Рақамлар давлатга керак, лекин фуқаронинг шахсий дахлсизлиги қаерда?
Рақамлар давлатга керак, лекин фуқаронинг шахсий дахлсизлиги қаерда?
بِسْمِ ٱللّٰهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
2026 йил 15 январдан Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш бошланди. Расмий изоҳларга кўра, бу жараён ижтимоий-иқтисодий режалаштириш, мактаб ва шифохоналарни тўғри жойлаштириш, демографик ҳолатни аниқ баҳолаш мақсадларига хизмат қилади. Бу мантиқан асосли ва халқаро амалиётда қўлланиладиган тадбир.
Бироқ жамиятда битта асосий савол очиқ қолмоқда: давлат ҳисоб олмоқчи экан, фуқаронинг шахсий маълумотлари қаергача дахлсиз қолади?
Ҳисоб ва суриштириш орасидаги нозик чегара
Тарихий тажрибага мурожаат қилсак, собиқ Совет Иттифоқи даврида ҳам аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган. У пайтда ёш, жинс, миллат, касб, таълим каби асосий демографик кўрсаткичлар ҳисобга олинган ва жараён, асосан, аҳоли сони ва таркибини аниқлаш билан чекланган. Бугунги сўровнома эса анча кенг қамровли:
яшаш шароити,
миграция тарихи,
уй-жой имкониятлари,
маиший ва ижтимоий шароитга оид маълумотлар.
Расмий изоҳга кўра, булар ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш учун керак. Лекин айнан шу ерда асосий савол пайдо бўлади: ҳисоб олиш қаерда тугайди, суриштириш қаердан бошланади?
Ишонч муаммоси ва очиқлик етишмаслиги
Давлат маълумотлар фақат статистик мақсадларда ишлатилишини таъкидламоқда. Аммо жамиятда ишонч шунчаки баёнот билан эмас, очиқлик ва ҳуқуқий аниқлик билан шаклланади. Аслида энг катта муаммо шу ерда:
сўровноманинг тўлиқ матни олдиндан жамоатчиликка тақдим этилмади;
қайси саволлар мажбурий, қайсилари ихтиёрий экани аниқ белгилаб берилмади;
маълумотлар қандай сақланиши ва ҳимоя қилиниши оддий тилда тушунтирилмади.
Натижада жамиятда табиий шубҳа пайдо бўлмоқда: “Бугун статистика учун берилган маълумот эртага назорат, текширув ёки тазйиқ воситасига айланиб қолмайдими?” Бу саволни рад этиш мумкин, аммо уни пайдо қилган омилларни инкор этиб бўлмайди.
Исломий тажриба: ҳисоб бор, тажассус (жосуслик қилиш) йўқ
Муҳим жиҳати шундаки, Ислом давлатчилигида ҳам аҳолини ҳисобга олиш амалиёти мавжуд бўлган. Лекин ундан кўзланган мақсад – умматнинг бугуни ва эртаси учун зарур бўлган эҳтиёжларни қондиришга қаратилган самарали режалар тузиш эди. Яъни ҳисоб – хизмат учун, назорат учун эмас. Маълумот – ёрдам воситаси, босим қуроли эмас.
Ислом таълимотида инсон фақат рақам эмас. У – омонат, шаън ва дахлсизликка эга мавжудотдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳисоб-китоб уммат манфаатига қаратилган бўлиши шарт. Қуръони Каримда очиқ огоҳлантирилади:
وَلَا تَجَسَّسُوا
– “Бир-бирингизга жосуслик қилманг…” (Ҳужурот:12)
Бу огоҳлантириш фақат шахсларга эмас, тизимларга ҳам тааллуқли. Давлат жамият манфаати учун маълумот сўраши мумкин, лекин у: ортиқча суриштиришга, инсонни очилишга мажбурлашга, маълумотни назорат ёки тазйиқ воситасига айлантиришга ҳақли эмас.
Исломда омонат тушунчаси бор. Фуқаро берган ҳар бир маълумот – омонат. Уни олиш ҳам, сақлаш ҳам, ишлатиш ҳам жавобгарликдир. Агар омонатга хиёнат қилинса, ишонч йўқолади. Ишонч йўқ жойда эса, ҳеч қандай ислоҳот самара бермайди.
Шунинг учун аҳолини рўйхатга олиш адолат, ҳурмат ва иймон билан уммат манфаати учун Аллоҳдан тақво қилиб амалга оширилиши лозим. Чунки Исломда ҳам, ҳаётда ҳам бир ҳақиқат ўзгармас: инсонни ҳурмат қилмаган тузум, рақамлари қанчалик аниқ бўлмасин, ишонч қозона олмайди ва самара бермайди.
Муҳиддин
21.01.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми