Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (gazeta.uz 22.11.2025й): АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ҳамраиси бўлди.
Изоҳ: Сержио Горнинг Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашига ҳамраис этиб тайинланиши АҚШнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ва иқтисодий манфаатларини илгари суришга қаратилган стратегик қадамдир. АҚШ элчихонасининг расмий хабарида Кенгашнинг ташкил этилиши “Америка биринчи” дастурини илгари суришга ва америкалик ишчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилгани очиқ айтилиши, лойиҳанинг асосий мақсади Американинг очкўз компанияларига Ўзбекистон бозорида имтиёзли шароит яратиш эканини тасдиқлайди. Шу сабабли, бу Кенгаш шунчаки иқтисодий ҳамкорлик эмас, балки Вашингтоннинг сиёсий-иқтисодий инструментидир. Саида Мирзиёеванинг Кенгашга ҳамраис этиб тайинланиши эса, Американинг Тошкентдаги қарор қабул қилиш марказига бевосита институционал йўл билан кира олишини таъминлайди. Зеро, шу вақтгача Вашингтоннинг Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалари асосан Ташқи ишлар ёки савдо тузилмалари орқали юритиларди. Эндиликда эса, Президент Администрацияси раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот механизми яратилди. Мирзиёева нафақат ички элита ичида, балки ташқи алоқаларда ҳам асосий сиёсий фигура сифатида шаклланмоқда. Унинг ҳамраис сифатида тайинланиши Америка учун икки жиҳатдан қулай: биринчидан, қарор қабул қилиш жараёнларига яқин шахс билан иш олиб бориш имкони пайдо бўлади; иккинчидан, келишувлар бюрократик тўсиқларсиз, “биринчи оила” даражасида ҳал этилади. Ва бу Вашингтоннинг ҳукумат ичидаги таъсирини институционал даражага кўтариш имконини беради. Демак, янги кенгаш орқали АҚШ нафақат сармоя, балки қарор қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказиш имконини қўлга киритмоқда. Шу сабабдан, бу тайинловлар тўлалигича Америка манфаатига хизмат қилади ва унинг Ўзбекистон иқтисодиётига чуқур кириб боришини таъминлайди. Ҳукумат расмийлари Америка билан алоқаларни юртимиз учун манфаатли қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасин, воқелик бунинг аксини кўрсатиши кутилади. Зеро, бу қарамликнинг янги шаклидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун мусулмон халқимиз ҳукуматнинг бу каби шубҳали алоқаларига ҳушёрлик билан қарамоғи ва мустамлакачиликнинг барча шаклларига барҳам берадиган Ислом тузумини ҳокимиятга олиб келиш учун ҳаракат қилмоғи вожибдир!
Хабар (kun.uz 22.11.2025й): S&P халқаро рейтинг агентлиги 2018 йилдан буён биринчи марта Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “BB” даражасига кўтарди.
Изоҳ: Агентликнинг Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “ВВ” даражасигача ошириш қарорини чуқур таҳлил қилганда, бу ҳаракат техник иқтисодий баҳолашдан кўра, аниқ геосиёсий стратегия ва молиявий механизм сифатида намоён бўлади. Хабарда 2025 йил октябрига келиб Марказий банкнинг 59 миллиард доллардан ошган олтин-валюта захиралари муҳим омил сифатида келтирилган бўлса-да, ташқи қарзнинг тезроқ ўсиши кутилаётганига қарамай, бу ҳолатнинг “назорат қилинаётгани” таъкидланиши бежиз эмас. Аслида, бу ибора Америка манфаатларига хизмат қилувчи S&P агентлиги орқали АҚШ молия институтларига Ўзбекистонга миллиардлаб долларлик янги қарзлар бериш учун сиёсий рухсат ва юридик асос яратишга хизмат қилади. Содда қилиб айтганда, бу – “Хавотирланманг, захиралар етарли, сиёсат тўғри йўлда. Кредит беришни давом эттиринг” деган сигналдир. Рейтинг агентлигининг бу қарори яқиндаги C5+1 саммити ва АҚШнинг Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга қаратилган стратегик ҳаракатларга тўлиқ мос келади. S&P, Американинг молиявий инструменти сифатида, Ўзбекистоннинг хавфсизлик чегарасидан чиқмаганлигини тасдиқлаш орқали катта қарзларга эшик очмоқда. Чунки бу қарзлар АҚШ компанияларининг технология ва хизматларини сотиб олишга сарфланиб, пулнинг катта қисми Америка иқтисодиётига қайтади. Шундай қилиб, рейтингнинг яхшиланиши, иқтисодчилар қанчалик хотиржамликка чақирмасин, реал воқеликда катта қарз юкининг янада ортишига замин яратади. Бу “ВВ” баҳоси – мамлакатнинг келгуси авлодлари бўйнига янги молиявий мажбуриятларни юклашга йўл очувчи геосиёсий мақсадли воситадир. Бу аслида мустамлакачиликнинг классик услубларидан бири бўлиб, Ўзбекистон каби учинчи дунё мамлакатларини қарамлик ботқоғидан қутула олмасликлари учун қарзга ботиришдир. Афсуски, узоқни кўра олмайдиган, ўз манфаатларини халқ манфаатидан устун қўядиган юрт раҳбарлари халқимизни қарз ботқоғига гирифтор қилишдан ҳам тоймайдилар. Фақат Ислом тузуми татбиқ қилинсагина, уммат ғами билан тонг оттирадиган ғамхўр раҳбарларнинг даври келади. Шунинг учун Исломни ҳаётга қайтариш йўлида ҳаракат қилаётган даъват йўлидагиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади.
Хабар (daryo.uz 23.11.2025й): Сўм алмашув курси 10 ойда 7 фоизга мустаҳкамланди.
Изоҳ: Марказий банк эълон қилган таҳлилга кўра, бунга асосий омиллар сифатида экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва инвестицияларнинг ўсишини қайд этган. Бироқ барча кўрсаткичлар орасида энг эътиборни тортадиган ва миллий валюта қадрининг ошишига туртки берган асосий манба – бу халқаро пул ўтказмаларидир. 10 ой давомида мамлакатга ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўп – 15,8 миллиард доллар миқдорида пул келиб тушган. Марказий банк бу пул ўтказмаларининг иқтисодий фойдасини айтиш билан чекланар экан, бу улкан ҳиссанинг қанчалик қимматга тушаётгани ҳақида у ҳам, президент бошлиқ бошқа расмийлар ҳам лом-мим дейишмайди. Маълумки, бу маблағларнинг катта қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади. Улар ўзларига нисбатан ғайриинсоний муносабатлар ва ҳатто азиз жонларига келаётган улкан хавф-хатарларга қарамай, оғир ва қора меҳнат қилиб пул юборишмоқда. Минг афсуски, ҳаммамиз Россия-Украина урушига ҳар турли жирканч услублар билан юборилаётган минглаб ўзбек муҳожирларининг аччиқ қисматига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ҳолатни сўз билан таърифлаш қийин. Урушга мажбуран юборилаётган ўзбекистонлик ёш мусулмон йигитларнинг ота-оналари ва яқинларининг оҳ-воҳлари юракларни эзмоқда. Улар алам билан дод-фарёд солиб, Мирзиёевдан ёрдам сўрашмоқда. Бироқ булар на Мирзиёев ва на бошқа расмийлар қулоғи ва қалбига етиб боряпти. Демак, ўзбек режимининг ўрис “оға”си босимларидан ўз халқини ҳимоя қилишга қурби етмаяпти. Алал-оқибат, икки ўртада яна заиф ва ҳимоясиз оддий одамлар жабрдийдага айланяпти… Исломда эса инсонга унинг банк ҳисоби ёки фойдасига қараб эмас, Аллоҳ яратиб азиз қилган инсон эканлиги жиҳатидан қаралади ҳамда қадр-қимматини муносиб даражага кўтаради. Шундай экан, мусулмон халқимиз бу каби ишлардан тўғри хулоса чиқариши лозим.
Хабар (kun.uz 24.11.2025й): Тошкентда ҳокимиятдагиларнинг буйруғини бажармагани учун тадбиркорларнинг ишлаб турган объекти электр токидан узиб қўйилаётгани айтилмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилганларга кўра, бу биринчи марта бўлаётган ҳолат эмас.
Изоҳ: Тошкентдаги тадбиркорларнинг мурожаатлари Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолияти ишончли ҳимоя остида эмас, балки маҳаллий ҳокимиятнинг ноқонуний тазйиқи остида яшаётганини кўрсатади. Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманларидаги ҳолатлар бунинг яққол исботидир: ҳокимият вакилларининг оғзаки буйруқларини бажармаганлари учун, ҳеч қандай қарздорлик бўлмаса-да, ресторан ва ҳатто жарроҳлик амалиёти кетаётган клиниканинг электр токидан узиб қўйилиши – бу электр таъминотини шантаж ва мажбурлаш воситасига айлантиришдан бошқа нарса эмас. Бундай қонунсизлик, тадбиркорнинг ҳаёти ёки моли зарар кўришидан қатъий назар, ҳукуматдагилар учун иқтисодий мақсадлар ёки мансабдорнинг шахсий амбицияси учун арзимас майда тафсилот бўлиб қолмоқда. Маҳаллий тадбиркорлар ҳокимларнинг тазйиқи ва норасмий солиқлар юкига дуч келаётган бир вақтда, ўзбек ҳукумати ташқи инвесторлар дейиладиган очкўз хорижий компанияларга катта имтиёзлар бермоқда ва кафолатли ҳимоя қилмоқда. Чет эллик тадбиркор ёки маҳаллий корчалонлар бизнесига биров тил текиза олмайди, аммо маҳаллий тадбиркорни ҳокимлар истаганча хорлаши мумкин. Бу барча имтиёз ва шарт-шароитлар фақат кучлилар учун, деган сиёсатнинг амалдаги кўринишидир. Маҳаллий тадбиркор бугунги кунда ё “тепа”дан қўлловга эга бўлиши ёки ҳокимга қуллуқ қилиши керак, акс ҳолда унинг фаолияти талон-тарож қилинаверади. Хулоса шуки, мустамлакачи давлатларни рози қилиш учун юритилаётган кўп векторли сиёсат ва унинг асоси бўлган капиталистик демократия тузуми татбиқ қилинар экан, тадбиркорлик фаолияти доимий равишда оғир аҳволда қолаверади. Бунинг акси ўлароқ, Исломдаги бошқарув тизимида тадбиркорларнинг эмин-эркин фаолият юритишларига бирор тўсиқ қўйилмайди, бугунгидек ношаръий солиқлар аҳволини танг қилмайди. Тадбиркор ўз фаолиятини шариатга мувофиқ юритар экан, унинг хавфсизлиги ва мол-мулки ҳимояси адолатли тузум томонидан тўлиқ кафолатланади.
Хабар (gazeta.uz 24.11.2025й): Бухорода бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан вафот этди.
Изоҳ: Хабарга кўра, эр-хотин ва уларнинг икки нафар вояга етмаган қизи ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бугунги кунда бу фожиа тасодифий ҳодиса эмас, балки ҳар йили совуқ мавсум кириши билан мунтазам такрорланадиган даҳшатли анъанадир. Газ печлари билан иситиладиган ҳар бир хонадон қиш тунларини хавф остида ўтказади, чунки аксар ўлимлар тунда газ таъминотидаги узилишлар натижасида носоз жиҳозлардан чиққан ис газидан хонадон эгалари бехабар бўлганда содир бўлади. Ҳукумат бу ҳолатларни “бахтсиз ҳодиса” деб эълон қилади ва асосий айбдор қилиб ўша хонадон эгаларини кўрсатади. Ваҳоланки, бунга жавобгар аслида ҳукуматнинг ўзидир. Чунки халқни энергия манбалари, хусусан, узлуксиз газ билан таъминлаш давлатнинг вазифаси ҳисобланади, шунингдек, у тармоқдаги ҳар қандай узилишлар учун ҳам масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олиши лозим. Аксига олиб, ҳукумат одамларнинг қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланишини асосий важ-карсон қилиб кўрсатади. Аслида, бу ҳам халқимизнинг иқтисодий ночорлигига далолат қилади ва яна гап айланиб давлатнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қарашига бориб тақалаверади. Бу ёқда юрт ичида газ муаммоси айни куз-қиш мавсумида янада кескинлашишига қарамай, Хитойга газ экспорти ҳалигача тўхтатилгани йўқ. Мазкур ҳолат ҳукумат учун фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигидан кўра, ташқи савдо ва экспортдан олинадиган даромад устун эканини исботлайди. Шунингдек, табиий газ қазиб олиш қисқариб боряпти, бунинг муқобилида ўрис газига қарамликнинг кучайиб бораётгани ҳам дард устига чипқон бўляпти. Албатта, бу балоларнинг бош сабабчиси ёмон бошқарув ва чирик капиталистик иқтисод низомидир. Чунки бу низомда инсон ҳаёти ва хавфсизлигидан моддий манфаат устун қўйилади ва одамларнинг ҳатто ўз уйида қурбонга айланиши ҳам оддий ҳолга айланади. Демак, устимизда татбиқ қилинаётган яроқсиз капиталистик тузумни улоқтириб ташлаб, одамларга фаровонлик олиб келадиган Ислом тузумини олиб келмагунимизча навбатдаги қурбонларни санаб юраверамиз.
Хабар (kun.uz 25.11.2025й): Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Изоҳ: IQAir маълумотларига кўра, Тошкент дунёда ҳаво ифлосланиши бўйича биринчи ўринга чиқди. Кўрсаткич 304 га етган бўлиб, “хавфли” тоифасига киритилган. РМ2,5 заррачаларининг концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) белгилаган меъёрдан 45,4 баробар юқори. Ўзгидромет ва Экология қўмитасининг Тошкент ҳавосидаги ифлосланиш юзасидан берган расмий баёнотларда диққат асосан антропоген омилларга эмас, балки табиий омилларга қаратилгани кўринади. Бу одамларни чалғитишга уринишдан бошқа нарса эмас. Чунки экологик муаммолар ҳақида гап кетганда пойтахтдаги цемент, қурилиш моллари, кимё, металлни қайта ишлаш завод-фабрикаларининг ҳавони ифлослантираётгани деярли тилга олинмайди. Аниқроғи, ҳукумат уларни ҳар доим панада сақлайди. Улар хорижий инвесторлар ёки маҳаллий корчалонларга тегишли корхоналар ёки давлат корхоналаридир. Ушбу фармон эълон қилиниши фонида жойларда қатор экологик рейдлар ўтказилди ва бир нечта хусусий корхоналар жаримага тортилди, фаолияти тўхтатиб қўйилди. Албатта, булар ҳимоясиз кичик тадбиркорлар эканлигига шубҳа йўқ. Эътиборлиси, муаммонинг кескинлашувига асосий сабаб табиий омиллар бўлган тақдирда ҳам, ўзбек ҳукуматининг бундай вазиятларга умуман тайёр эмаслиги очиқ кўринди. Чунки ҳукумат аҳвол оғирлашиб, одамларнинг норозилиги кучайгандан ва аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғилгандан кейингина кўчаларга сув сепиш каби шошилинч ва пала-партиш чоралар кўрмоқда. Қизиғи, Тошкент шаҳар ҳокими шу пайтгача одамларга экологик вазият бўйича бирор тушунтириш бермади. Қолаверса, шу ҳафта Тошкентда Европа Иттифоқи иқтисодий форуми ва Транскаспий йўлаги инвесторлари форуми бўлиб ўтади. Тадбирлар ЕИнинг Global Gateway стратегияси доирасида ўтказилади. Шулардан хулоса қилиш мумкинки, бу чораларнинг барчаси “аҳоли саломатлиги” учун дейилса-да, аслида Европа комиссарлари ва Американинг “экологик рейтинги” учун қилинаётгани эҳтимолдан холи эмас. Яъни экологик муаммоларни чуқур ва атрофлича ўрганиб, уни ҳақиқатда бартараф қиладиган самарали ечим изланмаяпти, балки ҳукумат доимгидек “ўт ўчирувчи” вазифасини бажаряпти. Демак, бу ўриндаги масала хўжакўрсинга вақтинчалик ечим берадиган яроқсиз тузумдан воз кечиб, доимий ва самарали ечимларни тақдим қилувчи илоҳий низом – Ислом тузумини ҳокимият эгаси қилишдадир.
Салоҳиддин
29.11.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми