Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (r_kusherbayev 05.04.2024й): БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий маърузасини кўриб чиқиб 234 та тавсия билдирган.
Изоҳ: Собиқ депутат, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ўз телеграм каналида ушбу тавсиялар ҳақида шундай ёзади: “Аммо тавсиялар ичида Жиноят кодексининг 120-моддасидаги ўзаро эркаклар ўртасидаги жинсий алоқа, яъни бесоқолбозлик учун жавобгарликни бекор қилиш, мактабларда жинсий тарбияни жорий этиш каби тавсиялар ўта баҳсли ҳисобланади. Бу оммавий аҳлоқсизликка олиб келиши, бошқа ғарб давлатлари каби бизда ҳам оила институтини пароканда қилиши мумкин”. Ҳа, албатта, Ғарб бугун мусулмон оилага қаттиқ ҳужум қилиб, уни пароканда қилиш пайида юрибди. Бу очиқ-ойдин кўриниб турганига қарамай, афсуски, ўзбек ҳукумати бундай чирик, бузғунчи тавсияларга худди бажарилиши шарт бўлган талабдек қарамоқда. Аслида ҳам шундай. Яъни уларни гарчи тавсия дейилаётган бўлса-да, амалда бу мустамлакачиларнинг буйруғидир. Ҳукумат азбаройи Ғарбни рози қилиш учун унинг ҳар бир сўзини ерда қолдирмаётганидан, энди бир жинслилар ўртасидаги ғайриинсоний алоқалар каби жирканчликларга ҳам рухсат бериши мумкинмикин, деган ўйга боради одам. Аввалроқ у таълим тизимига жинсий тарбия соатларини киргизишга уриниб кўрди, бироқ одамларнинг кескин норозилиги туфайли буни тўхтатди. Ҳукумат гўё мана шундай уринишлар билан халқ “томир”ини ушлаб кўриб, қайсидир бузуқ қонунни татбиқ қилса бўладими-йўқми, аниқлаб олаётганга ўхшайди. Ҳеч шубҳасиз, мусулмон халқимиз бундай жирканч ишларга рухсат берилишига асло рози бўлмайди. Бироқ ҳукумат ва ҳозиргача демократияга ишонаётган фаолларнинг кўзи қачон очиларкин?! Улар ҳеч бўлмаса, инсон ҳуқуқлари дея сафсата сотаётган анави Ғарбнинг Фаластиндаги мусулмонларни қирғин қилаётган сионист яҳуд режимини қўллаб келаётганига қарамайдиларми?! Инсон ҳуқуқлари деган нарса фақат юртимизга суқулиб кириш учун бир восита эканлигини наҳот тушуниш қийин бўлса?! Бу ёвуз кофир мустамлакачи давлатлар биз мусулмонлардан то уларнинг динига кирмагунимизгача асло рози бўлмасликларини англаш вақти етиб келмадимикин?!
و لن ترضى عنك اليهود و لا النصارى حتى تتبع ملتهم
– “яҳудий ва насоролар сиз уларнинг миллатига (динига) кирмагунингизгача асло сиздан рози бўлмаслар”. (Бақара:120)
Хабар (iibb.uz 06.04.2024й): Жорий йилнинг уч ойи давомида Тошкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган 1 068 нафар шахслар аниқланган бўлиб, маъмурий тартибда жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 209 та ҳолат аниқланган ва жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Изоҳ: Бу нақадар даҳшатли ва шармандали ҳолат! Бухори-ю Термизий авлодларининг бугунги аҳволи бошларни эгадиган даражага етиб келмаяптими?! Ҳа, буни эшитган ҳар бир иймон эгасининг эти жунжикмай қолмайди. Афсуски, бугун устимизда татбиқ қилинаётган ғайриисломий тузум, яъни демократиянинг аччиқ меваларини тотишга тўғри келяпти. Ҳеч шубҳа йўқки, жамиятда зино, қўшмачилик каби фаҳш ишларнинг кенг тарқалаётганлигига бош айбдор – мана шу бузуқ тузумни татбиқ қилаётган ҳукумат ҳисобланади. Буни қарангки, фаҳш билан шуғулланувчи кимсаларга нисбатан қонун бўйича бор-йўғи маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бу жазо ҳам нари борса БҲМнинг ўн баравари ёки ўн беш суткадан ошмайди. Энди кимдир бирор Исломий материалга “класс” босиб қўйса, жиноий жавобгарликка тортиляпти ёки энг камида катта жарима солиняпти. Ҳатто бу ишни бир неча йил олдин қилган бўлса ҳам, орган ходимлари кавлаб юриб, “айбдор”ни топиб жазолаяпти. Фаҳш ишларга эса жиноят сифатида эмас, балки жуда енгил, ҳатто арзимас бир қоидабузарликдек қараляпти. Шунинг учун ҳам демократик тузум ҳукмронлиги шароитида бузуқлик ва фаҳшнинг урчиши табиий ҳол. Исломда эса бунинг акси ўлароқ, зино жуда оғир гуноҳлар сирасидан ҳисобланиб, унга қаттиқ жазо чоралари белгиланган. Бу билан Ислом жамиятни турли бузуқликлардан сақлайди ва юксак ахлоқий даражага кўтаради. Жамиятда бузуқлик ёйилишига йўл очаётган кимсаларнинг жинояти ҳам улкан гуноҳлардан бўлиб, улар бу қилмишлари тўловини ҳар икки дунёда, албатта, берадилар.
إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَن تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ
– “Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир”. (Нур:19)
Хабар (president.uz 08.04.2024й): 8 апрел куни Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Изоҳ: Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахс афв этилди. Афв этилганларнинг 11 нафарини чет эл фуқаролари, 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Эътибор берилса, авф қилинганлар орасида, Исломни ўрганиб, унга имкон қадар амал қилган ва ўз дини учун нимадир қилмоқчи бўлган ёки қилган мусулмонлар ҳатто чет эл фуқароларидан ҳам озроқни ташкил қилган. Бинобарин, ушбу матндаги “эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатлар” деган жумла ҳам одамга эриш туюлади. Чунки “Роббим Аллоҳ” дегани учунгина 20 йиллаб қамоқда ноҳақ ушлаб турилган мазлумлар – жуда кеч бўлса ҳам – озод қилинишга ҳақлироқ эмасмиди?! Золим Каримов даврида ўта шафқатсизлик билан муомала қилинганлар – асосан Ҳизб ут-Таҳрир аъзолари бўлиб, ақлбовар қилмас қийноқлар ортидан улардан қанчаси шаҳид қилинди, яна қанчаси майиб-мажруҳ бўлди. Уларнинг оилаларига қилинган ҳар турли зулм ва таъқибларни санаб тугатиб бўлмайди… Албатта, Мирзиёев иқтидорга келгач, улардан бир қанчасини муддати тугагач – яна раскрутка қилинмай – озод қилинишларига қўйиб берилди. Бироқ ҳануз қамоқда яна шу каби мазлумлар ноҳақ сақлаб келиняпти. Агар Мирзиёев бошлиқ ҳукумат адолат ва инсоф билан иш тутмоқчи бўлса, ушбу мазлумларни ҳам ҳеч бир шартсиз озод қилиши унинг зиммасидаги асосий бурчлардан биридир. Зора, мана шу иш Аллоҳга манзур бўлиб, уларнинг гуноҳларини кечириб юборса ажаб эмас. Шунингдек, ҳукуматнинг ўз халқи олдида ҳам бу борада анчагина юзи ёруғ бўлган бўларди. Расулуллоҳ ﷺ мана бундай дуо қилдилар:
اللهم من ولي من أمر أمتي شيئاً فشق عليهم فاشقق عليه، ومن ولي من أمر أمتي شيئاً فرفق بهم فارفق به
“Аллоҳим, ким умматим ишларига бошлиқ бўлса-ю, уларга қийинчилик келтирса, Сен ҳам унга машаққат-қийинчилик туғдир ва кимки, умматим ишларига бошлиқ бўлса-ю, уларга рифқат-енгиллик келтирса, Сен ҳам унга рифқатли бўлгин”. (Муслим ривояти)
Хабар (qalampir.uz 08.04.2024й): Тошкент шаҳрида экстремистик радикал гуруҳларга қўшилган фуқароларнинг хонадонларида 45 та тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Изоҳ: Билдирилишича, ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш мақсадида қатор тезкор тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 3 ойи давомида диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 50 та жиноят иши қўзғатилган, 188 та ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жами 264 нафар шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилган. Албатта, бундай ишлар Россияда содир бўлган қуролли ҳужумдан сўнг, Путин режимининг таҳдидлари таъсири остида қилинаётганлиги ойдек равшан. Хусусан, Ўзбекистон бош прокурорининг Россияга қилган сафари давомида рус тарафи террор хавфи Ўзбекистон учун ҳам борлигини иддао қилди. Рус матбуотига кўра эса, террорга қарши яқиндан ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланган. Булардан кўриниб турибдики, Путин режими Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонни ўзининг эски ва қўпол услублари билан кўзини очирмай, тобелигини янада кучайтиришга уринмоқда. Чунки Россияда одамларни яхшилик ва адолат билан бошқариб, ортидан етаклай оладиган мафкура йўқ. Русларнинг Марказий Осиёлик мусулмонларга қилаётган муомаласи эса, ҳар қачонгидан ҳам ёмонлашди. Энг аламлиси, минтақа ҳукуматлари қатори ўзбек режими ҳам бундай таҳдид ва интригаларга қарши бирор арзирли жавоб беролмай, яна шу муттаҳам ўрисларни рози қилиш йўлидан бормоқда. Муқаддас Рамазон ойи бўлишига қарамай, мусулмонларни уйларига бостириб кириб, уларни қўрқитмоқда. Бу билан гўё ўрис хожасига Ислом ва мусулмонларга қарши курашаётгани борасида ҳисоб бермоқда. Албатта, ўзбек режимининг бундай сиёсатини ҳеч бир сўз билан оқлаб бўлмайди. Эслатиб ўтамизки, ким мусулмонларга зулм қилган бўлса, уни яқинда тикланажак Халифалик давлати ҳисобга тортади, Аллоҳнинг олдидаги ҳисоб эса янада шиддатлироқдир!
Хабар (ozodlikkanali 11.04.2024й): Ота-она фарзандининг таълим олишига тўсқинлик қилса 6 миллион 800 минг сўмгача жаримага тортилиши ёки 15 суткага қамалиши мумкин. Ўзбекистонда сабабсиз дарс қолдирган ёки мактабга бормаган ўқувчиларнинг ота-оналарига ана шундай мазмунда огоҳлантириш хатлари юборилмоқда.
Изоҳ: Озодликнинг 2024 йил 11 апрел кунги ютуб каналида тарқатган видеосида мактаб ўқувчилари ота-оналарига шундай мазмунда хатлар юборилаётгани айтилади. Видеода айтилишича, ушбу чора давоматни таъминлаш учун ота-оналарнинг мажбуриятларини оширишга қаратилган. Қизиқ, уларнинг мажбуриятларини ошириш учун жарима ёки қамоқ жазоси билан қўрқитиш ўрнига, таълим сифатига эътибор бериш кифоя қилмайдими?! Агар давлат таълимни бинойидек ташкил қилиб қўйса, ота-оналарнинг ўзлари фарзандлари давоматини мамнуният билан таъминлаб берадилар-ку! Бироқ ўзбек ҳукумати эътиборни таълимга эмас, балки давоматнинг ўзига қаратаётганидан, асосий мақсад ёшлар устидан назоратни кучайтириш эканлиги борасида шубҳалар уйғонмоқда. Мирзиёев жорий йилнинг феврал ойида Андижон вилоятида ўтказган йиғилишида, Бухорода 12 нафар бола мактабга бормай, ҳужрага қатнаганини қаттиқ танқид қилиб, буни иллат деб, унга қарши қаттиқ курашилаётганини айтганди. Айни шу йиғилиш асносида мактаблар давомати масаласига эътибор янада кучайди. Ҳукумат бунга ҳатто миллий гвардияни ҳам жалб қилиши, унинг хавотирлари жиддийлигини кўрсатади. Бу хавотирнинг бош сабаби – Мирзиёев иллат деб атаган ҳужралар фаолияти, бошқача айтганда, ёшларнинг Исломга интилаётганларидир. Демакки, ҳукумат учун ёш авлодни билимли ва тарбияли қилиб етиштириш, уни назорат остида ушлашдан кейинги ўринда туради. Бу йўлда у ҳатто ота-оналарга ҳам таҳдидли огоҳлантириш бераётгани сўзимизни янада тасдиқлайди. Албатта, бу ўринда Ўзбекистон таълим тизимининг ғайриисломий эканлиги алоҳида масала. Хулоса шуки, халқимизни ўз эътиқодига мос келадиган Ислом асосидаги таълимни йўлга қўйиш орқали бу соҳадаги барча муаммолар ўзининг ижобий ечимини топади инша Аллоҳ!
Хабар (ozodlikkanali 11.04.2024й): Enter Engineering ширкатига қарашли Олмалиқдаги 3-мисни бойитиш фабрикаси (МБФ) қурилишининг ўзбекистонлик ишчилари 8 апрель куни стихияли иш ташлаш эълон қилди. Ишчилар тўрт ойдан буён маошсиз қолаётганларидан шикоят қилишмоқда.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, бу заводда ҳиндистонлик ва қозоғистонлик ишчилар ҳам ишлайди. Уларга ойлик маошлари вақтида тўлаб берилган. Аммо ўзбекистонлик ишчиларга тўрт ойдан буён маош берилмаган. Таъкидланишича, Enter Engineering ширкатининг мамлакат бўйлаб олган объектларида ўн минглаган ишчилар ишлайди ва уларнинг уйида ҳатто егулиги ҳам қолмаган, қарзга ботиб қолишган. Ушбу ширкат ва ишчилар ўртасидаги ойлик жанжали эса биринчиси эмас. Gazeta.uz нинг 2020 йил 21 октябр кунги хабарида Қашқадарёдаги GTL заводи қурилаётган жойда Enter Engineering ишчилари норозилик билдиришгани айтилган эди. Ўзбек ҳукумати шу кунгача бу борада бирор чора кўрганини эшитмадик. Ҳолбуки, ҳукумат ўзини ғамхўр қилиб кўрсатиб, ишсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартириш, инсон қадри ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб келади. Ахир, ўз юртида фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилолмаган ҳукумат қандай қилиб ғамхўр бўлсин?! Энди мамлакатдан ташқаридагиларни-ку айтмасак ҳам бўлади. Enter Engineering ҳукуматга яқин шахсга тегишли эканлиги ва унга Ўзбекистонда кўпмиллиардлик лойиҳалар берилганлиги кўпчиликка маълум. Шунинг учун ҳам ушбу ширкат ўзбекистонлик ишчиларга хоҳлагандек муомала қиляпти. Бу, албатта, демократик тузум татбиқи оқибатидир, чунки унда кучлилар кучсизларни эзади. Агар Ислом тузуми татбиқ қилинганда эди, давлат мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб берган бўларди. Жумладан, мазкур масалага шаръий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ижарага олинган ишчининг ҳаққини бермаслик ёки кечиктириш зулм ва ҳаром амал ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Ажир(ишчи)нинг ҳаққини териси қуримай адо қилинглар”, – дедилар”.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
15.04.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми