Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Маслаҳат учрашувлари мусулмонларни бирлаштира оладими?
Хабар: Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни қамраб олган ягона тараққиёт маконини шакллантириш учун тарихий имконият пайдо бўлди — Шавкат Мирзиёев. (gazeta.uz 31.07.2026й)
Изоҳ: Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев минтақадаги интеграция янги сифат босқичига ўтаётганини қайд этди. Сиртдан қараганда минтақавий интеграция ва барқарор ривожланишга қаратилгандек туюладиган ушбу чақириқлар аслида катта геосиёсий ўзгаришлар фонида янграмоқда. Тарихан мустамлакачи Россия таъсир доирасида бўлиб келган ушбу ҳудудларда “ягона тараққиёт макони” ҳақида сўз очилиши бежиз эмас. Украинадаги уруш ва халқаро санкциялар сабабли Россиянинг минтақадаги таъсири нисбатан заифлашиб бораётган бир пайтда, минтақа маҳаллий раҳбариятлари айнан шундан фойдаланиб, янги геосиёсий мувозанатларни шакллантиришга уринмоқда. Бироқ бу каби баландпарвоз баёнотлар нечоғлик жозибадор эшитилмасин, улар амалда ҳақиқий мустақил бирликни ёки ягона давлатчилик маконини англатмайди. Бу шунчаки капиталистик савдо йўлаклари ва логистика манфаатларига хизмат қилувчи тарқоқ келишувлар мажмуасидир. Қолаверса, жараёнларнинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, Россиянинг заифлашуви сабаб юзага келаётган геосиёсий бўшлиққа Америка ва бошқа мустамлакачи давлатлар кириб келишга уринаётгани яққол кўриняпти. АҚШнинг “С5+1” формати ва логистика лойиҳалари орқали минтақани ўз назоратига олишга қаратилган геосиёсий лойиҳаси ушбу “интеграция” жараёнларини асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён бўлмоқда. Натижада, минтақа бир мустамлакачи таъсиридан чиқиб, бошқа бирининг таъсир доирасига тушиб бораётганини кўриш мумкин. Ҳолбуки, Марказий Осиё, Кавказ ва Афғонистон халқларини асрлар давомида бирлаштириб, ягона вужудга айлантириб келган куч – бу уларнинг Исломий эътиқоди ва бир Уммат сифатидаги биродарлигидир. Тарих гувоҳки, бу замин халқлари айнан Ислом байроғи ва ягона Халифалик соясида яшаган даврлардагина ташқи кучлар ўйинидан холи, мустақил ва жаҳон тамаддунининг маркази бўлган. Аслида минтақа ҳақиқий ва енгилмас ягона макон сифатида бўй кўрсатиши лозим ва бу жараён бирор ташқи кучнинг манфаатига хизмат қилмайдиган, мутлақо мустақил пойдевор устига қурилиши шарт. Бундай бирлаштирувчи ягона лойиҳа эса, фақат ва фақат Ислом ақидаси ҳамда унинг сиёсий низомидир.
Туристларга енгиллик, маҳаллий аҳолига эса қийинчилик
Хабар: Марказий Осиёда умумий “Шенген” визаси ташкил этилиши мумкин. (qalampir.uz 01.08.2026й)
Изоҳ: Бу ҳақда 31 июл куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида маълум қилди. Сиртдан қараганда минтақавий интеграция ва “туризмни ривожлантириш”дек туюладиган ушбу ташаббус ортида чуқур зиддият ва адолатсизлик яширинган. Минтақа ҳукуматлари хориждан келувчи сайёҳлар учун бор имконият ва енгилликларни яратишга тайёр бўлгани ҳолда, шу заминда ёнма-ён яшаб келаётган ўз фуқаролари учун чегара ва божхона чекловларини сақлаб қолмоқда. Ҳатто Европанинг капиталистик давлатлари ҳам ўз ички манфаатларидан келиб чиқиб, фуқаролари учун чегараларни очиб қўйган ва ҳаракатланиш эркинлигини таъминлаган бир пайтда, Марказий Осиё раҳбарлари ўз халқига ҳатто шунчалик ҳам енгиллик ва шароит яратиб беришни хаёлига келтирмаяпти. Илгари чор ва совет мустамлакачилари томонидан “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсати асосида чизиб берилган сунъий чегаралар сабабли минтақа аҳолиси, қариндош-уруғлар ва маҳаллий тадбиркорлар ҳанузгача божхона ва чегара постларидаги бюрократия ҳамда оворагарчиликлардан азият чекмоқда. Минтақа раҳбарлари ўз халқига бермаган эркинликни ташқи кучлар ва хорижий туристларга тақдим этишга шошилаётгани – улар учун халқ фаровонлиги ва бирлиги эмас, балки вақтинчалик молиявий манфаатлар устун эканини яққол кўрсатади. Бироқ чегараларни европача шаклда очиш ҳам минтақа халқлари учун туб ва мукаммал ечим бўла олмайди. Марказий Осиё халқларини бирлаштирувчи ва уларнинг муаммоларини илдизи билан ҳал қилувчи ягона нажот – уларнинг умумий эътиқодидир. Минтақа халқлари асрлар давомида ягона Исломий уммат сифатида, Халифалик давлати соясида ва ҳеч қандай ички чегараларсиз тинч-тотув яшаб келишган. Тарихан мустамлакачилар томонидан ўрнатилган миллий-ҳудудий бўлинишлар ва бугунги чегара постлари мусулмонлар ўртасидаги азалий биродарлик ришталарини узишдан бошқасига хизмат қилмайди. Шу сабабли, вақтинчалик ва юзаки “туризм визалари” минтақанинг туб муаммоларини ҳал эта олмайди. Бу муаммонинг чинакам ва одилона ечими – аҳолини парчалаб турган ҳозирги тор миллий давлатчилик чегараларидан воз кечиб, мусулмонларнинг ҳақиқий бирлигини таъминлайдиган Ислом низомини ҳаётга қайтаришдир.
Уй ҳайвонлари идентификацияси халқимиз бошига келадиган янги балодан дарак бермоқда
Хабар: 2026 йилнинг 7 августидан эътиборан Ўзбекистон ҳудудида сақланадиган ва кўпайтириладиган барча ҳайвонларни мажбурий тартибда идентификация қилиш ва рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. (qalampir.uz 01.08.2026й)
Изоҳ: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ваколатли орган этиб белгиланган ушбу тартибга кўра, қорамол ва қўй-эчкилар туғилганидан 14 кун, отлар 4 ой, ит ва мушуклар эса 3 ой муддат ичида рўйхатга олиниши ва чипланиши (ёки биркаланиши) шарт. 2028 йилдан эътиборан эса, рўйхатдан ўтказилмаган ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш тақиқланади ҳамда фуқаролар зиммасига бу ҳақда давлат органига мажбурий электрон ёки бевосита хабар бериш мажбурияти юкланади. Аслида, бу каби қонунларнинг туб моҳиятида аҳолининг шахсий мулки ва чорвасини тўлиқ рақамли назоратга олиш ҳамда янги солиқ манбаларини шакллантириш ётибди, дейилса тўғрироқ бўлади. Демак, бозорда бир бош қўй ёки қорамолини сотиб зўрға рўзғор тебратаётган оддий деҳқон эндиликда электрон базага боғланади. Ҳайвонни ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик, ҳисобдан чиқармаслик ёки қайта рўйхатдан ўтказмаслик келажакда йирик жарималар ва қўшимча йиғимлар солиш учун қулай ҳуқуқий замин яратади. Бу каби “ислоҳот”лар халқнинг ҳақиқий эҳтиёжидан эмас, балки Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби ташқи молиявий ташкилотларнинг аграр секторни рақамлаштириш бўйича қўйган капиталистик стандартлари ва талабларидан келиб чиқмоқда. Агар ушбу чора ҳақиқатан ҳам халқ манфаати учун хизмат қилганида, у ҳокимиятнинг назорат ва бюрократик аппаратига эмас, аҳолига енгиллик ва реал ёрдам келтиришига қаратилган бўларди. Яъни идентификация тўлиқ ихтиёрий бўлиб, рўйхатдан ўтган чорва эгаларига бепул ветеринария хизматлари ва вакцинация тақдим этилар, барча идентификация қилиш харажатлари тўлиқ давлат бюджетидан қопланар ва касаллик сабабли нобуд бўлган чорванинг бозор қиймати тўлиқ компенсация қилиб берилар эди. Аммо амалдаги капиталистик тузум одамларга енгиллик беришни эмас, балки ҳар бир босган қадами ва мулкини назорат қилиб, узлуксиз тўловлар ва жарималар орқали фойда кўришни мақсад қилади. Исломда эса инсонларнинг шахсий мулки дахлсиз бўлиб, Давлат аҳолининг чорваси ва мулкига асоссиз бюрократик тўсиқлар қўймайди ва турли баҳоналар билан улардан солиқ ёки жарималар ундирмайди.
Ўзбек режими бюджетдаги тешикларни яна халқ ҳисобига ямамоқчи бўляпти
Хабар: Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди. (gazeta.uz 03.08.2026й)
Изоҳ: Хабарга кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ойига 163,2 минг сўмлик ягона ижтимоий солиқ жорий этиш таклиф қилинди. Ўзини ўзи банд қилганлар учун тўлов 4,45 баравар ошиши, ЯТТлар учун эса 2,7 баравар камайиши мумкин. Янги тартибни босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинмоқда. Хўш, бу нима дегани? Илгари ўзини ўзи банд қилган фуқаро (масалан, киракашлик қилувчи ҳайдовчи, репетитор, сартарош ва ҳ.к.) меҳнат стажига эга бўлиш учун йилига бир маротаба 440 минг сўм (ойига тахминан 36,7 минг сўм) ихтиёрий солиқ тўлаши мумкин эди. Янги таклифга кўра эса, бу тўлов мажбурий тартибда ойига 163,2 минг сўмга (йилига қарийб 1,96 млн сўмга) оширилиши мўлжалланмоқда. Яъни ўз аравасини ўзи тортаётган оддий ҳунарманд ёки хизмат кўрсатувчи фуқаронинг солиқ юкламаси бирданига 4,45 бараварга оширилади дегани. Аниқроқ айтганда, жамиятнинг энг заиф ва кам даромадли қатлами бўлмиш ўзини ўзи банд қилганлар учун бу кескин зарбадир. Албатта, бу каби солиқ ислоҳотларининг асл сабабчиси жамиятда татбиқ қилинаётган капиталистик демократия тузуми эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки бу тузумда давлат ўз харажатларини ёпиш, бюджет дефицитини тўлдириш ёки шунчаки даромад ундириш учун исталган кўринишда солиқ белгилайди. Бу унинг асл табиати десак адашмаймиз. Шуниндек, ушбу тузумда давлатнинг бош мақсади – йирик саноатчилар, монополиялар ва банклар манфаатларини ҳимоя қилиш орқали давлат аппаратини ушлаб туришдан иборат. Шунинг учун йирик корпорациялар ва корчалонлар “инвестор” ёки “иқтисодиёт локомотиви” деб аталиб, уларга турли солиқ имтиёзлари, пасайтирилган ставкалар ва субсидиялар берилади. Аммо давлат бюджетида пул камайганда ёки тешиклар пайдо бўлганда, бу тузум йирик бойларнинг имтиёзини бекор қилмайди, аксинча, энг заиф ва ўзини зўрға боқаётган курьер, сартарош ёки уйда ўтирган тикувчининг чўнтагига қўл солади. Демак, токи ушбу тузум ҳаётдан улоқтирилиб, Ислом низоми татбиқ қилинмас экан, ношаръий солиқларнинг зулмидан қутулиб бўлмайди.
Президент Администрациясини кучайтириш – бошқарувни бир қўлда жамлашдир
Хабар: 2026 йилнинг 25 июль куни кучга кирган Конституциявий ўзгартишлардан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. (kun.uz 04.08.2026й)
Изоҳ: Янги қонунга кўра, Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, фаолият тартиби ҳамда унинг мансабдор шахслари фаолиятининг дахлсизлиги ва кафолатлари қонунан мустаҳкамланмоқда. Энг аввало, бу ерда қариндош-уруғчилик ва ҳокимиятни бир оила қўлида тўплаш масаласи очиқ-ошкора бўй кўрсатмоқда. Ваҳоланки, президент ўз нутқларида кадрлар сиёсатида “уруғ-аймоқчилик” ва “ошна-оғайнигарчилик”ка чек қўйиш, лавозимларга фақат билими ва салоҳиятига қараб тайинлаш кераклигини бир неча бор таъкидлаган эди. Бироқ расмий баёнотларга зид равишда, Администрация раҳбарлиги ва асосий лавозимларда президентнинг яқинлари тургани ҳеч кимга сир эмас. Давлатнинг энг олий қарор қабул қилувчи органини Конституция даражасида алоҳида мақом ва ҳимоя кафолатлари билан таъминлаш аслида норасмий сулолавий бошқарувни ва қариндош-уруғчиликни қонунийлаштириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу конституциявий қонун орқали ҳокимиятни абсолют марказлаштириш ҳамда мансабдорлар учун масъулиятсизлик ва дахлсизлик муҳитини яратишдек аниқ мақсадлар кўзланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ва парламент ожиз бўлган тузумда Президент Администрацияси амалда давлатнинг энг қудратли “соядаги ҳукумати”га айланиб бўлган эди. Эндиликда бу аппаратга конституциявий мақом бериш орқали унинг барча давлат органлари, жумладан, коррупцияга қарши кураш ва комплаенс тизимлари устидан назорати тўлиқ қонунийлаштирилмоқда. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Администрация мансабдор шахслари учун алоҳида кафолатлар ва дахлсизликларнинг белгиланиши жамоатчилик ва қонун олдида ҳеч қандай ҳисоб бермайдиган, лекин бутун мамлакат тақдирини ҳал қилувчи мутлақ ҳокимият қатламини шакллантиради. Исломдаги бошқарув омонатдорлик эканини тушуниш учун адолатли халифа Умар розияллоҳу анҳунинг машҳур сўзларини эслаш ўринлидир. У киши вафотлари олдидан саҳобалар ўғиллари Абдуллоҳни Халифаликка номзод қилишни таклиф этишганда, буни қатъиян рад этиб, шундай деган эдилар: “Бир хонадондан бир кишининг сўроқ-савол бериши етарлидир! Умар оиласидан бир кишининг бу оғир масъулиятни бўйнига олгани кифоя қилади. Мен бу бошқарувдан на савоб ва на гуноҳ орттирмай, шунчаки тенгма-тенг (қутулиб) чиқишни хоҳлайман!”
Ҳокимлар одамлар уйига ўзбошимчалик билан бостириб кириб, ҳаддидан ошмоқда
Хабар: Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг маҳаллалардан биридаги хонадонга кириб, «тозалик рейди» ўтказгани акс этган видео тарқалди. (qalampir.uz 04.08.2026й)
Изоҳ: Видеолавҳада ҳоким хонадондаги тартибсизлик ва чиқиндиларни рўкач қилиб, уй эгасининг шаъни ва обрўсини оёқости қилгани, “эртага шу рўзғорга нормал одам келин бермайди” дея изза қилгани ва охирида маҳалла раисига “жаримани урасиз, менга кечирим ёки илтимос керак эмас” деб буйруқ бергани кўринади. Шов-шувга сабаб бўлган ушбу видео жамоатчиликнинг кескин эътироз ва нафратига сабаб бўлмоқда. Бу каби ҳолат биринчиси эмас. Кейинги пайтларда айрим маҳаллий ҳокимлар ва мансабдорларнинг фуқаролар хонадонига рейд уюштириши, одамларни камера олдида камситиши ва ўзини гўёки оилалар устидан ҳакамдек тутиши кундалик амалиётга айланиб бормоқда. Бироқ бу ўринда бир савол туғилади: ҳокимларнинг асл вазифаси нимадан иборат ва улар фуқаро хонадонига қайси мақсадда кириши керак? Вилоят ва туманларда президентнинг вакили ҳисобланган ҳокимларнинг асл бурчи – ҳудудда иқтисодий-ижтимоий муҳитни яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва муҳтожларга ёрдам беришдир. Ҳоким жазоловчи полиция ёки хонадонларни хатловдан ўтказувчи текширувчи эмас. Агар мансабдор фуқаронинг хонадонига қадам босаётган бўлса, бу тергаш, жарима солиш ва изза қилиш учун эмас, балки аҳолининг ҳол-аҳволидан хабар олиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва реал ёрдам кўрсатиш мақсадида бўлиши керак. Аслида, хонадонда чиқиндилар йиғилиб қолгани учун фуқарони жазолашдан олдин, ўша туманда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш тизими қандай ишлаётганини сўроқлаш лозим. Маҳаллий ҳокимликлар аҳолига муносиб инфратузилма (тоза ичимлик суви, узлуксиз электр, чиқинди ташиш тизими) яратиб бера олмаётган бир пайтда, одамларни ўз уйида айбдор қилиб кўрсатиши ўта масъулиятсизлик ва жамоатчиликни чалғитишдан бошқа нарса эмас. Исломда давлат раҳбари ва ҳокимлар халқ манфаати ва фаровонлигини ҳимоя қилувчи посбонлар ҳисобланади. Расулуллоҳ ﷺ айтганларидек: “Ҳар бирингиз роъий(раҳбар)сиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остидагилардан масъулдирсиз”.
Хитой технологияларига суянишнинг хавфли оқибатлари
Хабар: 5 август куни STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан Samarqand-2028 ва Lampung-1 гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли учирилди. (gazeta.uz 05.08.2026й)
Изоҳ: Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик лойиҳалардан бири бўлиб, миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб берди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. “Uzcosmos” ва Рақамли технологиялар вазирлиги хабарига кўра, мазкур сунъий йўлдош қишлоқ хўжалиги, экология ва табиий ресурслар мониторингига хизмат қилиши айтилмоқда. Албатта, ўз сунъий йўлдошига эга бўлиш бугун ҳар бир давлат учун муҳим стратегик аҳамият касб этадиган муҳим вазифага айланиб улгурган. Аммо бу жараёнда бевосита ташқи кучларга, хусусан, Ислом ва мусулмонларнинг энг ашаддий душманларидан бири бўлган Хитойга суяниш суверенитет хавфсизлиги нуқтаи назаридан жиддий шубҳа ва хавотирларни келтириб чиқаради. Яъни бунинг ортида Хитойнинг улкан иқтисодий ва геополитик манфаатлари борлигига ҳеч шубҳа йўқ. Жумладан, гиперспектрал сканерлаш технологияси орқали Ўзбекистон ҳудудидаги ҳали очилмаган уран, литий, мис ҳамда қимматбаҳо металл конларининг аниқ координаталарини яширинча разведка қилиш имкони туғилади. Бундан ташқари, сув ресурслари, экин майдонлари ва стратегик инфратузилмаларнинг реал вақт режимида кузатилиши Хитойга минтақада “ресурс монополияси” ва “сув ва озиқ-овқат дипломатияси” орқали таъсир ўтказиш дастакларини беради. Сунъий йўлдошни учириш платформаси, ракета-ташувчи ва асосий космик инфратузилма Хитойнинг “Star Vision” компанияси назоратида экан, олинадиган стратегик ва гиперспектрал маълумотларнинг дахлсизлиги ҳамда разведкавий хавфсизлиги жиддий сўроқ остида қолади. Стратегик аҳамиятга эга маълумотлар йиғиладиган лойиҳада ташқи кучларга қарам бўлиш – амалда технологик мустақилликни ва мамлакат бойликлари дахлсизлигини хавф остига қўйиш демакдир. Космик тадқиқотлар, ахборот хавфсизлиги ва мудофаа салоҳияти каби стратегик соҳаларда мустақилликка эришмай туриб, чинакам суверенитет ҳақида гапириб бўлмайди. Ташқи мустамлакачи кучларнинг технологияси ва инфратузилмасига қарам бўлган ҳолда эришилган “ютуқлар” фақат юзаки кўргазмадан иборат бўлиб, аслида мамлакатни хорижий капитал ва технология занжирига янада мустаҳкамроқ боғлаб қўяди. Давлат ўз хавфсизлиги, оғир саноати ва космик-стратегик технологияларида мустақил бўлиши шарт.
Форуқ
08.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ