқости қилиши янгилик эмас. Жумладан, Ироқ ва Афғонистонга турли важ-карсонлар билан ҳужум қилган ҳам айнан мана шу Америкадир. Фақат ҳозир у босқин сабабини ниқобламай, асл мақсадини очиқ-ойдин айтмоқда. Трампнинг Венесуэла ҳақида “улар биздан нефтимизни тортиб олишди, бу Америка тарихидаги энг буюк ўғирликдир” деган сўзлари буни яққол тасдиқлаб турибди. Бугун Америка сингари йирик давлатлар ўзлари ўйлаб топган халқаро тартиб ва қонунларга тупуриб қўйиб, хоҳлаганини қилаётган бир пайтда, исломий юртлардаги режимлар унга бўйсунишда давом этишяпти. Марказий Осиёдаги режимлар, айниқса ўзбек ҳукумати ҳам шулар жумласидан. Агар Американинг аввалги босқинлари бу режимларга ибрат бўлмаган бўлса, Венесуэла воқеасидан тўғри хулоса чиқара оладилармикин?! Аслида, бу каби ҳодисалар режимларга берилаётган сигналдир. Яъни агар бугун Америка сизларга кулиб қараётган бўлса, эртага умуман тўнини тескари кийиб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу йиртқич мустамлакачи кофир давлатлар асло суяниб бўлмайдиган чирик устунлардир. Аслида, улар биз мусулмонларнинг ҳақиқий душманларимиздир. Устимизга ўтириб олган режимлар ниҳоят тушуниб етишлари зарурки, Аллоҳнинг арқонидан бошқасига боғланиш аниқ ҳалокатдир. Аллоҳдан ўзгага суяниш, ўз мусулмон халқи билан бир тан-бир жон бўлиб бирлашиш ўрнига, бошқа томондан куч-қудрат ва азизлик излаш, ёрдам кутишнинг охири афсус-надомат ва шармандаликдан бошқа нарса келтирмайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿أَيَبۡتَغُونَ عِندَهُمُ ٱلۡعِزَّةَ فَإِنَّ ٱلۡعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعٗا﴾
– “Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бўладилар!) Зеро, бор куч-қудрат Аллоҳникидир”. (Нисо:139)
Хабар (uzdiplomat 03.01.2026й): 2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларга, ялпи ташқи қарзи эса 82,4 млрд долларга етди.
Изоҳ: Марказий банк маълумотларига кўра, ялпи ташқи қарз 82,4 млрд долларга етган бўлиб, йил бошига нисбатан 15,9%га (11,3 млрд долларга) ошган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан қарз жалб қилиш суръатининг 64%га тезлашганини кўрсатади. Афтидан, Ўзбекистон ҳукумати асосан олтин-валюта захиралари ортиши сабабли қарз олишдан “қўрқмаётган” кўринади. Албатта, бу олтин нархининг рекорд даражада ошгани билан боғлиқ. Аммо бу риболи қарзларнинг нафақат иқтисодимиз, балки мусулмон халқимиз эътиқоди, ҳаёт тарзи, эртанги кунига қанчалик улкан хатар туғдираётгани ҳали англаб етилгани йўқ. Чунки молия ва иқтисод соҳаси мутахассислари – у хоҳ режим ҳимоячиси бўлсин, хоҳ танқидчиси бўлсин – бу қарзларга фақат ўз соҳаси доирасида қарамоқда. Бундай қараш тор, сиёсатдан узилган ва капиталистча қараш бўлиб, оқибатларни тўғри баҳолашга асло ярамайди. Бунинг натижасида нафақат қарзлар келтирадиган улкан иқтисодий зарарлар, балки уларнинг ортида турган шартлар ҳар доим эътибордан четда қолдирилади. Ваҳоланки, мазкур шартлар фақат иқтисодий эмас, балки юртимизда демократик ислоҳотлар ўтказишга оидлари ҳам бор. Яъни ўзбек режими Ғарбдаги мустамлакачи давлатлар манфаатларига хизмат қилувчи халқаро молиявий ташкилотлардан қарз олар экан, мусулмон халқимизга етти ёт бегона бўлган “гендер тенглиги” каби чирик Ғарб қарашларини тиқиштириш мажбуриятини ҳам бўйнига олади. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар қандай инсон қандай қилиб бунга кўз юмиши мумкин? Зеро, мусулмон шахс ким бўлиши ва қайси соҳада фаолият юритишидан қатъий назар, нарсалар ва воқеа-ҳодисаларга ўз ақидаси нуқтаи назаридан қараши, яъни Исломий сиёсий онгга эга бўлиши вожибдир! Чунки у аввало мусулмон, кейин молиячи, иқтисодчи ва ҳоказо. Ҳукуматнинг узоқни кўзламай юритаётган тобелик сиёсати халқимизни мана шундай моддий ва маънавий хатарларга гирифтор қилаётган экан, юртимиз мусулмонлари ва айниқса зиёли қатламнинг бунга бефарқ бўлиши худди чўкаётган кемада томошабин бўлиш билан баробардир. Шунга кўра, биринчи навбатда, айнан мусулмон зиёлилар ўз бўйнидаги масъулиятни яхши англаган ва Аллоҳдан қўрққан ҳолда халқимизга тўғри йўл кўрсатишлари зарур.
Хабар (uzdiplomat 04.01.2026й): 2025 йил коммунал хизматлар ҳақи энг кўп ошган йил бўлди.
Изоҳ: Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, табиий газ нархи йиллик ҳисобда 39,2 фоизга, ичимлик суви 35,1 фоизга, чиқинди олиб чиқиш хизмати эса 32,5 фоизга қимматлашган. Электр энергияси ва иссиқлик таъминотидаги ўсиш ҳам сезиларли бўлиб, бу ўзгаришлар республиканинг барча ҳудудларида аҳоли харажатларига салбий таъсир кўрсатди. Бироқ бу ҳукуматни асло ташвишлантирмаяпти. Бунинг икки асосий сабаби бор: бюджетни тўлдириш ва очкўз хорижий компаниялар учун шароит ҳозирлаш. Маълумки, сўнгги йилларда олинган миллиардлаб долларлик қарзларни қайтариш харажатлари ўсиб бормоқда. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби халқаро молиявий ташкилотлар “энергетика бозорини либераллаштириш” ниқоби остида ички нархларни жаҳон нархларига яқинлаштиришни талаб қилмоқда. Бу “ислоҳот”лар эса, айнан бюджетни тўлдириш ва инвесторлар деб аталаётган очкўз компанияларни жалб қилишга қаратилган. Шунингдек, ҳукумат тарифларнинг ошишини “энергетика тизимини модернизация қилиш” билан изоҳламоқда. Аммо худди шу мақсадда олинган миллиардлаб қарзларнинг қаёққа ғойиб бўлгани борасида ҳисоб бермайди. Бироқ халқимиз ҳам ҳозир ҳукуматнинг бундай ҳийла-найрангларига ишониб кетаверадиган оми эмас. Қолаверса, устимизда татбиқ қилинаётган капиталистик тузумда газ, сув, электр каби ресурсларга эҳтиёжларни қондирувчи восита эмас, даромад келтирувчи товар деб қаралади. Одамлар эса эҳтиёжлари таъминланиши ва ғамхўрлик қилиниши керак бўлган инсон эмас, балки истеъмолчи ва молиявий тешикларни ёпувчи ресурс сифатида кўрилади. Мусулмонлар капиталистик иқтисодий низомнинг мана шундай қинғир-ботил иқтисод эканлигини англаб етишлари зарур. Шу билан бирга, уларга юрт бойликлари борасидаги Ислом аҳкомларини ўрганиш ва уларнинг татбиқини талаб қилиш ҳам шаръан вожибдир. Жумладан, Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмонлар уч нарсада – сув, ўт-ўлан ва оловда шерикдирлар”. (Абу Довуд ривояти).
Хабар (uzdiplomat 05.01.2026й): Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Россия тарафдан Украинага қарши урушга ўзбекистонлик аёллар ҳам жалб этилаётганини ёзмоқда.
Изоҳ: Бу каби нохуш хабарлар жамиятимизни ларзага солмоқда: Путин режими Украина урушига энди нафақат ўзбекистонлик эркакларни, балки аёлларни ҳам турли йўллар билан юборяпти. Россияда урушга ўзбек аёлларини сафарбар қилиш ҳолатлари кўпаяётгани ҳақидаги мурожаатлар ҳукуматнинг ўз фуқаролари олдидаги масъулиятини янада оширади. Чунки аёллар ҳар қандай халқнинг ор-номуси ҳисобланади, унинг топталиши эса ўша халқ ва унинг бошида турган давлат учун ўта шармандали ҳолат. Бироқ афтидан ўзбек режими учун ўз фуқаролари бўлмиш ожиза аёлларнинг таҳқирланаётгани, “тўп еми” қилинаётгани унчалик ҳам таъсир қилмаётган кўринади. Агар бу нарса ҳукуматни ташвишга солганда, аввало йиллар давомида иқтисодий ночорлик сабаб минглаб аёллар ўз оиласи, фарзандларидан узоқда, бегона юртларда ишлашга мажбур бўлмасдилар. Ўзбек муслима аёлларининг бегона урушда қурбон бўлаётганига сукут сақлаш давлатнинг ўз фуқароси ҳаётидан кўра Россия билан бўлган алоқалар тақдирини устун қўяётганидан бошқа нарса эмас. Аслида, аёл кишининг жони ва шаъни давлатнинг кафолатли ҳимояси остида бўлиши керак эди, аммо бугунги чирик капиталистик демократия тузуми ва сиёсий қарамлик аёлларни қадри йўқ бир матоҳга айлантириб қўйди. Айни шу тузум аёлни ўз юртида боқа олмади ва уни четга “арзон товар” сифатида чиқариб юборди. Исломда эса аёл киши давлатнинг махсус ҳимоясидаги зотдир. Муслима аёлни тирикчилик учун кўчага, уруш учун жанг майдонига ташлаб қўйиш Исломий бошқарувда мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Аксинча, керак бўлса биргина муслиманинг номуси ва жони учун бутун қўшин оёққа туради. Токи, биз инсон қадрини ерга урган капиталистик низомдан воз кечиб, аёлни азиз қилувчи, унинг иқтисодий ва сиёсий ҳимоясини кафолатловчи Ислом адолатига қайтмас эканмиз, бундай хорлик ва шармандаликлар давом этаверади.
Хабар (gazeta.uz 05.01.2026й): 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда двигатель ҳажми 1000 ва 1200 см кубгача бўлган кам литражли автомобиллар импорти учун берилган имтиёзли божхона божлари амал қилишдан тўхтади.
Изоҳ: 2023 йилда жорий этилган “ноль” ва “5 фоизлик” ставкалар эндиликда стандарт божхона тўловларига алмаштирилди. Эндиликда бундай автомобилларни олиб киришда божхона қийматининг 15 фоизи миқдоридаги бож ва ҳар бир см.куб учун қўшимча доллар тўловлари ундирилади. Бу эса аҳоли учун нисбатан арзонлашган кичик ҳажмли автомобиллар нархининг яна кескин ошишига олиб келади. Ҳукумат ушбу имтиёзларни жорий этганда асосий мақсад сифатида “ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш ва автомобилларни аҳоли учун янада ҳамёнбоп қилиш”ни кўрсатган эди. Ўша пайтда ички бозордаги монополистнинг нархлари ва автомобил кутиш навбатлари энг юқори нуқтага чиққани сабабли, ҳукумат норозиликни пасайтириш учун “клапан”ни бироз очишга, яъни вақтинчалик эркинлик беришга мажбур бўлган эди. Аммо имтиёзларнинг узайтирилмагани шуни кўрсатадики, бу чора халқ фаровонлиги учун эмас, балки вазиятни вақтинча юмшатиш учун ишлатилган сиёсий манёвр бўлган. Қолаверса, бу қарор ортида маҳаллий монополистни (UzAuto Motors) хорижий рақобатдан ҳимоя қилиш ва бюджетдаги камомадни тўлдириш истаги ётибди. Капиталистик бошқарув тизимида давлатнинг бундай протекционистик сиёсати оддий халқнинг манфаатларини маълум бир йирик корпорациялар фойдасига қурбон қилишни англатади. Халқнинг ўз шахсий транспортига эга бўлиш ҳуқуқи сунъий божхона тўсиқлари орқали чекланмоқда. Бу эса иқтисодий жиҳатдан одамларни фақат битта ишлаб чиқарувчига маҳкум қилиш ҳамда унинг қиммат ва сифатсиз маҳсулотини сотиб олишга мажбурлашдир. Исломда эса давлатнинг асосий вазифаси халққа қийинчилик туғдириш эмас, балки тўсиқларни олиб ташлаш ва соғлом бозор муҳитини яратишдир. Шунингдек, ўз фуқаросига товар олиб киргани учун оғир божлар солиш одамларнинг мулкини ноҳақ ейиш деб баҳоланади. Давлат маълум бир ширкатни монополист қилиб қўйиши ёки бошқаларга тўсиқ қўйиши мумкин эмас. Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилганлар: “Божхона тўлови (ноҳақ пул) олувчи жаннатга кирмайди”. (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Форуқ
10.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми