Суннатнинг Қуръонни насх қилиши масаласи

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Савол-жавоб
Суннатнинг Қуръонни насх қилиши масаласи
Абу Молик Ҳамдунийга
Савол: Амиримиз, Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аллоҳ сизни Ўз паноҳида асрасин ва ишингизга барака берсин.
Менинг саволим қуйидагича:
Мужтаҳидлар ёки усул уламолари ўртасида суннат Қуръонни насх қилиши (ҳукмини бекор қилиши) масаласида ихтилоф борми?
Шофеийнинг фикри бўйича, зинокор эркак ёки аёлнинг тошбўрон (ражм) қилиниши муҳсин (оила қурган/уйланган) шахсларга нисбатан дарра уриш жазосини насх қилганми?
Уларнинг далиллари нималардан иборат?
Жавоб: Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Саволингизнинг жавоби «Шахсия» китобининг учинчи жузъи, «Қуръоннинг насх қилиниши» бобида батафсил баён қилинган. Уни сизга қуйида нақл қиламан:
[Қуръонни Қуръон билан насх қилиш (ҳукмини бекор қилиш) жоиздир. Чунки улар таълим олиш(ўрганиш) вожиблигида ҳам, унга амал қилиш вожиблигида ҳам тенгдир, ҳамда носих (насх қилувчи) ва мансух (насх қилинган)нинг ҳар иккиси ҳам ваҳий орқали лафзан ва маънан келган. Шунинг учун Қуръонни Қуръон билан насх қилиш жоиз бўлди. Бунга мисол сифатида (вафот этган эр учун) бир йил идда сақлаш ҳукмининг тўрт ой-у ўн кун идда сақлаш билан насх қилинганини; Расулуллоҳ билан махфий сўзлашиш (шахсий суҳбатлашиш)дан олдин садақа бериш ҳукмининг Аллоҳ таолонинг: أَأَشْفَقْتُمْ «(Махфий сўзлашишдан аввал садақа беришдан) қўрқдингизми?!») ояти билан насх қилинганини, шунингдек (жиҳодда бир кишининг ўн кишига қарши собит туриши ҳукмининг бир кишининг икки кишига қарши собит туриши билан Аллоҳ таолонинг:
الْآنَ خَفَّفَ اللَّهُ عَنْكُمْ
«Энди Аллоҳ сизлардан (юкингизни) енгиллатди»
ояти орқали насх қилинганини келтириш мумкин. Бу эса Қуръонда насх содир бўлганига далилдир. Шариатда насхнинг содир бўлганлиги эса унинг шаръан жоизлигига энг кучли далилдир.
«Насх – ҳукмни бекор қилиш. демакдир» дейилмайди, Қуръон ҳаққида бундай дейиш жоиз эмас, чунки Аллоҳ таоло: لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ
«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас»
деб марҳамат қилган. Бас, агар унинг бир қисми насх қилинса, унга ботиллик йўл топган бўлади», деб айтилмайди. Бундай дейилмайди, чунки Қуръоннинг барчасини ботил қилиш жоиз эмас, яъни Қуръоннинг барчаси насх қилиниши тўғри бўлмайди; аммо унинг баъзи ҳукмлари насх бўлиши жоиздир. Яъни, бу Китобдан олдин келган китоблардан бирортаси уни бекор қила олмаган ва ундан кейин ҳам уни бекор қилувчи ҳеч нарса келмайди. Бинобарин, Қуръон бутунлигича насх қилинмайди, балки унинг баъзи ҳукмларигина насх қилинади. Бундан ташқари, оятларнинг тиловатини насх қилиш орқали оятларнинг аслини бекор қилиш жоиз эмас; аммо улар олиб келган ҳукмларни кетказиш йўли билан бекор қилиш, яъни улардан баъзи ҳукмларни насх қилиш жоиздир, зеро насхнинг амалда содир бўлгани собитдир. Шунингдек, оятда «унга ибтол (бекор қилиш) келмас» дейилмаган, балки «унга ботил келмас» дейилган. «Ибтол» (бекор қилиш) билан «ботил» ўртасида эса фарқ бор: «ибтол» — ҳукмни насх қилишдир, «ботил» эса ҳақнинг зиддидир. Бас, Қуръон Қуръон билан насх қилинишида ҳеч шубҳа йўқдир.
Қуръон суннат билан насх қилинишига келсак, бу жоиз эмас ва содир бўлмаган ҳам. Унинг жоиз эмаслигининг сабаби: Аллоҳ таоло:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ
«Сизга одамларга нозил қилинган нарсани баён қилиб беришингиз учун Зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» деб марҳамат қилган.
Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни «баён қилувчи» деб сифатлади. Ҳукмни насх қилувчи (носих) эса бекор қилувчи (ҳукмни) кўтарувчидир, баён қилувчи эмасдир. Ҳукмни кўтариш (рафъ) эса баён қилишдан бошқа нарсадир. Шунингдек, Аллоҳ таоло айтади:
مَا نَنْسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنْسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِنْهَا أَوْ مِثْلِهَا
«Бирон бир оятни насх қилсак ёки уни унуттирсак, ундан яхшироғини ёки ўхшашини келтирамиз» [Бақара: 106].
Бу оят «яхшироғи» ёки «ўхшаши»ни келтирувчи зот Аллоҳ таолонинг Ўзи эканлигига далолат қиляпти, чунки олмош (феълдаги замир) Аллоҳга қайтмоқда. Бу эса (бир оятни) насх қилувчи фақатгина Қуръон бўлган тақдирдагина бўлиши мумкин. Шу сабабли У зот:
أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
«Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир эканини билмадингизми?!» [Бақара: 106],
деб марҳамат қилди. Бу эса «яхшироғи»ни ёки «ўхшаши»ни келтирувчи Зот чексиз қодирлик билан сифатланган ёлғиз Аллоҳ эканини англатади. Бас, Қурон суннат билан насх бўлиши мумкин эмас, чунки суннатни келтирувчи зот — Расулуллоҳ ﷺдир. Гарчи суннат ҳам худди Қуръон каби ваҳий билан ҳосил бўлганига қарамай, чунки Аллоҳ таоло:
وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى * إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى
«У ҳавойи нафсдан гапирмайди. У фақат нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган. Лекин у (суннат) фақат маъно жиҳатидан ваҳий орқали келган, у тиловат қилинмайди ва биз уни тиловат қилиш билан ибодат қилмаймиз. Қуръон эса лафз ва маъно жиҳатидан ваҳий бўлиб келган, у тиловат қилинади ва биз уни тиловат қилиш билан ибодат қиламиз.
Аллоҳ таоло яна айтади:
وَإِذَا بَدَّلْنَا آيَةً مَكَانَ آيَةٍ
«Биз бир оятни бошқа бир оятнинг ўрнига алмаштирсак…»
Бу ерда У зот оят фақат оят билан алмаштирилишини, суннат билан эмаслигини хабар қилди. Аллоҳ таоло яна айтади:
قَالَ الَّذِينَ لَا يَرْجُونَ لِقَاءَنَا ائْتِ بِقُرْآنٍ غَيْرِ هَذَا أَوْ بَدِّلْهُ قُلْ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أُبَدِّلَهُ مِنْ تِلْقَاءِ نَفْسِي إِنْ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَى إِلَيَّ
«Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиганлар: “Бундан бошқа бир Қуръон келтир ёки буни алмаштир”, дедилар. Айтинг: “Уни ўзимча алмаштира олмайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман”»
Бу эса Қуръон Қуръондан бошқа нарса билан насх қилинмаслигига далилдир. Бунга яна бир далил шуки, мушриклар бир оят бошқа бир оят ўрнига алмаштирилган пайтда:
إِنَّمَا أَنْتَ مُفْتَرٍ
«Сен фақат тўқимачи(ёлғончи)сан холос» дедилар.
Аллоҳ таоло уларнинг бу гумон-ваҳмларини Ўзининг қуйидаги қавли билан йўққа чиқарди: قُلْ نَزَّلَهُ رُوحُ الْقُدُسِ مِنْ رَبِّكَ
«Айтинг: Уни Руҳул Қудус (Жаброил) Раббингиздан туширгандир»
Бу эса алмаштириш (табдил) фақат Руҳул Қудус олиб келган нарса, яъни Қуръон орқали бўлишини кўрсатади:
نَزَلَ بِهِ الرُّوحُ الْأَمِينُ
«Уни Руҳул Амин (Жаброил) олиб тушди»
Хулоса шуки, гарчи Қуръоннинг ҳам, суннатнинг ҳам ҳар иккиси ваҳий орқали келган бўлса-да, лекин суннат Расулуллоҳ ﷺга нисбат берилади, яъни «Расулуллоҳ ﷺ айтдилар» дейилади, қудсий ҳадисдан бошқа ҳадисларда «Аллоҳ айтди» дейилмайди, шунинг учун ҳадислар Аллоҳга нисбат берилмайди. Суннат маъно жиҳатидан, Қуръон эса лафзан ва маънан Аллоҳ томонидан келгандир. Суннатнинг тиловати билан ибодат қилинмайди, Қуръоннинг тиловати билан эса ибодат қилинади. Буларнинг барчаси Қуръоннинг суннат билан насх қилинмаслигини тақозо этади.
Сўнгра, насх ҳақидаги икки оятнинг насси(матни) оятни насх қилувчи нарса бошқа бир оят эканлигига далолат қилади. Биринчи оятда:
مَا نَنْسَخْ مِنْ آيَةٍ أَوْ نُنْسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍ مِنْهَا أَوْ مِثْلِهَا
«Бирон бир оятни насх қилсак ёки уни унуттирсак, ундан яхшироғини ёки ўхшашини келтирамиз» дейилмоқда.
Бундан бир оятни насх қилувчи нарса бошқа бир оят эканлиги тушунилади, чунки бир оятнинг «ўхшаши» фақат бошқа оятлар бўлади, ҳадислар эмас. Иккинчи оят эса:
وَإِذَا بَدَّلْنَا آيَةً مَكَانَ آيَةٍ
«Биз бир оятни бошқа бир оятнинг ўрнига алмаштирсак…» демоқда.
Бу насс(матн) алмаштириш (табдил) бир оятнинг ўрнига бошқа бир оятни қўйиш орқали амалга ошишини очиқ-ойдин баён этмоқда. Бунинг маъноси шуки, насх қилувчи нарса, албатта, оят бўлиши лозимдир, бас, Қуръонни насх қилувчи фақат Қуръоннинг ўзи бўлади. Мана шуларнинг барчаси Қуръон суннат билан – хоҳ мутавотир бўлсин, хоҳ оҳод хабар бўлсин – насх қилинмаслигига далилдир.
Қуръоннинг суннат билан насх бўлиши амалда содир бўлмаганига келсак, бунинг сабаби шуки, Қуръон ҳукмларидан бирорта ҳукмни насх қилувчи бирорта суннат ҳукми ворид бўлмаган. Улар суннат билан насх қилинган деб даъво қилган ҳукмларга келсак, уларнинг баъзиси Қуръон билан насх қилинган, баъзиси эса тахсис (умумий ҳукмни хослаш) бўлиб, насх эмасдир. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида келган ота-она ва яқин қариндошларга васият қилиш ҳукми:
كُتِبَ عَلَيْكُمْ إِذَا حَضَرَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ إِنْ تَرَكَ خَيْراً الْوَصِيَّةُ لِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ بِالْمَعْرُوفِ حَقّاً عَلَى الْمُتَّقِينَ
«Сизлардан бирортангизга ўлим келганида, агар ундан молу дунё қоладиган бўлса, ота-онаси ва яқин қариндошларига маъруф йўл билан васият қилиши тақводорларга бир ҳақ ўлароқ фарз қилинди» [Бақара: 180]
Пайғамбар ﷺнинг: «لاَ وَصِيَّةَ لِوَارِثٍ» «Меросхўр бўлган киши учун васият йўқдир» деган сўзлари билан насх қилинган, дейишди. (Аҳмад ривояти)
Бунга бериладиган жавоб шуки: мазкур ҳукм (суннат билан эмас, балки) мерос ояти:
يُوصِيكُمُ اللَّهُ فِي أَوْلَادِكُمْ
«Аллоҳ фарзандларингиз (мероси) ҳақида сизларга буюрадики…»
оятлари орқали насх қилингандир.
Шунингдек, улар Аллоҳ таолонинг:
الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا مِائَةَ جَلْدَةٍ
«Зинокор аёл ва зинокор эркак — ҳар иккисига юз даррадан уринглар»
деган оятида келган зинокорни дарралаш ҳукми суннат билан собит бўлган тошбўрон қилиш (ражм) жазоси билан насх бўлган, дейишди.
Бунга жавоб шуки: дарралаш ҳукми насх қилинмаган, балки у ўз кучида қолгандир. Бу ердаги дарралаш ғайри муҳсин (уйланмаган/турмуш қурмаган)га хосланиб, муҳсин (оила қурган)га эса тошбўрон жазоси келгандир. Бас, бу ҳукм насх эмас, балки тахсис (хослаш)дир. Қуръонни суннат билан тахсис қилиш эса жоиздир. Чунки бу хослашни «баён» деб аталиши тўғри бўлади ва Аллоҳнинг:
لِتُبَيِّنَ
«…баён қилиб беришингиз учун» деган сўзи замирига киради.
Насх эса бундай эмас; чунки насх (ҳукмни) кўтаришдир, баён қилиш эмасдир.
Бундан ташқари, ушбу иккала ҳадис: «Меросхўрга васият йўқдир» ҳадиси ҳам, ражм ҳадиси ҳам оҳод хабарлардир. Бас, агар биз фаразан (баҳс юзасидан) Қуръон суннат билан насх бўлади, деб фараз қилган тақдиримизда ҳам, уни оҳод хабар билан насх қилиш асло жоиз эмас. Чунки Қуръон субути(собит бўлиши жиҳатидан) қатъийдир, оҳод хабар эса субути(собит бўлиш жиҳатидан) зоннийдир. Қатъийни занний билан насх қилинмайди. Чунки насх — бекор қилишдир; қатъий равишда собит бўлган ҳукм эса занний равишда собит бўлган ҳукм билан бекор қилиб юборилмайди.
Бу ҳам уларнинг суннат билан Қуръон насх бўлиши содир бўлган, деб келтирган мисоллари нотўғри эканини қувватлайди. Модомики, Қуръоннинг суннат билан насх бўлиши асло содир бўлмаган экан, биргина шу содир бўлмаганининг ўзи шаръан жоиз эмаслигига далил бўлишга кифоядир. Чунки бу ерда ақлий жоизлик эмас, балки шаръий жоизлик назарда тутилмоқда. Шунингдек, Қуръон саҳобаларнинг ижмоси билан ҳам, қиёс билан ҳам насх қилинмайди. Чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам Расулуллоҳ ﷺнинг замонларидан кейин вужудга келгандир. Ҳолбуки, саҳобалар Расул ﷺдан кейин насх бўлиши мумкин эмаслигига ижмо қилганлар ва бу борада ҳеч бир хилоф қилувчи йўқдир.]
Бу баёндан саволингизнинг ҳар икки қисмига жавоб равшан бўлади:
- Қуръон суннат билан насх қилинмайди… Буни жоиз дегувчиларнинг раъйи нотўғри…
- Зинокор эркак ва зинокор аёлни дарралаш ояти уйланмаган эркак ва турмуш қурмаган аёл (ғайри муҳсин)га хослангандир. Бу эса Расулуллоҳ ﷺнинг зинокор муҳсин эркак ва муҳсина аёлни тошбўрон қилиш (ражм) ҳақидаги ҳадислари орқали бўлгандир. Қуръонни суннат билан хослаш (тахсис қилиш) эса далиллар мавжуд бўлгани учун амалда қўлланиладиган қоидадир.
Шу баён кифоя қилади. Аллоҳ Аъламу ва Аҳкам.
Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта 24 робиус-соний 1448ҳ
6 октябр 2026м



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ