Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!”
Банкларни бойитиш ва Хитойни рози қилишга қаратилган яна бир қарор
Хабар: Электромобиль хариди учун автокредит фоизининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши мумкин. (daryo.uz 07.08.2026й)
Изоҳ: Ҳукумат қарори лойиҳасида 2026 йил 1 августдан бошлаб қиймати БҲМнинг 1000 бараваридан ошмайдиган ва бирламчи бозордан харид қилинган электромобиллар учун 300 млн сўмгача ажратилган автокредитларнинг дастлабки икки йили давомида фоиз ставкасининг 8 фоиз бандгача бўлган қисми давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиниши кўзда тутилган. Ушбу субсидиялаш тизими дастлабки босқичда 15 мингта электромобил харидини қамраб олиши белгиланган. Аввало, субсидиянинг фақат “бирламчи бозор”дан олинган электромобиллар учун амал қилиши ва 15 мингталик чекланган квота белгиланиши бозорда эркин рақобат муҳитини чеклайди. Одатдаги кичик ёки мустақил импортчи тадбиркорлар олиб кирган автомобиллар банк тизимида “бирламчи бозор”нинг расмий кафолати сифатида тан олинмайди. Натижада, давлат томонидан ажратиладиган миллиардлаб сўмлик субсидиялар бевосита ҳукуматга яқин бўлган расмий автосалонлар ва маҳаллий монопол ишлаб чиқарувчиларнинг савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади. Иккинчидан, бу ерда давлат фоизнинг маълум қисмини бюджетдан тўлаб бериш орқали банкларнинг кафолатланган фойда олишини таъминламоқда. Яъни давлат бюджети пуллари банкларни бойитиш учун сарфланади. Бу ўринда яна бир аҳамиятга эга ҳолат ҳам кўзга ташланмоқда. Ўзбек режимининг электромобиллар бозорини кенгайтириш ва сотувларни кўпайтириш учун давлат бюджети маблағларини сарфлашга уринишининг биринчиси эмас. Бу эса, табиийки, юртимиздаги электромобиллар бозорида мутлақ ҳукмронлик қилаётган Хитой манфаатларига мос келади. Умуман олганда, автомобил бозорида 2026 йилнинг дастлабки 7 ойлик натижаларига кўра, Хитой брендларининг умумий улуши 17,8%га етган, BYD’нинг улуши қарийб икки баробарга ошиб, 10%га етган. Маҳаллий монополист UzAuto Motors улуши 81,5%дан 74,6%гача қисқарган. Булардан кўриниб турибдики, ўзбек режими Хитойни рози қилиш учун унинг автомобил саноатига юртимиз бозоридан салмоқли улушга эга бўлишига ёрдам бермоқда. Ва бунинг учун аслида халқнинг турмуш даражасини оширишга сарфланиши керак бўлган маблағларни ҳам йўналтиришдан тап тортмаяпти. Чунки қонун ва қарорлар мусулмон халқимиз манфаати учун эмас, балки банклар, маҳаллий амалдорлар ва Хитой каби иқтисодий-технологик қарам қилиш таъмаси бор ёвуз давлатлар манфаатини кўзлаб қабул қилинмоқда.
Мисрдаги рейдлар яна мусулмонларни нишонга олмоқда
Хабар: Миср пойтахти Қоҳирада хорижлик муҳожирлар, айниқса, Марказий Осиё давлатларидан келган талабаларга нисбатан полиция рейдлари ва текширувлари кескин кучайди. (ozodlikkanali 08.08.2026й)
Изоҳ: Бу ҳақда “Озодлик” радиоси томонидан эълон қилинган махсус видеорепортажда атрофлича сўз юритилди. Хабарда таъкидланишича, полиция назорати айнан хорижликлар гавжум яшайдиган Наср сити туманида, оммавий жамоат жойларида ва масжидлар атрофида авж олган. Видеорепортажда берилган гувоҳликларга кўра, вазият айниқса Ал-Азҳар университетида таҳсил олаётган марказий осиёлик ва ўзбекистонлик талабалар орасида катта хавотир ва саросима уйғотган. Миср расмийлари бу амалиётларни оддий “миграция назорати ва ноқонуний юрганларни аниқлаш” деб изоҳласа-да, ҳодисалар кўлами ва йўналтирилганлиги замирида муҳим сиёсий ҳамда дипломатик сабаблар ётибди. 2026 йил 13 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Қоҳирага расмий ташриф билан борди ва Миср Бош вазири Мустафо Мадбули ҳамда ТИВ раҳбари Бадр Абделаттий билан музокаралар ўтказди. Суҳбатларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар билан бир қаторда, хавфсизлик ва диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик, ахборот алмашинуви масалалари ҳам кўриб чиқилган. Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқалар) ҳукуматлари хорижда, хусусан, Яқин Шарқ Ислом олийгоҳларида расмий квотадан ташқари, норасмий ёки хусусий тарзда таълим олаётган ва норасмий “ҳужра”ларга қатнаётган ўз фуқароларини алоҳида хавф сифатида баҳолайди. Марказий Осиё хавфсизлик хизматлари ва Миср разведкаси ўртасида ахборот алмашиш, назоратсиз диний таълим олувчиларни аниқлаш ва уларни юртга қайтариш бўйича доимий яширин келишувлар ва экстрадиция алоқалари мавжуд. Миср ҳукумати илгари ҳам хорижий давлатлар сўровларига асосан ўша давлатларга ёқмаган талабалар ва муҳожирларни оммавий ушлаб бергани тарихан исботланган. Масалан, 2017 йилда Хитойнинг талаби билан Ал-Азҳарда ўқиётган юзлаб уйғур талабалари Миср полицияси томонидан ушланиб, Хитойга депортация қилинган эди. Аслида, бу рейдлар замирида шунчаки виза тартибини сақлаш эмас, балки сиёсий Исломга қарши кураш ётибди. Миср ҳукумати ҳам, Марказий Осиё режимлари ҳам диннинг сиёсийлашуви ва давлат назоратидан ташқаридаги диний-мафкуравий ҳаракатлардан бирдек қўрқадилар. Энг ёмони, бу режимлар мусулмонларга дунёни тор қилиб, ўз манфаатлари йўлида тил бириктиришяпти. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло буни ҳаром қилган эди:
﴿وَتَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡبِرِّ وَٱلتَّقۡوَىٰۖ وَلَا تَعَاوَنُواْ عَلَى ٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡعُدۡوَٰنِۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ﴾
– “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг, шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”. (Моида:2)
Энергетика соҳасида тарифларни тартибга солиш ортида нима бор?
Хабар: 2026 йил 8 август куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги энергетика соҳасида давлат тарифларини тартибга солишнинг янги тизими жорий этилганини эълон қилди. (daryo.uz 08.08.2026й)
Изоҳ: 1 августдан кучга кирган ушбу янги тартибга кўра, электр энергияси ва газ ишлаб чиқариш, узатиш ҳамда тақсимлаш бўйича корхоналар ўртасидаги ички тарифлар белгиланди. Вазирлик бу ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорлар учун амалдаги нархларни оширмаслигини, янги тарифлар фақат соҳа корхоналарининг ўзаро ҳисоб-китоблари учун қўлланишини билдирди. Гарчи ўзгариш оддий фуқаро ҳаётига таъсир қилмайдиган техник жараёндай туюлса-да, аслида давлат энергетика занжиридаги “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот” каби монополистлар ўртасидаги чигал ва ношаффоф молиявий муносабатларни тартибга солишга уринмоқда. Йиллар давомида ушбу давлат корхоналари бир-биридан миллиардлаб сўм қарз бўлиб, сунъий зарар билан ишлаб келган. Эндиликда уларни РАБ (Regulatory Asset Base) методологиясига, яъни корхонанинг реал активлари ва иқтисодий асосланган харажатларидан келиб чиқиб тариф белгилаш тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ички чигалликни тозалаш ва ҳар бир бўғиннинг аниқ таннархини белгилаб олиш орқали соҳани хусусийлаштиришга тайёрлаш ҳамда келажакда аҳоли учун нархларни оширишга замин яратишни назарда тутади. Халқаро молия институтлари (Жаҳон банки ва ХВФ) талабига кўра, энергетика монополияларини хусусийлаштириш ва бозор муносабатларига ўтказиш учун аввал ички нархларни “иқтисодий асосланган” ҳолатга келтириш керак. Хорижий ёки маҳаллий капитал соҳага кириши учун занжирнинг ҳар бир қисми фойда келтирадиган даражада шаффоф бўлиши керак. Вазирлик аҳоли учун тарифлар ўзгармаганини айтгани билан, ушбу тизим 2027 йилнинг биринчи ярмида қайта кўриб чиқилишини очиқ билдирган. Иқтисодиёт қонунларига кўра, ички таннарх ва хизмат кўрсатиш нархлари ошгач, давлат бу фарқни бюджет ҳисобидан абадий ёпа олмайди. Амалдаги капиталистик бозор тизимида инсон ҳаёти учун энг зарур бўлган табиий бойликлар – сув, газ, свет ва нефт оддий товар сифатида кўрилади ҳамда бу тизимнинг асосий мақсади аҳолини арзон энергия билан таъминлаш эмас, балки соҳани фойда келтирадиган бизнесга айлантиришдан иборат. Исломда эса Расулуллоҳ ﷺнинг машҳур ҳадисларида таъкидланганидек, табиий ресурслар бутун Умматнинг умумий мулки ҳисобланади. Бундай стратегик манбаларни хусусий шахсларга ёки хорижий инвесторларга сотиш, улардан фойда манбаи сифатида фойдаланиш қатъиян ман этилган.
Татаристондаги фожиада ўзбекистонликлар қурбон бўлди
Хабар: Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрига 10 август куни Украина дронлари ҳужуми уюштирилди. Оқибатда 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. (gazeta.uz 10.08.2026й)
Изоҳ: Хабарга кўра, ҳалок бўлганлар қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган оддий қурувчилар эди. Фожиадан сўнг президент топшириғи билан Бош вазир ўринбосари бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилиб, вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Татаристонга юборилди. Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва марҳумларнинг жасадларини юртга олиб келиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Биз ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзиямизни изҳор қиламиз ҳамда жабрланганларга Аллоҳдан комил шифо сўраймиз. Ва, албатта, давлатнинг оғир дамда ўз фуқароларига эътибор қаратиши ва жасадларни олиб келиш учун комиссия тузишини зарурий инсонпарварлик қадами сифатида эътироф этамиз. Аммо шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукуматини ўз фуқароларини ўлимидан кейин эмас, балки тириклигида ғамхўрлик ва ҳимоя қилишга чақирамиз. Ваҳоланки, Путин режими Ўзбекистондан борган минглаган меҳнат муҳожирларини ҳар турли жирканч услублар билан Украина урушига тиқаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Қанчадан-қанча навқирон йигитларимиз ўзига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган урушда ҳалок бўлиб, темир тобутда уйига қайтмоқда ёки умуман дом-дараксиз кетмоқда. Яна қанчаси майиб-мажруҳ аҳволда уйига қайтмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса, ушбу урушдан қочишга уриниб, не-не азоб-уқубатлар билан ўз юртига қайтган йигитларни фақат жазолаш билан чекланмоқда. Булар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги аянчли аҳволининг фақат озгина қисми холос. Биз ўзбек режимига яна такрор айтамизки, агар ўзингизни ҳақиқатда халқ дардида ёнадиган ҳукумат деб билсангиз, ўз фуқароларингизни ўлганидан кейин эмас, ҳали тирик бўлганида қадрлашни ўрганинг! Асосий вазифангиз сифатида уларни тириклигида муносиб иш ўринлари билан таъминланг, токи, Россиядек душманона кайфиятдаги давлатларга бориб, сарсон-саргардон бўлмасинлар. Ваҳоланки, сизлар халқингиз тирикчилик мақсадида тортаётган азоб-уқубатларнинг, уларга қилинаётган ҳайвоний муомаланинг ўндан бирига ҳам чидолмайсизлар! Шундай экан, ўзингизга раво кўрмаган нарсани, халқингизга ҳам раво кўрманг!
Инсон ўйлаб топган тузумларда шахсий мулк дахлсизлиги фақат қоғоздаги безак холос
Хабар: Сурхондарё вилоятининг Денов тумани хокими Улуғбек Қосимов суд қарори билан уйи бузилган оила аъзолари билан суҳбат қилгани ҳақидаги видео тарқалди. (qalampir.uz 10.08.2026й)
Изоҳ: Хабарда айтилишича, уй-жойнинг бузилишига унинг қишлоқ хўжалиги ерида ноқонуний қурилиши сабаб бўлган. Шундан сўнг вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов уй эгаси билан учрашиб, ижрочиларнинг ҳаракатидан «жаҳли чиққанини» ва аввал фуқарога бошқа жойдан уй қилиб бериб, кейин бузиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ҳоким аҳоли вакилига аукцион орқали қонуний ер олиб бериш, байрамгача янги уй тиклаш ва оилавий муаммоларини ҳал этишга ваъда берди. Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, кўпчиликнинг қаҳр-ғазабига сабаб бўлди. Чунки, биринчидан, қонунлар иккиюзламачилик билан “одамига қараб” татбиқ қилинмоқда. Фаразан, ўша уйнинг эгаси бирор амалдор ёки юқори доираларда “ҳомий”си бор бирор корчалон бўлганда ҳам қонун унга ҳам бир хил ишлармиди? Иккинчидан эса, ер тоифасини ўзгартириш билан ҳар қандай бинони бузиб ташласа бўладиган тутуруқсиз тизимнинг одамларга етказаётган зарарини алоҳида таъкидлаш зарур. Бундай тизимда, кўриб турганимиздек, ҳатто одамларнинг яшаб турган уйларини ҳам бемалол бузиб ташлаш имконияти пайдо бўлади. Албатта, ушбу воқеа ягона ҳолат ҳам эмас, шунингдек, фақат айрим мутасаддиларнинг хато-камчилиги сабабли содир бўлгани ҳам йўқ, балки бутун бошли бузуқ тузум келтириб чиқарган аччиқ оқибатлардир. Чунки ҳозирги мавжуд қонунлар ҳақ ва адолатни қарор топтириш учун эмас, балки бир гуруҳ сиёсий элита, уларга яқин бўлган маҳаллий корчалонлар ва йирик мустамлакачи давлатлар манфаатларига хизмат қилади. Энди Ислом низомига келсак, унинг қонунлари айнан ҳақ ва адолатни юзага чиқаришга хизмат қилади, бирор гуруҳнинг манфаатларига хизмат қилиш учун эмас. Шунингдек, Исломда ер тоифасини хоҳлаганда ўзгартириб, одамларни қон-қақшатиб, мулкларини бузиб ташланишига асло йўл қўйилмайди. Агар давлатга бирорта ер керак бўладиган бўлса, у ўша ерда жойлашган мулк эгасини розилиги билангина мулкни сотиб олиб, кейин уни бузиши мумкин холос. Яъни шахсий мулкни давлат мулкига ўтказиш, фақат ўша шахсий мулк эгасининг розилиги билангина амалга ошади. Акс ҳолда эса, давлат у мулкни куч билан бузиб ташлаши ёки тортиб олиши асло жоиз эмас.
Бозорларни бузиш ва тадбиркорларни тирикчилик манбаидан мосуво қилиш давом этмоқда
Хабар: “Қаерга борамиз?” Деновда «Ҳабиб» бозорининг бузилиши минглаб тадбиркорни норози қилди. (ozodlikkanali 10.08.2026й)
Изоҳ: Репортажда Денов шаҳридаги “Халқобод” (халқ тилида “Ҳабиб”) буюм бозорининг 7 августдан бошлаб тўсатдан ёпилиши ва бузиб ташланиши ортидан юзага келган оммавий норозиликлар ёритилган. Видеолавҳаларда тирикчилигини бозор билан ўтказиб келаётган уч мингдан ортиқ тадбиркорнинг кўчада қолгани, уларнинг харидоргир товарлари дўконлари билан бирга пайхон қилингани ва адолат сўраб кўчага чиққан аёллар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан мажбуран автобусларга тиқиб олиб кетилаётгани акс этган. Туман ФВБ ва маҳаллий ҳокимият бу адолатсизликни “ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслик” ва “замонавий мажмуа қуриш” деган сийқаси чиққан баҳоналар билан ниқоблашга уринмоқда. Аммо савол туғилади: 9 йилдан бери йўқ бўлмаган хавфсизлик талаби айнан мактаб мавсуми олдидан, тадбиркорлар бор-будини сарфлаб савдога тайёрланган бир пайтда нега пайдо бўлиб қолди?! Тадбиркорларга ҳатто ўз молини олиб чиқишга ҳам имкон бермасдан, дўконларнинг ваҳшийларча бузиб ташланиши ва “кафолатланган” янги бозорда аслида жой йўқлиги – бу яроқсиз тузумнинг халққа бўлган асл муносабатини кўрсатади. Маҳаллий мутасаддилар ва ички ишлар ходимларининг ҳаракатидан кўринадики, давлат учун фуқаро – бу ҳимоя қилиниши керак бўлган инсон ва ҳуқуқ эгаси эмас, балки шунчаки бўйсундирилиши ва супуриб ташланиши керак бўлган “тўсиқ”дир. Улар аҳолининг ўзи амаллаб, кичик савдо орқали яратиб олган ягона тирикчилик манбаларини ҳам бир кунда йўқ қилиб ташламоқда. Агар давлатда ҳақиқатдан ҳам халқни ўйлайдиган адолатли бошқарув мавжуд бўлганида, бу масала тўғри ва осон ҳал этилган бўларди. Яъни қайта қуриш ёки кўчириш ишлари камида 6 ой ёки 1 йил аввал эълон қилиниб, тадбиркорлар билан очиқ музокаралар ўтказилиши, ҳар бир тадбиркорнинг хусусий мулки холис баҳоланиб, зарар тўлиқ қопланиши ва янги бозор битказилгунича уларга муқобил, харидоргир ва бепул савдо майдонлари ажратилиши лозим эди. Шунингдек, янги қуриладиган мажмуадан жойлар биринчи навбатда собиқ бозорда ишлаган тадбиркорларга адолатли ва арзон ижара шартларида берилиши кафолатланиши керак эди.
Ҳокимларнинг ноўрин гап-сўзлари халқнинг ўринли норозилигига сабаб бўлмоқда
Хабар: Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовдан аҳолининг турмуш тарзига оид яна бир эътироз янгради: «Бизлар ноннинг ўрнига дори еймиз», дейди у. (uzdiplomat 12.08.2026й)
Изоҳ: Сўзсиз, ҳоким бу иборани мажозий маънода – аҳолининг шифокор рецептисиз, тартибсиз равишда кўп дори ичишига шама қилиб айтди. Аммо халқ билан юзма-юз учрашувдаги бу каби баёнотлар маҳаллий бошқарувдаги амалдорларнинг савияси ва фикрлаш доираси қанчалик тор эканини ҳамда мансабдорларнинг ўз зиммасидаги муаммоларни одатдагидек оддий халқ бўйнига ағдаришга уринишини яққол очиб беради. Чунки ҳокимларнинг одамларни қандай яшашни билмаётганда айблашлари, худди камбағални нотўғри овқатланишда айблашга ўхшайди. Ҳолбуки, камбағал фақат топганини ейди. Анави ҳоким ҳам учрашувга йиғилган халққа “одамлар нон ўрнига дори ейди” дейишдан олдин, нега аҳоли ўзини ўзи даволашга мажбур бўлаётгани ҳақида ўйлаб кўрдими?! Агар мамлакатда бирламчи тиббий хизмат тизими тўғри йўлга қўйилган, поликлиникаларда малакали шифокорлар етарли бўлганида эди, ҳеч ким аптекама-аптека юриб, кўзига кўринган дорини сотиб олмаган бўларди. Одамларнинг тартибсиз дори ичиши – бу шунчаки билимсизлик ёки эрмак эмас, балки иқтисодий етишмовчилик ва чириган тиббиёт тизимининг оқибатидир. Дўкондек кўпайиб кетган аптекалар ва улар билан тил бириктирган шифокорлар аҳолига керак-нокерак дориларни ўтказиш билан овора бўлган бир пайтда, одамлар азбаройи ишидан ва даромадидан айрилмаслик учун оғриқ қолдирувчи ва вақтинчалик енгиллик берувчи дориларни ўз билганича ичишга мажбур бўлмоқда. Чунки капиталистик тузумнинг адолатсизлиги сабабли катта ва кичик лавозимдаги ҳокимлар энг осон ва кўргазмали йўлни танлашади. Уйларга кириб тандирни текшириш, ҳовлидаги супурилмаган хазонни саноққа олиш ёки учрашувларда одамларнинг нечта дори ичаётганини муҳокама қилиш… шунчаки ўзларини ишлаётгандек қилиб кўрсатиш ва жамоатчилик эътиборини асл муаммолардан буришга уринишдир. Шунинг учун бизнинг устимизда савияси паст, фикрлаш доираси тор, “салла олиб кел, дейилса, калла олиб келадиган” ҳокимлар эмас, балки Абу Бакр, Умар, Усмон, Али р.а.лар каби Уммат дардида тунни тонгга улайдиган, муаммоларни, Аллоҳдан қўрқиб, ўрнида ва зудлик билан ҳал қиладиган юксак савияли, ғамхўр бошқарувчилар керак. Ундай инсонларни эса, фақат исломий таълим-тарбия билан етиштириб чиқариш мумкин холос.
Салоҳиддин
15.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ