Нашр сўзи: Сурия икки лойиҳа ўртасида — нормаллашув ва давлат барпо этиш

Нашр сўзи: Сурия икки лойиҳа ўртасида — нормаллашув ва давлат барпо этиш
Яҳудий вужудининг Сурия жанубига бостириб кириши, шу билан бирга содир этилган тажовузлар ва янги ҳарбий воқеликни зўрлик билан жорий қилиши вақтинчалик келишувлар орқали жиловлаш ёки сиёсий манфаатлар ҳисоб-китоби билан четлаб ўтиш мумкин бўлган оддий хавфсизлик ҳодисалари эмас эди. Бундан ҳам хатарлиси — ушбу тажовузга муносабат сиёсий мослашув жараёнига айланиб қолиши, ерларни босиб олаётган, муқаддасотларни оёқости қилаётган ва мамлакат дахлсизлигини бузaётган вужуд билан нормаллашув «сиёсий реализм» ёки «барқарорлик зарурати» деган номлар остида таклиф этилаётган вариантлардан бирига айланишидир! Бу ерда масаланинг икки томон ўртасидаги дипломатик муносабатлар ёки ўзаро ён беришлар орқали ҳал қилиниши мумкин бўлган оддий чегаравий низо эмаслигини англаш зарур. Аксинча, бу — минтақага нисбатан яҳудий вужудининг экспансионистик лойиҳаси, мавжудлик учун кураш ва Суриянинг ушбу лойиҳадаги ўрни масаласидир.
Ҳануз Сурияга қарашли Жўлонни босиб турган, Сурияга қарши тажовузларини давом эттираётган, Фаластинда манзилгоҳлар қуриш ва аҳолини кўчириш сиёсатини олиб бораётган вужудга минтақавий барқарорлик мувозанатидаги оддий бир томон сифатида муносабатда бўлиб бўлмайди. Зеро, низонинг сабаблари — бу мавжудлик учун кураш бўлган низонинг илдизлари — ҳануз сақланиб турибди. Давлатлар ўртасидаги муносабатлар давлатнинг таянган тасаввури ва унинг сиёсатини бошқарадиган мафкуравий асосдан ажралмайди. Исломда ҳукм юритиш кучлар нисбатига қараб манфаатларни бошқаришдангина иборат эмас, шунингдек, халқаро вазият тақозо қиладиган келишувлар мажмуаси ҳам эмас. Балки у Ислом аҳкомлари асосида Уммат ишларига ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ шаръий масъулиятдир. Шунинг учун такрор-такрор содир этилаётган тажовузларни низонинг моҳияти ва унга муносабатда бўлиш ҳукмларини ҳисобга олмасдан нормаллашув учун баҳонага айлантириш сиёсий қарорни қайси мафкуравий асос бошқараётгани ва ташқи муносабатлар қайси негизга қурилаётгани ҳақида саволлар туғдиради. Сурия жанубида содир бўлаётган воқеалар Фаластиндан ажралган ҳолда эмас. Шом диёрининг геосиёсий жўғрофияси ва сионистик лойиҳанинг табиати Суриядаги воқеалар билан яҳудий вужудига оид жараёнларни ягона минтақавий манзаранинг ўзаро боғлиқ ҳалқаларига айлантиради. Фаластиндаги истило, манзилгоҳлар қурилиши ва аҳолини кўчириш, Сурия жанубидаги бостириб киришлар ҳамда ҳарбий воқеликни зўрлик билан жорий этиш — буларнинг барчаси минтақада экспансия ва ҳукмронлик лойиҳаси давом этаётганини кўрсатади. Шунинг учун бу масалаларни бир-биридан ажратиб, алоҳида миллий муаммолар сифатида кўриб чиқиш муаммонинг моҳиятини тўлиқ англамасликка олиб келади. Уларни фақат хавфсизлик келишувлари ёки сиёсий битимлар доирасига қисқартириш эса ҳақиқий илдизларини эътибордан четда қолдиради.
Шу нуқтаи назардан нормаллашувга уринишнинг хатарли жиҳати яққол намоён бўлади. Нормаллашув сиёсий мақсадга айланганида, Фаластин масаласи ва Сурияга қарши тажовузларни четлаб ўтиш янги муносабатлар тенгламасининг бир қисмига айланади. Битимлар эса истило сабабларини бартараф этиш воситаси бўлиш ўрнига, истило воқелигини одатий ҳол сифатида қабул қилдириш воситасига айланади. Шу боис нормаллашувга нисбатан позиция давлатлар ва вужудлар билан муносабатларнинг шаръий тасаввуридан, тинчлик ва уруш ҳолатларида бу муносабатларни тартибга соладиган шаръий ҳукмлардан ажралмайди. Бу нуқтаи назардан сионистик экспансионистик лойиҳа билан кураш ҳиссий кураш ҳам, урушнинг ўзини мақсад қилиб олишга чақириқ ҳам эмас. Балки у истило билан Умматнинг ҳуқуқлари, босқинчи вужуднинг экспансия ва ҳукмронлик лойиҳаси билан Умматнинг ўз муқаддасотлари ва ерига эгалик қилиш ҳамда Раббининг Шариатини ҳаётга татбиқ этиш ҳуқуқи ўртасидаги сиёсий ва тарихий зиддиятдир.
Низонинг сабаблари сақланиб турган, унинг моҳияти чегаравий эмас, балки мавжудлик учун кураш бўлган бир шароитда, унинг фақат битимлар тузиш билан тугаши ҳақидаги гаплар воқелик ҳақиқатидан узоқлигича қолаверади. Шароит ва босқичлар ўзгариши мумкин, аммо низони ҳал этиш уни кичрайтириш, номини ўзгартириш ёки унинг талабларини кейинга суриш билан амалга ошмайди. Балки бунинг учун унинг табиатини англаш ва унга қандай муносабатда бўлишни миллий чегаралар асосида эмас, ақида асосида белгилайдиган сиёсий тасаввурга эга бўлиш зарур.
Мўмин ўз иймони билан Уммат ишларига нисбатан тутган позициясини бир-биридан ажратмайди. Шунингдек, Шариат ҳукмларини фақат шахсий ҳаётида амал қиладиган, ҳукмронлик ва сиёсат тизимида эса йўқ бўлиб кетадиган нарсага айлантирмайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَنْ يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ﴾
«Аллоҳ ва Унинг Расули бирор ишни ҳукм қилганида, мўмин эркак ва мўмина аёл учун ўз ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмас». (Аҳзоб сураси, 36-оят.)
Яна У зот шундай дейди:
﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ﴾
«Йўқ! Раббингизга қасамки, улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича, сўнгра сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича, иймон келтирган бўлмайдилар». (Нисо сураси, 65-оят.)
Ушбу оятлар бизга янада чуқурроқ саволга жавоб топиш йўлини кўрсатади: Умматнинг сиёсий ҳаёти қайси мафкуравий асосга қурилиши керак? Унинг ишлари қайси доирада тартибга солиниши, ички ва ташқи муносабатлари қайси асосда бошқарилиши, уруш, тинчлик ва нормаллашув масалаларидаги позициялари қайси мезонлар асосида белгиланиши лозим?
Уммат воқелигидаги издан чиқиш фақат ҳарбий заифлик ёки сиёсий беқарорлик билан боғлиқ эмас. Бу, шунингдек, Умматни бирлаштирадиган мафкуравий сиёсий лойиҳанинг йўқлиги ва ҳукмронлик ҳамда сиёсат ишларини йўналтиришда Исломий мафкуравий асоснинг ўз ўрнидан чекиниши билан ҳам боғлиқдир.
Шунинг учун Сурия воқелигини бартараф этиш ва Фаластин келажагини кўриб чиқиш иттифоқларни алмаштириш ёки ташқи кафолатларни излаш билан чекланмаслиги керак. Бунинг учун сиёсий тизимнинг моҳияти ва у таянадиган мафкуравий асосга назар ташлаш зарур. Масала фақат шахсларни алмаштириш ёки муассасаларни қайта тартибга солишдан иборат эмас. Балки у Умматни бошқарадиган давлатнинг табиати, унинг қонунлари ва сиёсатлари келиб чиқадиган асос ҳамда Уммат ишлари қайси мақсад атрофида тартибга солиниши ҳақидаги саволдир.
Шунга кўра, Аллоҳнинг Шариатини ҳакам қилиш ва Ислом асосида давлат барпо этиш исломий сиёсий тасаввурнинг марказий ўқини ташкил қилади. Зеро, Ислом фақат шахсий ибодат ва маросимлардан иборат эмас. Балки у жамият, ҳокимият ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган ҳукмларни ҳам ўз ичига олган диндир. Давлат барпо этиш дегани — шаръий ҳукмларни татбиқ этадиган, инсонлар ишларига ғамхўрлик қиладиган, ички ва ташқи сиёсатни Ислом аҳкомлари асосида бошқарадиган ҳамда Умматни ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг рисолатини ёйиш масъулиятини зиммасига оладиган сиёсий тузилма ва ҳукм идораларининг мавжуд бўлишидир.
Сурия ва Фаластин дуч келаётган муаммо фақат ташқи тажовузлар билан чекланмайди. У Уммат масалалари тартибга солинадиган сиёсий лойиҳанинг йўқлигигача бориб тақалади. Шунинг учун яҳудий вужуди билан нормаллашувни рад этиш оддий бир муносабат эмас, балки сиёсий жиҳатдан уйғонишнинг асл моҳиятини излашга, ҳиссий жавоблардан кенгроқ бўлган умумий тасаввурнинг бир қисми бўлиши керак. Мақсад фақат мавжуд воқеликни рад этиш эмас, балки Ислом ҳукмлари ҳокимият ва қонунчиликнинг мафкуравий асоси бўладиган, давлат эса ушбу асос Уммат ҳаётида намоён бўладиган сиёсий доирага айланадиган лойиҳага ўтишдир. Шу ерда Ислом лойиҳасини олиб борадиган, мусулмонлар ишларига ғамхўрлик қиладиган ва уларнинг салоҳиятини ягона сиёсий тузилма доирасида қайта бирлаштирадиган давлатни барпо этиш ҳамда Аллоҳнинг Шариатини ҳакам қилиш зарурати намоён бўлади. Зеро, Уммат ўз инқирозларини шунчаки таърифлаш билан ўз мавқеини қайта тиклай олмайди. Бунинг учун у ўз сиёсий лойиҳасига эга бўлиши, ўз ақидаси ва дини аҳкомлари асосида ҳаракат қилиши лозим.
Устоз Абдулкарим Жума
Роя газетасининг 2026 йил 25 ноябр чоршанба кунги 627-сонидан



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ