«Ҳалол финтех» сароби ва мустамлакачилик молияси: IMAN можароси ортидаги ҳақиқатлар

«Ҳалол финтех» сароби ва мустамлакачилик молияси: IMAN можароси ортидаги ҳақиқатлар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Бир неча йил давомида минтақада исломий молия ва замонавий финтех саноатининг флагмани сифатида тақдим этиб келинган IMAN Invest бренди кутилмаган бўҳрон гирдобига тушиб қолди. Ислом молиясига мувофиқлаштириш кенгаши (IFCB)нинг оғир баёноти, «20 миллион долларлик камомад» ҳақидаги шов-шувли иддао ва бошқарув раисининг истеъфоси оддий корпоратив низо доирасидан аллақачон чиқиб улгурди.
Бугун жамоатчилик шунчаки бир стартапнинг баланс тафовутларини ёки рақамлар жангини кузатаётгани йўқ. Ҳиссиётлар ва ваҳимали сарлавҳаларни бир четга суриб қаралса, бу можаро глобал капиталистик тузум ичида «исломий» ёрлиғи билан яшаб қолишга уринган, бироқ моҳиятан рибовий тизимнинг нусхасига айланган гибрид моделларнинг мафкуравий инқирозидир.
«20 миллионлик тешик» ва фасад ортидаги реаллик
Жамоатчиликка тақдим этилган баёнотлар синчиклаб таҳлил қилинса, «камомад» атамаси атрофида катта методологик ва психологик манипуляция борлиги кўринади.
20 миллион доллар бир кечада ғойиб бўлган нақд пул эмас. Бу кўрсаткич муаммоли қарзлар (NPL — тахминан 3,5 млн доллар), бошқарув компаниясининг фонд олдидаги ички қарзи (2,97 млн доллар) ҳамда келажакдаги кутилаётган тушумлар билан инвесторлар маблағи ўртасидаги ҳисоб-китоб фарқларининг механик йиғиндисидан ҳосил қилинган.
Бироқ рақамларнинг бўрттирилгани муаммо йўқлигини англатмайди. Лойиҳа ичидаги учта фундаментал омил инқирозни муқаррар қилиб қўйди:
– Инвестор маблағи ва стартап харажатларининг қоришиб кетиши: Стартаплар дунёсидаги энг хавфли амалиёт — инвесторлар сармоясини компаниянинг кундалик операцион харажатлари (маркетинг, маошлар, IT) учун ишлатишдир. Бошқарув компанияси фонддан деярли 3 миллион долларни ўз эҳтиёжлари учун олганини тан олди. Бу офертада кўрсатилган бўлса-да, молиявий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиқ манфаатлар тўқнашувидир.
– Люкс ва имиж васвасаси: Инвесторлар пули ҳисобига олинган 128 минг долларлик Mercedes-Benz S500 воқеаси жамият учун шунчаки «қизил латта» эмас, балки раҳбариятнинг капиталга нисбатан масъулияти ва ахлоқий чегаралари қай даражада эканини кўрсатди. Умматнинг саноат қудратини ошириш даъвоси билан тўпланган сармоя эвазига ҳашаматли ҳаёт кечириш маънавий таназзулнинг яққол кўрсаткичидир.
– «Банк-ран» (Bank Run) ва ликвидлик хавфи: Муддатли тўлов (насия) портфели ва инвесторлар талаби ўртасида табиий ликвидлик фарқи мавжуд. Агар одамлар бир вақтнинг ўзида маблағларини қайтариб олишга ёпирилса, активлари узоқ муддатли насия шартномаларига тикилган ҳар қандай молиявий муассаса нақд пул тақчиллигига рўбарў келади. Мазкур медиа шов-шув айнан ана шу заиф нуқтани нишонга олди.
Капитализм қолипига жойланган фиқҳ: Моҳиятсиз шаклбозлик
«Замонавий исломий молия» деб аталган индустрия дуч келган энг оғир тузоқ — бу капиталистик иқтисоднинг асл моҳиятини ўзгартирмасдан, унга фақат ташқи «шаръий либос» кийдиришга уринишдир.
Ислом иқтисоди реал ишлаб чиқариш, савдо мулкининг айланиши ва хавф-хатарларни (рискни) адолатли тақсимлашга асосланади. Афсуски, бугунги кўплаб «ҳалол финтех»лар ғарбча истеъмолчилик васвасаси ва муддатли тўлов орқали жамиятни сурункали қарздорликда ушлаб турувчи неолиберал машинанинг қулай қуролига айланди.
Натижада саноат қуввати ёки мустақил ишлаб чиқариш ривожланмайди, аксинча, аҳоли хорижий маҳсулотларни сотиб олиш учун оммавий «насия» ботқоғига ботирилади.
Бу жараёнда муробаҳа ёки музораба шартномалари замиридаги юксак ахлоқий мақсадлар четга сурилиб, «фиқҳий найранглар» орқали фоизни «устама» ёки «маржа» деб аташ билан кифояланилмоқда.
Бундан ташқари, кўплаб инвесторлар бу тизимни рисксиз депозит деб билишган. Ваҳоланки, Ислом молиясида фойда билан бирга зарарни ҳам тақсимлаш фундаментал қоидадир. Портфелда 6,5% муаммоли қарзлар борлиги оддий тижорий ҳолат бўлса-да, бу инвесторларга очиқ тушунтирилмаган.
Бреттон-Вудс қопқони ва корпоратив тўқнашувлар
Мустамлакачилик молиявий архитектураси ва суверен муқобилнинг йўқлиги ушбу бўҳроннинг фундаментал илдизини ташкил этади.
Бугунги «Ислом молияси» номли индустрия ўз мустақил пул бирлигига (олтин-кумуш стандарти ёки ҳақиқий активга боғланган валютага) эга бўлмаган, АҚШ доллари гегемониясига қарам фиат дунёсида фаолият юритмоқда.
Рибовий океан ичида, мустақил сиёсий ирода ва тўлиқ шаръий қонунчилик пойдеворисиз «кичик бир ҳалол оролча» қуришга уриниш хаёлий саробдир.
Маҳаллий муҳитда эса назорат органлари ва финтехлар муносабати классик банк секторининг манфаатлари соясида қолади; банклар муқобил тизимнинг пайдо бўлишига ўз монополияларига очиқ таҳдид сифатида қарайди.
Шу билан бирга, инқирознинг бу қадар шиддатли медиа-босим билан портлаши шунчаки аудиторлик хулосасининг оқибати эмас. Парда ортида қуйидаги омиллар яққол сезилади:
- Маслаҳатчилар ва таъсисчилар тўқнашуви: IFCB билан ихтилоф аслида шаръий қоидалар устида эмас, балки бошқарувдаги улуш, қарор қабул қилиш ваколатлари ва молиявий оқимларни назорат қилиш дастакларини талашиш оқибатида юзага келгани кўринади.
- Лицензиясиз «норасмий банк» хавфи: Банк мақомига эга бўлмаган тузилмалар депозитга ўхшаш сармояларни жалб қилар экан, улар Марказий банкнинг пруденциал нормативлари ва мажбурий захира талабларидан ташқарида қолади. Бу эса регуляторлар учун жиддий хавотир сигналидир.
- Бозор учун рақобат: Насия бозори шиддат билан ўсаётган пайтда энг йирик ўйинчилардан бирининг обрўсизлантирилиши классик банк тизими ва рақобатчи финтехлар учун портфелларни қайта тақсимлаш имкониятини очади.
Омонат қадри ва олимлар масъулияти
Исломий иқтисод фалсафасида молиявий бошқарув мутлақ омонат тушунчасига таянади. Омонатга путур етиши эса жамиятнинг энг нозик туйғуси — маънавий ишончни жароҳатлайди.
Бу можаронинг энг оғир оқибати — дин номи ва «ҳалол» ёрлиғининг қадрсизланишидир. «Ҳалол ризқ топаман» деган соф эътиқод билан маблағ тиккан инсонларнинг ишончини корпоратив масъулиятсизлик ва ички тортишувлар қурбонига айлантириш жамиятда Ислом адолати тамойилига нисбатан шубҳа уйғотиши мумкин. Бу ҳолат секуляр ва динсиз мафкуралар учун энг катта дастак бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда «шаръий кенгаш»нинг мақоми қаттиқ саволга тутилмоқда:
Агар «шаръий кенгаш» компаниянинг ўзидан маош, хизмат ҳақи ёки фоиз олиб турса, у қанчалик холис текширувчи бўла олади?
Ислом тарихида фақиҳлар ҳоким ва бойлардан мустақил, ҳақ сўзни тик айтадиган Ислом посбонлари бўлишган. Қачонки «шаръий кенгаш» хусусий ширкатнинг PR-воситасига айланиб, мураккаб молиявий амалиётларга фақат тасдиқ тамғасини босиб берса, ўз-ўзидан муассаса даъво қилган «шаръийлик» мақоми емирилади.
Юзаки ислоҳотдан туб ўзгаришга
Компания мустақил халқаро аудит жалб этишини, раҳбарият ўзгаришини ва 2,97 млн долларни қайтаришини билдирди. Бироқ эндиликда IMAN рақамларни эмас, балки омма ишончини қайтариш учун кураш олиб бориши керак.
Кейинги босқичда халқаро аудит хулосаси ҳақиқий ҳолатни очиб бериши, сармоядорлар томонидан маблағларни қайтариб олиш босимига компаниянинг нақд пул захираси қай даражада бардош бериши ҳамда Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (НАПП) томонидан киритиладиган янги тартиблар бозор манзарасини белгилайди. Ўзбекистон молия бозори учун «совуқ душ» бўлган ушбу инқироз шунчаки шиорлар, арабча атамалар ва агрессив маркетинг билан исломий иқтисод қуриб бўлмаслигини фош этди.
Муаммо нимада ва хақиқий ечим
- Ширкатнинг шаръан ботиллиги: Капиталистик корпоратив моделга асосланган тузилмалар Исломдаги ширкат таърифига мос келмайди. Исломда ширкат — икки ёки ундан ортиқ шахснинг фойда олиш учун молиявий иш қилишга келишувидир. Унда шахс (тан/бадан) тасарруф юритувчи бўлиши шарт. Ҳозирги фондларда эса инвесторлар фақат мол қўювчи бўлиб, бошқарув юридик шахсга топширилади, бу эса Исломда ботилдир.
- Шахсий масъулиятнинг чекланиши: Замонавий финтех ва стартаплар капиталистик «чекланган масъулият» принципига таянади. Исломда эса шерикларнинг масъулияти ва омонатдорлиги шахсий бўлиб, сунъий равишда яратилган «юридик шахс» пардаси ортига яшириниб бўлмайди.
- Қарзнинг тижоратлашуви: Исломда қарз савдо предмети эмас. Муҳтожга қарз бериш савоб амал, эҳсон бўлиб, ундан даромад олиш мутлақо ман қилинган. Насия савдосида фоизни «устама»га айлантириб, сунъий қарз портфелини яратиш рибовий банк амалиётининг айнан такроридир.
Исломий иқтисод низомида баён қилинган ҳақиқий ечим қуйидагилардан иборат:
- Шаръий ширкатлар асосида иш юритиш: Капиталистик фондлар ва акциядорлик тузилмаларидан воз кечиб, муомалаларни Ислом белгилаб берган беш ширкат турига (Инон, Абдон, Музораба, Вужуҳ, Муфоваза) кўра қуриш. Музорабада сармоядор фақат фойдани келишилган нисбатда олади, зарар эса қатъий равишда молнинг ўзига тушади (музориб фақат меҳнатини йўқотади). Ҳеч қандай хавфсиз депозит ёки кафолатланган устама бўлиши мумкин эмас.
- Олтин ва кумуш стандартига қайтиш: Пул муомаласини ҳақиқий қийматга эга бўлган олтин ва кумушга боғлаш. Фақат шу йўл билангина Бреттон-Вудс, доллар гегемонияси ва фиат пуллар келтириб чиқарадиган сунъий инфляция ҳамда банк-ран (ликвидлик тақчиллиги) хавфидан қутулиш мумкин.
- Истеъмол қарзи эмас, реал сектор ва саноат инвестицияси: Молиявий маблағлар одамларни майда истеъмол моллари учун қарзга ботиришга эмас, балки мубоҳ саноат, деҳқончилик ва ҳақиқий ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилиши керак.
- Эҳтиёжларни таъминлашда давлат ва Байтулмол масъулияти: Фуқароларнинг озиқ-овқат, кийим ва уй-жойга бўлган асосий эҳтиёжлари судхўр финтехларнинг насияси билан эмас, балки аввало ҳар бир шахснинг меҳнати, сўнг яқинларининг нафақаси ва ниҳоят давлат Байтулмоли ҳисобидан кафолатланиши лозим. Зарурат туғилганда Байтулмол деҳқон ва ҳунармандларга фоизсиз қарз бериб, уларни оёққа турғизади.
- Тўлиқ низом сифатида татбиқ қилиш: Ислом Иқтисод низомини капиталистик тизим денгизида биргина «оролча» ёки стартап сифатида қисман татбиқ этиб бўлмайди. Ҳақиқий натижага эришиш учун Исломнинг мулкчилик турлари (хусусий, умумий, давлат мулки), савдо ва тақсимот қоидалари давлат даражасида тўлиқ низом сифатида татбиқ этилиши шарт.
Акс ҳолда, глобал капитализм денгизида унинг рибовий қоидалари билан сузишга уринган ҳар қандай «ҳалол кема» инқироз тўлқинларига дош беролмай, Умматнинг соф ишончини ҳам ўзи билан бирга гирдобга олиб кетиши муқаррардир.
Иззатуллоҳ
03.11.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ