Эҳтикор (монополия) ҳаромдир
Эҳтикор (монополия) ҳаромдир
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Эҳтикор (монополия) ҳақида эшитмаган инсон кам бўлса керак, аммо унинг номини эшитиш бошқа, асл воқесини билиб, моҳиятини англаш бошқа нарсадир. Шунинг учун у ҳақидаги маълумотларни диққатингизга ҳавола қилиш орқали тиниқроқ тасаввур ҳосил қилишга жазм қилдик. Кўплаб манбаларда келган умумий маъноси қуйидагича:
Монополия (юнон тилида μονο – бир ўзим; πωλέω – сотаман) – бу бозор структураси бўлиб, унда катта корхоналар рақобатсиз муҳитда бир ёки бир неча хил турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва сотишни назорат қиладилар, бозорда бу корхоналарни ўзида бирлаштирган биргина фирма фаолият олиб боради.
Бозордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника ва бошқа соҳаларни ҳар бирини эҳтикорчи фирмалар эгаллаб олиб, рақобатчиларни бозорга киритмай қўйса, энг аввало истеъмолчи, яъни фуқаролар жабр кўради. Чунки маҳсулотни харид қилишда танлов йўқлиги ҳамда нархларни эҳтикорчининг ўзи ҳохлаганидек белгилагани туфайли савдолашиш бўлмайди. Шу сабабли истеъмолчилар маҳсулотни харид қилишда эҳтикорчининг хоҳиш-иродасига қарам бўлиб қоладилар. Эҳтикорчи белгилаган талабларга кўра харид қилиш имкони йўқ, аммо маҳсулотга эҳтиёжи бўлган фуқаролар танг аҳволга тушади. Эҳтикор товарни қимматроққа сотиш мақсадида фуқароларни танг аҳволга қўядиган даражада қимматланишни кутиб, тўплаб қўйишдир. Негаки, эҳтикор сўзининг маъноси “якка ўзи эгалик қилиш”, “ўзим бўлай” деганидир. Демак, нарсани эҳтикор қилиш қимматлашини кутиб, тўплаб, кейин қимматга сотишдир.
Капитализм мабдасининг иқтисодий низоми ҳаётга татбиқ қилиниши ортидан дунёда эҳтикор қилинмаган соҳа деярли қолмади. Жумладан, дунёнинг нефть, қора ва рангли металлургия, автомобиль, авиа ва ракетасозлик, электротехника, радиоэлектроника, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, қурилиш саноати, банк, суғурта, савдо ва бошқа шу каби кўплаб соҳаларни 200 дан ошиқ улкан эҳтикорчи ширкат ва банклар эгаллаб олган. Улар ўртасидаги саноатнинг маълум бир турига якка эгалик қилиш ёки шу саноатни камёбга айлантириш, ўзларининг саноатларидан бошқа корхоналарни синдириб эҳтикор қилиб, бозорларни эгаллаб олиш учун курашишлари таъсиридан бутун дунё аҳолиси жабр чекмоқда. Инсонлар ҳаёт учун зарур маҳсулотларни ўз нархидан бир неча баробар қиммат нархга сотиб олишга мажбурланмоқдалар, сотиб олишга имкон қила олмаганлар муҳтожлик ва очликка гирифтор бўлмоқда. Аммо бу уларни заррача қизиқтирмайди, асосий диққат-эътиборлари манфаатга қаратилган. Бу капитализм мабдаси учун табиий ҳол, чунки сармоядорлик унинг кўзга кўринган жиҳати, шу туфайли манфаатни қўлга киритиш бу мабдага иймон келтирганлар учун асосий масала.
Аммо бу мабдага иймон келтирмаган бўлса-да, ҳаётига татбиқ қилаётган давлатларнинг барчасида даромадли соҳаларни эҳтикор қилиш учун кураш янада даҳшатлироқ тус олди, яъни порахўрлик асосига тузилган схемалар асосида ёки амалдаги бошқарув ҳимояси ва ёрдамида бир фирма қурилиш, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, маиший техника, медицина соҳаларини эҳтикор қилса, бошқаси худди шу йўсинда бошқа соҳани эҳтикор қилмоқда. Шунингдек, давлатлар ҳам ишлаб чиқариш соҳасидаги муайян корхона маҳсулотларини рақобатсиз сотилишини таъминлаш мақсадида турли ҳуқуқий нормалар ёрдамида корхонани сунъий эҳтикорчига айлантирмоқда. Бундай ҳолатлар фуқароларни танг аҳволга солиши билан бирга эҳтикор қилинган соҳаларни ривожланишдан тўхтатиб қўяди. Чунки бозорга эгалик қилаётган эҳтикорчи маҳсулотни фуқароларга етказишда нархи, сифати ва етарлилиги хусусида эмас, балки рақобатчиларни йўқ қилиб, мавжуд вазиятда танлов имконияти йўқлиги учун фуқароларнинг мажбурий харидидан келадиган даромадга эгалик қилишга интилади.
Шунинг учун инсонларни танг аҳволга солиб қўювчи бу ботил мабданинг чангалидан фақатгина Ислом қутқариши мумкин холос. Чунки у инсоннинг ноқис ақлидан эмас, бутун оламларни яратган Аллоҳ Таоло томонидан нозил қилинган илоҳий мабда. Исломда эҳтикор қилиш мутлақо тақиқланади. У шаръан ҳаромдир. Ҳадисда ундан қатъий қайтарилган. Муслим Саид ибн Мусаййабдан, у Муаммар ибн Абдуллоҳ Адавийдан ривоят қилишича, Пайғамбар с.а.в.:
لاَ يَحْتَكِرُ إِلاَّ خَاطِئٌ
“Эҳтикор қилган кимса хатокор-гуноҳкордир”, деганлар. Асром Абу Умомадан ривоят қилишича:
نَهَى رَسُولُ اللهِ أَنْ يُحْتَكَرَ الطَّعَامُ
“Пайғамбар с.а.в. озиқ-овқатни эҳтикор қилишдан қайтарганлар”. Муслим Саид ибн Мусаййабдан, у Муаммардан ривоят қилишича, Пайғамбар с.а.в.:
مَنْ احْتَكَرَ فَهُوَ خَاطِئٌ
“Эҳтикор қилган одам хатокор-гуноҳкордир”, деганлар. Ҳадислардаги эҳтикордан қайтариш билан бирга уни қилган одамнинг гуноҳкор, дея мазамматланиб келиши тақиқлашнинг қатъийлигини кўрсатади. Демак, ҳадислар эҳтикорнинг ҳаромлигига далолат қиляпти. Одамзотнинг озуқаси бўладими, ҳайвоннинг озуқаси бўладими, озуқадан бошқа нарса бўладими, одамларнинг биринчи даражали эҳтиёж моллари бўладими, иккинчи даражали эҳтиёж моллари бўладими – ҳаммасини эҳтикор қилиш ҳаром. Шунга кўра, эҳтикордан қайтарувчи ривоятлар, ҳатто таом сўзи айтилганлари ҳам мутлақ ва умумий маънодаги ҳадислар бўлиб, мутлақо ҳамма нарсани эҳтикор қилишдан қайтаришни ўз ичига олади. Эҳтикор қилувчининг воқеси шуки, у товарни тўплаб олиб, одамларни ўзи хоҳлаган нархга мажбур қилади, бозорни эгаллаб олади. Одамлар бошқа жойдан тополмагач, қиммат бўлса ҳам сотиб олишга мажбур бўладилар. Бу ишнинг моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, эҳтикор қилувчининг мусулмонларга нархни қимматлаштирмоқчи бўлаётганини кўрамиз. Бу иш ҳаромдир. Маъқал ибн Ясордан ривоят қилинишича, Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар:
مَنْ دَخَلَ فِى شَىْءٍ مِنْ أَسْعَارِ الْمُسْلِمِينَ، لِيُغْلِيَهُ عَلَيْهِمْ، كَانَ حَقًّا عَلَى اللهِ أَنْ يُقْعِدَهُ بِعُظْمٍ مِنْ النَّارِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
“Кимки қимматлаштириш мақсадида мусулмонларнинг нархларига бирор нарсани киритса, Қиёмат кунида уни улкан оловга ўтирғизиш Аллоҳнинг ҳаққи бўлиб қолади”.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
08.11.2019й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми