Туркий давлатлар ташкилоти буюк кучлар кураши ичида

Туркий давлатлар ташкилоти буюк кучлар кураши ичида
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ўз фаолиятини маданий ҳамкорликдан транспорт, саноат, инвестиция, стратегик минераллар ва ташқи сиёсий муносабатларгача кенгайтирмоқда. Бироқ бу жараён ортида муҳим сиёсий савол турибди: халқаро майдонда буюк давлатлар таъсири остида ҳаракат қилаётган мамлакатлар бирлашиб, мустақил куч марказига айлана оладими? Ёки ТДТ уларнинг АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги курашда ўз манфаатларини илгари суриш учун фойдаланадиган навбатдаги минтақавий воситасими?
«2026 йил 30 октябрда Анқарада Туркий давлатлар ташкилотининг XIII саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев учинчи давлатлар билан “ТДТ+” форматида ҳамкорлик ўрнатиш, юзта стратегик саноат ва инвестиция лойиҳасини қамраб олувчи “Туркий дунё – 100” дастурини қабул қилиш, стратегик минералларни қайта ишлаш, Ўрта коридорни ягона иқтисодий тизимга айлантириш ва туркий давлатларнинг қўшма логистика комплексларини ташкил этиш ташаббусларини илгари сурди» (Ўзбекистон президентининг расмий сайти, 30.10.2026й).
Бу ташаббуслар ТДТ фаолиятидаги янги босқични кўрсатади. Илгари умумий тил, тарих ва маданий яқинлик кўпроқ таъкидланган бўлса, энди давлатлар транспортни биргаликда бошқариш, саноат лойиҳаларини молиялаштириш, суд қарорларини ўзаро тан олиш ва ташқи давлатлар билан умумий майдонда ишлашга интилмоқда.
Бироқ институтлар қуришнинг ўзи мустақил сиёсий қудрат пайдо бўлганини англатмайди. Ташкилотнинг ҳақиқий имконияти уни тузган давлатларнинг халқаро кучлар тизимидаги ўрни билан белгиланади.
Туркия 1952 йилдан НАТО аъзоси. Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қатнашади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Россия ҳамда Хитой билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо. Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомига эга. Марказий Осиёнинг беш давлати эса АҚШ билан C5+1 форматида ҳамкорлик қилади.
Бу давлатлар ТДТга ташқи сиёсий боғланишлардан озод ҳолда кирмаган. Туркиянинг хавфсизлиги АҚШ етакчи ўрин тутадиган НАТО билан боғлиқ. Қозоғистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий ҳамда хавфсизлик муносабатларида Россия муҳим мавқега эга. Марказий Осиё давлатлари Хитой билан кенг иқтисодий муносабатларга киришган. АҚШ эса минтақага алоҳида дипломатик ва молиявий механизмлар орқали кириб келмоқда.
Шундай шароитда ТДТнинг имкониятлари ҳам аъзо давлатларнинг ташқи мажбуриятлари, иқтисодий эҳтиёжлари ва хавфсизлик муносабатлари билан чекланади.
Бу чегара Анқара саммитида очиқ намоён бўлди.
«Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий альянс эмас ва келажакда ҳам бундай альянсга айланмаслиги керак. Бу Қозоғистоннинг позициясидир». (Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Анқара саммитидаги баёноти, 30.10.2026й; Interfax-Kazakhstan, 30.10.2026й).
Демак, аъзо давлатлар иқтисодий ва институционал ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда, аммо ўз хавфсизлик сиёсатларини ягона туркий ҳарбий марказга топширишга тайёр эмас. Уларнинг мавжуд ташқи иттифоқлари сақланиб қолмоқда.
ТДТнинг институционаллашуви шу ерда ўзининг сиёсий чегарасига дуч келади: иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш мумкин, бироқ халқаро кучлар мувозанатини ўзгартириш учун зарур мустақил ҳарбий, молиявий ва технологик қудрат аъзо давлатларнинг барчасида бир хил даражада мавжуд эмас.
Бу ташкилотни буюк давлатлар курашидан ажратиб таҳлил қилишга имкон бермайди. Айниқса, АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳаракатлари ТДТнинг иқтисодий йўналишлари билан бир қатор муҳим нуқталарда туташмоқда.
«2023 йилги C5+1 президентлар қўшма баёнотида Транскаспий савдо йўлини ривожлантириш, транспорт маршрутларини диверсификация қилиш ва критик минераллар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгиланди. 2024 йилда C5+1 Critical Minerals Dialogue ишга туширилди ва АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида критик минераллар бўйича алоҳида меморандум имзоланди». (АҚШ Давлат департаменти, C5+1 президентлар қўшма баёноти, 19.09.2023й; АҚШ Давлат департаментининг 2024 йилги ахборотлари).
Бу ҳаракатлар Вашингтоннинг минтақага бўлган қизиқиши фақат дипломатик муносабатлар билан чекланмаётганини кўрсатади. АҚШ стратегик хомашё манбалари, уларни қайта ишлаш қувватлари ва халқаро бозорларга чиқиш йўлларида иштирокини кенгайтиришга интилмоқда.
Бунда Ўрта коридор муҳим ўрин тутади. У Хитойдан Марказий Осиё ва Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Туркия ҳамда Европага чиқади. Россия ҳудудини четлаб ўтадиган бу маршрут Вашингтоннинг минтақадаги иқтисодий ва стратегик манфаатларига мувофиқ келади.
АҚШнинг мазкур йўналишга муносабати молиявий ҳаракатларида ҳам намоён бўлди.
«Trans-Caspian Enterprise Fund 2026 йил сентябрда ишга туширилди. Фонднинг бошланғич маблағи АҚШ ҳукуматининг 201 миллион долларлик грантидан иборат. Унинг вазифаси Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда хусусий инвестициялар ҳамда савдо, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашдир». (Trans-Caspian Enterprise Fund расмий сайти, 2026 йил; фонднинг 30.09.2026 йилги ахбороти).
Бу маблағ Ўрта коридор ва унга туташ минтақаларнинг иқтисодий ривожланишига АҚШ капитали киришининг аниқ воситасидир. Транспорт йўллари фақат товар ташиш учун хизмат қилмайди. Улар қайси бозорга чиқиш, қайси давлат инфратузилмасидан фойдаланиш ва стратегик хомашёни кимга етказиб бериш имкониятини ҳам белгилайди.
Анқара саммитида эса худди шу соҳалар ТДТнинг иқтисодий кун тартибига чиқди.
““Туркий дунё – 100” дастури доирасида стратегик минералларни тўлиқ қайта ишлаш, яшил энергетика ускуналарини маҳаллийлаштириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устувор йўналишлар сифатида таклиф этилди. Шунингдек, Ўрта коридор ва унга туташ транспорт йўлларини ягона иқтисодий тизимга айлантириш учун қўшма бошқариладиган логистика комплекслари тармоғини ташкил қилиш ташаббуси билдирилди”. (Шавкат Мирзиёевнинг ТДТ саммитидаги нутқи, Ўзбекистон президентининг расмий сайти, 30.10.2026й).
Бу ерда икки ҳаракат бир географияда бирлашмоқда. Вашингтон транспорт ва стратегик минераллар билан боғлиқ лойиҳаларга молиявий имконият яратмоқда. ТДТ эса айнан шу тармоқларда умумий институтлар қуришни режалаштирмоқда.
Бундай ўзаро манфаатлар ТДТ лойиҳаларига АҚШ капитали ва иқтисодий таъсири кириб бориши учун имконият очади. Қайси лойиҳа молиялаштирилиши, қайси минерал қаерда қайта ишланиши ва охирги маҳсулот қайси бозорга йўналтирилиши ташкилотнинг келажакдаги иқтисодий мавқеига таъсир қилади.
АҚШ омилининг муҳимлиги Анқара саммити арафасидаги дипломатик воқеада ҳам намоён бўлди.
«2026 йил 29 октябрда АҚШ президенти Дональд Трамп туркий давлатлар раҳбарлари иштирокидаги кечки зиёфат пайтида Ражаб Тоййиб Эрдўғанга ТДТ саммити муносабати билан телефон қилди. Эрдўған йиғилган раҳбарларнинг саломини етказди ва саммитда ташкилотни янада ривожлантиришга қаратилган қарорлар қабул қилинишини билдирди. Трамп эса саммитга муваффақият тилади». (Туркия президенти Администрацияси Коммуникациялар бошқармаси, 29.10.2026й).
Бу қўнғироқнинг вақти диққатга сазовор. Трамп туркий давлатлар раҳбарлари Анқарада тўпланган пайтда Эрдўған билан бевосита мулоқот қилди. ТДТнинг иқтисодий вазифалари кенгайиб, АҚШнинг минтақадаги транспорт ва минераллар сиёсати фаоллашган шароитда Вашингтон мазкур саммитга дипломатик эътибор қаратди.
Ушбу мулоқот Туркиянинг АҚШ билан кенгроқ сиёсий муносабатлари фонида юз берди.
«Эрдўған ва Трамп 28 ҳамда 29 октябрь кунлари кетма-кет телефон орқали мулоқот қилган. Биринчи суҳбатда Ҳурмуз бўғозидаги вазият ва Россия–Украина уруши муҳокама қилинган. Иккинчи суҳбат эса ТДТ саммити муносабати билан ўтказилган». (Hürriyet Daily News, 30.10.2026й).
Бу воқеалар Туркиянинг Вашингтон учун бир вақтнинг ўзида бир нечта сиёсий майдонда аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Эрдўған билан мулоқотлар Яқин Шарқ хавфсизлиги, Россия–Украина уруши ва туркий давлатлар ҳамкорлигига тегишли бўлди.
Туркиянинг ТДТдаги институционал мавқеи ҳам ушбу муносабатларда аҳамиятли.
«ТДТ котибияти ва Туркий инвестиция фонди Истанбулда жойлашган. 2026 йил 30 октябрдаги Анқара саммитида ташкилотга раислик Туркияга ўтди». (ТДТнинг расмий маълумотлари; Hürriyet Daily News, 30.10.2026й).
Туркия ТДТнинг асосий ташкилий марказларидан бири бўлиш билан бирга, АҚШ етакчи ўрин тутадиган НАТОнинг ҳам аъзосидир. Анқаранинг бу икки майдондаги иштироки Вашингтон учун туркий давлатлар билан муносабатларни Туркия орқали ҳам ривожлантириш имкониятини яратади. Трампнинг саммит муносабати билан Эрдўғанга қўнғироқ қилиши эса АҚШнинг мазкур минтақавий майдонга дипломатик эътиборини кўрсатди.
Айни пайтда Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсир воситалари ҳам сақланмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистон Россия иштирокидаги иқтисодий ва хавфсизлик институтларида қолмоқда. Ўзбекистон Россия билан ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилмоқда.
Қозоғистоннинг Анқарадаги таклифи бу муносабатларнинг нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.
«Тоқаев Россияни ТДТ фаолиятига қўшиш, жумладан унинг аъзо ёки кузатувчи сифатида иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди». (Қозоғистон президентининг ТДТ саммитидаги нутқи, 30.10.2026й).
Ўрта коридор Россияни четлаб ўтувчи маршрут бўлса-да, Қозоғистон Россияни ташкилот билан ҳамкорликка жалб қилиш имкониятини кўтармоқда. Бу ташқи сиёсий манфаатларнинг бир йўналишга тўлиқ бирлашмаганини кўрсатади.
Хитой омили эса бошқа иқтисодий мантиққа эга. Ўрта коридорнинг шарқий томонида Хитой иқтисодиёти туради. Россия ҳудудини четлаб ўтадиган йўлнинг кенгайиши Хитой товарлари учун қўшимча экспорт маршрутини яратиши мумкин. Шунинг учун мазкур коридор АҚШга ҳам, Хитойга ҳам турли сабабларга кўра манфаатли бўлиши мумкин.
ТДТ ана шу зиддиятли манфаатлар кесишган географик майдонда институтлар қуряпти. Бироқ ташкилот ичида ҳам сиёсий келишмовчиликлар мавжуд.
«Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Анқара саммитида қатнашмади. Мамлакат номидан ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов иштирок этди. Унинг қатнашмагани Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги ҳижобга оид чекловлар, ташқи таъсир ва бошқа сиёсий масалалар бўйича таранглик кучайган шароитда юз берди». (Reuters, 30.10.2026й).
Туркий бирлик шиорлари аъзо давлатларнинг алоҳида сиёсий муносабатлари ва қарама-қаршиликларини бекор қилмайди. Ҳатто бир-бири билан яқин ҳарбий ҳамда иқтисодий алоқаларга эга Туркия ва Озарбайжон ҳам айрим масалаларда келишмовчиликка дуч келмоқда. Шундай шароитда ТДТнинг ташқи давлатларга очилиши янада муҳим аҳамият касб этади.
«Ўзбекистон президенти ТДТнинг учинчи мамлакатлар билан “ТДТ+” форматида ҳамкорлигини тармоқ вазирлари учрашувларидан бошлаш ва аниқ савдо, транспорт ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилди». (Шавкат Мирзиёевнинг Анқара саммитидаги нутқи, 30.10.2026й).
Бу формат ташқи катта давлатлар учун ТДТ билан алоҳида институционал муносабат қуриш имкониятини кенгайтиради. АҚШ, Россия, Хитой ёки Европа Иттифоқи муайян лойиҳаларни фақат бир мамлакат билан эмас, бир нечта давлат иштирокидаги минтақавий майдон орқали ҳам илгари суриши мумкин.
Бироқ бу ерда ҳал қилувчи масала ташқи муносабатнинг номида эмас, унинг иқтисодий шартларидадир. Ким маблағ беради, технология кимга тегишли бўлади, минералларни ким сотиб олади ва транспорт инфратузилмаси устидан иқтисодий назорат кимда бўлади — сиёсий таъсир ана шу муносабатлар орқали шаклланади. Бу саволни Ўзбекистон президентининг инвестиция ҳақидаги таклифи янада аниқлаштиради.
““Туркий дунё – 100” дастуридаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Туркий инвестиция фонди билан бирга халқаро молия институтлари ресурсларини ҳам жалб қилиш муҳим”. (Шавкат Мирзиёевнинг Анқара саммитидаги нутқи, 30.10.2026й).
ТДТнинг ўз инвестиция фонди бўлса ҳам, йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун ташқи маблағлар кўзланмоқда. Бу эса молиялаштирувчи давлатлар ва институтларнинг лойиҳа шартларига таъсир ўтказиш имкониятини яратади.
Агар ташкилотнинг асосий транспорт, минераллар ва энергетика лойиҳалари ташқи капиталга боғланса, ТДТ иқтисодий жиҳатдан кенгайгани билан ташқи молиявий таъсирдан холи мустақил майдонга айланмайди.
Шу тариқа Анқара саммити орқали очилган сиёсий манзара қуйидагича: ташқи хавфсизлик ва иқтисодий алоқаларда буюк давлатлар билан боғланган мамлакатлар ўзларига қўшимча минтақавий ҳамкорлик институтларини қурмоқда. Улар савдо, транспорт ва инвестиция имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ мазкур жараённинг иқтисодий тармоқлари АҚШ, Россия, Хитой ва Европа манфаатлари билан боғланиб бормоқда.
ТДТнинг келажакдаги сиёсий мавқеи унинг нечта саммит ўтказиши ёки нечта қўшма ҳужжат қабул қилиши билан белгиланмайди. Асосий мезон — ташкилот аъзолари ҳал қилувчи масалаларда ўз шартларини ўтказа оладими, йирик лойиҳаларни мустақил молиялаштира оладими ва ташқи кучлар манфаатлари тўқнашганда умумий сиёсий қарорни амалга ошира оладими?
Ҳозирги жараён ТДТнинг иқтисодий ва институционал имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади. Аммо унинг аъзолари ташқи хавфсизлик, молия, технология ва бозорлар бўйича бир нечта катта давлатнинг таъсир доирасида ҳаракат қилишда давом этмоқда.
Шунинг учун ТДТни янги мустақил глобал куч маркази сифатида эмас, буюк давлатлар кураши ичида аъзо мамлакатлар учун қўшимча иқтисодий ва дипломатик ҳаракат майдони яратаётган минтақавий ташкилот сифатида баҳолашга асос бор.
Ислом мусулмонларнинг сиёсий бирлигини миллат, тил ёки ҳудуд асосида эмас, Ислом ақидаси асосида белгилайди. Туркий, араб, форс ёки бошқа миллатга мансуб бўлиш мусулмонларни алоҳида сиёсий умматларга ажратмайди. Барча мусулмонлар ягона умматдир. Уларнинг бирлиги миллий манфаатлар, иқтисодий келишувлар ёки буюк давлатлар ўртасидаги мувозанатга эмас, Ислом ақидаси ва шаръий ҳукмларга асосланади.
Аллоҳ таоло айтади:
«إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ»
«Албатта, мўминлар биродардирлар». (Ҳужурот:10)
Ислом мусулмонларнинг бирлигини маданий ҳамкорлик ёки умумий транспорт ва савдо йўллари билан чекламайди. Мусулмон уммати ягона сиёсий ҳокимият остида бирлашиши, унинг ишлари Ислом ҳукмлари асосида бошқарилиши вожибдир. Бу ҳокимият Халифаликдир.
Исломда мусулмонларнинг тақдири буюк давлатлар манфаатларига боғлаб қўйилмайди. Умматнинг бойликлари, хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва сиёсий қарорлари мустамлакачи давлатларнинг таъсири остида қолмаслиги лозим. Мусулмонлар бир буюк давлатнинг таъсиридан чиқиш учун бошқа бир буюк давлатнинг ҳимоясига киришни ўзларига сиёсий мақсад қилиб олмайдилар. Улар ўз мустақил сиёсий қудратига эга бўлишлари шарт.
ТДТ каби минтақавий ташкилотлар мусулмон халқларнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини кенгайтириши мумкин. Бироқ улар мусулмонларнинг шаръий сиёсий бирлиги ўрнини босмайди. Туркий халқларнинг бирлашиши араб, форс ва бошқа мусулмон халқлардан ажралган миллий сиёсий бирликка айланмаслиги керак. Зеро, Ислом мусулмонларни миллатларга қараб эмас, ақида асосида бирлаштиради.
Халифалик мусулмонларни ягона сиёсий ҳокимият остида бирлаштириб, уларнинг бойликлари, ҳарбий қудрати ва иқтисодий имкониятларини уммат манфаатларига хизмат қилдиради. У ташқи сиёсатини АҚШ, Россия ёки Хитойнинг манфаатларига мослаштириш асосида эмас, Ислом ҳукмлари асосида юритади.
Мусулмон уммати учун ҳақиқий сиёсий бирлик — буюк давлатларнинг этагини тутиб, улар ўртасида манёвр қилиш эмас, балки ўзининг мустақил сиёсий ҳокимиятини барпо этишдир. Бу эса Ислом билан ҳукм юритадиган Халифаликни тиклаш орқали амалга ошади.
Салоҳиддин
03.11.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ