Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بسم الله الرحمن الرحيم
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (kun.uz 15.03.2024й): Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни оғир атлетика ҳамда маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари ўртасида маҳалла терма жамоалари тузилади. Иқтидорли ёшлар аниқланиб, профессионал футбол муассасаларига йўналтирилади. Шунингдек, бу жараёнда Англия мактаблари футбол ассоциацияси тажрибаси қўлланилиши ҳам таъкидланди. Гарчи мусулмонлар зеҳниятидан Исломни тузум сифатидаги тасаввури ўчирилган бўлса-да, иффат ва ҳаё тимсоли бўлмиш аёл зотига бўлган кўзқараш ҳали тўлиғича ўзгаргани йўқ. Бироқ ўзбек ҳукумати гендер тенглик, аёллар ҳуқуқи деган турли важ-карсонлар билан муслима аёлни ғарблаштириш сиёсатини юргизишда қаттиқ турибди. Энди бундай бузуқ сиёсатни маҳаллалар ичигача сингдириш учун йўл ҳозирламоқда. Албатта, озгина ғурури бор мусулмон киши қизи, келини, аёлини авратларини номаҳрам эркакларга кўз-кўз қилдириб футбол ўйнашига ҳеч ҳам рози бўлмайди. Анави демократиянинг аёлни ерга уриш билан баробар дунёқарашини қабул ҳам қилмайди. Ҳолбуки, Ислом аёл кишига келажак авлодга Исломий тарбия беришдек муҳим вазифани топширган. Ўзбек ҳукумати эса аёлларга шу муҳим вазифани адо этишлари учун шарт-шароитларни муҳайё қилиб бериш ўрнига, аёлларни “эркаклаштириш” сари қадам босмоқда. Ҳукумат спортга катта маблағлар ажратиш билан мусулмон ёшларни, хусусан муслима қизларни Ғарбча дунёқараш билан заҳарламоқчи бўляпти. Спортда катта ютуққа эришганларни қуюқ мукофоту пуллар билан сийлаб, ҳаммага уларни намуна қилиб кўрсатяпти. Токи, ёшларимизнинг энг юксак мақсади ва орзуси қандайдир медалу кубоклар ютишдан нарига ўтмасин. Бироқ Ислом инсонларга бундай арзон хою ҳаваслар ортидан югуриб, умрини бекорчи нарсаларга сарф қилишдан кўра олийроқ ғояларни тақдим этади. Ушбу олий ғоя – Аллоҳнинг розилигидир. Халифалик давлати ёшларимизни иймон-эътиқодли, кучли ва билимли қилиб тарбиялаб, ана шу олий ғояга етиш сари йўналтирадиган ягона нажотимиздир!
Хабар (muslim.uz 19.03.2024й): Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўз мавъизаларидан бирида болалар, айниқса қизларга нисбатан тажовузкорлик, шафқатсиз муносабат мусулмонлар жамиятига бегона иллат эканлиги ҳақида гапирди.
Изоҳ: Муфтий Нуриддин Холиқназаров ўз сўзида, жумладан, шундай деди: “Агар биз фарзандларимиз, айниқса қизларимизни бирор жойга, мактабига жўнатаётиб, ишқилиб болам тинч-омон бориб келармикин, бирон ғаламис унга зарар етказмасмикин, деган ўй келса, билингки, бу жамиятнинг мусибатидир”. Албатта, муфтий жаноблари тўғри гапни айтди, бироқ жамият мана шундай аҳволга қандай қилиб келиб қолаётганига негадир тўхталмади. Бошқа томондан қарасак, унинг бу гаплари ўзи бошлиқ имом-домлалар такрорлашдан чарчамайдиган юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо… қабилидаги шукрга ўралган мутеликка чақирувчи гапларига унчалик тўғри келмайди. Чунки юртда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётганининг асосий мезони ҳаётнинг барча соҳасидаги фаровонлик ортидан келадиган одамлардаги кўнгил хотиржамлигидир. Муфтий жаноблари тан олиб айтганидек, одам ҳаётида мана шундай хотиржамликнинг танқислашиб бораётгани, ҳақиқатда мусибат. Лекин муфтий ҳазратлари жамиятнинг шу аҳволга келиб қолаётганида Ўзбекистон диний идораси имомларининг ҳам катта “ҳиссаси” борлигини ёддан чиқармаслиги лозим! Чунки айнан улар ҳукуматнинг илмоний-дунёвийлик сиёсатини маъқуллаб, халқимизни шунга рози бўлиб яшашга чақириб келишяпти. Мана шу динни ҳаётдан ажратишга асосланган сиёсат натижасида эса – муфтий айтганидек – одамларда хотиржамлик йўқолиб боряпти. Муфтий жаноблари яна бир эътиборли гапни айтди, яъни бир пайтлар Бухорода бир ёш болага бир сават тиллони бериб, бошқа юртга жўнатилса, тиллодан битта ҳам камаймаган ҳолда манзилига етиб борар экан, бироқ ҳозирчи… дея сўзини якунлайди. Хўш, у даврлар қайси эди? Демократик қонунлар татбиқ қилинган даврларми ё илоҳий низом – Ислом ҳукмрон бўлган замонларми? Албатта, ақли расо инсонлар бу гаплардан керакли хулосаларни чиқарадилар инша Аллоҳ!
Хабар (qalampir.uz 19.03.2024й): Тошкент вилояти Бўка тумани Чўлобод қишлоғида яшовчи аёл 7 яшар жиянини уриб ўлдирди.
Изоҳ: Билдирилишича, Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшовчи эр-хотин икки нафар қизини Бўка туманида яшовчи синглиси Н.И. қарамоғига ишониб топширган ва Россияга ишлагани кетган. Ота-онаси хорижда ишлаб юрганда, болалар ҳар куни калтак еб, аммаси тарафидан зулм кўрган. Минг афсуски, болаларга нисбатан шафқатсизлик акс этган бундай воқеалар кўпайиб бормоқда. Ҳолбуки, Иккинчи жаҳон уруши даврида бутун Совет Иттифоқи ҳудудидан МОга вагонларда жўнатилган минглаган етим болаларни мусулмон аждодларимиз қарамоғига олиб, худди ўз фарзандларидек, ажойиб меҳр-мурувват билан тарбиялаб вояга етказишган эди. Бироқ бугунга келиб бундай юксак инсоний фазилатлар ўрнини тубанлик ва жоҳиллик эгаллаб боряпти. Бунда кўпчилик айбни шахсларнинг ўзида деб билади. Улар бу фикрларида маълум даражада ҳақ бўлса-да, аммо бош айбдор татбиқ қилинаётган демократик тузум эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Чунки бу тузум татбиқ қилинар экан, жамиятда юксак фазилатлар ўрнини тубанлик ва жоҳиллик эгаллаб боради. Инсондаги ижобий фазилатларни юзага чиқарадиган Исломдан узоқлаштириб, фисқу фасод ва разолатга кенг йўл очилади. Шунга қарамай, ўзбек ҳукумати демократиядек бузуқ тузумдан муаммоларга ечим изламоқда ва бу ечимларга одамларда ишонч уйғотиш мақсадида, жумладан, болалар ҳимояси учун бир неча қонунларни қабул қилди. Булардан яқинда қабул қилинган болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни келтириш мумкин. Бироқ бу чоралар жамиятда болаларга нисбатан зулм-зўравонликларнинг олдини олиш тугул, камайтириб ҳам қўймаяпти. Албатта, шундай бўлиши табиийдир. Чунки ўша аждодларимиз ўзи қорни тўйиб овқат емаётган бир вақтда, яна етим болаларни ҳам асраб олишларига социалистик ёки капиталистик тушунчалар туртки бергани йўқ, балки Исломий тушунчалар таъсирининг ҳозиргига нисбатан кучлироқ бўлганлиги сабаб бўлганди. Демак, болаларга нисбатан меҳр-мурувват, раҳм-шафқат ва ғамхўрлик яна юксак даражага чиқиши учун Исломга қайтишимиз ва уни ҳаётда татбиқ қилишимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ: “Кимки ёшларимизга раҳм-шафқатли, ёши улуғларимизга ҳурмат-эҳтиромли бўлмаса, бизлардан эмас”, – дедилар.
Хабар (kun.uz 20.03.2024й): Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги яширин туннеллардан фойдаланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Изоҳ: Хабарда айтилишича, тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзоларидан дастлабки қиймати 11 млрд сўмни ташкил этувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 килограмм 745 грамм олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинган. Бугун шундай бир аҳволга келиб қолдикки, асрлар давомида ягона Халифалик давлати байроғи остида яшаб келган уммат вужуди босқинчилар ва мустамлакачи кофир давлатлар томонидан чизилган сунъий чегаралар орқали майда давлатчаларга бўлиб юборилди. Марказий Осёдаги давлатлар ҳам ана шу бўлиниш натижасида вужудга келган. Бу чегаралар минтақа халқларининг ҳаётини қийинлаштиришдан бошқа нарсага ярамади ва ярамайди ҳам. Аниқроқ қилиб айтганда, шу сунъий чегаралар сабаб шаръан ҳалол бўлган амаллар жиноятга айланди. Жумладан, мазкур хабарда айтилган олиб қўйилган буюмларнинг ўзи ҳам, улар билан савдо-сотиқ қилиш ҳам шариатда жоиз. Аксинча, душманлар томонидан белгиланган мана шу чегаларни тан олиш ва уни ҳимоя қилиш айни жиноятдир. Зотан, шаръий нуқтаи назарга кўра, мусулмонлар учун чегара фақат Ислом диёри ва куфр диёри орасида бўлади холос. Бу сохта чегаралар касофати, айниқса Муборак Фаластин заминидаги мусулмон биродарларимизнинг ён-атрофдаги хоин ҳукмдорлар тарафидан ёрдамсиз ташлаб қўйилишида ҳам яққол намоён бўлди. Шунинг учун мусулмонлар зеҳнидан мустамлакачи кофирнинг заҳарли тушунчаларини йўқ қилиб, ўрнига тўғри Исломий қарашларни қайта шакллантириш ва Ислом низомини татбиқ қилувчи Халифалик давлатини тиклаш зарурдир. Шундагина мусулмонлар Халифаликнинг бепоён сарҳадларида савдо-сотиқ, сайру саёҳат ва бошқа ишлари билан ҳеч бир тўсиқларсиз, эмин-эркин шуғуллана оладилар.
إِنَّ هَٰذِهِ أُمَّتُكُمْ أُمَّةً وَاحِدَةً وَأَنَا رَبُّكُمْ فَاعْبُدُونِ
– “Албатта, бу – сизнинг умматингиз, ягона уммат ва Мен сизнинг Роббингизман, бас Менгагина ибодат қилинг”. (Анбиё:92)
Хабар (gazeta.uz 20.03.2024й): Рақобат қўмитаси UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи хусусийлаштирилиши бўйича келишувни ўрганаётганини маълум қилди. Қўмита расмийси бозор концентрациясига таъсир қилувчи битимлар олдидан қўмита розилиги олиниши кераклиги, лекин қонунчиликда баъзи истиснолар борлигини айтди.
Изоҳ: Рақобат қўмитасининг бу баёнотини қисқа ва лўнда қилиб айтганда, “дарча”ли баёнот дейиш мумкин. Бу билан у ўрганиш натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, шу баёнотга мос келишини олдиндан кафолатлаб қўймоқчи. Аслида, бу қўмита UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, шунингдек Чиноз НҚИЗнинг хусусийлаштирилиши масаласига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди. Умуман олганда, қўмита тор доирада ҳал этиладиган ва ҳукуматга яқин одамлар манфаатига хизмат қиладиган бундай қарорларни ўзгартиришга таъсир ўтказолмайди. Қолаверса, бу қўмита ана шу сиёсий элита манфаатларига хизмат қилиш учун тузилган. Энди хусусийлаштиришга келсак, маълумотларга кўра, UNG Petro тармоғига кирувчи 80 га яқин бензин шохобчаларининг умумий қиймати улар жойлашган ер нархларини ҳисобламаганда 100 млн доллардан кам турмайди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда UNG Petro`нинг айланмаси 2,24 триллион сўмни (тахминан 178 миллион доллар) ташкил қилган. UNG Petro ва Чиноз НҚИЗ “Petroleum Technology Group” МЧЖ назоратига ўтган. 2023 йил 4 октябрда рўйхатга олинган ушбу корхонанинг ягона таъсисчиси – собиқ ташқи ишлар вазири Абдулализ Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов ҳисобланади. Демакки, мазкур мулклар ими-жимида ҳукуматга яқин бўлган шахсга бериб юборилган. Биз аввалдан таъкидлаб келаётганимиздек, Исломда умумий мулк ҳукмини оладиган, яъни омма-халқнинг ҳаққи ҳисобланадиган барча мулкларни давлат ёки шахсларнинг эгаллаб олишига йўл қўйилмайди. Ушбу умумий мулк ҳисобига, шунингдек, умумий мулкка қарашли бўлган завод, фабрика, ёнилғи қуйиш шохобчалари кабилар ҳам киради. Росулуллоҳ ﷺ бундай марҳамат қилдилар: “Одамлар уч нарсада – сув, ўт-ўлан ва оловда шерикдирлар”.
Хабар (president.uz 23.03.2024й): Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир бўлган фожиа оқибатида ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Президент Владимир Путинга чуқур таъзия йўллади.
Изоҳ: Путинга йўлланган мактубда Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаши ҳамда мазкур жиноят ташкилотчилари ва ижрочиларига жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонч билдирилган. Мирзиёев вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади. Ўз навбатида, МОдаги қолган давлат раҳбарлари ҳам шу каби ҳамдардлик мактубларини йўллашган. Бу раҳбарлар ўзларининг мусулмон миллатига зид зеҳният эгалари эканини яна бир бор исботлашди. Мана, олти ойдан ошибдики, Муборак Фаластин заминидаги мусулмон биродарларимиз лаънати сионист яҳудий режимининг мисли йўқ шафқатсизлик билан уюштираётган геноциди остида инграб ётишибди. Кунига камида ўнлаб, балки юзлаб одамлар, айниқса ёш болалар ва аёллар қатл қилинмоқда. Қанча-қанча одамлар яраланяпти, майиб-мажруҳ бўляпти, тирик қолганлари ҳам оч-наҳорликда кун кечиряпти… Яҳуд вужуди қирғинлари ҳатто Рамазон ойида ҳам тингани йўқ… Хоинликда кимўзарга мусобақалашаётган мусулмон юртлар ҳукмдорлари эса, хўжайинлари бошига бирор мусибат тушса, таъзия билдиришга ҳам, ҳамдардлик изҳор этишга бир зумда ҳозиру нозир. Американинг уч аскари ҳалок бўлганда араб юртлари ҳукмдорлари тезда таъзия билдиришга шошилишди. Ваҳоланки, ўша куннинг ўзида Ғазода 200 дан зиёд мусулмон ўлдирилди, бироқ улардан бирортаси бир оғиз ҳамдардлик билдирмади. МО ҳукуматлари раҳбарларининг аҳволи ҳам шунга ўхшаш, балки ундан-да тубанроқ. Мусулмонларнинг ашаддий душманларидан бири бўлмиш ўрис ҳукуматига тезда ҳамдардлик билдиришди ва бўлган ишни қаттиқ қоралашди. Ҳолбуки, Ғазода ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар қирғин қилинаётган бўлса-да, сионист яҳудларни қоралашга ўзларида журъат топишолмаяпти. Ҳа, бу қўрқоқ малай ҳукмдорлар учун мусулмонлар қони қанчалар қадрсиз бўлиб қолганининг яна бир исботи. Улар аллақачон Ислом душманлари хизматида бўлиб, мусулмонларга қарши найзанинг учи ролини ўйнашяпти. Бундай аччиқ воқелик Ислом Уммати Халифалик давлатини тиклаш учун бор куч-имкониятларини сарфлаши нақадар зарур эканлигини тушунишга кучли туртки бўлмоғи лозим. Зеро, мана шу Халифалик давлатигина биз мусулмонларни ҳимоя қилади ва душманларимиз қалбига қўрқув солади. Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Имом (яъни Халифа) – қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”.
Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон матбуот бўлими аъзоси Форуқ
25.03.2024й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми