Рамазон ойи ва “Карантин сценарийси”

Рамазон ойи ва “Карантин сценарийси”
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Podrobno.uz хабар беришича, Тошкентда айрим мактабгача таълим муассасаларида карантин жорий этилиши мумкинлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда миш-мишлар тарқалмоқда. Илк хабарлар Facebook’даги “Потребитель.уз” гуруҳида пайдо бўлиб, камида икки боғчада чекловлар борлиги айтилган. Расмий изоҳлар йўқлиги сабабли ота-оналар орасида ЎРВИ, сувчечак, қизамиқ, гепатит, менингит ва сил каби касалликлар ҳақида турли тахминлар юз бермоқда.
Ота-оналар мутасадди идораларни шаффофлик йўқлигида танқид қилиб, аниқ маълумот ва кўрилган санитария чоралари очиқ эълон қилиниши ваҳимани камайтиришини таъкидламоқда. Ҳозирча карантин ҳақида расмий тасдиқ ёки раддия берилмаган, шу боис ота-оналар болаларини боғчага олиб бориш масаласида иккиланмоқда.
Ушбу хавотирлар фақатгина мавсумий касалликлар ёки инфекциялар тарқалиши билан боғлиқ эмас. Балки бугунги вазиятда яна бир муҳим нарса – халқимизнинг Исломга бўлган рағбати ва Рамазон ойи – омили мустамлакачи кучлар ва уларга тобе режимларнинг диққат марказида турибди.
Маълумки, ўтган йилги Рамазон ойида масжид остонасидаги “соялар”нинг гувоҳи бўлган эдик. Яъни Рамазоннинг илк кунлариданоқ масжидлар дарвозалари олдида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан бир қаторда, мактаб ўқитувчилари ва маҳалла фаолларининг “назорат рейдлари” ташкил этилди. Устоз деган номга эга бўлган зиёлиларнинг масжид олдида туриб олиб, ўз ўқувчиларини таровеҳ намозидан қайтариши мусулмон аҳоли учун кучли маънавий зарба бўлди. Ўшанда мавжуд режим ёшларнинг исломий амалларга интилишини тўғридан-тўғри тўсишга уринди. Бироқ бу усул тескари натижа берди: халқнинг эътирози кучайди ва давлат идораларининг “обрўси”га путур етди. Бу йил эса, стратегия ўзгарган, яъни ўтган йилги Рамазон ойида кузатилган очиқ маъмурий босимларнинг “янгиланган” кўриниши бўй чўзаётган кўринади.
Рамазон ойи яқинлашгани сайин Ўзбекистон жамияти ҳаётида ўзига хос “иймоний муҳит” кузатилади. Масжидлардаги таровеҳ намозлари, ифторлик маросимлари ва жамоавий йиғинлар мусулмон халқимиз, айниқса, ёшлар орасида одамларнинг қалби тўридан жой олган иймон асосида жипслашувига сабаб бўлади. Бу эса, ушбу ҳолатни Исломий уйғониш жараёни сифатида қабул қиладиган давлат бошқаруви ва хавфсизлик тизимлари учун хавотирли сигнал ҳисобланади. Шу сабаб, ҳукумат Рамазон олдидан жамоавий фаолликни жиловлаш ҳаракатига тушади. Агар боғчаларда бошланган “чекловлар” занжири мактаблар ва кейинчалик умум соҳаларга кўчса, бу Рамазон ойидаги исломий амалларнинг чекланишига замин яратади. Яъни инфекция хавфи баҳонасида “болалар соғлиғи” ва “эпидемиологик вазият” каби омилларни рўкач қилиб, чекловлар ўрнатиш – бу сиёсий мақсадларни тиббий ниқоб остида амалга оширишга ўхшайди. Шунинг учун аҳоли “хавф” ҳақидаги хабарларга қанчалик тез ишониб бўйсунса, кейинги босқичдаги чораларни қўллаш ҳукумат учун осонроқ кечади. Демак, бугунги вазиятни ўтган йилги Рамазон ойида кузатилган чекловларнинг мантиқий давоми ва янгича ниқоби сифатида баҳолаш мумкин. Агар ўтган йили ўқитувчи ёки милиция ходими ёшларни масжиддан қайтарган бўлса, бу йил бу вазифани “эпидемиологик хавф” бажариши мумкин.
Бугунги кунда Америка ва Россия каби ўзининг Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоватини яширмай келаётган мустамлакачи кучлар исломий мафкуравий уйғонишни бўғиш учун турли шаклдаги босим воситаларини ишга солаётгани тобора очиқ-ойдин кўзга ташланмоқда. Айниқса, Умматнинг бирлиги ва исломий фаоллиги кучаядиган Рамазон ойида бундай уринишлар янада фаоллашиши табиий. Чунки Ислом Уммати тарихида Рамазон ойи нусрат, ғалаба, фатҳ ва Аллоҳнинг ёрдами билан боғлиқ энг муҳим ҳодисаларга бой бўлгани учун бу муборак ой нусрат ойи сифатида танилган.
Ҳижрий 2-йил, 17-рамазон кунги Ислом тарихидаги биринчи йирик жанг ва энг муҳим ғалабалардан бири – Катта Бадр жанги ғалабаси, ҳижрий 8-йил, 10-20-рамазон кунларидаги Араб ярим оролида Исломнинг тўла ўрнашишига асос бўлган Макка фатҳи, ҳижрий 92-йил, рамазон ойида Ториқ ибн Зиёд бошчилигидаги мусулмон қўшинлари томонидан Андалус (бугунги Испания)нинг фатҳ этилиши, ҳижрий 582-йил, рамазон ойида Салоҳиддин Айюбий бошчилигидаги мусулмонлар Ҳиттин жангида салбчиларни тор-мор келтириб, Муборак Масжид ал-Ақсо мусулмонлар қўлига ўтган Қуддус фатҳи, ҳижрий 658-йил, 25-рамазон куни мўғуллар мағлубиятга учраган Айн Жолут жанги каби муҳим ғалабалар қўлга киритилди. Ана шу жиҳатдан мустамлакачилар тафаккурида Рамазон ойи улар учун энг катта таҳдид ҳисобланади.
Тарих ҳодисалари шуни кўрсатадики, мусулмонлар кофирларнинг ҳар қанча босим ва зўравонликларига қарамай, иймондаги сабот ва матонатлари билан ғолиб ва музаффар бўлганлар. Аллоҳ Ислом Умматига ушбу Рамазонда нусрат ва ғалабалар ато этсин! Мусулмонларни буюк зафарлар сари етакловчи Рошид Халифалик билан азизликка эриштирсин! Амийн.
Иззатуллоҳ
09.02.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ