Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Хабар (gazeta.uz 04.06.2026й): Тошкент шаҳрида «Beer Fest 2026» ўтказилиши муносабати билан икки кўчанинг айрим қисмлари 8-июн соат 07:00 гача транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилди, дея хабар қилди пойтахт ҳокимлиги.
Изоҳ: Пиво фестивали каби бузуқлик ва ҳаром ишларни тарғиб қилувчи ҳамда буни инсон ҳаёт тарзининг ажралмас қисми сифатида кўрсатувчи тадбирлар юртимиз аҳолисининг кескин норозилигига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ Тошкент ҳокимияти ва ўзбек режимини бундай тадбирларни туризмни ривожлантириш ниқоби остида доимий уюштириб келишига ўз халқининг нафрати асло тўсқинлик қилмаяпти. Бошқа тарафдан, агар бир гуруҳ мусулмонлар қандайдир исломий тадбир ўтказмоқчи бўлса, йўқ, буни ҳам қўя турайлик, ўз динини ўрганмоқчи бўлиб таълим олса, бу ишга алоқадор ҳаммани жиноятчи сифатида қамоққа тиқяпти ёки катта жарималарга тортяпти. Ахир, бу учига чиққан иккиюзламачилик эмасми?! Қолаверса, анави муфтий бошлиқ диний идорадаги “дин пешволари”га нима бўлганки, аҳолисининг 90%дан ортиғи мусулмон бўлган юртда, пойтахтнинг қоқ марказида ичкиликбозлик, маст-аластлик ва бунинг ортидан келиб чиқадиган фаҳш ишларга кўз юммоқда. Ҳозир кўпчиликни мана шундай очиқ мункар ишлар содир бўлаётганини нега диний идора бир оғиз қоралаб қўйишга ҳам ярамаяпти, деган савол қийнаяпти… Энди пиво фестивали ўтказишдан кўзланган мақсадга келсак, у аниқ ва равшандир. Мақсад – мусулмонлар яшайдиган жамиятда алкоголни оддий-одатий ҳолга айлантириш, яъни ҳаромни чиройли қилиб кўрсатиш билан айниқса ёшларимизни ахлоқсиз алкашларга айлантиришдир. Чунки ичкиликка ружу қўйиб, ақли ўтмаслашиб, фикрлаши сусаядиган муте халқни бошқариш осонроқ бўлади. Бу эса бузуқ Ғарб ва Россия каби босқинчи кучлар халқимизни исломий ўзлигидан айириб, мудом тобе қилишни истаган нарсанинг айни ўзгинасидир. Агар мусулмон халқнинг кўчаларида ичкилик байрам қилинаётган бўлса-ю, аммо Қуръон таълими, илм ва фикр майдонлари ҳукумат назарида “жиноят” саналгани учун таъқиб қилинса, бу ҳолат ҳар бир иймон-эътиқодли инсонни ташвишга солиши керак! Шундай экан, биз юртимиз мусулмонларини ўзбек режимининг бундай ҳаром ва фикрий тубанликка олиб борадиган тадбирлар ўтказишига жиддий қаршилик кўрсатишга даъват қиламиз.
Хабар: Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, суддан чиққан мусулмон йигит ўзининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-моддаси, 2-банди (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан судлангани, жаримага тортилгани ва шахсий телефони мусодара қилинганини маълум қилган.
Изоҳ: Унинг тушунтиришича, бунга ўз фарзанди Қуръон ўқиётгани акс этган видеони Инстаграм саҳифасига жойлаштиргани сабаб бўлган. Мурожаатчи жамиятдаги ушбу иккиюзламачиликка муносабат билдириб, юртимизда пиво фестиваллари эркин ўтказилаётган бир пайтда, Қуръон ўқиш ва диний масала тарқатиш жиноятга айлантирилаётганини куюниб гапирган. Шунингдек, у ушбу модда фақат мусулмонларга қарши ишлатиляптими ёки бошқа дин вакилларига ҳам таъсир қиладими, деган ҳақли саволни ўртага ташлаган ва шахсан ўзи мусулмондан бошқа одам бу модда билан судланганини кўрмаганини таъкидлаган. Интернетда тарқалган ушбу аламли мурожаат бугунги кундаги капиталистик бошқарув тузуми ва унинг асосини ташкил этувчи динни ҳаётдан ажратиш ақидасининг асл башарасини яққол фош қилиб беради. Ўзини сиртдан “виждон эркинлиги таъминланган” деб кўрсатишга уринадиган бундай дунёвий тузумлар аслида мусулмон халқнинг ўзлиги, ақидаси ва Муқаддас Китобига қарши доимий уруш ҳолатида яшайди. Шунингдек, мусулмон жамиятни ахлоқий бузилишга, Ғарблашишга олиб борадиган пиво фестивалларига, бачкана кўнгилочар шоуларга ва фаҳшни тарғиб қилувчи лойиҳаларга кенг йўл очиб беради. Негаки, ҳокимият элитасига фақат нафсига қул бўлган, ичадиган, чекадиган, кайфу сафо қиладиган ва фикран тубан бўлган истеъмолчилар оммаси кeрак. Улар учун ўз фарзандига Қуръон ўргатаётган, қалбида фақат Аллоҳдан қўрқуви бор онгли, ақидаси пок мусулмон энг катта хавф ҳисобланади. Мусулмон халқимиз бугун ўзбек режимининг мана бундай иккиюзламачи сиёсати, аҳолининг исломий эътиқоди ва туйғуларини назар-писанд қилмаётганига сукут сақлашининг оқибати асло яхшиликка олиб бормайди. Чунки бу режим халқимиз ён бергани сари ҳаддидан ошаверади. Шунинг учун юртимиз мусулмонлари ҳар қандай қўрқув ёки андишани бир четга суриб, бунга қаттиқ қарши туриши лозим. Зеро, бугун дунё бўйича кофир мустамлакачиларнинг Ислом ва мусулмонларга қарши олиб бораётган салиб уруши юртимизни ҳам ўз домига тортмоқда. Бунга қарши энг тўғри ва қақшатқич жавоб шуки, мусулмонлар ўзларининг ғамхўр ва ҳимоячи бошқаруви – Халифалик давлатида ягона сиёсий кучга айланишларидадир!
Хабар (daryo.uz 07.06.2026й): Ўзбекистонликлар энг кўп кредитларни уй хариди учун олаётгани маълум қилинди.
Изоҳ: Хабарга кўра, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг банклардан жами қарздорлиги 230,8 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,5 триллион сўмга кўпдир. Энг диққатга сазовор жиҳати, аҳоли олаётган қарзларнинг энг катта қисми – нақд 84 триллион сўми айнан уй хариди, яъни ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Аввало, бу сиёсат инсонларни “умрбод иқтисодий қуллик” тузоғига солади. Ипотека кредити одатда 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга берилади. Бу дегани, куч-қувватга тўлган инсон ўз ҳаётининг энг маҳсулдор даврини банкка қул бўлиб ишлаш билан ўтказади. Капитализм шундай муҳит яратадики, қарзи бор инсон сиёсий ва иқтисодий ноҳақликларга қарши бош кўтара олмайди, ўз ҳаққини талаб қилмайди ва иш берувчининг ҳар қандай зулмига индамай чидайди. Чунки унинг бошида ҳар ой тўланиши шарт бўлган банк тўлови турибди. Кредит фоизлари сабабли оддий халқ аслида битта уй сотиб олиб, судхўр банкларга икки-учта уйнинг пулини тўлаб бермоқда. Бу – халқ даромадини капиталистик элита томонидан қонунийлаштирилган йўл билан шилиб олинишидир. Ҳатто инсоннинг яшаш жойига бўлган табиий ҳуқуқи ҳам судхўрлар учун энг даромадли бизнесга айлантирилган. Бу тузумда уй билан таъминлаш – муҳтожларга ёрдам бериш эмас, балки ўша муҳтожликдан фойдаланиб, фоиз эвазига узоқ йиллик фойда ундириш механизмидир. Банклар аҳолига уй олиб бераётган саховатпеша эмас, балки одамларнинг бошпанасизлигини бизнесга айлантирган йиртқичлардир. Энг ачинарлиси, капитализмнинг шафқатсиз қонунларига кўра, агар эртага иқтисодий инқироз чуқурлашиб, инсонлар тўлай олмай қолса, банклар ўша уйларни мусодара қилади ва йиллар давомида тўланган пуллар куйиб, оддий халқ кўчада қолади. Исломда эса риболи кредитлар мутлақо тақиқлангандир. Шунингдек, одамларни уй билан таъминлаш ҳар бир фуқаронинг асосий эҳтиёжларидан бўлиб, давлат буни ўз зиммасига олиши шарт.
Хабар (daryo.uz 08.06.2026й): Қашқадарёдаги газ қуйиш шохобчасидаги портлашда 6 киши ҳалок бўлди.
Изоҳ: Хабарга кўра, 2026 йил 8 июн куни соат 13:50 лар атрофида Қарши туманидаги маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида кучли портлаш ва ёнғин содир бўлган. ФВВ бўлинмалари ёнғинни бартараф этган бўлса-да, ҳодиса оқибатида 4 та автомобил ҳамда 2 та ер ости ёқилғи сақлаш резервуари буткул ёниб зарарланган. Энг ачинарлиси, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 5 нафари оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Президент топшириғи билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилиб, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва сабабларни аниқлаш вазифаси юклатилган бўлса-да, бу каби фожиаларнинг мамлакат миқёсида сурункали тус олаётгани масалага теранроқ назар ташлашни талаб этади. Хусусан, шунга ўхшаш аввалги фожиали воқеаларда ҳам ҳукумат қурбонлар сонини камайтириб кўрсатганди. Мазкур ҳолатда ҳам Озодлик радиоси суҳбатлашган гувоҳлар, қурбонлар сони 20 кишигача бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳукуматнинг йиллар мобайнида давом этиб келаётган масъулиятсиз энергетика сиёсати халқни хавфли муҳитда яшашга мажбур қилмоқда. Ўзбекистон табиий газ захираларига бой бўлишига қарамай, вилоятлардаги аҳоли маиший эҳтиёжи ва транспортлар учун портлаш хавфи ўта юқори бўлган суюлтирилган газга (пропан ва метанга) боғлаб қўйилган. Давлат ўз халқини хавфсиз, тармоқли табиий газ билан таъминлаш мажбуриятини бажара олмагани ёки қасддан бажармагани сабабли, одамлар мана шундай кучли босим остида ишловчи, ҳар сонияда портлашга тайёр бўлган шохобчаларга боришга маҳкумдир. Шунингдек, бошқа соҳалар каби давлатнинг назорат ва инспекция органлари коррупция ботқоғига ботган. Ачинарлиси, ҳукумат фақат портлаш содир бўлганидан кейин комиссия тузишни билади, аммо портлашгача бўлган коррупцион занжирни атайлаб кўрмайди. Зотан, Ислом бошқарув низоми ва масъулият мезонига кўра, давлат раҳбари ва ҳукумат фуқароларнинг жони, моли ва хавфсизлиги учун Аллоҳнинг олдида тўлиқ жавобгардир. Пайғамбаримиз ﷺ баён қилганларидек, бошқарувчи ўз фуқароларига масъулдир ва улар борасида сўралади.
Хабар (daryo.uz 08.06.2026й): Шавкат Мирзиёевга 8 июнь куни мис саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши ва келгусидаги режалар юзасидан ахборот берилди.
Изоҳ: Қайд этилишича, жорий йил март ойида фабриканинг биринчи навбати ишга туширилган. “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳанинг қиймати 2,7 миллиард долларни ташкил этади. Фабрика тўлиқ қувватга чиққач, йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш ва қарийб 900 минг тонна мис консентрати ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Президент жорий йил якунига қадар 3-мис бойитиш фабрикасида рудани қайта ишлаш ҳажмини ошириш, барча асосий технологик занжирларни тўлиқ ишга тушириш ҳамда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш вазифасини қўйди. Ўзбекистоннинг ер ости ва ер усти табиий бойликларга, стратегик хомашё захираларига нечоғлик бой мамлакат эканини навбатдаги хабар яққол тасдиқлаб турибди. Мис, молибден, селен, теллур ва рений каби дунё бозорида баҳоси олтинга тенг бўлган ноёб металларнинг тонналаб қазиб олиниши иқтисодий жиҳатдан қудратли кўрсаткичдир. Бироқ масаланинг моҳияти бутунлай бошқа томонда яширинган бўлиб, у жамият олдига жуда жиддий саволларни кўндаланг қўяди: бунчалик беҳисоб бойликлар аслида қаерга кетяпти ва улардан тушаётган улкан даромадлар қани?! Нима сабабдан Ўзбекистон шунча бойликка эга бўла туриб, ўзининг ички имкониятлари ҳисобидан мана шундай завод ва фабрикаларни қуролмайди? Нима учун инвестиция ва хорижий капитал баҳонасида бу табиий бойликлар ташқарига ташиб кетиляпти? Капиталистик тузумга кўра, табиий бойликлар халқнинг умумий мулки эмас, балки халқаро корпорациялар ва маҳаллий сиёсий элита ўртасида тақсимланадиган фойда манбаидир. Юртимизда йиллар давомида олиб борилаётган инвестиция жалб қилиш сиёсати аслида табиий бойликларни йирик капиталистик кучларга арзонгаровга топшириш тизимидан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, Исломнинг адолатли иқтисодий низомига кўра, ер ости ва ер устидаги барча туганмас табиий бойликлар, конлар ва энергия манбалари оммавий мулк ҳисобланади. Пайғамбаримиз ﷺ ўз ҳадисларида “Мусулмонлар уч нарсада – сув, ўт-ўлан ва оловда шерик” эканликларини очиқ баён қилганлар. Ушбу умумий мулкларни ҳеч бир шахсга, хусусий ширкатга ёки чет эл капиталистларига хусусийлаштириб бериш ёхуд инвестиция ниқоби остида сотиш тақиқланган.
Хабар (gazeta.uz 09.06.2026й): Ўзбекистон президенти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, юқори аниқликдаги қуроллар ва ҳарбий авиациядан самарали фойдаланиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Изоҳ: Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари томонидан имзоланган янги фармонга мувофиқ, мавжуд қўмондонлик негизида замонавий рақамлаштирилган бошқарув тизимига эга Қуролли Кучлар Ҳарбий-ҳаво кучларининг Жанговар қўмондонлиги ташкил этилади. Ушбу ҳужжат билан юқори аниқликдаги қуролларга эга авиация техникалари, учувчисиз авиация комплекслари билан қуролланган янги бўлинмаларни ташкил этиш орқали Ҳарбий-ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва имкониятларини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Мудофаа соҳасидаги ушбу янги қадам бугунги дунёда содир бўлаётган кучли геосиёсий бўҳронлар, замонавий урушларнинг ўзгарган характери ва расмий Тошкентнинг ортиб бораётган жиддий хавотирлари билан бевосита боғлиқдир. Шунингдек, ўзбек ҳукумати келажакдаги эҳтимолий минтақавий инқирозлар ва йирик давлатлар (АҚШ, Россия, Хитой) ўртасидаги глобал қарама-қаршиликлар тўлқинида ҳаво мудофаасисиз заиф қолишдан қаттиқ хавотирда кўринади. Албатта, Ўзбекистон армиясининг замон талабларига мослашиши, мудофаа тизимининг кучли ва жанговар шай ҳолатга келтирилиши ижобий ва зарур ҳолатдир. Бироқ масаланинг энг нозик ва стратегик жиҳати шундаки, ҳарбий салоҳиятни ошириш жараёнида ҳарбий саноатда ташқи кучларга қарам бўлишга асло йўл қўйиб бўлмайди. Агар армия энг замонавий дронлар, ракеталар ва ҲҲМ тизимлари билан жиҳозланган бўлса-ю, лекин уларнинг техник ва дастурий таъминоти (IT-тизими) ҳамда эҳтиёт қисмлари хориждан (масалан, Россия, Хитой ёки Ғарб давлатларидан) сотиб олинадиган бўлса, бундай армия реал уруш вақтида тез заифлашиб қолади. Ҳақиқий ҳарбий қудрат қуролни четдан сотиб олишда эмас, балки ўша қурол ва технологияларни мамлакат ичида мустақил ишлаб чиқара олишда намоён бўлади. Зеро, Ўзбекистон ҳукумати фақат хориж қуролларини импорт қилиш билан чекланиб, ички оғир-ҳарбий саноатни йўлга қўймас экан, ташкил этилаётган янги қўмондонликлар глобал кучларнинг сиёсий ўйинлари қаршисида кафолатланган хавфсизликни таъминлай олмайди. Армиянинг кучли бўлгани яхши, аммо унинг қуроли ва ишлаб чиқариши ҳам ўз қўлимизда бўлиши ундан-да муҳимроқдир.
Хабар (xavfsizlik_uz 09.06.2026й): Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан тарқатилган расмий хабарга кўра, Тошкент шаҳри ва бир қатор вилоятларда яшовчи фуқаролардан иборат 8 кишилик жиноий гуруҳ фош этилган.
Изоҳ: Маълум қилинишича, ушбу шахслар Сурия ҳудудидаги халқаро террорчи ташкилот аъзоларининг ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиб келишган. Таъкидланишича, ушбу маблағлар ижтимоий тармоқлар орқали Фаластиндаги муҳтож мусулмонларга ёрдам ва эҳсон сифатида йиғилгани айтилган бўлса-да, аслида Суриядаги жангариларни молиявий қўллаб-қувватлашга сарфланган. Суд ҳукмига кўра, мазкур гуруҳнинг 7 нафар аъзоси 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди, яна бир нафар шахсга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу хабар бугунги дунёвий давлат ва унинг Ғарбдаги кофир хўжайинлари мусулмон халқимизни қанчалик фикрий жиҳатдан заҳарлашга, уларни ўз динидан узиб, либерал ва бепарво омма қилиб тарбиялашга уринишмасин, халқнинг исломий эътиқоди ҳанузгача тирик эканини англатади. Ҳибсга олинган йигитларнинг сўзларидан, уларнинг мақсад ва интилишларидан кўриниб турибдики, улар ҳеч қандай ёмонликни ёки бузғунчиликни ўйлашмаган. Уларнинг ягона нияти – хоҳ Сурия, хоҳ Фаластин бўлсин, Умматнинг бир парчасига мадад бериш бўлган. Бироқ режим инсонларнинг мана шу пок ва олийжаноб ниятда қилган амаллари учун рағбанлантириш ўрнига, уларга шафқатсизларча энг оғир жазоларни тайинламоқда. Агар оддий мусулмонлар ўз иймоний мажбуриятидан келиб чиқиб, Фаластиндаги мазлум биродарларига ўзларича пул жўнатса, буни жиноят деб эълон қилади ва “терроризмни молиялаштириш” деган тамғани ёпиштиради. Аммо худди шу ишни Ўзбекистон ҳукумати ўз сиёсий манфаатлари ва имижини яхшилаш учун амалга оширса, бунинг номи “хайрия”, “инсонпарварлик ёрдами” ва “бағрикенглик”ка айланади. Бу қадамлар билан режим аслида ўз башарасини ўзи очиб қўймоқда. Бугун юртимизда давлат бюджетидан миллиардлаб, триллионлаб маблағлар юқори доиралар ва йирик коррупционерлар томонидан очиқчасига еб-ютиб юборилаётган бир пайтда, ҳокимият бутун жамият эътиборини ўша асл талончилардан чалғитиш учун классик сиёсий тактикани ишга солмоқда. “Терроризмни молиялаштириш” деган бўлмағур айбловлар режим учун халқ назарини реал иқтисодий инқирозлардан чалғитиш, одамларни қўрқитиш ва ўз жиноятларини яшириш учун энг қулай қуролдир.
Форуқ
13.06.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ