Де Мистура принципларини қабул қилиш Аллоҳга, Росулига ва мўминларга хиёнатдир
بسم الله الرحمن الرحيم
Роя газетаси:
Де Мистура принципларини қабул қилиш Аллоҳга, Росулига ва мўминларга хиёнатдир
Абдуллоҳ Маҳмуд қаламига мансуб
БМТнинг Суриядаги махсус вакили Стефан де Мистура Женева-3 музокараларининг биринчи босқичини 2016 йил 24 мартдаги матбуот конференцияси билан якунлади. У матбуот конференциясида ҳар икки музокарачилар делегациясига ҳам муштарак келишув пунктлари кўрсатилган ҳужжатни тақдим қилганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат «Сурияда сиёсий ечимга эришишнинг асосий принциплари» номи остида ўн икки бандни ўз ичига олади. Тахмин қилиш мумкинки, ушбу ҳужжат – де Мистура ва унинг ёрдамчиси кузатуви остида – ҳар икки делегация вакилларининг муштарак розилиги билан қабул қилинган пунктларни ўз ичига олган. Зеро, ҳужжат муқаддимасида қуйидаги сўзлар келади: «… Махсус вакил сўзлашувлар жараёнида Сурия келажаги қандай бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги қарашларда томонлар ўртасида бир-бирига мос пунктлар (қарашлар) борлигини кузатган. Музокараларнинг келгуси босқичига ҳозирлик кўришда ёрдам бўлиши учун махсус вакил сўзлашувларнинг муштарак элементларини тўплаш тўғрисида ўз ёрдамчисига йўлланмалар берди. Музокараларнинг келгуси босқичида асосий диққат-эътибор сиёсий ўтиш даври масаласига қаратилиши кутилмоқда».
Мухолафат делегациясининг де Мистура ҳужжатига нисбатан дастлабки реакцияси, ушбу делегация матбуот маслаҳатчиси Аҳмад Комил айтиб ўтганидек, қуйидагича бўлди: «Де Мистура мухолафатга тақдим этган ҳужжатда Сурияда сиёсий ўтиш даврига етиб боришга оид ўз қарашларини ифодалаган. Комилнинг таъбирича: «Агар айни ҳужжат татбиқ этиладиган бўлса, у сиёсий ўтиш даврига олиб боради». Комил «Арабий Явм», араб телевизион тармоғида – де Мистура тақдим этган ҳужжат билан мухолафат тақдим қилган ҳужжат ўртасида деярли фарқ йўқлигини ва бу борада оддий мулоҳазалар мавжудлигини қўшимча қилди». «У – бу ҳужжат мухолафат тақдим қилган ҳужжатдан унчалик йироқ эмаслигини таъкидлади». (Араб телевизион тармоғи 2016 йил 20 март).
Мухолафат делегацияси аъзоларидан бири Бассма Кодмани ҳам бундай баёнот берди: «Мана шу икки ҳафтани шундай бир шуур билан тугатмоқдамизки, биз келгуси босқичга тамал тошини қўйдик, десак ҳам бўлади». Кейин «Биз бундай муҳим музокаралар ўтказган эмасдик», дея қўшимча қилди. У ушбу ҳужжатни барча томонлар ўртасида ўзаро яқинликни пайдо қилувчи пунктларга оид де Мистура қарашларини ўз ичига олувчи «конструктив» ҳужжат, дея баҳолади. (Араб саҳифаси 2016 йил 25 март). Музокаралар олий ҳайъати аъзоси Риёз Аға бундай деди: «Ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат борки, барча сурияликлар бу борада ихтилоф қилмайдилар. Энди, Де Мистура тақдим этган диалоглар мажмуаси ҳам мана шу барча иттифоқ қилган, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатлар жумласидандир. (Исламул Явм 2016 йил 25 март). Бундай реакцияларнинг барчаси мухолафат делегациясининг де Мистура ҳужжатида айтилган нарсаларга аввалдан рози бўлганига ҳамда ҳужжатда келган нарсалар – асосан, келгуси босқичдаги сўзлашувларга оид нарсалар – шу делегация учун маъқул келганига далолат қилади. Мухолафат реакцияси Асад режимининг реакциясидан бир озгина фарқ қилади, холос. Яъни режим ҳужжатларни «келгуси музокаралар босқичидан олдин Дамашқда қайта кўриб чиқилиши»ни айтиб ўтди.
Ҳужжат оммавий ахборот воситаларида тафсилотлари билан тарқатилиб, ундаги яширинган хиёнат ошкор бўлгач, мухолафат делегацияси ўз позициясини бир оз ўзгартира бошлади ва аввалги реакциясидан қочишга уринди… Музокаралар олий ҳайъати аъзоси Фуад Алико мухолафатга Де Мистура томонидан ҳужжат тақдим этилганини айтиб бундай деди: («Биз ҳам ҳужжатга мулоҳазаларимизни қўшдик», бироқ унга имзо чекмадик, ёки розилигимизни билдирмадик. Айниқса, ўтиш даври бошқарув ҳайъати билан боғлиқ масалаларда хиралик топдик. Биз ҳайъатда ижроий салоҳиятлар, жумладан, президент салоҳиятлари тўлиқ бўлиши керак, бинобарин, Асад кетиши керак, деган гапимизда қаттиқ турибмиз». (Шарқул Авсат 2016 йил 27 март). Муҳаммад Аллуш ижтимоий сайтларда чиққан ўзининг аудио баёнотида «Женевада ўртага ташланган ташаббусдаги сўнгги сўз эгаси жангчи гуруҳ қўмондонлари, қўзғолончилар ва сурияликлардир, чунки қарор эгалари улардир, деди. Кейин эса бу ҳужжат БМТнинг Суриядаги вакили Стефан де Мистурага хос ҳужжат эканини, уни де Мистуранинг ўзи тузганини, икки томоннинг розилиги асосида тузилмаганини алоҳида урғулади. Сўнг ҳужжатга розилик ёки имзо чекиш амалга ошмаганини таъкидлади». (Росд Сурия (Сурия мониторинг) тармоғи 2016 йил 27 март).
Аввалги ва кейинги баёнотларни диққат билан кузатилса, шу нарса аён бўладики, Музокаралар олий ҳайъати дея аталаётган делегация ҳужжатда келган нарсаларни инкор этмади, балки инкор этишини ўтиш даври бошқаруви пайтида ҳайъатга бериладиган салоҳиятлар ва Асад тақдирига қаратди, холос. Яъни ҳужжатда муфассал келтирилмаган пунктларни инкор этди. Аммо ҳужжат матнида айтилган ва муфассал келтирилган пунктларни эса қабул қилиб, олқишлади, уларга мухолафатнинг талаблари, дея баҳо берди. Ҳатто Аға – де Мистура тақдим қилган нарсаларни «ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», деди!
Шу ўринда музокаралар олий ҳайъати томонидан де Мистура ҳужжатида келган нарсаларни «ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат», дея баҳо берилганига бир назар ташласак, яхши бўлар эди. Гап шундаки, Суриядаги сиёсий ечимнинг дастлабки принциплари бўйича, босиб олинган Жўлон тепалиги фақат тинч йўл билан қайтариб олиниши айтилди. Масалан де Мистура ҳужжатида бундай дейилган: «Сурия суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги… ҳурмат қилинади. Сурия халқи босиб олинган Жўлон тепаликларини тинч йўллар билан қайтариб олишга риоя қилиб келмоқда». Қизиқ! Бу олий ҳайъатдагилардан бирортаси режим билан бўлган музокараларида нега Жўлон масаласи кўтарилиб қолганини айтиб бера олармикинлар?! Шом аҳлининг ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқати «яҳудийлар давлати» билан тинчлик ўрнатиш, Сурия асосланадиган дастлабки принциплар эса яҳудийларга тиз чўкиш эканда?!
Де Мистура принципларидан яна бири, давлатнинг илмонийлигидир. Бу ҳақда ҳужжатда бундай дейилган: «Сурия тоифачиликдан йироқ демократик давлат бўлиб, ватанпарварлик ва сиёсий плюрализмга ҳамда Сурия жамиятининг барча таркибий қисмларини тамсил қилишга асосланган…». Демократик давлат назарияси шуки, унда бошқарув ва қонунчилик халқнинг қўлида бўлади. Аммо барча мусулмонлардаги ҳеч қандай исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат эса қонунчилик фақат Аллоҳнинг қўлида бўлишидир. Ўзларини билимдон санайдиган баъзи бир ночор кимсалар эса – демократия воситасида исломий бошқарувга етиб бормоқчимиз, чунки Сурия аҳли сайлов қутилари орқали Исломни ихтиёр қиладилар, деган фикрни тарқатиб юришибди. Улар бу билан қонунчилик ҳуқуқини Аллоҳни қўйиб ўзларига бериб қўйишмоқда. Ҳолбуки, бунинг ҳаромлигига очиқ далиллар келган, Аллоҳнинг ўрнига қонун чиқариш ҳеч кимга рухсат берилмагани тўғрисида қатъий нусуслар бор. Мана, де Мистура принциплари пайдо бўлиб, ана шу ночор кимсалар олдида барча эшикларни ёпиб қўйди. Ушбу принципларда уларга қарата: Сурия сиёсий плюрализмга асосланган демократик давлат, дея хитоб қилинмоқда… Чунки сиёсий плюрализм (Political pluralism), деган сўз алоҳида маънога эга истилоҳ бўлиб, шериклик асосидаги бошқарувни англатади. Унда давлат сиёсати бир тўп жамоанинг истаклари ва эҳтиёжларига қараб белгиланади, кўпчилик, деган нарса бўлмайди. Зеро, жамиятдаги ҳар бир шахс истаклари ва эҳтиёжларини қондиришга ишонч ҳосил қилиш учун эса ҳукуматнинг асосий фикрлари шахслар ва жамоалар фикрларини ўзида гавдалантирмоғи лозим. Плюралистик демократия кўпчилик бошқарувига асосланган демократияга мос келади. Бундан шу нарса аён бўляптики, Сурия аҳлининг кўпчилиги агар Исломни танласа ҳам, бунга ҳаргиз рухсат берилмайди, чунки давлат плюрализмга асосланган.
Бир оёғини музокараларга, яна бир оёғини қўзғолонга қўйган кимсалардан баъзилари де Мистура ҳужжатини инкор қилар экан, бу ҳужжатни бутунлай инкор қилмаганлиги эътиборни тортади. Ҳолбуки у онгли равишда: Сурияда Ислом бошқаруви ва Ислом шариатидан бошқаси учун ҳеч бир ўрин йўқ, деб айтиши керак эди. Лекин унинг инкори бундай бўлмади. Аксинча инкор қилиши «чунки бу ҳужжат халқ талабларини оёқ ости қилади ва режимни қайта тиклайди» деган мазмунда мужмал бўлди. Ҳолбуки бундай инкор қилиш ва қоралаб қўйиш жавобгарликдан озод қилмайди. Аксинча бу масалада жавобгарликдан озод қиладиган нарса Америка бошқараётган барча музокараларни рад этиш, режим билан музокара олиб бораётган кимсаларни рад этиш ва Сурия ҳеч қачон куфр ва унинг ҳукмлари учун қароргоҳ бўлмайди, Сурия Набий САВ «Ислом диёрининг маркази» деб номлагандек ўлка бўлади деб баралла эълон қилишдир. Ана шунда де Мистура ўз принциплари «натижаси»га эришиб, Шом қўзғолони борасидаги ташвиши янада ортади.
Шуни таъкидлаш жоизки, де Мистура томонидан ушбу принциплар ҳужжати ҳамда музокараларнинг иккинчи босқичи эълон қилиниши Керрининг Москвага сафар қилиши билан бир вақтга тўғри келди. У Путин ҳамда Лавров билан учрашди. Керри билан Путин ўртасидаги суҳбат тўрт соат давом этди. Кейин Керрининг «Биз бунинг вақтини, Август ойида дастур лойиҳаси бўлиши зарурлигига келишиб олдик», дея қисқача эълони ҳам чиқди. Керри «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида ўзининг Москва сафари натижалари ҳақида сўзлар экан, «Биз аслини олганда, Москванинг экстремизм борасидаги хавотирларидан ҳамда Давлат ташкилоти ва бошқа экстремистларга қарши жанг қилишни хоҳлаётганидан мамнунмиз», деди. У яна айтдики: «Президент Путин ва Россия ҳамкорликда қандай фаолият қилишимиз билан боғлиқ бир неча муҳим қарорларни қабул қилмоғи лозим». Керрига кўра, Сурияда сулҳга эришиш йўлидаги Америка-Россия қўшма саъй-ҳаракатлари ижобий натижаларни берган. Шунингдек, бу нарса ҳар икки мамлакатга ҳам аввалги даврга нисбатан янада самарали ҳамкорликка қайтиш имкониятини берган. У сўзини давом эттириб, «Ўрта Шарқда жанг олиб бораётган ташкилотлар сафида минглаб рус фуқароларининг ҳам мавжудлигини эътиборга олганда, Суриядага ҳодисалар Россия учун хавфлидир», деди. Кейин бундай қўшимча қилди: «Ушбу террористларнинг ўз ватанларига қайтиш эҳтимоли борасидаги президент Путин хавотирларига шерикмиз. Ҳеч ким бундай бўлишини истамайди. Биз айни террористларнинг Брюссел, Париж ва бошқа давлатларга бориб, бегуноҳ инсонларни портлатишларини ҳам истамаймиз». (2016 йил 27 март Арабий-21). Тўғри, бу баёнотдаги огоҳлантирувлар зимнида таҳдидлар ҳам мавжуд. Бироқ афтидан, Керри ўзининг «қизил папка»сида Путинга атаб бир нарса олиб келган кўринади-ю, Путин уни билолмай доғда… У ҳам бўлса, Россиянинг Сурия масаласида Америкага хизмат қилишда давом этиши кафолатидир. Келаси август ойида дастур лойиҳаси бўлиши тўғрисидаги эълон Асаднинг тақдирини ўрганишга ҳали ҳам эрталигини англатади. Яъни Америка эски малайини ўрнини боса оладиган малай тайёрлашни ҳали ҳам тугатгани йўқ.
Аммо Шом қўзғолончилари орасида қўзғолончиларга мансуб бўлмаган, қўзғолончилар ҳам уларга мансуб бўлмаган шундай бир гуруҳ борлиги қайғули ва аламли ҳолатдир. Улар ўз юртларига кофирнинг қайтиб келишига, бу нарса яна қарор топишига тайёр кўприк бўлишяпти. Ҳолбуки, уни қайтиб келмас қилиб бутунлай қувиб солишга бир баҳя қолганди, ҳамма эшик ва деразалар беркитилганди. Улар бўлса куфрга қайта девордан туйнук очиб бермоқчи бўлишяпти. Йўқ, буни қаёқдан ҳам уддалашсин! Шоядки, Аллоҳ Субҳанаҳу бу кимсалар макрини ўзларига қайтариб урса ва тақдир чархпалагини ўзларига тўғрилаб қўйиб, ҳар бир хоин ва малайни фош этса… Натижада, Шом яна поклик ҳолатига қайтиб, ундан фақат Аллоҳга берган ваъдаларида содиқ турувчи ҳақиқий эр кишилари етишиб чиқсалар. Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар!
Роя газетасининг 2016 йил 30 март чоршанба кунги 71-сонидан
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми