Талаба алмашинувидан мустамлакачилик кодексигача ўтиш орқали Ғарб Ўзбекистон таълимининг бошқарув жиловини қўлга олмоқда

Талаба алмашинувидан мустамлакачилик кодексигача ўтиш орқали Ғарб Ўзбекистон таълимининг бошқарув жиловини қўлга олмоқда
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ўзбекистонда Британия ва Европа Иттифоқининг таълим орқали олиб бораётган таъсир сиёсати янги ва хавфли босқичга кўтарилмоқда. Энди уларнинг фаолияти ўзбек талабаларини Европада ўқитиш, профессорлар алмашиш ёки университетларга грант бериш билан чекланиб қолмаяпти. Британиянинг мустамлакачиликка асосланган таълим ташкилотлари Ўзбекистон университетларини бошқариш қоидаларини ишлаб чиқишда, миллий таълим сифатини баҳолаш тизимини шакллантиришда ва раҳбар кадрларни етиштиришда тўғридан-тўғри иштирок этмоқда. Европа Иттифоқи эса университетлар ичида доимий бўлинмалар ташкил қилиш, ўз капиталистик ва дунёвий ҳуқуқий-сиёсий тушунчаларини ўқитиш ҳамда агентура ва кадрлар тармоғини кенгайтириш орқали таъсирини мустаҳкамламоқда. Бу жараённинг энг хавфли — хорижий тажрибанинг Ўзбекистон давлат муассасалари қўли билан ички бошқарув қоидаларига айлантирилаётганидир.
2026 йил 12-17 октябр кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Erasmus+ халқаро кунлари ўтказилди. Миллий Erasmus+ офиси университетлар салоҳиятини ошириш, Jean Monnet ва халқаро академик ҳамкорликка оид тўққизта тадбир ўтказилганини маълум қилди. Хусусан, 16 октябрда улардан бири Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ўтказилиб, ундан кўзланган мақсад «халқаро шерикликларни кенгайтириш ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш» деб аталди.
Бу ерда эътиборни тортадиган энг муҳим жиҳат — бу семинарнинг қаерда ва кимлар учун ўтказилганидир. Президент ҳузуридаги Академия мамлакатнинг раҳбар ва давлат бошқаруви кадрларини тайёрлайдиган стратегик муассасадир. Европа дастурларининг бундай бошқарув муҳитига кириб бориши келажакда давлат идораларида муҳим лавозимларни эгаллайдиган раҳбарлар ва мутахассислар онгини Ғарб стандартлари ва капиталистик қадриятлар асосида шакллантиришга қаратилган узоқ муддатли сиёсий тузоқдир. Бироқ бу воқеалар Британиянинг Ўзбекистон таълимидаги очиқ мустамлакачилик ҳаракатларининг давоми холос.
Британия бир вақтлар Осиё, Африка ва бошқа мусулмон ўлкалари устидан бевосита мустамлака ҳукмронлигини ўрнатган давлатдир. Бугун эса унинг халқаро таъсир воситалари орасида молия, дипломатия, университетлар ва таълим ташкилотлари асосий ўрин тутади. Буни Британиянинг ўз расмий ҳужжатлари ҳам очиқ тан олади. 2025 йил 17 январда Британия ҳукумати мамлакатнинг халқаро таъсирини кучайтириш учун махсус Soft Power Council — «юмшоқ куч кенгаши» ташкил этилганини эълон қилиб, унинг мақсади «Британия иқтисодий ўсиши ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш» эканини билдирди. 2025 йил майда Британия Кенгаши ҳамкорлигида тайёрланган стратегик тавсияларда эса таълим, тил ва маданият орқали таъсир ўтказиш Британиянинг халқаро мавқеини сақлаш ва ташқи сиёсий мақсадларига эришиш воситаси сифатида очиқ кўрсатилди.
Демак, Британиянинг хорижда таълим дастурларини кенгайтириши ҳеч қачон оддий «маърифий фаолият» бўлмаган, балки Британия давлатининг узоқ муддатли ташқи таъсир ва мустамлакачилик сиёсатидир. Талаба хорижда билим олиши мумкин, лекин университетнинг қандай бошқарилиши, қайси мезонлар асосида баҳоланиши ва раҳбарлари қандай тарбияланишига таъсир ўтказиш бутун таълим тизимини ташқи марказларга тобе қилиб қўяди. Британиянинг Ўзбекистондаги ҳаракатлари айнан мана шу тизимли нуқтада чуқурлашмоқда.
Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги Going Global Partnerships дастури буни яққол исботлайди. Унда Британиянинг Advance HE ва Quality Assurance Agency (QAA) ташкилотлари Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда «University Code of Governance» — Университет бошқарув кодекси ҳамда «Quality Code for Higher Education» — Олий таълим сифати кодексини ишлаб чиқишга асос яратгани белгиланган. Британия Кенгаши ушбу ишни «тизимли ва барқарор ривожланиш» ниқоби остида амалга оширмоқда.
Бу дастур бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилди: 2023-2024 йилларда ишчи гуруҳ тузилиб, янги кодекс учун асос тайёрланди; 2024-2025 йилларда кодекс синовдан ўтказилиб, университет раҳбарлари тайёрланди; 2025-2026 йилларда эса бошқарув кодекси лойиҳасини амалда жорий қилиш ва Миллий сифат агентлигига маслаҳат бериш режалари бажарилди. 2026 йил 22 июнда эса Ўзбекистон олий таълим вазирлигида ушбу лойиҳалар расман муҳокама қилиниб, 17 та олий таълим ташкилоти ушбу тизимга жалб қилингани эълон қилинди.
Бу воқеа Британиянинг Ўзбекистон таълими тизимининг ички бошқарувигача қандай кириб борганини кўрсатади. Британия ташкилотлари тайёр мутахассис юбориб маъруза ўқиш билан чекланмаяпти, балки университетларнинг ваколатлари, бошқарув кенгашларининг ишлаш тартиби ва қарор қабул қилиш механизмларини ўз стандартлари асосида шакллантирмоқда. Бундай қоидалар орқали “хорижий тажриба” давлат миқёсидаги мажбурий бошқарув ҳужжатига айлантирилмоқда.
Британия бу қоидаларни ишлаб чиқиш билан бирга, уларни амалга оширадиган кадрлар ва раҳбарлар тизимини ҳам ўзи шакллантирмоқда. British Council ва Advance HEнинг Governance Change Academy Network (G-CAN) тармоғи ректорлар, проректорлар ва бошқарув ходимларини бирлаштириб, уларнинг «тузилмалар, жараёнлар ва ишлаш амалиётини» ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, 2025 йил ноябрдан 2026 йил мартгача университетларда «Board Secretary» — Бошқарув кенгаши котиби деган янги лавозимни жорий қилиш бўйича синов дастурлари ўтказилди. Натижада ташқи ҳамкорлик кодекс, янги раҳбар кадрлар ва лавозимлар орқали университетнинг ички ишлаш механизмини батамом эгаллаб олмоқда.
Бундан ҳам муҳимроғи, бу жараён Ўзбекистон давлатининг таълим сифати устидан назорат тизимига ҳам тўлиқ туташтирилмоқда. 2025 йил 5 майдаги ПФ–76-сон Президент фармони билан Президент администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилди. Агентлик таълим муассасаларини ташқи баҳолаш ва сифат мезонларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ваколатига эга бўлиб, бевосита президентга ҳисобдордир. Британия Кенгаши эса ўз вазифалари қаторига айнан шу агентликка меъёрий-ҳуқуқий муҳит ва бошқарув бўйича маслаҳат беришни киритган. 2026 йил 22 майда Ўзбекистон олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Лондонда QAA раҳбарияти билан сифат мезонлари ва баҳолаш йўриқномаларини муҳокама қилди. Демак, Британия таъсири алоҳида университет доирасидан чиқиб, мамлакатнинг бошқарув ва баҳолаш механизмларини белгиловчи марказий органларга ҳам сингиб бормоқда.
Европа Иттифоқи эса бу мустамлакачилик сиёсатини бошқа воситалар — грантлар, университетлараро лойиҳалар ва махсус бўлинмалар орқали кенгайтирмоқда. Erasmus+ дастури доирасида Ўзбекистон олийгоҳлари 69 та CBHE ва 20 та Jean Monnet лойиҳасида иштирок этиб, қарийб 50 миллион евро маблағ жалб қилган. Бунинг яққол мисоли QUARTZ лойиҳаси бўлиб, у 2024-2027 йилларда Ўзбекистон университетларида сифатни таъминлаш тизимини қайта ташкил этишга қаратилган. Бунда Италия ва Болгария мутахассислари иштирокида университетлар ичида махсус бўлинмалар, ички назорат тартиблари ва самарадорлик кўрсаткичлари жорий қилинмоқда. Лойиҳа тугаса ҳам, ўша яратилган тизимлар маҳаллий муассасаларда қолиб, Европа стандартларининг доимий ишлашини таъминлайди.
Европа Иттифоқи бу билан чекланмай, ўз ҳуқуқий ва сиёсий тушунчаларини Jean Monnet дастури орқали ўқув дастурларига тиқиштирмоқда. 2026 йилда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг EUREGIA лойиҳаси доирасида Европанинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, сунъий интеллект, рақамли бозорлар ва молиявий технологияларга оид қонунлари ўқитилиши ҳамда Ўзбекистон қонунчилигини шакллантиришда Европа ҳуқуқий тизими «асосий таянч мезон» қилиб олиниши эълон қилинди. Техник фанлар ниқоби остида мусулмон юртига Ғарбнинг дунёвий-ҳуқуқий ва сиёсий тушунчалари асосий мезон сифатида сингдирилмоқда.
Ушбу барча жараёнларнинг Ўзбекистонда бу қадар кенг қулоч ёйишига маҳаллий ҳукуматнинг ўзи шароит яратмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан «2030 йилгача камида бешта олийгоҳни дунёнинг энг яхши 500 талигига киритиш», рейтинглар ва хорижий таълим стандартини жорий қилиш вазифалари қўйилган. Ҳукумат рақобат, бозор ва глобал рейтингларни асосий мезон қилиб олгани учун Ғарб институтлари ўз бошқарув тажрибаси ва стандартларини бемалол таклиф қилмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда Ғарбнинг таълим орқали таъсири фақат хорижий дипломлар ёки стипендиялар билан ўлчанмайди. Британия университет бошқарув кодексларини тиқиштириб, миллий сифат ва назорат тизимини эгаллаб олмоқда. Европа Иттифоқи эса доимий бўлинмалар, ҳуқуқий таълим ва кадрлар тармоқлари орқали ўз таъсирини мустаҳкамламоқда. Бугунги кундаги энг асосий ва хавфли сиёсий масала хорижий университетда қанча талаба ўқиётганида эмас, балки Ўзбекистоннинг келажак раҳбарлари ва ёшлари қайси мафкуравий тушунчалар билан тарбияланаётгани, таълим муассасалари қайси мустамлакачилик мезонларига асосан бошқарилаётганидадир.
Исломий нуқтаи назардан илмни эгаллаш билан ҳаётни ва жамиятни бошқариш мезонини қабул қилиш ўртасида тубдан фарқ бор. Мусулмон ёшлар сунъий интеллект, тиббиёт, муҳандислик ёки замонавий фаннинг фойдали техник усулларини ўрганиши мумкин ва бу жоиздир. Бироқ инсон учун нима ҳалол, нима ҳаром экани, жамиятда қайси амал тўғрилиги, давлат қайси ҳукмлар асосида бошқарилиши кераклиги ҳеч қачон Ғарб стандартлари ёки техник самарадорлик билан белгиланмайди. Бу масалаларда мусулмоннинг ягона ва ўзгармас мезони — Аллоҳнинг шариатидир! Аллоҳ таоло айтади:
ثُمَّ جَعَلۡنَٰكَ عَلَىٰ شَرِيعَةٖ مِّنَ ٱلۡأَمۡرِ فَٱتَّبِعۡهَا وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَآءَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ
«Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашма». (Жосия:18)
Исломий таълимнинг асосий мақсади меҳнат бозори ёки капиталистик трансмиллий компаниялар талаб қиладиган «ишчи»ларни етиштириш эмас. Исломий таълим Уммат фарзандларида Исломий ақлия ва нафсияни шакллантириш, уларни фойдали илмлар билан қуроллантириш ҳамда ҳаётни Аллоҳнинг аҳкомлари асосида бошқарадиган шахсларни тарбиялашни ўз ичига олади. Шу сабабли Исломий бошқарувда таълимнинг мақсади ва ғоявий мезонлари ҳеч қачон мустамлакачи Ғарб давлатлари стандартларига топшириб қўйилмайди.
Паймбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик давлатининг таълим ва бошқарув сиёсати тўлиқ Ислом ақидасига асосланади. Унда илм-фан, техника ва технологиялар Умматнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун барпо этилади, жамиятни бошқариш қоидалари эса фақат ва фақат Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатидан олинади.
Шунинг учун мусулмонлар учун тўғри йўл — Ғарбнинг бузуқ ва мустамлакачиликка асосланган таълим ва бошқарув кодексларига таслим бўлиш эмас, балки илм-фанни ўз ўрнига қўйган ҳолда, бутун ҳаётни фақат Ислом аҳкомлари ва Халифалик соясида адолат билан бошқаришдир!
Салоҳиддин
06.11.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ