Ақаба жараёни: «хавфсизликни таъминлаш» шиори ортидаги мақсадлар

Ақаба жараёни: «хавфсизликни таъминлаш» шиори ортидаги мақсадлар
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Иордания қироли Абдулла II таклифига биноан 5–6 ноябрь кунлари Остонада бўлади. Расмий маълумотга кўра, «Ақаба жараёни» деб номланган халқаро хавфсизлик ташаббуси доирасидаги учрашувда сунъий интеллект соҳасида хавфсизликни таъминлаш, ундан террорчилик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш, шунингдек, янги технологик таҳдидларга қарши халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Мазкур учрашув халқаро хавфсизлик тушунчаси тобора кенгайиб, ҳарбий ва разведка соҳасидан рақамли макон, сунъий интеллект, ахборот оқимлари ва технологик инфратузилмага кўчаётган бир даврда ташкил этилмоқда.
«Ақаба жараёни» 2015 йилда Иордания қироли Абдулла II ташаббуси билан бошланган. Унинг расмий мақсади терроризм ва экстремизмга қарши курашда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни, ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашувни, ахборот ҳамда тажриба алмашишни кучайтиришдан иборат. Иордания Қироллик саройи бу механизмни минтақавий ва халқаро иштирокчилар ўртасида хавфсизлик ҳамкорлигини ривожлантириш воситаси сифатида таърифлайди. Жараённинг учрашувлари кейинчалик Иорданиядан ташқарида ҳам — Европа, Африка, АҚШ ва бошқа ҳудудларда ўтказилди.
2020 йилги учрашувда БМТ ва Интерпол раҳбарлари, НАТО бош котиби ўринбосари, Осиё, Европа, Африка ва Америкадан келган сиёсий, ҳарбий ва мудофаа соҳаси вакиллари иштирок этган. 2024 йилдаги учрашувда дронлардан фойдаланиш, ҳаво ҳудудини бошқариш ва уларнинг нотўғри қўлланилишига қарши чоралар муҳокама қилинган. 2026 йил февраль ойида Буюк Британияда ўтказилган навбатдаги босқичда ҳам дронлар ва ҳаво ҳудуди хавфсизлиги масалалари кўриб чиқилган.
Демак, «Ақаба жараёни»нинг фаолияти терроризмга қарши кураш доирасида ҳарбий-технологик хавфсизлик, ҳаво ҳудудини назорат қилиш ва янги технологияларни тартибга солиш каби соҳаларни қамраб олмоқда.
Бу ерда муҳим савол пайдо бўлади: нима учун Иордания каби ҳудуди ва иқтисодий имкониятлари жиҳатидан йирик давлатлар қаторига кирмайдиган мамлакат халқаро хавфсизлик ташаббусининг марказий ташаббускорига айланди?
Жавоб Иорданиянинг ҳарбий ёки иқтисодий қудратидагина эмас, балки унинг геосиёсий жойлашуви, Ғарб билан хавфсизлик ҳамкорлиги, минтақадаги дипломатик алоқалари ва бошқарув режими бажараётган вазифаларда намоён бўлади.
Иордания Яқин Шарқда Сурия, Ироқ, Саудия Арабистони, Фаластин ва яҳудий вужуди билан чегарадош бўлган стратегик ҳудудда жойлашган. Унинг географик ўрни уни минтақавий сиёсатда муҳим воситачи ва хавфсизлик ҳамкорига айлантирган. Айниқса, Фаластин масаласи, Ғарбий соҳилдаги вазият, Сурия ва Ироқдаги жараёнлар ҳамда яҳудий вужуди билан муносабатлар Иорданиянинг АҚШ ва Британия учун аҳамиятини оширади.
АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати 2026 йил январда янгилаган ҳисоботида Иорданияни АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим стратегик ҳамкори деб таърифлаган. Ҳисоботда икки давлатнинг ҳарбий, разведка ва дипломатик ҳамкорлиги, Иорданиянинг халқаро терроризмга қарши операциялардаги иштироки ва мамлакатда қарийб 4000 нафар АҚШ ҳарбий хизматчисининг мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек, 2023–2029 молиявий йиллари учун АҚШ томонидан Иорданияга ҳар йили 1,45 миллиард доллар миқдорида иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи келишув ҳам мавжуд.
Бу маълумотлар Иорданиянинг халқаро хавфсизлик тизимидаги ўрнини тушуниш учун муҳим. У АҚШ билан чуқур ҳарбий, разведка ва молиявий алоқаларга эга бўлган ҳолда ташаббус илгари сураётган давлатдир.
Шу сабабли Иорданиянинг «Ақаба жараёни» ташаббусини илгари суриш, халқаро учрашувларни ташкил этиш ва турли давлатларни бир майдонга тўплаш каби вазифани бажариш имконияти Ғарб билан шаклланган стратегик муносабатлардан ажралган эмас.
Иорданиянинг аҳамияти айнан шунда: у йирик кучлар манфаатлари кесишган ҳудудда жойлашган, Ғарб билан хавфсизлик алоқалари мустаҳкам ва минтақавий сиёсий жараёнларда воситачилик қилиш имкониятига эга.
«Ақаба жараёни»нинг халқаро иштирокчиларига назар ташласак, унинг фаолиятида АҚШ, Европа давлатлари, НАТО, БМТ, Интерпол ва бошқа хавфсизлик институтларининг иштироки кўзга ташланади. АҚШ учун бундай механизмларнинг аҳамияти бир неча йўналишда намоён бўлиши мумкин:
Биринчидан, минтақадаги режимларнинг хавфсизлик идоралари ўртасида доимий алоқаларни йўлга қўйиш. Ахборот алмашиш, хавфларни биргаликда баҳолаш ва қўшма чораларни мувофиқлаштириш орқали АҚШ ўзининг минтақавий хавфсизлик ҳамкорлари билан алоқаларини мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, хавфсизлик таҳдидларига нисбатан умумий мезонлар шакллантириш. Қайси ҳаракат террорчилик, қайси ғоя экстремизм, қайси рақамли фаолият хавфли деб баҳоланиши давлатларнинг ички қонунчилиги ва хавфсизлик сиёсатига таъсир қилади. Агар бу мезонлар халқаро майдонда уйғунлаштирилса, уларни ишлаб чиқишда етакчи ўрин тутган кучлар сиёсий таъсирга ҳам эга бўлади.
Учинчидан, минтақавий давлатларнинг хавфсизлик тизимларини халқаро ҳамкорлик тармоқларига боғлаш. Бу ҳамкорлик техник ёрдам, мутахассислар тайёрлаш, маълумотлар алмашиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали амалга ошиши мумкин. Бу жараёнда режимлар ўзларининг мустақил қарор қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Тўртинчидан, хавфсизлик масаласини фақат ҳарбий таҳдидлар билан эмас, балки жамиятнинг мафкуравий ва ахборот муҳити билан ҳам боғлаш. Терроризмга қарши курашнинг «комплекс ёндашув» деб аталадиган модели хавфсизлик идоралари билан бир қаторда таълим, диний муассасалар, оммавий ахборот воситалари ва интернет платформаларини ҳам қамраб олиши мумкин. АҚШ бошчилигидаги «терроризмга қарши кураш» сиёсати фақат қуролли гуруҳларга қарши операциялар билан чекланмайди. Унинг мафкуравий ва сиёсий ўлчами ҳам бор.
Бу ёндашувдан келиб чиқиб, «Ақаба жараёни»нинг Марказий Осиёга олиб кирилиши минтақадаги хавфсизлик сиёсатининг Ислом омилига нисбатан келгуси йўналишлари нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Зеро, аҳолиси мусулмонлардан иборат минтақа жамиятлари ҳаётида Ислом муҳим ўрин тутади.
«Ақаба жараёни»нинг Остонадаги учрашувида сунъий интеллект масаласининг марказга чиқарилиши тасодифий эмас. Бу технология давлат бошқаруви, ахборот сиёсати, иқтисодиёт, мудофаа, разведка ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш соҳаларида тобора катта аҳамият касб этмоқда. Чунки сунъий интеллект тизимлари орқали ахборот оқимларини кузатиш, фуқароларнинг рақамли фаолиятини таҳлил қилиш, шубҳали деб топилган ҳаракатларни автоматик белгилаш ва хавф даражасини баҳолаш мумкин бўлади. Шунинг учун Остонадаги саммитни рақамли хавфсизлик соҳасидаги янги минтақавий қоидаларни муҳокама қилиш майдони сифатида ҳам кўриш мумкин. Агар рақамли хавфсизлик минтақадаги мусулмон халқларининг исломий сиёсий қарашларини кузатиш, уларни «хавф» сифатида белгилаш ва тақиқлаш воситасига айланса, у ҳолда технология «хавфсизликни таъминлаш» ортидан сиёсий назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари Марказий Осиё Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа минтақавий кучлар манфаатлари кесишган ҳудуддир. Бу ерда хавфсизлик масаласи фақат чегараларни муҳофаза қилиш ёки террорчилик гуруҳларига қарши курашишдан иборат эмас. Минтақанинг транспорт йўлаклари, энергетика ресурслари, рақамли инфратузилмаси, ахборот макони ва сиёсий йўналиши ҳам йирик кучлар рақобатининг бир қисмига айланган.
Шундай шароитда Марказий Осиё режимларининг «Ақаба жараёни» доирасида бир жойга тўпланиши АҚШ учун минтақада хавфсизлик бўйича ҳамкорлик тармоқларини мустаҳкамлаш, хавфларни баҳолашда умумий мезонларни ривожлантириш ва рақамли хавфсизлик соҳасида ўз таъсирини кенгайтириш имкониятини беради.
«Ақаба жараёни»нинг Остонадаги босқичи халқаро хавфсизлик кун тартибининг сунъий интеллект ва рақамли назорат соҳасига кенгайиб бораётганини кўрсатади. Асосий мақсад – терроризмга қарши кураш шиори остида Исломнинг сиёсий ҳаётдаги ўрнини чеклаш, мусулмон юртларининг хавфсизлик тизимларини Ғарб манфаатларига боғлаш ва мусулмон халқларининг сиёсий иродасини синдиришдир. Зеро, Халифалик лойиҳаси Америка бошчилигидаги халқаро тизимга муқобил ягона мафкуравий лойиҳа ҳисобланади. Шунинг учун Америка Ислом Умматининг қайта бирлашишидан ва муқобил мафкуравий низом бўлмиш Рошид Халифаликнинг қад кўтаришидан муттасил ваҳимада яшамоқда. Бироқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади:
﴿يُرِيدُونَ لِيُطْفِـُٔوا نُورَ ٱللَّهِ بِأَفْوَٰهِهِمْ وَٱللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِۦ وَلَوْ كَرِهَ ٱلْكَٰفِرُونَ﴾
«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари (яъни пуч даъволари ва макрлари) билан ўчиришни истайдилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмасалар-да, Ўз нурини батамом камолига етказувчидир». (Саф:8)
Аллоҳнинг изни билан яқинда барпо бўлажак пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи Рошид Халифалик Давлати технологияни Ислом Умматини эзиш ва жосуслик қилиш воситасидан чиқариб, уни Уммат тараққиёти ва ҳақиқий мудофааси йўлида хизмат қилдиради.
Иззатуллоҳ
07.11.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ