Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
بسم الله الرحمن الرحيم
Ғарбдаги йирик мустамлакачи давлатлар, хусусан Америка инсон ҳуқуқлари ҳимояси баҳонасида заиф давлатларнинг ички ишларига аралашиб, у ерда ўз нуфузини ёйишга интилиши ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Америка бу борада БМТ ва унинг турли таркибий қисмларидан ҳам фойдаланади. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳам ана шундай воситалардан биридир. Яқинда пойтахт Тошкентда “Ўзбекистонда гендер тенглиги ва муносиб меҳнатга эришиш йўллари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Унда ҳукумат, ишчилар ва иш берувчи ташкилотлар вакиллари, халқаро экспертлар ва дипломатик корпус вакиллари, жумладан ХМТ Гендер тенглик, хилма-хиллик ва инклюзивлик бўлими раҳбари Чиди Кинглар иштирок этган. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти хабар берди.
Мавзуни ёритишга киришишдан олдин, ХМТ ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Халқаро меҳнат ташкилоти 1919 йилда Версал шартномаси асосида тузилган Миллатлар Лигаси (кейинчалик БМТ)нинг таркибий бўлинмаси сифатида ташкил этилган. У Ғарб социал-демократияси ташаббуси ва фаол иштироки асносида ташкил топган. ХМТ Низоми Тинчлик конференциясининг Меҳнат комиссияси томонидан ишлаб чиқилди ва ХIII Версал шартномасининг бир қисмига айланди. Ҳозирда ташкилотда 187 та давлат иштирок этади. ХМТнинг тўртта асосий стратегик мақсади бор: ишда асосий тамойиллар ва ҳуқуқларни илгари суриш ва татбиқ этиш; аёллар ва эркакларни муносиб иш билан таъминлаш; барча учун ижтимоий таъминотнинг қамрови ва самарадорлигини ошириш; уч томонлама ва ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш.
Энди асосий мавзуга қайтадиган бўлсак, Мирзиёевнинг 25.07.2022 йилдаги ПФ-175-сон фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланган эди. Ушбу стратегия ХМТ, Жаҳон банки ва БМТнинг болалар жамғармаси томонидан 2020 йилда тайёрланган “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш” натижалари ва тавсияларига асосланиб ишлаб чиқилгани айтилади. Шунингдек, стратегия ХМТнинг ижтимоий ҳимоянинг минимал даражалари бўйича 202-сон тавсияларига мувофиқ, барча фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлайдиган тизимни яратишни назарда тутади. Юқоридаги конференция ҳам мана шу стратегия доирасида ташкил этилган. Унда қабул қилинган ҳужжатда, жумладан тенгсизлик ва камситишнинг асосий сабабларини бартараф этишга қаратилган таклифлар қабул қилинганлиги билдирилган. Бундан ташқари, ХМТ оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги 183-сонли ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги 102-сонли конвенцияларини ратификация қилишга чақирган. Ушбу конвенциялар юқорида тилга олинган стратегияга киритилган. Булардан маълум бўладики, Ўзбекистон ҳукумати ХМТнинг барча талабларини қолдирмай бажариб келяпти. Ҳужжатда, шунингдек, гендер тенглиги ва дискриминацияга йўл қўймаслик учун жамиятда маданиятни ўзгартириш муҳимлиги эътироф этилган.
Бу ўринда “жамиятда маданиятни ўзгартириш”дан мақсад нима эканлигини янада ойдинроқ англаб олишимиз зарур бўлади. Юртимиз аҳолисининг аксар қисми мусулмонлардан иборат бўлиб, уларнинг ҳаёт тарзи Ислом билан чамбарчас боғлиқ. Ислом маданияти халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Айниқса, аёл ва эркак ўртасидаги алоқалар ҳамда оила борасидаги фикр ва тушунчалар – гарчи халқимизнинг айрим қисмида бу борада бироз хираликлар бўлса-да – умумий олганда Ислом дунёқараши ва ҳукмлари асосида шаклланган. Ҳукуматдан “гендер тенглигини таъминлаш ва дискриминацияга йўл қўймаслик” чора-тадбирларини кўриш сўралганда, оилалардаги мана шу Исломий дунёқараш ва маданиятни ўзгартириш талаб қилиняпти. Янада аниқроғи, кофир Ғарб ўзбек ҳукуматидан халқимизни ўзлигидан – Исломий қадриятлари, сақофат ва маданиятидан “тозалаб”, унинг ўрнига Ғарбона ҳаёт тарзи ва маданиятини сингдиришни талаб қиляпти.
Бунинг тафсилотини қисқача ёритиш мақсадида, мазкур конференцияда тилга олинган қуйидаги тадқиқотларга эътибор қаратамиз. Қайд этилишича, 2018 йилда Ўзбекистонда аёллар умумий иш вақтининг учдан икки қисмидан кўпроғи ҳақ тўланмайдиган болалар парвариши ва уй ишларига сарфланган бўлса, айни ишларга эркаклар иш вақтининг учдан биридан камроғи сарфланган эмиш. Демак, аёлларимизнинг оиладаги рўзғор ишлари, болалар тарбияси билан машғул бўлишлари, эри ва унинг яқинларига хизмат қилишлари вақтни бекорга сарфлаш сифатида баҳоланади. Ваҳоланки, бу нарсалар Ислом аёллар учун уй бекаси ва болалар тарбиячиси сифатида белгилаб қўйган мавқенинг айни ўзидир. Исломда хотин эрнинг ҳаётдаги шериги эмас, балки унинг дўсти эканлиги белгилаб қўйилган. Улар ўртасидаги турмуш ҳақиқий маънода дўстона ҳаётдир. Улар бир-бирларига ҳар томонлама ҳамдард бўлиб, бир-бирларидан сакинат-ором олиб яшайдилар. Зеро, Аллоҳ аёл зотини эрлари улардан таскин оладиган нозик-латиф хилқат қилиб яратди. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
– “Унинг оятларидан (яна бири) – У зот сизлар хотиржам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир”. (Рум:21)
Эр ва хотин ўртасидаги ҳаёт ўзаро дўстлик, осойишта ва хотиржамлик ҳаёти бўлиши учун Ислом шариати уларнинг ҳар бирига тааллуқли ҳуқуқ ва бурчларни баён қилган. Масалан:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ
– “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар” — деб, оила етакчилиги ва масъулиятини эркак зиммасига юклаб, уни аёлга раҳбар қилиб қўйган бўлса,
وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ
– “Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор” — дея аёлнинг ҳам ўзига хос ҳақ-ҳуқуқларини аниқ белгилаб берган.
Бинобарин, эрнинг аёли ва оиласига етакчи-раҳбарлиги унинг – “эр эканман, хоҳлаганим дер эканман” маъносидаги хоҳиш-истаклари мутлақо қайтарилмайдиган якка ҳоким эканлигини англатмайди, аксинча бу – эрнинг оила ишларини тартибга солувчи ва унга ғамхўрлик қилувчи жавобгар шахс эканлигини билдиради. Дарвоқе Муҳаммад ﷺ ҳам пайғамбар ва давлат раҳбари бўлишларига қарамай, оилада ўзларини якка ҳоким сифатида тутмасдилар, балки чин маънода хотинларига дўстона муносабатда бўлардилар. Росулуллоҳ ﷺ сийрати ва Уммаҳот ул-мумининлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ҳаётидан бунга мисоллар керагидан ортиқ даражададир.
Ислом нуқтаи назарига кўра, уй ичкарисидаги таом ҳозирлаш, уйни саранжом-саришта тутиш каби барча ишлар – албатта имкониятга қараб – аёл зиммасига, ташқаридаги ишларнинг барчаси, улар қандай иш бўлишидан қатъий назар, асосан эр зиммасига юклатилган. Али ва Фотима (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ҳақида Расулуллоҳ ﷺдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
قضى على ابنته فاطمة بخدمة البيت, وعلى عليّ ما كان خارجاً عن البيت من عمل
«Пайғамбар ﷺ қизлари Фотимага уй ичкарисидагиларни, Алига эса ташқарида бажариладиган ишларни юкладилар».
Исломнинг эр ва хотин ўртасидаги муносабатларни қандай тартибга солганлиги ҳақида қисқача шуларни айтишимиз мумкин. Булар Ҳизб ут-Таҳрирнинг “Исломда ижтимо низоми” китобида батафсил ёритилган.
Шунга биноан, ҳукуматнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси доирасида ўтказилган конференцияда қабул қилинган ҳужжатдан кўзланган мақсад юртимиз одамларига ғамхўрлик қилиш эмас, жамиятимиздан Ислом дунёқараши ва маданиятини йироқлатиш эканлиги ойдинлашади. Ҳукуматнинг Америка таъсири остидаги ХВФ ва Жаҳон банки каби халқаро молиявий ташкилотлардан олаётган риболи кредитлар ва грантлар ортида мана шундай ўзлигимизни нишонга олувчи “ҳуқуқий ислоҳотлар” ётибди. ХМТ каби ташкилотлар эса, бу “ислоҳотлар”ни амалга ошириш жараёнини энг майда тафсилотларини ҳам эътиборсиз қолдирмасдан назорат қилиб боради. Улар биз мусулмон халқнинг тинч-тотув ҳаётига, хусусан хотин-қизлар ва ёш ўсмирларимиз зеҳниятига бузуқ Ғарб фикрларини экиш орқали раҳна солиб, ҳимоя, ором ва сакинат қўрғони бўлган оилаларимизни турли низолар ва ҳатто қотиллик каби мудҳиш жиноятлар содир этиладиган масканга айлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Чиндан ҳам “гендер тенглиги” каби тушунчаларнинг жамият миқёсида кенг тарғиб қилиниши орқали хотин-қизлар онгига зўр бериб сингдирилиши гўё уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек кўрингани билан, аслида хотинларнинг ўз эрига, қизларнинг эса, ўз отасига итоатсиз-қулоқсиз бўлишини келтириб чиқаради. Натижада мусулмон оиладаги Аллоҳ Таоло кўрсатган “тахмон” издан чиқиб, хотиржамлик ва осойишталик деган неъматлар барбод бўлади. Бу оилавий-илоҳий “тахмон”ни Росулуллоҳ ﷺ муборак ҳадисларида қуйидагича ифода этган эдилар:
لو كنت امرا احدا ان يسجد لاحد لامرت المراة ان يسجد لزوجها
«Агар бировни бирор кимсага сажда қилишга буюрганимда, аёлни эрига сажда этишга буюрган бўлардим»
Шунингдек, Ислом эр кишига шундай баланд ҳуқуқ бериш баробарида унинг елкасига ўта оғир жавобгарликни ҳам юклайди:
الا كلكم راع و كلكم مسؤول عن رعيته…الرجل راع علي اهل بيته وهو مسؤول عنهم….
»Огоҳ бўлинг, сизнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва қўл остидагилардан жавобгарсиз… киши ўз аҳли оиласига бошлиқ ва улар устидан жавобгардир…» — дедилар бошқа бир ҳадисда.
Гендер тенглик тушунчаларидан таъсирланган аёл ўзининг оиладаги ўрнини Ғарбнинг бузуқ тушунчалари асосида тартиблашни бошлайди, йўлдан озади ва бундан фақат душманларимиз ютади. Агар биз мусулмонлар буларга бефарқ бўлсак, албатта ютқазишда давом этаверамиз.
Хўш, сиз анави Ғарбнинг бизга тиқиштираётган шубҳали лойиҳаларига ишонасизми ёки бутун борлиқнинг Яратувчиси Аллоҳ Таоло ва Унинг росули Муҳаммад ﷺнинг сўзларигами?! Зотан:
وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ
– “(Одамларни) Аллоҳ (нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?” (Фуссилат:33)
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
01.07.2023й