Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Ишсизлик муаммосини ҳал қилишми ёки яна маъмурий буйруқбозликми?
Хабар: Ўзбекистоннинг энг йирик тадбиркорларидан бири Жаҳонгир Ортиқхўжаев хориждаги 10 минг фуқарони иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди. (ozodlikkanali 22.08.2026й)
Изоҳ: Тарқатилган видеолавҳада “Akfa Holding” асосчиси ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг президент билан ўтказилган учрашувда хорижда, хусусан, Россияда юрган 10 минг нафар ватандошни ўз корхоналарида иш билан таъминлашга тайёрлиги ҳақидаги баёноти муҳокама қилинган. Ортиқхўжаев, шунингдек, мамлакатдаги 600 мингга яқин тадбиркорнинг ҳар бири камида иккитадан мигрантни ишга олса, 1 миллиондан ортиқ одамнинг бандлиги таъминланиши мумкинлиги ҳақидаги соддалаштирилган математик ҳисоб-китобни илгари сурган. Бугун ўзбек режими олдида турган энг катта ва оғриқли муаммолардан бири одамларни иш билан таъминлаш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо бу фақатгина хўжакўрсинга иш ўрни яратиш ва Ортиқхўжаевнинг содда математик ҳисоби билан ҳал бўлиб қоладиган масала эмас. Қолаверса, Ортиқхўжаевнинг 600 мингга яқин тадбиркорнинг иккитадан ишчи олиши ҳақидаги гапи асло яхшиликка далолат қилмаяпти. Чунки ўзбек режимининг ҳали ҳам маъмурий буйруқбозлик усули билан ишлаётганини ҳисобга олсак, оммавий равишда тадбиркорларни ишчи олишга мажбурлаш кампанияси бошланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Аслида, одамларни қоғозда “бандлигини таъминлаш” янгилик эмас, бу аллақачон давлатнинг турли идора ва ташкилотлари ходимлари томонидан бажарилиши шарт бўлган “план”га айланиб улгурган. Энди тўғри ечимга қисқача тўхталадиган бўлсак, маҳаллий тадбиркорлар ва иқтисодиёт ҳақиқатда янги ва муносиб иш ўринларини яратиш кучига эга бўлиши учун маъмурий буйруқбозлик ва қуруқ баёнотлардан воз кечилиб, туб ўзгаришлар амалга оширилиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Ортиқхўжаев каби маҳаллий монополиялар ва имтиёзли танлаб олиш амалиётлари тугатилиб, барча тадбиркорлар учун хомашё, ресурс ҳамда энергетикага тенг кириш имконияти яратилиши лозим. Асосийси эса, мамлакат ичида маҳаллий оғир ва енгил саноатни изчил йўлга қўйишдир. Тўқимачилик, металлургия, машинасозлик, кимё саноати ва чуқур қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш орқали қиймат занжирини мамлакат ичида қолдириш мумкин. Айнан оғир ва енгил саноат тармоқларининг ривожланиши оммавий равишда юқори даромадли, барқарор ва малакали иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ташрифи ортидаги сиёсий манзара
Хабар: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида 23 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. (president.uz 23.08.2026й)
Изоҳ: Алиевнинг ушбу сафари сиёсий баёнотлардан кўра аниқ иқтисодий келишувлар билан ажралиб турди. Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди ҳамда 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш, 500 миллион долларлик қўшма инвестиция лойиҳалари ва SOCAR’нинг Ўзбекистон чакана ёқилғи бозорига кириши бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, томонлар Каспий орқали ўтувчи Транскаспий (Ўрта) транспорт йўлагини биргаликда ривожлантиришга келишиб олдилар. Гуманитар соҳада эса Низомий Ганжавий номидаги педагогика университети кампуси ва Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғи қурилишига старт берилди. Расмий манбалар ва ОАВда иқтисодий ютуқлар ва дўстлик шиорлари остида ёритилган ушбу ташриф ортида аслида геосиёсий ўйинлар ва глобал кучларнинг муҳим манфаатлари ётибди. Ташқи кўринишдан мустақил ва икки томонлама иқтисодий манфаатларга йўналтирилгандек туюлган бу музокаралар аслида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги геосиёсий харитани қайта шакллантиришга хизмат қилади. Ушбу занжирдаги энг асосий фигура – Америкадир. Сабаби, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги яқинлашув ҳамда Каспий орқали ўтувчи «Ўрта коридор» (Middle Corridor) логистик лойиҳасининг фаоллашуви Вашингтоннинг Россия атрофида «геосиёсий ва иқтисодий девор» ўрнатиш стратегиясига тўлиқ мос тушади. Россияни айланиб ўтадиган бу муқобил транспорт йўлаги Москванинг минтақавий савдо ва транзит монополиясини заифлаштиради. Бу ўринда Туркия омили ҳам алоҳида ажралиб туради. Туркия НАТОнинг энг йирик ва асосий ҳарбий аъзоларидан бири сифатида АҚШ орбитасида ҳаракат қилади ва Туркий давлатлар ташкилоти орқали Марказий Осиёга Ғарбнинг билвосита таъсирини кенгайтиришда кўприк вазифасини бажаради. Иккинчи томондан, на Ўзбекистон ва на Озарбайжон ташқи сиёсатда тўлиқ мустақил ҳаракат қилувчи давлатлар эмас. Бу режимларнинг глобал куч марказлари – АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви майдонида жон сақлаб қолишга интилишдан бошқа “оламшумул ғоя”лари йўқ. Шунга кўра, Илҳом Алиевнинг Тошкентга сафари шунчаки икки томонлама ҳамкорлик эмас, балки Американинг Россия таъсирини чеклаш ва Хитой иқтисодий экспанциясини жиловлашга қаратилган узоқ муддатли глобал стратегиясининг навбатдаги ижросидир.
Янги Ўзбекистонда камбағалликдан қашшоқлик сари
Хабар: Емаган сомсага пул тўлаш: Камбағалликдан чиқариш учун қурилган иссиқхоналар аҳолини қашшоқ қилди. (ozodlikkanali 23.08.2026й)
Изоҳ: Озодлик радиоси эълон қилган видеода 2020 йилда Сурхондарёнинг Қизириқ туманидаги 67 нафар камбағал оилага марказлашган иссиқхоналар қуриб бериш баҳонасида уларнинг бўйнига «Агробанк» орқали 22,5 миллиондан 30 миллион сўмгача кредитлар илингани, аммо ваъда қилинган ер ҳужжатлари, кадастр қарорлари ва зарур шароитлар умуман тақдим этилмагани кўрсатилган. Оқибатда ўта сифатсиз ва номигагина қурилган иссиқхоналарни шамол учириб кетган, шўрланган ва унумсиз ердан ҳеч қандай ҳосил олинмаган. Бироқ иссиқхонадан бир сўм ҳам даромад кўрмаган, ҳатто ўз уйида оиласини боқишга қийналиб ўтирган камбағал аҳоли хонадонларига МИБ ходимлари “бостириб” кириб, уларнинг ягона мол-мулкларини тортиб олиш билан таҳдид қилмоқдалар ва банк қарзларини мажбуран ундиришга уринишмоқда. Ушбу аянчли воқелик ўзбек режими раҳбари томонидан турли олий минбарлардан туриб баландпарвоз гаплар билан жўшқин тарғиб қилинаётган «камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш» ҳақидаги ваъдаларнинг кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмаслигини яна бир карра исботлайди. Видеолавҳада одамларнинг устимиздаги бошқарув ҳақидаги бир фикри аниқ нишонга бориб тегди: биз камбағалларни янада қашшоқроқ аҳволга солишди. Ҳа, ҳозирги бошқарув ва у ижро қилаётган тузум бойларни бойитади, камбағалларни эса таҳқирлаб, янада қашшоқлаштиради. Агар ҳукумат аҳолига ҳақиқатда ёрдам беришни, оғирини енгил қилишни истаганида, уларга фоизли кредит эмас, балки уларнинг ҳаққини берган бўларди. Чунки камбағалларга кредит ажратиш сиёсатини ўзи бориб турган инсофсизликдир. Улар ўзи камбағал бўлса, яна уларни бошига балодек қарз илиш қанақасига ёрдам бўлиши мумкин?! Бунинг устига, ҳатто шу нарса ҳам Мирзиёев бошлиқ режим имижини яхшилаш ва статистика учун қилинаётган бир кўзбўямачилик бўлса?! Ҳукумат бундай масхарабозликка зудлик билан барҳам бериши, камбағал оилалар бўйнига илинган барча қарзларни бекор қилиб, одамлардан юлиб олинган барча мол-мулкларини қайтариши шарт. Чунки бу давлатга ҳаром мол бўлиб, уни эгаллаб олиши асло жоиз эмас. Зора, мана шунда бу режим халқ олдида юзини ва обрўсини бироз бўлса-да сақлаб қолган бўлармиди…
Россияга қатъий жавоб бериш вақти келмадими?
Хабар: Қамоқ ёки уруш? Россия армиясидан қочиб қайтган 20 ёшли ўзбекистонликка 4,5 йиллик жазо берилди. (uzdiplomat 24.08.2026й)
Изоҳ: Хабарда айтилишича, фуқаро А.Б. Россияга ишлаш учун бориб, наркотик савдосида гумонланиб ҳибсга олинганидан сўнг, тергов ҳибсхонасидаги руҳий ва жисмоний босимлар остида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузишга мажбур бўлган ва Украинадаги уруш ҳудудига юборилган. У ерда бевосита жангларда қатнашмай, озиқ-овқат ташиш билан шуғуллангани ва ўз ҳаётини хавфга қўйиб, мактабнинг иккинчи қаватидан қўлбола арқон орқали қочиб, Москвадаги элчихона орқали ватанга қайтганини билдирган. Албатта, бу шунчаки биргина ёш йигитнинг фожиаси эмас, балки хорижда меҳнат қилаётган миллионлаб юртдошларимизнинг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик ҳимоясиз эканининг яққол исботидир. Бундай шароитда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун Россияга кескин дипломатик ноталар юбориши, консуллик ҳимоясини кучайтириши ва Путин режимига нисбатан журъат билан қатъий жавоб чоралари кўриши шарт. Аниқ таъсир чораси сифатида, масалан, рус тарафига юртимизда қурилаётган АЭС лойиҳасини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилиши ва зарур бўлса тўхтатиб қўйишга тайёр бўлиши керак. Чунки бу Россия учун жуда муҳим лойиҳа бўлиб, уни тўхташи нафақат унинг иқтисодини миллиардлаб доллар маблағдан маҳрум қилади, балки халқаро обрўсини янада тушишига олиб келади. Россиянинг ҳозирги ҳолатида эса, бу анчайин кучли зарба бўлади. Лекин, афсуски, ёш ва навқирон йигитларимизнинг ҳаёти ўзбек режимининг шахсий ва тор манфаатлари ортида етарлича ҳимоя қилинмаяпти. Шунинг учун мусулмон халқимиз бундай яроқсиз тузум ва ёмон бошқарувдан қутулиш вақти келганини англаши ҳамда ўз Исломига юзланиб, ҳақиқий қалқонимиз – Халифамиз ва Халифалигимизни қайта тиклашга бор диққат-эътиборини қаратиши вожибдир!
Хитой манфаати учун қурилаётган темирйўл
Ҳабар: Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистон қисмида қурилиш ишлари жадаллашмоқда. (uzdiplomat 24.08.2026й)
Изоҳ: Режалаштирилган 107 объектнинг 83 тасида бир вақтнинг ўзида ишлар олиб борилмоқда, жараёнга 10 мингдан ортиқ мутахассис ва 7 мингга яқин махсус техника жалб этилган. Тоғли ва техник жиҳатдан ўта мураккаб бўлган бу йўналишда 26 та туннель қазилмоқда, 50 та кўприк қурилиши олиб борилмоқда. 4,7 миллиард долларга баҳоланаётган ва тенг ярми Хитой банкларининг кредити ҳисобидан молиялаштирилаётган бу лойиҳа атрофида нафақат иқтисодий ва экологик, балки бир қанча оғир геосиёсий саволлар юзага келмоқда. Маҳаллий аҳолининг уй-жойлари бузилиши, компенсация муаммолари ва экологик қоидабузарликлар – бу муаммонинг фақат юзадаги қисмидир. Лойиҳада Хитойнинг улуши 51 фоизни ташкил этади, қолаверса, миллиардлаб долларлик қарз юки айнан Хитой молиявий институтлари зиммасига тўғри келади. Хитой аллақачон Қирғизистоннинг ва минтақадаги бошқа давлатларнинг энг йирик кредиторига айланиб бўлган. Тўланмайдиган қарзлар ва молиявий қарамлик шароитида Пекин стратегик инфратузилма, ер ва ресурсларни ўз назоратига олиш тажрибасига эга. Бу темирйўл Марказий Осиёга иқтисодий фаровонлик келтиришдан кўра, минтақани Хитойнинг иқтисодий ва логистик вассалига айлантириш хавфини туғдиради. Минтақа режимлари Пекин билан миллиардлаб долларлик шартномалар имзолаётган бир пайтда, чегаранинг у томони – Шарқий Туркистонда миллионлаб мусулмон уйғур, қозоқ ва қирғиз қардошларимиз диний эътиқоди учун занжирбанд қилинган. Пекин коммунистик режими очиқчасига Ислом дини, унинг қадриятларига қарши уруш эълон қилиб, мусулмонларни “қайта тарбиялаш” лагерларида хорламоқда. Шундай бир шароитда, Ислом ва мусулмонларга очиқдан-очиқ душманлик қилаётган ёвуз Хитой давлатига ўз эшикларини кенг очиб бериш, уни алоқа йўллари ва ресурслар билан таъминлаш – шунчаки сиёсий кўрлик эмас, балки улкан ҳиёнатдир. Минтақа режимлари вақтинчалик ва мавҳум иқтисодий манфаатларни деб, ўз диндошларининг оҳ-воҳларига кўз юммоқда ва иқтисоднинг жон томирини Хитой монополиясига топширмоқда. Токи, минтақадаги мусулмон юртлари ўз Исломига қайтиб, Халифалик соясида мустақил ва ягона куч сифатида майдонга чиқмас эканлар, бир мустамлакачи таъсиридан чиқиб, ундан ҳам хавфлироқ ва ашаддийроқ бошқа бир куч назорати остига кириб қолишда давом этаверадилар.
Хусусийлаштиришнинг жадал суръатлари халқимиз манфаатига хизмат қилмайди
Хабар: 2020-2025 йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштиришдан тушган маблағлар 77,6 триллион сўмга етди. (daryo.uz 24.08.2026й)
Изоҳ: Таққослаш учун, 2020 йилгача бўлган бутун бир ўн йилликда бу кўрсаткич атиги 1,1 триллион сўмни ташкил этган эди. Ҳисоботда таъкидланишича, атиги беш йил ичида Coca-Cola Uzbekistan (252 миллион доллар), Ипотека банк (324 миллион доллар) ҳамда Самарқанд автомобил заводининг 75,2 фоиз улуши сотилган, “E-auksion” орқали 1,2 миллиондан ортиқ объект реализация қилиниб, давлат иштирокидаги корхоналар улуши 61 фоизга қисқартирилган. Яқин келажакда яна 100 триллион сўмлик активлар савдога чиқарилиши ва Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талаблари асосида субсидиялар ҳамда давлат монополиялари босқичма-босқич бекор қилиниши кутилмоқда. Расмий баёнотларда ушбу астрономик рақам ислоҳотлар ва инвестиция муҳитининг муваффақияти сифатида тақдим этилаётган бўлса-да, хабардаги рақамлар синчковлик билан ўрганилганда муҳим ва ташвишли манзара кўзга ташланади. Юзлаб миллион долларга баҳоланган банк ва йирик саноат активларини сотиб олишга маҳаллий бизнеснинг молиявий кучи етмаслиги ва савдоларнинг айнан АҚШ долларида Венгриянинг OTP Bank ёки Coca-Cola İçecek каби гигантларга амалга оширилгани мамлакатнинг энг даромадли манбалари глобал хорижий капитал назоратига ўтаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, ЖСТга аъзо бўлиш ва давлат иштирокини қисқартириш шартлари оммавий хусусийлаштириш фақат ички эҳтиёж эмас, балки Халқаро Валюта Фонди, Жаҳон Банки ва ЖСТ каби ташқи тузилмалар томонидан қўйилаётган қатъий меъёрларга мослашиш натижаси эканини кўрсатади. Иқтисодий мантиққа кўра, давлат активлари сотувидан тушган пуллар янги саноат объектларига йўналтирилиши керак бўлса-да, амалиётда ушбу 77,6 триллион сўм бюджет камомадини ва ташқи қарз тўловларини ёпишга сарфланмоқда. Бу худди ҳар ой даромад келтириб турган оилавий дўконни сотиб, пулига озиқ-овқат ва кийим-кеча олиб истеъмол қилиб юборганга ўхшайди. Бир-икки йил фаровон яшайсиз, лекин пул тугагач, на дўкон қолади ва на доимий даромад. Оқибатда, давлат харажатларни ёпиш учун солиқлар ва тарифларни оширишга, яъни асосий оғирликни яна халқ бўйнига юклаши аниқ. Хулоса қилиб айтганда, давлат мулкининг бу қадар катта қисмининг хусусий ва ташқи қўлларга ўтиши аҳоли учун давлат томонидан субсидияланадиган ва ижтимоий кафолатланган хизматлар даври тугаганини англатади.
Мустақилликми ёки қарамлик?
Хабар: Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. (president.uz 25.08.2026й)
Изоҳ: Тадбирда давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган кенг жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқимизни яқинлашиб келаётган улуғ байрам билан табриклади, дейилади хабарда. Бироз орқага қайтсак, асрлар давомида Марказий Осиё – Туркистон замини – ягона бир макон бўлган. Тарихан бу минтақа буюк Ислом Халифалигининг ажралмас ва муҳим бир қисми бўлиб келган. Бу заминда истиқомат қилган халқлар ўзларини алоҳида миллат сифатида эмас, балки умумий қадриятлар, ягона эътиқод ва муштарак тақдирга эга бўлган ягона Ислом Уммати сифатида англашган. Бугунги кунда биз гувоҳи бўлаётган тор миллий давлатчилик ва сен ўзбек, сен қирғиз…, деб парчаланишлар аслида мустамлакачи Чор Россияси ва ундан кейинги худосиз совет тузумининг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсатининг бевосита маҳсулидир. Шу сабабли, мустамлакачи томонидан бу каби сунъий чегара ва рамзлар билан бўлиб ташланган мамлакатни том маънода мустақил деб бўлмайди. Чунки сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий қарамлик сақланиб турган шароитдаги “мустақиллик” – сунъий равишда ушлаб турилган бўлинишдир. Аммо энг асосий тамойил шуки, шаръий нуқтаи назардан мустамлакачилар томонидан мусулмонларни парчалаш ва уларни бир-бирига ёт қилиш мақсадида чизилган бу сунъий чегаралар ҳеч қачон тан олинмайди. Зеро, Ислом мусулмонларнинг миллий, ирқий ёки ҳудудий белгилар бўйича бўлинишини эмас, балки ягона Ислом Уммати сифатида бирлашишини фарз қилган. Ҳақиқий, бебаҳо ва мустаҳкам мустақилликка фақат Ислом асосида бирлашиш ва у билан ҳукм юритиш орқали эришилади. Бундан бошқаси фақат мустақиллик тўни кийдирилган иллюзиядир! Мусулмон халқимиз, албатта, ўз мустақил давлатига эга бўлишни хоҳлайди. Аммо бундай давлат қандай бўлиши кераклигини ўзининг истак-хоҳишларидан эмас, балки шариатдан олиши ва уни амалга ошириш учун ҳаракат қилиши зарур. Шариат эса, мусулмонларга ягона байроқ, ягона армия, ягона давлат ва ягона раҳбар остида бирлашишни фарз қилган. Ҳозиргидек алоҳида майда ва миллий давлатчаларга бўлинган ҳолатда яшашни эса, қатъиян ҳаром қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا﴾
– “Жамланган ҳолингизда Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутингиз ва бўлинмангиз” (Оли Имрон:103)
Салоҳиддин
29.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ