Ўзбекистон ҳукумати халқни қандай ҳаётга етаклаяпти?
ЕТТБ-Ўзбекистон: алоқалар, оқибатлар ва ечим
بسم الله الرحمن الرحيم
Самарқандда 16-18 май кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг “Иқтисодий чидамлилик ва барқарорликка инвестициялар киритиш” мавзусидаги 32 йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда 73 давлатдан 2,5 мингдан ортиқ иштирокчилар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институт ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технология соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирда чиқиш қилган Шавкат Мирзиёев бу саммитга мезбонлик қилишдан кўзда тутилган мақсадларни очиқ ифодалаб шундай деди: “Бугун сиз, азизларни мутлақо янги муҳитда – дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр бўлган Янги Ўзбекистонда қабул қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз. Хорижий инвестор ва ҳамкорларимиз узоқ кутган енгиллик ва имкониятлар иқтисодий ислоҳотларимизда ўз аксини топмоқда”. (Иқтибос тугади). Ғарб мустамлакачи давлатлари қарз бериш ва сармоя киритиш орқали Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ўзаро мусобақалашаётган бир пайтда, давлат раҳбари Ш. Мирзиёев уларга яратилаётган фавқулодда имкониятларни шахсан ўзи бирма-бир санашдан тийилмади. Инвесторлар қаерда бўлмасин, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ташкил этилган “ягона дарча” орқали – 14 та ҳудуд, 208 та туман ва шаҳарда ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги барча дипломатик ваколатхоналарида уларга зарур кўмак ва хизматлар кўрсатилиши ва йил якунигача халқаро экспертлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон тарихида илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилишини эълон қилиш президент нутқининг асосий урғу берилган нуқталаридан бири бўлди. Шу пайтгача Мирзиёев ҳукумати маркази Лондонда жойлашган ЕТТБ билан “яшил энергия”, ичимлик суви, йўл-транспорт инфратузилмаси, экология каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келди. Шунингдек, ЕТТБ Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий дастурларни илгари суришда иштирок этяпти. Шу сабаб бу банкдан уч йил ичида жалб қилинган инвестициялар ҳажми бўйича ўтган йил якунига кўра Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига кирди. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланди. Эндиликда эса, ЕТТБ Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида 40 дан ортиқ йирик хусусий шериклик лойиҳаларини биргаликда юритадиган бўлди. ЕТТБ стратегик соҳаларга сармоя киритиш билан ЕИ компанияларининг Ўзбекистонга кириб келишида катализатор вазифасини ўтамоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонни Европа Иттифоқига ва унинг банк-молия институтларига яқинлаштиришда ҳам муҳим рол ўйнаяпти. Бунга Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан 65 фоизга ошгани ҳам кўрсатиб турибди. Ўзбекистон ҳукумати бу билан кифояланмай, ҳозирда Европа билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилишга, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга ва “GSP+” преференциялар тизимида иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.
Аммо шуни унутмаслик лозимки, ЕТТБ Ғарб томонидан тақдим этилаётган “иқтисодий режалар, ислоҳий дастурлар”ни амалга ошириш инструментидир. Ғарб мустамлакачилиги кўриниш ва йўналишларидан бири – иқтисодий мустамлака йўналиши бўлиб, бу ташкилотга айни шу миссияни амалга ошириш воситаларидан бири сифатида қараш лозим. Мустамлакачи Ғарб иқтисодий мустамлака давомли ва барқарор бўлиши учун, аввало, фикрий ва сиёсий мустамлака зарур эканлигини яхши англайди. Шу тамойилдан келиб чиқиб ЕТТБ тақдим этадиган ҳар бир тийин ортида “демократия ва инсон ҳуқуқлари”га доир маълум шартлар ётади.
Бу ташкилот 2003 май ойида Тошкентда худди шу форматдаги йиғилишини ўтказган ва Ўзбекистон ҳукуматига бир қатор сиёсий шартларни қўйган эди. Аммо диктатор Каримов бошлиқ маъмуриятга қўйилган шартлар унчалик маъқул келмаган ва уларни тўла бажармаган. Натижада ташкилот ўзбек ҳукумати билан алоқаларини деярли узган эди. Алоқалар Мирзиёев даврига келиб қайта жонланди…
ЕТТБ низомидаги биргина банд унинг асл моҳиятини очиб беришга кифоядир. Низомда қайд этилишича, ташкилот сармоясининг 60 фоизи давлат корхоналарини хусусий секторга айлантиришга йўналтирилади. Бу ўрни келганда уммат мулки ҳисобланган ва ҳеч қачон хусусийлаштирилиши мумкин бўлмаган газ, сув, яйловлар каби ер ости ва ер усти байликларини Ғарб компаниялари томонидан ўзлаштирилиши, эксплуатация қилинишига олиб келади деганидир. Ҳолбуки, Росуллоҳ ﷺ: “Одамлар уч нарса – сув, олов ва ўт-ўланда шерикдир”, деганлар.
Каримов режими даврида Россиянинг Лукойл компаниясига мамлакат газ захираларини узоқ муддатга қўш-қўллаб топширилгани эвазига халқ қанчалар жабр кўраётгани исбот талаб қилмас ҳақиқат. Афсуски, Мирзиёев ҳам оммавий мулк устида Аллоҳнинг биргина ҳукмига амал қилмаслик ортида орттирилган хорлик аламлари ҳали аримай туриб, бу халқ бошига яна худди шундай кўргуликни соладиган бошқа бир томонга мамлакат эшикларини очмоқда.
Қонунларни улар талаб қилаётган нормаларга келтираётганини фахр билан тилга олмоқда. Улар эса, ўз талабларини – юқорида урғулаганимиз каби – аллақачон қўйишга улгурди ҳам. Масалан, кечаги ЕТТБ Самарқанд йиллик ҳисобот йиғилишида 50 млн доллар айнан ЛГБТ ҳимояси учун берилганлиги ҳақида турли гап-сўзлар тарқади. Тошкентда эса, Uzbekistan Fashion Week-23 мода ҳафталиги бўлиб ўтди ва унда либослар намойиши орқали ёш авлод ЛГБТга тарғиб қилинди. Деярли бир вақтга тўғри келган бу икки ишнинг бир-бирига боғлиқ эканлигини тахмин қилиш мумкин. Буларнинг бузғунчилигига бунчалар тез шароит туғдирилганини энди англагандирсиз, азиз ўқувчи. Улар билади, ЛГБТ ривожи учун бугун сарфлаган миллионлари эртага миллиардлар бўлиб қайтади. Тўғри-да, миллат ёшлари қанчалик ўзлигини унутса, уларни қул ва муте қилиш, бойликларини сув текинга ўзлаштириш шунчалик осон амалга ошади.
Қолдаверса, бу ҳукуматда уммат эътиқоди, дунёқараши ва яшаш тарзига чамбарчас боғлиқ сиёсий мафкура йўқ. Шунинг учун ҳукумат танлаган демократия ўта ҳалокатли йўл ва иқтисоддаги бозор иқтисодиёти сиёсати ниҳоятда хатарли сиёсатдир.
Узоқ муддатли ва кенг қамровли лойиҳалари билан кириб келувчи Ғарб давлатлари Ўзбекистонни бевосита истило қилишни истайди. Уларнинг назоратига ўтган соҳаларга доир товар ва хизматларни етарлича етказиб бериши мумкин, бироқ халқимиз бу товарларни бир неча баробар қимматга сотиб олишга ва моддий тараққиётда уларга тобе бўлишга мажбур бўлиб қолади. Зеро, демократик қонун-қоидалар асосида сиёсат юритиш ва капиталистик иқтисод низомини қабул қилиш ҳеч қачон мусулмонларни мустамлакачилик кишанларидан озод қилмайди ва уларга рўшнолик келтирмайди. Бундан ҳам даҳшатлиси, сиёсий ва иқтисодий кишанлар халқимиз зеҳнияти ва ҳаёт тарзига ўз салбий таъсирларини ўтказиб, жамиятдан Исломни қувилишига олиб келади. Бундай мудҳиш воқелик – юқорида айтганимиз каби – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, гендер тенглик, феминизм, сўнгра ЛГБТ каби очиқ-ойдин куфр шиорлари, Ғарб қонун нормалари фонида амалга оширилади.
Бу бузуқ демократия ва ғайриинсоний режимлар ўз-ўзидан барҳам топмайди ҳамда уларнинг Америка, Россия, Европа ва Хитой каби мустамлакачи ҳомийлари Исломий юртлардан зўравонлик чангалини ҳеч қачон ўз-ўзидан тортмайди, балки бунинг учун энг тўғри тузум – Исломни иккинчи Хилофат давлатини тиклаш орқали ҳаёт майдонига сиёсий мабда сифатида қайтариш лозим. Бу иш бугунги кунда нафақат фарзлар тожига, балки ҳаётий заруратга ҳам айланиб қолди. Шунинг учун ҳам Рошид Халифалик тикланиши барча муаммоларимизнинг ягона ечими бўлиб қолаверади ва у ин ша Аллоҳ яқин келажакда албатта юзага келади.
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنصُرُ مَن يَشَاء وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. Аллоҳ Ўзи истаган кишига нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир» [Рум 4-5]
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Абдураҳмон
26.05.2023й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми