Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (uzdiplomat 01.05.2026й): Статистика агентлигининг 2026 йилнинг биринчи чораги бўйича эълон қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 263,2 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 7,8 фоизга ўсган.
Изоҳ: Ҳисоботга кўра, аҳоли жон бошига ўртача даромад 6,9 миллион сўмга етган бўлса-да, рақамлар ортида ҳудудлараро кескин нотенглик яширинган. Тошкент шаҳрида жон бошига даромад 19,1 миллион сўмни ташкил этган бир пайтда, Наманган вилоятида бу кўрсаткич атиги 4,6 миллион сўмда қолмоқда. Бу, пойтахт ва водий ўртасидаги фарқ 4 баравардан ҳам ортганини англатади. Бундай кескин тафовутнинг сабаби экспертлар таъкидлаганидек инвестицияларнинг камлиги ёки йўқлигида эмас. Асосий муаммо – иқтисодий ресурсларнинг марказлашиб қолгани ва мамлакат бўйлаб маҳаллий оғир ва енгил саноатнинг ривожланишига имкон берилмаётганидадир. Пойтахтда йирик капитал ва имтиёзлар жамланган бир пайтда, чекка вилоятларда аҳоли барқарор иш ўринларидан маҳрум. Ҳисоботдаги энг хавотирли жиҳат шундаки, аҳоли даромадларининг 27,5 фоизи трансфертлар, яъни асосан хориждан келаётган пул жўнатмалари ҳисобига шаклланмоқда. Андижон (31,2%) ва Самарқанд (25,9%) каби вилоятларда ҳар учинчи сўм мусофирчиликдаги юртдошларимизнинг пешона тери эвазига келмоқда. Бу эса мамлакат ичкарисида халқни боқа оладиган реал иқтисодиёт ҳали ҳамон шаклланмаганини, одамлар ўз юртида ризқ тополмай сарсон бўлаётганини кўрсатади. Шунингдек, даромадларнинг 60 фоизи меҳнат фаолиятидан экани айтилса-да, унинг ярмидан кўпи (29,8%) мустақил бандлик ҳиссасига тўғри келади. Бу дегани, аҳоли ҳукумат даъво қилаётганидек сифатли иш ўринлари билан эмас, балки ўзини-ўзи амаллаб боқаётганини англатади. Фарғона, Хоразм ва Наманган каби вилоятларда ўсиш суръатларининг республика ўртачасидан пастлиги эса, маҳаллий аҳолининг қашшоқлашиш хавфи остида эканидан далолат беради. Бу иллатнинг ягона сабаби капитализм ва унинг иқтисодий низоми ҳаётимизга татбиқ қилинаётганидир. Исломда Халифалик давлати иқтисодиётни мустақил оғир ва енгил саноатни барпо этиш орқали ривожлантиради. Айнан саноатлаштириш сиёсати – хомашё сотишдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш – мамлакатнинг барча ҳудудларида аҳолини мунтазам ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлайди. Шунингдек, иқтисодий ресурслар тенг тақсимланишини таъминлаб, ҳудудлар ўртасидаги тенгсизликни қисқартиради.
Хабар (uzdiplomat 02.05.2026й): Ўзбекистонда йирик қурилиш ва энергетика лойиҳаларида иштирок этган Enter Engineering компанияси атрофида иш ҳақи билан боғлиқ муаммолар яна кун тартибига чиқди.
Изоҳ: Хабарга кўра, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуаси ва Қоракўлдаги стратегик объектларда, чўлнинг 50-60 даража иссиғида ишлаган 600 нафарга яқин ишчи 4 ойдан 9 ойгача бўлган муддат давомида иш ҳақларини ололмаётганликларини билдиришмоқда. Ишчиларнинг сўзларига кўра, компания солиқдан қочиш мақсадида маошнинг асосий қисмини “конвертда” бериб келган, энди эса ҳуқуқий ҳужжатларнинг заифлигидан фойдаланиб, тўловлардан бош тортмоқда. Мана, бу муаммо неча йиллардан бери давом этиб келяпти, бечора ишчиларнинг эшик қоқмаган давлат идораси қолмади, улардан ҳеч бири шикоятларга қулоқ солгиси келмайди. Чунки “Enter Engineering”, “Eriell” ва “Saneg” каби компаниялар гуруҳининг эгалари ҳукуматнинг энг юқори доираларига алоқадор бўлгани сабабли, улар Ўзбекистон қонунчилигидан устун турадиган “дахлсиз” мақомга эга. Аммо агар бир кичикроқ тадбиркор устидан унинг ишчилари шикоят қилса, давлат тезда кучини кўрсатган бўларди. “Enter Engineering” муаммоси жиддийроқ тус олишни бошлаганидан сўнг, ҳукумат унинг “активларини сотиш орқали қарзни ёпамиз” дея ишчиларни тинчлантирмоқчи бўляпти. Бироқ бу ваъдалар шунчаки вақтдан ютиш ва норозилик кайфиятини жиловлаш учун ўйлаб топилган навбатдаги ёлғондир. Ҳатто шу ерда ҳам давлат ўз фуқароларини эмас, балки капитал эгаларини ҳимоя қилмоқда. Бошқачасига айтганда, капиталистик тузумда давлат мазлумлар ҳаққини золимдан олиб бермайди, аксинча, золимни ҳимоя қилиб, мазлумнинг ўзини эзади. Исломда эса бунинг акси бўлиб, ишчининг ҳаққини бермаслик ё асоссиз кечиктиришга зулм деб қаралади. Пайғамбаримиз ﷺ “Ишчининг ҳаққини пешона териси қуримасдан олдин беринглар” дея буюрганлари шунга далолат қилади. Исломда давлат мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб бериш кафолатидир. Шунинг учун мазлумларнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўладиган, Аллоҳнинг адолатли низомига асосланган давлатни барпо этиш бугунги кундаги фарзларнинг тожидир.
Хабар (daryo.uz 04.05.2026й): Беҳбудийга қарши фитна: Қарши зиндонидаги сиёсий қотиллик сири.
Изоҳ: Daryo.uz нашри шундай сарлавҳа остида мақола чоп этди. Унда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг яширин равишда қамоқда ўлдириб юборилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Нашр бундан олдинроқ шоир Усмон Носир ҳақида ҳам шунга ўхшаш мақола эълон қилганди. Умуман олганда, ушбу мақолаларда ўрис босқинчиларининг юртимизда кўзга кўринган фаоллар, ёзувчи, шоир, мутафаккирларни таъқиб қилиб, қамоққа ташлаганлари, у ерда ниҳоятда қаттиқ азоб-уқубатларга солганлари ва охир-оқибат ўлдириб юборганлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Албатта, худосиз рус давлатининг мусулмонлар устида юритган бундай шафқатсиз сиёсатини ҳеч унутиб бўлмайди, уни ҳар доим ёдда тутиш зарур. Бу хотира бугунги кунда унинг юртимизга аввалгидек ўзининг эски вассали деган эътиборда қараши ва муомала қилишига қарши кураш учун ҳам зарурдир. Аммо Ўзбекистондаги ОАВ бундан бир аср олдин ўтган зулму зўравонликларга эътибор қаратаётган бир пайтда, ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон қамоқхоналарида мазлум мусулмон йигитларга қилинаётган адолатсизликлар ва жабр-зулмларни ё билмаяпти ё ўзини билмаганга оляпти. Бир аср аввалги воқеалар тафсилотларини архивлардан излаб, қидириб топиб, оммага ёритаётган ОАВ наҳот бурнини тагида турган, бир оғиз маълумот сўраса бемалол топса бўладиган диний-сиёсий маҳбуслар тақдирига қизиқмасалар?! Энг ёмони, аввал мусулмонларни кофир ўрислар қамоқларда чиритиб ўлдиришган бўлса, ҳозир худди шу ишни ташқаридан келган душман эмас, балки “ўзимизники”лар қилишяпти. Ахир, ҳеч бўлмаганда мана шу ҳолат сиз – ОАВ вакиллари ёритишингиз керак бўлган энг мудҳиш ва аламли “сенсация” эмасми?! Албатта, биз Ўзбекистондаги ахборот майдони жуда қаттиқ назорат остида эканини яхши биламиз ҳамда журналист ва ижодкорларга осон эмаслигини ҳам яхши тушунамиз. Бироқ барибир бу бўйнингиздаги масъулиятингизни сиздан бутунлай соқит қилмайди. Чунки сизлар биринчи навбатда мусулмонсизлар, кейин журналистсизлар. Демакки, масъулият ва жавобгарлик ҳам икки ҳисса бўлади. Зеро, бугун қамоқда чиритилаётган мазлум мусулмонлар сизларнинг ҳам биродарларингиздир, касбингиз эса уларнинг тақдирини халқимизга холислик билан ёритиб беришингизни тақозо қилади. Шунинг учун сизларни мусулмонлик ва касбий ахлоқ буюрадиган бурчингизни адо қилишга қаттиқ даъват қиламиз!
Хабар (daryo.uz 04.05.2026й): Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунлари бўйича давлат томонидан берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақидаги ҳисоботни очиқлади.
Изоҳ: Расмий маълумотларга кўра, ўтган йил давомида мамлакатдаги турли корхона ва ташкилотларга жами 178,1 триллион сўмлик имтиёзлар тақдим этилган. Шундан 119 триллион сўми солиқ, 59,1 триллион сўми эса божхона имтиёзлари ҳиссасига тўғри келган. Имтиёз олишда эса Uzbekistan GTL (2,8 трлн), Uzbekistan Airways (2,4 трлн), Ўзбекнефтгаз (1,7 трлн) ва UzAuto Motors (898 млрд) каби йирик монопол компаниялар етакчилик қилган. Шунингдек, UzGastrade АЖ ва Enter Engineering каби қурилиш гигантлари ҳам триллионлаб божхона имтиёзларидан фойдаланган ташкилотлар рўйхатидан жой олган. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки мамлакат иқтисодиётидаги улкан тенгсизликнинг яққол кўзгусидир. 178 триллион сўм Ўзбекистон учун нақадар улкан даромад эканлигини ортиқча таърифлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўзбек режими бундай имтиёзлардан мақсад – бозорлардаги нархларни тушириш эканлигини айтиб келади. Аммо бу чиндан ҳам нархларни туширишга хизмат қиляптими ёки анави йирик монополистларни янада бойитяптими, бу билан ҳукуматнинг иши йўқ. Бундан шундай хулоса келиб чиқяптики, асл мақсад халқимизга мана шу имтиёзларни аниқ етиб боришини таъминлаш эмас, балки улкан маблағларни муайян гуруҳлар ва монопол компаниялар ихтиёрида қолдиришдир. Аслида, бундай имтиёзлар тизими капиталистик иқтисодиётнинг энг иллатли жиҳатларидан бири бўлиб, икки хил стандарт яққол кўзга ташланади. Давлат йирик компанияларни “стратегик ширкатлар” деб атайди ва уларни солиқлардан озод қилади, имтиёзларга кўмади, аммо оддий тадбиркор ва халқ елкасига оғир солиқ юкини юклайди. Шунинг учун ҳам бу тузумда бойлик бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланади, оддий халқ эса, давлат ғамхўрлигидан мосуво аҳволда қолаверади. Исломда бундай иқтисодий зулмга мутлақо йўл қўйилмайди. Ислом низоми давлатга бойликни фақат бойлар орасида айланадиган матога айлантиришни тақиқлайди. Шунинг учун бу зулмдан қутулишнинг ягона йўли капиталистик тузум ва унинг иқтисодий низомидан воз кечиб, Аллоҳнинг адолатли низомига узил-кесил қайтишдир.
Хабар (kun.uz 05.05.2026й): Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электромобилларни қувватлаш станциялари мижозларига субсидия тўлашга оид қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Изоҳ: Президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурига кўра, 2026 йил 1 майдан бошлаб электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 kWh электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш кўзда тутилган. Ҳозирда юридик шахслар учун тариф 1000 сўм эканини инобатга олсак, ҳайдовчиларга ҳар бир kWh учун 700 сўмдан субсидия қайтарилади. Бунинг учун 2026 йилда бюджетдан 246 млрд. сўм харажат қилинади, кейинги йилларда бюджетдан ажратиладиган харажат 819 млрд. сўмгача етади. Иқтисодчи блогер Отабек Бакиров бу ҳақда шундай демоқда: “Лойиҳанинг қисқа муддатда ишлаб чиқилгани росмана ҳайрон қолдиради. Электромобиль эгаларига қувватлаш учун 70% субсидия ажратиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқишга 2 ойдан сал кўпроқ вақт кетган холос. Лекин энерготарифлар кескин оширилганидан буён газлашмаган хонадонлар учун электрга 50%лик чегирма бериш масаласи 2 йилдан кўпроқ муҳокама қилинади, лекин амалий ечимга келганда бир қадам ҳам олдинга силжиш бўлгани йўқ. Демак, хоҳиш бўлса, бажарса бўларкан, хоҳиш бўлмаса эса пайсалга солиб, йилларга чўзиш мумкин”. Бакиров бу билан ҳукуматнинг икки хил стандартли ёндавушига ишора қилмоқда. Халқ учун енгиллик қилиш борасида ҳукумат жуда узоқ бош қотиради, бироқ маълум доиралар ёки юртимизда илдиз отаётган Хитой каби кофир давлатлар манфаати тақозо қиладиган ишларда жуда тезкорлик билан ҳаракат қилади. Бу ўринда Хитойни бекорга тилга олмадик, чунки катта эҳтимолга кўра, электромобилларни зарядлаш учун бюджетдан 70%лик субсидия ажратилиши ортида Хитой манфаати ётибди. Маълумки, Ўзбекистонда электромобиллар бозори деярли Хитой қўлида, бу бозорнинг чаққон бўлишидан ҳам айнан Хитой манфаатдор. Ўзбек режими эса, субсидия ажратиш билан юртимиз аҳолисини электромобил сотиб олишга янада рағбатлантиришни кўзлаган. Бу билан у юртимизда Хитой бизнесини кучайтиришга уринмоқда. Бошқачасига айтганда, бюджет маблағлари халқимиз манфаати учун эмас, балки Хитой манфаати учун сарфланмоқда. Мусулмон халқимиз ҳукуматнинг бюджет маблағларини ҳавога совуришга олиб бораётган мана бундай сиёсатини англаб етиши ва унга қарши турмоғи лозим.
Хабар (uzdiplomat 05.05.2026й): Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судида иқтисодчи блогер Отабек Бакировга нисбатан маъмурий иш 7 май куни кўриб чиқилиши белгиланди.
Изоҳ: Ушбу иш Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикояти асосида қўзғатилган. Маълумотларга кўра, вазир блогернинг 2024 йил декабр ойида метан заправкалардаги навбатлар ва энергетика тизимидаги муаммолар ҳақидаги танқидий постларидан норози бўлиб, ИИББга мурожаат қилган. Гарчи аввалроқ жиноят иши қўзғатиш рад этилган бўлса-да, 2026 йил 25 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси бу қарорни бекор қилиб, ишни маъмурий тартибда судга оширган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари бу жараёнда қонуний муддатлар аллақачон ўтиб кетганини ва ишни қайта тиклаш ҳуқуқий асосга эга эмаслигини таъкидламоқдалар. Бу воқеада вазир Мирзамаҳмудовнинг блогер устидан шикоят қилиши шунчаки бир парда, холос. Аслида, вазир бу катта ўйинда оддий бир “пиёда” вазифасини бажармоқда. Унинг вазифаси – халқ нафратини ўзига олиб, тепадаги асл айбдорларни яширишдир. Соҳадаги миллиардлаб маблағларни талон-тарож қилаётган, энергетика тизимини коррупция ботқоғига ботирган ҳақиқий айбдорлар – Мирзиёев бошлиқ ўзбек режимининг ёмон бошқаруви ва у татбиқ қилаётган капиталистик иқтисод низомидир. Бакировга келсак, унинг танқидлари ҳам айнан энергетика соҳасига қаратилган, тузум ва бошқарувга эмас. Шундай бўлса-да, унинг оғзини ёпишга уриниш орқали ҳукумат бошқаларга “ибрат” кўрсатмоқда. Агар халқнинг эътирози кучайса, нари борса “айбдор вазир”ни ишдан бўшатиб, гўёки адолат ўрнатгандек бўлишади. Аммо муаммоларнинг туб сабабчиси бўлган ғайриисломий тузум ўзини сақлаб қолади. Хулоса қилиб айтганда, бугунги суд ва таъқиблар бу тузумнинг нақадар чирик эканини кўрсатмоқда. Асл ўғрилар жазоланмайдиган ва ҳақиқат айтувчилар таъқиб қилинадиган бундай зулмдан қутулишнинг ягона йўли – инсонлар хоҳишига эмас, Аллоҳнинг адолатли шариатига асосланган Ислом низомини татбиқ қилувчи Халифалик давлатини барпо этишдир. Исломда давлат раҳбари ва амалдорларни ҳисоб қилиш нафақат ҳуқуқ, балки ҳар бир мусулмон учун вожиб ишдир. Пайғамбаримиз ﷺ айтганларидек: “Жиҳоднинг энг афзали золим султон ҳузурида ҳақ сўзни айтишдир”.
Хабар (daryo.uz 06.05.2026й): Ўзбекистон Олий суди 1920-1934 йилларда совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда айбланиб, ноҳақ жазога тортилган яна 161 нафар ватандошимизни реабилитация қилди.
Изоҳ: Олий суд биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлов ҳукми чиқарилди. Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда совет даври қатағонига учраган жами 1236 нафар шахс оқланган. Бу жараёнлар 2020 йилдаги президент фармойиши асосида тузилган республика ишчи гуруҳининг архив материалларини ўрганиши натижасида амалга оширилмоқда. Бир қарашда мустабид совет тузуми кирдикорлари фош қилиниб, тарихий адолат тикланаётгандек кўринади. Аммо воқеликка чуқурроқ назар ташланса, бу жараёнлар замирида ҳақ ва адолатни рўёбга чиқариш эмас, балки зимдан сиёсий манёвр ётгани фош бўлади. Бугунги ўзбек режими ўтмишдаги қатағон қурбонларини оқлаш орқали ўзини “миллий қадриятлар ҳимоячиси” қилиб кўрсатишга уринмоқда. Бироқ энг аянчли парадокс шундаки, бугун оқланаётган аждодларимиз ўз даврида қандай ғоялар, яъни кофир мустамлакачи ўрисга қарши кураш ва исломий ўзликни асраб қолиш учун қон тўккан бўлсалар, бугун худди шу ғояни кўтариб чиқаётган мусулмонлар ўша совет давридаги каби “террорчи” ва “экстремист” тамғаси билан қамоқхоналарда чиритилмоқда. Шунинг учун ҳам бу режим тирикларнинг қадрини, инсон ҳақ-ҳуқуқларини оёғости қила туриб, ўликларни оқлаши шунчаки сиёсий ўйиндир. Бу ҳолат иккиюзламачиликнинг олий кўринишидир: ўликларни оқлаш халқ ҳиссиётларини эритиш ва “адолатли раҳбар” образини яратиш учун керак бўлса, тирикларни эзиш ҳокимиятни сақлаб қолиш ва тизимли талон-торожни давом эттириш учун хизмат қилади. Қолаверса, бундай сиёсий манёвр ортида кўпроқ Ғарб манфаатлари ётибди. Исломда эса ҳақ ва адолатни рўёбга чиқариш сиёсий манфаат учун қилинмайди. Шариат бошқарувида бир беайб инсоннинг обрўси Каъбанинг вайрон бўлишидан ҳам оғирроқ жиноят ҳисобланади. Ҳақиқий адолат ўтмишдаги қурбонларни шунчаки қоғозда оқлаш эмас, балки бугунги кунда инсонларга зулм қилинишига йўл қўймаслик ва мустамлакачиликнинг барча қолдиқларини супуриб ташлашдир.
Форуқ
09.05.2026й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми