Санкт-Петербург саммитлари: Евроосиёда кучлар қайта тақсимланаётган бир паллада Москванинг шошилинч ҳаракати
Санкт-Петербург саммитлари: Евроосиёда кучлар қайта тақсимланаётган бир паллада Москванинг шошилинч ҳаракати
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
2025 йил 21-22 декабр кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлат раҳбарларининг норасмий саммити постсовет маконида кечаётган геосиёсий ўзгаришларни очиб берувчи муҳим воқеа бўлди. Расмий баёнотларда ушбу тадбирлар “ўзаро манфаатли ҳамкорлик”, “интеграцияни чуқурлаштириш” ва “кўп қутбли дунёда барқарор ривожланиш” шиорлари билан безатилган бўлса-да, воқеликда саммитлар ортида Россиянинг заифлашаётган минтақавий таъсирини сақлаб қолишга қаратилган шошилинч ҳаракатлари яққол кўзга ташланди.
Москва “интеграция” ниқоби ортида геосиёсий мудофааланиш сиёсатини олиб бормоқда. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммитида Владимир Путин ва иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари иқтисодий ўсиш, ЯИМ кўрсаткичлари ва инфратузилмавий ютуқлар ҳақида гапирди. Бироқ бу баёнотлар реал геосиёсий хавотирларни ниқоблашдан бошқа нарса эмас. Глобал иқтисодий парчаланиш, Ғарб санкциялари ва Украина уруши фонида Москва учун ЕОИИ иқтисодийдан кўра кўпроқ сиёсий таъсир воситасига айланди. Иттифоқ ичида ягона энергия бозори, умумий молия макони каби асосий лойиҳалар йиллар давомида амалга ошмай келаётгани, ЕОИИнинг институционал заифлигини яққол кўрсатади.
Ўзбекистон кузатувчидан тўлиқ аъзоликкача бўлган хавфли йўл ёқасида турибди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга ташрифи расмий баёнотларда “ўзаро манфаатли ҳамкорлик” сифатида тақдим этилса-да, савдо ҳажмининг 20 миллиард долларга етгани, қўшма ишчи гуруҳлар, рақамлаштириш, логистика ва божхона маълумот алмашуви – буларнинг барчаси гўёки иқтисодий самарадорлик сифатида баён қилинса-да, бироқ масаланинг муҳим томони, Ўзбекистоннинг ЕОИИга чуқурроқ тортилиши мамлакатни Россия таъсир доирасига институционал жиҳатдан боғлаб қўйиш хавфини кучайтиради. Лукашенконинг Ўзбекистонни иттифоққа тўлақонли аъзо қилиш ҳақидаги очиқ таклифи ҳам тасодиф эмас, балки Москва сценарийсининг бир қисми. Айниқса, ташриф арафасида Россия томонидан газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг сунъий равишда кучайтирилиши энергетик шантаж усули қўлланаётганидан далолат беради. Бу Россиянинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан анъанавий босим инструментларидан бири экани маълум.
Анқара ва Вашингтон омили Санкт-Петербург саммитида энг кўзга ташланган ҳолат бўлди. Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг иштирок этмагани иш жадвалининг тиғизлиги билан изоҳланди. Бироқ айнан шу кунлари Туркия вице-президенти Жевдет Йилмазнинг Боку шаҳрига ташрифи ҳақиқий геосиёсий ишора бўлди.
Бу ҳолат Анқаранинг Москвадан масофани сақлаш стратегиясини, шу билан бирга, АҚШ таъсирининг Туркия орқали Озарбайжон сиёсатида акс этаётганини кўрсатади. Демак, МДҲ ва ЕОИИ майдонлари ҳамма учун ҳам бирдек қабул қилинаётган “интеграция платформаси” эмас.
Қозоғистон эса, Ғарб билан мувозанат, Россия билан мажбурий ҳисоб-китоб жараёнида турибди. “Қозоғистон учун стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги ҳамкорлик сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолади. Биз Қозоғистон ва Россия фуқароларининг кундалик ҳаётига дахлдор бўлган барча масалалар бўйича бирга бўлишимиз керак, чунки бундай ҳамкорлик мамлакатларимиз халқларининг туб манфаатларига тўлиқ мос келади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон президенти саммитда Россия билан стратегик иттифоқчиликни таъкидлаган бўлса-да, Остонанинг АҚШ ва Ғарб билан алоқаларни кенгайтиришга интилиши яширин эмас. Шунга қарамай, Қозоғистоннинг америкалик компанияларнинг кичик модулли атом реакторлари бўйича таклифларини рад этиши Россия таъсири ҳали ҳам устун эканини кўрсатди.
Бу мувозанат сиёсати Қозоғистон учун мажбурий, чунки Россия билан иқтисодий, логистик ва энергетик боғлиқлик ҳали ҳам жуда кучли. “Сиз билан алоҳида учрашув ўтказиш ва иккаламиз ҳам Қозоғистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун ўта муҳим деб ҳисоблайдиган масалаларни муҳокама қилиш имкониятидан жуда мамнунман. Умуман олганда, вазият деярли барча йўналишларда ижобий ривожланмоқда. Бизда баҳсли ёки мураккаб масалалар йўқ”, – деди Путин Тоқаев билан норасмий мулоқотда.
Москва Марказий Осиёдаги таъсир доирасини сақлаб қолиш масаласида эмоция ёки тасодифий қарорлар билан бирга ҳисоб-китоб билан ҳам иш тутмоқда. Россия томонидан ҳинд меҳнат муҳожирларини олиб кириш режаларини фақат меҳнат бозоридаги етишмовчилик билан изоҳлаш воқеликни соддалаштиришдир. Аслида, бу қарор геоиқтисодий ва геосиёсий мазмунга эга бўлиб, минтақа ҳукуматларига йўлланган аниқ сиёсий ишорадир: агар Москва билан мувофиқлаштирилмаган ташқи сиёсат юритилса, Россия меҳнат миграцияси каби сезгир механизмлар орқали босим ўтказиш имкониятига эга. Чунки Марказий Осиёдан чиққан миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россия иқтисодиёти учун ҳам ресурс, ҳам сиёсий ричаг сифатида ишламоқда.
Айни пайтда Москва босим сиёсати билан чекланиб қолмаяпти. Санкт-Петербург давлат консерваториясида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентларига Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотининг Путин ҳузурида топширилиши – Кремл дипломатиясининг юмшоқ тарафини намоён этади. Бу тадбир Россиянинг минтақадаги сиёсий элиталар билан рамзий алоқаларни мустаҳкамлаш, уларни маънавий ва протокол даражасида “эътироф этиш” орқали таъсирни сақлаб қолишга қаратилган.
Шу тарзда Москва Марказий Осиёга нисбатан классик “қамчи ва қанд” уйғунлигини қўлламоқда: бир томонда иқтисодий ва сиёсий босим воситалари, иккинчи томонда эса, мукофотлар, рамзлар ва дипломатик саҳналар орқали яқинлик намойиши. Бу тактиканинг туб мақсади – минтақа давлатларининг ташқи сиёсий манёврини чеклаш ва уларни Россия таъсир майдонидан чиқиб кетишидан тийиб туришдир.
Хулоса шуки, Санкт-Петербург саммитларида Москва яна бир бор Марказий Осиёни ўз интеграция форматлари орқали боғлаб қўйишга уриниб кўрди. ЕОИИ, МДҲ, энергия, миграция – барчаси бир сценарий доирасида ишга солинди.
Вашингтон эса жавобни кечиктирмади. Саммитлар тугаб, минтақавий раҳбарлар уйларига қайтиши биланоқ Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларига телефон қўнғироғи қилди, стратегик шерикликни эслатди ва G20 каби глобал майдонга таклиф ташлади. Мирзиёев эса, АҚШ Президентини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этиш билан Тошкентнинг Вашингтон билан мулоқот эшиклари очиқ эканига ишора қилди.
Бу ҳолатни йирик кучларнинг Марказий Осиё ҳукуматлари устида “мустамлака талашиши”дан бошқа нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Бир томонда, Россия одатдагидек босим, шантаж ва институционал боғлаш усуллари билан. Иккинчи томонда Америка рамзлар, таклифлар ва “глобал саҳна” ваъдаси билан.
Бу эса, Евроосиё майдонида таъсир учун кураш жиддий тус олганини яна бир бор кўрсатди. Бу кураш, ўз навбатида, минтақа ҳукуматлари олдига нозик танловни ҳам қўймоқда. Бир томонда Россия заифлашаётган мавқеини сақлаб қолишга бўлган уринишларини кучайтирса, бошқа томонда Вашингтон Тошкент ва Остонага очиқ ишора юбормоқда: минтақа энди Москва эмас, балки Вашингтон орбитасида айланиши керак. Бу эса, минтақа устида кечаётган ҳар бир жараён Вашингтон томонидан диққат билан кузатилаётганини кўрсатди.
Россия ҳам, Америка ҳам – ҳар бири ўз манфаати учун ҳаракат қилаётган кофир мустамлакачи давлатлардир. Шу жиҳатдан, ҳар иккиси манзаранинг икки юзи холос. Уларнинг ўзаро рақобати ҳақиқат ёки адолат учун эмас, балки таъсир, ресурс ва ҳукмронлик учун курашдир. Бири, иқтисодий интеграция ниқоби остида боғлаб қўймоқчи, иккинчиси, глобал минбар ва “стратегик шериклик” ваъдаси билан жалб этмоқчи. Аммо ҳар иккиси ҳам Марказий Осиёга шерик сифатида эмас, балки ўлжа сифатида қарайди.
Бу ерда, муаммо – мусулмон юртларининг ҳали ҳам ўз тақдирини куфр тизимлари доирасида ҳал қилаётганида. Аллоҳ таоло Қуръонда очиқ огоҳлантиради:
وَلَن يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا
– “Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай”. (Нисо:141)
Бироқ бугунги режимлар юритаётган сиёсатда айнан шу йўл очиб қўйилган: иқтисод, энергетика ва хавфсизликда ташқи кучларга қарамлик. Шунга кўра, мусулмон юртларининг ҳақиқий муаммоси ташқи кучларнинг рақобати эмас, балки Рошид Халифалик давлатининг йўқлиги ва Ислом тузумининг татбиқ этилмаслигидир. Агар Ислом тузумини жорий қилувчи Халифалик бўлганида, на Москва газ билан шантаж қила оларди, на Вашингтон сиёсий йўналиш белгилаб бера оларди. Шу маънода, бугунги манзара режимлар устида “мустамлака талашиш”дан кўра оғирроқ бўлиб, у ҳам бўлса, мусулмон юртларининг тақдири бошқалар қўлида айланиб юриши манзарасидир.
Хулоса шуки, мусулмонлар тақдирини ҳал қилувчи масала қайси тузум асосида яшалаётганидир. Бошқача айтганда, мусулмонлар ўз ишларини ақидаси, Шариати ва ўз сиёсий бошқаруви асосида ҳал қиладиган ҳолатга қайтишидир. Ана шунда на Россия ва на Америка исломий юртларга таъма кўзлари билан қарашга журъат қилолмай қолади.
Иззатуллоҳ
26.12.2025й
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми