Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Француз хавфсизлик вакили Марказий Осиёда нима қилмоқда?
Хабар: 2026 йил 17 сентябрда Франция Ички ишлар вазирлигининг вакили Сирил Гу Тошкентда ўз фаолиятини бошлади. (daryo.uz 18.09.2026й)
Изоҳ: Ўзбекистон ИИВнинг маълум қилишича, у Марказий Осиё давлатлари ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ходимлар малакасини ошириш ва тажриба алмашишга масъул этиб белгиланган. Бу тайинлов Франциянинг минтақага суқулиб кириш стратегиясининг навбатдаги босқичидир. Томонлар ўртасидаги мудофаа, хавфсизлик ва иқтисодий келишувлар ҳамда Франция Сенатининг Ўзбекистон ва Қозоғистонни “стратегик шерик” деб эълон қилиши француз тажовузи кўламини кўрсатади. Париж минтақа бойликлари, транспорт йўллари ва бозорларини эгаллаш, таълим ва маданият орқали узоқ муддатли таъсир ўтказишга интилмоқда. Бу эса мустамлакачиликнинг замонавий кўринишидир. Жазоирни босиб олиб, 130 йилдан ортиқ мустамлака қилган Франция илгари қўшин билан кириб келган бўлса, бугун иқтисод, сармоя ва давлат идоралари билан алоқалар орқали ўз мақсади сари интилмоқда. Лекин мусулмон юртларида француз режими учун яна бир муҳим мақсад бор – Исломнинг жамият ва давлатни бошқарадиган мукаммал низом сифатида ҳаётга қайтишини тўсиш. Бу, албатта, ҳаводан олинган тахмин эмас. Франция ИИВ ўз расмий ҳисоботларида “исломий сепаратизм” ва “сиёсий Ислом”га қарши курашни давлат хавфсизлигининг асосий йўналиши деб белгилаган. Энди бўлса “сиёсий Ислом”ни асосий таҳдид деб билувчи вазирлик вакили Тошкентда ўрнашиб олиб, минтақа хавфсизлик кучларига “тажриба” ўргатмоқда. Мусулмон юртлари раҳбарларининг Франция каби Исломга очиқчасига қарши курашаётган мустамлакачи куч билан хавфсизлик ҳамкорлигини чуқурлаштириши оғир жиноятдир. Агар бу ҳамкорлик Ислом ва унинг аҳкомларига қарши курашга хизмат қилса, у жиноятчиликка қарши кураш эмас, балки Ислом душманлари билан очиқдан-очиқ тил бириктиришдир. Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمْ أَوْلِيَاءَ … وَمَن يَفْعَلْهُ مِنكُمْ فَقَدْ ضَلَّ سَوَاءَ السَّبِيلِ
– “Эй, иймон келтирганлар! Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни дўст тутманглар… Ораларингизда ким ўша ишни қилса, тўғри йўлдан адашган бўлур”. (Мумтаҳана:1)
Ўзбек режими яҳудий вужудига стратегик бойликларимизни тақдим қилмоқда
Хабар: Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, вазирлик масъуллари ҳамда «ЎзТМК» АЖ раҳбарияти (исроил)нинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг ва (исроил) Молия вазирлигининг Осиё давлатлари бўйича минтақавий молиявий атташеси Асаф Ширман билан учрашув ўтказди. (uzdaily.uz 19.09.2026й)
Изоҳ: Музокаралар давомида Тошкент томони сионист мутахассисларга мамлакатдаги ер ости сув манбаларини қидириб топиш, фойдали қазилмалар ва камёб металларни қазиб олиш, шунингдек, ушбу конларни ўзлаштириш учун “E-Auksion” платформаси орқали хорижий инвесторларни жалб қилиш лойиҳаларини таклиф этди. Сув ресурслари бўйича ушбу ҳамкорлик муқаддам имзоланган “қурғоқчиликка қарши кураш” меморандумининг мантиқий давоми сифатида тақдим этилмоқда. Расм-русм, дипломатик баёнотлар ортига яширинган бу шериклик шунчаки “инвестиция ва технология жалб қилиш” эмас. Бу – Фаластин ва Ғазода минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг, гўдакларнинг қонини тўкаётган, муқаддас Ақсони оёқости қилаётган сионистик режимга Ўзбекистоннинг энг стратегик ва ҳаётий ресурслари – ер ости сувлари ва камёб металл конлари эшигини кенг очиб беришдир. Мамлакатнинг сув ва кон саноати каби ўта нозик, хавфсизликка бевосита алоқадор бўлган соҳаларини мусулмонларнинг ашаддий душмани бўлмиш кучларга топшириш ҳар қандай жиҳатдан хатарли қадамдир. Бу ҳолат ўзбек режими юритаётган ташқи сиёсатнинг нақадар мафкуравий ва ахлоқий инқирозга юз тутганини яққол кўрсатади. Мамлакат раҳбарияти халқаро минбарларда “Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш” ва “Ғазодаги инсоний фалокатлар” ҳақида баёнотлар бериб, амалда эса Аллоҳнинг лаънатига учрагур босқинчи яҳудий вужуди вакиллари билан бир столда ўтириб, уларга маҳаллий бойликлардан фойдаланиш ҳуқуқини таклиф этмоқда. Шариатга кўра, Ислом ва мусулмонларга очиқдан-очиқ адоват қилиб, уларнинг ерларини босиб олаётган ва қонини тўкаётган босқинчилар билан иқтисодий ёки стратегик ҳамкорлик қилиш, уларга мусулмон юртларининг табиий бойликларини топшириш қатъиян ҳаром бўлиб, улкан жиноятдир. Шунинг учун ўзбек режимининг мазкур сиёсатини ҳеч қандай важ билан оқлаш мумкин эмас. Зеро, мусулмонларнинг ресурслари сионистларнинг даромад ва куч-қудрат манбаига эмас, балки Уммат фаровонлигига хизмат қилиши шарт. Аслида, мусулмонларнинг мулкини ва ер ости бойликларини душманлардан ҳимоя қилиш давлатнинг асосий бурчидир. Расулуллоҳ ﷺ шундай дедилар: “Дарҳақиқат, Имом (Халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Ўзбек режимининг “ислоҳот”лари натижасида банклар бойимоқда, одамлар эса қарзга ботмоқда
Хабар: 2026 йил январь-июль ойларида Ўзбекистондаги тижорат банкларининг соф фойдаси 12,33 триллион сўмга етди. (daryo.uz 20.09.2026й)
Изоҳ: Марказий банк ҳисоботига кўра, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврида 7,33 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бир йил ичида банкларнинг соф фойдаси 5 триллион сўмга ёки 68 фоизга кўпайган. Агар бундан ўн йил аввалги ҳолатни эсга олсак, банкларнинг соф фойдаси ҳозиргидан ўн каррадан ҳам кам бўлганини кўрамиз. Ҳатто инфляция ҳисобга олинган тақдирда ҳам фойда барибир бир неча баробарга ортганига ҳеч шубҳа йўқ. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг банклардан бўлган қарз қолдиғи, депозитлар қиймати каби кўрсаткичларда ҳам улкан ўсиш бор. Булар нимага далолат қилади? Жавоб шуки, сўнгги ўн йилликда капиталистик молия ва иқтисод тизимига ўтиш шу қадар жадаллашиб кетдики, оқибатда атиги ўн йил ичида банк сектори даромадлари ўсгандан ўсиб борди. Албатта, бу даромадлар ҳеч қандай меҳнат ва таваккалчиликсиз ҳаводан пул топиш – рибо эвазига келган бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларни қон қақшатиш ҳисобига бўляпти. Бу ҳам камлик қилгандек, ҳозирда давлат бюджети ҳисобидан банк даромадларини кафолатлаш ва янада ошириш бўйича турли қонун ва қарорлар қабул қилинмоқда. Ўзбек режими буни яна ўша сийқаси чиқиб кетган “ислоҳот” номи остида амалга оширмоқда. Буларнинг барчаси капиталистик тузумда молия ва иқтисоднинг асосий таянчи судхўрлик эканини, фоиз юки халқни нақадар эзиб ташлаши муқаррарлигини кўрсатади. Масалан, 2026 йилнинг 1 августига келиб, Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори 24 триллион сўмга етган. Демак, капиталистик тузум ва унинг иқтисодий низоми тирик экан, мусулмон халқимизнинг боши қарздан чиқмайди ва бор қувватини мана шу қарз доираси ичида айланиб совуришдан бошқа нарсага эришмайди. Исломда эса рибо орқали бойлик орттириш қатъий ман қилинган.
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
– “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони эса ҳаром қилди”. (Бақара:275)
Давлат идоралари устидан шикоят қилиш ҳуқуқини кенгайтириш ортидаги мақсадлар
Хабар: Ўзбекистонда фуқароларга давлат органлари устидан судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилади. (daryo.uz 22.09.2026й)
Изоҳ: Хабарда таъкидланишича, эндиликда соҳани ривожлантириш доирасида фуқароларга проактив ҳимояни таъминлаш учун судга мурожаат қилишнинг 4 турдаги даъво шаклини жорий этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш ҳамда ноқонуний қарорларга нисбатан муддатсиз мурожаат қилиш каби 15 га яқин янги ҳуқуқий институтларни киритиш таклиф этилмоқда. Бу каби “ислоҳот” ва жар солишлар моҳиятига чуқурроқ қарасак, уларнинг ортида адолатни таъминлашдан кўра бошқачароқ мақсадлар борлигига гувоҳ бўламиз. Биринчидан, бу каби ислоҳотлар, энг аввало, ташқи сармоядорлар ва глобал капитал учун “хавфсизлик витринаси”ни яратишга қаратилган. Неолиберал капитализм моделида давлатнинг асосий вазифаси ўз фуқароларини муҳофаза қилиш эмас, балки хорижий сармоядорлар ва йирик корпорациялар учун қулай муҳитни таъминлашдир. Бу билан ўзбек режими суд тизими орқали хорижий инвесторларга ва халқаро рейтинг агентликларига “бизда мулк ва ҳуқуқ суд орқали ҳимояланган” деган нома юбормоқда. Иккинчидан, маҳаллий ҳокимият қарорлари устидан шикоят қилиш механизмларининг кенгайтирилиши – марказий ҳокимиятнинг жойлардаги амалдорлар устидан назоратини мустаҳкамлаш ричагидир. Аҳоли орасида тўпланиб қолаётган кучли норозилик ва эътирозларни оммавий чиқишлар ва очиқ қаршиликларга айланиб кетмаслиги учун уларни суднинг узоқ ва бюрократик коридорларига йўналтириш мақсад қилинган кўринади. Жамиятдаги ҳақиқий муаммолар ва адолатсизликлар оқибатига қарши курашишга қаратилган бу каби чоралар аслида мавжуд тузум ва ҳокимият умрини узайтиришга қаратилган холос. Капиталистик демократия ва инсон томонидан тўқилган қонунларга асосланган тизимларда суд ҳокимияти ҳеч қачон тўлиқ холис ва мустақил бўла олмайди. Қонунлар доимо ҳокимиятда турган элита ва сармоядорлар манфаатига мослаштирилади, оддий халқ эса сунъий “ҳуқуқий институтлар” ва бюрократия исканжасида қолаверади. Ҳақиқий адолат фақат шариат аҳкомларини тўлиқ татбиқ қилувчи, Умматнинг шаъни ва ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи Ислом тузуми – Халифаликдагина амалга ошади.
Армияларимиз қўлига солинган кишандан қачон озод бўлади?
Хабар: 2026 йил 22 сентябрь куни Озарбайжоннинг Хожавенд туманида Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ҳарбийлари иштирокида «Бирлик кучи — 2026» қўшма машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. (ozodlikkanali 23.09.2026й)
Изоҳ: Қайд этилишича, Қорабоғ, Нахчивон ва Каспий денгизида ўтказилаётган ушбу манёврлардан асосий мақсад – қўшма операцияларга тайёргарликни ошириш, қўшинлар мувофиқлашувини яхшилаш ва жанговар тартибларни яхлитлаштиришдан иборат. Уч мусулмон юрти аскарларининг бир майдонда машқ қилиши ва жанговар маҳоратини ошириши умид уйғотса-да, оғриқли бир саволни ўртага қўяди: биргаликда ҳаракат қилишни ўрганаётган бу улкан армияларнинг қудрати Ғазодаги мазлум мусулмонларни ҳимоя қилиш учун нега ишга солинмаяпти?! Ёки Шарқий Туркистондаги жафокаш уйғур мусулмонлари тақдиричи?! Ваҳоланки, лаънати яҳудий вужуди ва худосиз Хитой режимининг репрессив жиноятлари шундоққина исломий юртлар режимлари кўз олдида содир бўлмоқда. Шунинг учун асосий муаммо фақат аскарнинг маҳоратида эмас, балки уни йўналтираётган ва тор шахсий манфаатларга бўйсундираётган сиёсий иродададир. Туркия ва Озарбайжон Шуша декларацияси орқали иттифоқчи бўлса, Ўзбекистон Туркия билан янги ҳарбий ҳамкорлик режасини тасдиқлаган. Бироқ бу армиялар, афсуски, ташқи кучлар манфаатига маҳкам боғланган. Туркия НАТО аъзоси бўлиб, АҚШ бундай шерикликларни Россия ва Хитойга қарши геосиёсий рақобат воситаси деб билади. Ўзбекистон эса бир вақтнинг ўзида Россия билан ҳам 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорликни амалга оширмоқда. Айни пайтда Озарбайжон (исроил) билан мудофаа алоқаларини ривожлантирмоқда, АҚШ эса сионистик тузумнинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Шундай қилиб, мустамлакачи кучлар ҳарбий иттифоқлар ва дастурлар орқали мусулмон армияларининг қўл-оёғини боғлаб қўйган. Зулм ва босқин остидаги мусулмонларни ҳимоя қилиш масаласи айнан мана шу геосиёсий боғлиқликлар ва мустамлакачилар тузган “ўйин қоидалари” деворига келиб урилмоқда. Ислом нуқтаи назаридан армиянинг вазифаси – Умматнинг жони, моли ва муқаддасотларини ҳимоя қилишдир. Мусулмон армияларининг ҳақиқий бирлиги машқ майдонидаги сохта мувофиқлик билан эмас, балки ташқи қарамликдан озод бўлиб, ягона Исломий Давлат – Халифалик атрофида бирлашиш ва амалий ҳаракат қилиш билангина амалга ошади. Акс ҳолда бугунгидек миллий чегара ва манфаатлар билан чекланган ҳамда қафасдаги шер каби бефойда наъра тортувчи улкан кучлигича қолаверади.
Инқирозга юз тутган БМТга бош уриш
Хабар: БМТ Бош Ассамблеясининг йиллик сессиясида Ўзбекистон номидан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. (daryo.uz 24.09.2026й)
Изоҳ: Мирзиёва ўз маърузасида глобал геосиёсий зиддиятлар ва ишонч инқирози шароитида “Бизга фақат қарор қабул қиладиган эмас, қарорларни амалга оширишга қодир БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак” дея таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг “БМТ-80” ташаббусини қўллаб-қувватлаши, Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш тарафдори экани ҳамда 2035-2036 йиллар учун Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодини илгари сургани маълум қилинди. ПА раҳбари Мирзиёеванинг мазкур нутқи аввалги йиллардаги мақтов ёғдириладиган ва ўта нейтрал нутқлардан бироз дадилроқ экани билан ажралиб турди. Бироқ бу “дадил”лик ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, балки шароит тақозосига кўра, дея изоҳлаш мумкин. Зеро, бугун дунё кўз ўнгида бу ташкилотнинг сариқ чақалик обрўси қолмади, айниқса, БМТни ташкил қилган мустамлакачи давлатларнинг ўзлари ҳам унинг чуқур инқирозга юз тутганини тан олишга мажбур бўлишяпти. Таъкидлаш лозимки, БМТнинг тамоман инқирозга юз тутганини босқинчи яҳудий вужудининг Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги мисли кўрилмаган жиноятлари янада очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Ҳозирга келиб эса, дунё тартиботи қаттиқ силкиниш ва ўзгаришларга юз тутмоқда. Яъни бутун оламни азоб-уқубатга тўлдириб юборган халқаро капиталистик системага кетган дарз тез суръатлар билан кенгайиб бормоқда. Ва бу унинг тамоман заволга юз тутиб, ҳукмронлигига якун ясайдиган кунлар жуда яқин эканлигидан дарак беради. Аммо узоқни кўра олмаётган ёки ўзини кўрмаганга солаётган Ислом юртларидаги режимлар, жумладан, ўзбек ҳукумати ҳам ўзларининг тор шахсий манфаатларини Ислом Уммати манфаатидан устун қўйишмоқда. Шу сабабли аллақачон ичидан чириб битган БМТ каби халқаро ташкилотларга ҳали ҳам умид кўзи билан боқиб, ундан ечим ва ижро талаб қилишмоқда. Ваҳоланки, азизлик ва куч-қудрат кофир мустамлакачилар манфаати ва нуфузи учун хизмат қиладиган БМТ каби ташкилотлар остонасидан изланмайди. Кимки шундай қилса – иккинчи рошид Халифа Умар р.а. айтганидек – Аллоҳ уни ўшаларга ташлаб қўяди ва хор қилмасдан қўймайди. Аллоҳ таоло айтади:
وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ
– “Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар”. (Мунофиқун:8)
Фаҳшга ботган капиталистик тузумнинг навбатдаги ёш қурбони
Хабар: Болалар омбудсмани Наманганда жинсий зўравонликка учраган 5 ёшли бола ҳақида турли тасдиқланмаган хабарларни тарқатмасликни сўради. (daryo.uz 25.09.2026й)
Изоҳ: Болалар омбудсманининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан 12 сентябр куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи К.М. қамоққа олинган. Бундай қилмиш учун амалдаги қонунчиликда 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва ҳеч қандай енгиллик қўлланилмаслиги белгиланган. Жабрдийда болага “Инсон” маркази томонидан психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилмоқда. Аммо бу совуқ ва расмий баёнотлар жамиятда аланга олган нафрат ва ғазаб ўтини асло ўчира олмайди. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар, ота-оналар ҳақли равишда кескин норозилик билдириб, мазкур педофил ва ваҳший нусхага нисбатан олий жазо – ўлим жазосини талаб қилмоқдалар. Чунки маълум муддатли ёки ҳатто 20 йиллик қамоқ жазоси ҳам жамиятнинг энг бегуноҳ ва ҳимоясиз аъзоси бўлмиш 5 ёшли гўдакнинг топталган номуси, барбод этилган болалиги ва оиланинг битмас жароҳати олдида мутлақо адолатсиз ва номутаносибдир. Бу каби мудҳиш фожиаларнинг бот-бот такрорланаётгани ва одамларнинг амалдаги суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончининг йўқолгани бугунги секуляр қонунчиликнинг тубдан яроқсизлигини кўрсатади. Чунки инсон ўйлаб топган қонунлар жиноятнинг олдини олишдан ҳам, унга муносиб жазо беришдан ҳам ожиздир. Демократик қадриятлар ниқоби остида ўлим жазосининг бекор қилиниши аслида жиноятчилар, педофиллар ва ваҳшийларни яширинча ҳимоя қилиш, жамият аъзоларининг жони ва номусини эса хавф остида қолдириш демакдир. Ислом аҳкомларига ва шариатга мурожаат қилинса, жамият ахлоқини бузадиган ва болаларнинг номусига тажовуз қиладиган бундай ваҳшийларга нисбатан энг кескин ва оғир жазолар белгиланган. Ислом уқубот (жазо) тизими жиноятчига бериладиган жазони шунчалик ибратли ва қаттиқ қилиб белгилаганки, токи бошқа ҳеч бир кимса бундай пасткашлик ва ваҳшийликка қўл уришга журъат эта олмасин. Шариатда жазо фақат гуноҳга кaффорат бўлиб қолмай, балки бутун жамиятни тозаловчи ва жиноятнинг илдизини қуритувчи қалқондир.
Форуқ
26.09.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ