«Троя оти» стратегияси: АҚШ–Хитой қарама-қаршилигида геосиёсий синовдаги Марказий Осиё

«Троя оти» стратегияси: АҚШ–Хитой қарама-қаршилигида геосиёсий синовдаги Марказий Осиё
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Божхона ҳисоботидан геосиёсий доктринагача
2026 йил 13 август (пайшанба) куни АҚШ ҳукумати эълон қилган «Юкларни қайта ортиш бўйича катта фирибгарлик» (The Great Transshipment Scam) ҳисоботи, бир қарашда, оддий божхона тартиб-қоидаларини бузиш ҳақидаги маъмурий ҳужжатдек кўринади. Аммо унинг муқовасига атайлаб жойлаштирилган «Троя оти» тимсоли — Вашингтоннинг бу масалага қандай ёндашаётганини ошкора намоён этади: бу энди савдо статистикаси эмас, балки тизимли таҳдид сифатида баҳоланаётган геосиёсий доктринадир.
Ҳисоботда 40 дан ортиқ давлат, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитой маҳсулотларини сохта қайта ишлаш, қадоқлаш ва келиб чиқиш сертификатлари орқали Америка божхона тўсиқларини четлаб ўтишга кўмаклашишда айбланмоқда. Вашингтоннинг баҳосига кўра, бу схема орқали йилига тахминан 75 миллиард доллар қиймaтидаги товар АҚШ бозорига кириб келмоқда, натижада 450 мингта иш ўрни йўқотилиб, федерал бюджет 26 миллиард долларгача зарар кўрмоқда.
Лекин рақамлар — айсбергнинг фақат кўринган учи. Ҳужжатнинг асл маъноси бошқа жойда: у АҚШ-Хитой рақобатининг учинчи фронти очилганини — энди курашнинг марказида на Хитойнинг ўзи, на унинг ишлаб чиқариш қуввати, балки товар ҳаракатланадиган йўлаклар ва уларни назорат қилувчи давлатлар турганини кўрсатади.
Савдо урушидан геоиқтисодий қамалгача: механизм қандай ишлайди?
Мантиқ содда, лекин оқибатлари чуқур. Хитой товарига юқори бож қўйилганда, уни тўғридан-тўғри АҚШга олиб кириш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлиб қолади. Шунда товар учинчи давлатга олиб борилади ва у ерда арзимаган қайта ишлов, қадоқни ўзгартириш ёки сохта келиб чиқиш ҳужжати берилади, натижада эса товар «Хитой маҳсулоти» эмас, «бошқа давлат маҳсулоти» сифатида АҚШ бозорига киради, бунинг эвазига паст бож ставкасидан фойдаланилади.
Демак, масала товарнинг қаердан чиққанида эмас, у қайси йўл, қайси ҳужжат ва қайси давлат орқали АҚШ бозорига етиб боришида. Шу боис Вашингтон эндиликда божхона сиёсатини соф иқтисодий восита сифатида эмас, балки геосиёсий босим механизми сифатида ишлатмоқда: назорат объекти фақат Хитойнинг ишлаб чиқариш қуввати эмас, унинг глобал логистика тармоғи ҳамдир.
Уч тоифа — уч хил геосиёсий вазифа
АҚШ ҳисоботида давлатлар бир хил даражада айбланмаган; уларнинг таснифи Вашингтоннинг стратегик хариталаштиришини ошкор қилади:
Биринчи тоифа — Ғарб блоки ва анъанавий шериклар. Канада, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, (исроил), Мексика, Тайвань кабилар. Бу ерда хавф — Хитойнинг юқори технологиялар ва саноат занжирларига ишончли иттифоқчилар орқали сизиб кириши.
Иккинчи тоифа — минтақавий лидерлар. Бразилия, Туркия, Вьетнам, Индонезия, Малайзия, Таиланд. Улар Хитой билан чуқур иқтисодий интеграция орқали ишлаб чиқариш босқичларини диверсификация қилмоқда.
Учинчи тоифа — транзит ва логистика йўлаклари. Айнан шу ерда Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия жойлашган. Бу учинчи тоифа АҚШ бозорига нисбатан имтиёзли кириш имкониятига ёки чекланган божхона назоратига эга давлатлардан иборат бўлиб, Хитой учун «Бир макон — бир йўл» ташаббуси доирасидаги стратегик қуруқлик кўприкларига айланган.
Бу таснифнинг ўзи муҳим сигнал беради: АҚШ учун хавф энди фақат Хитойнинг ўзи эмас, балки унинг товарларини бошқа иқтисодий ва логистик тизимлар орқали ҳаракатлантириш имконияти ҳамдир.
Марказий Осиё нега айнан ҳозир диққат марказида?
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ҳисоботда алоҳида тилга олиниши тасодифий эмас, бу – минтақанинг глобал савдо харитасидаги ўрни кескин ошганидан далолат беради ва бунинг икки томонлама сабаби бор.
Биринчидан, геоиқтисодий омил. Украина уруши ва Қора денгиздаги хавфсизлик инқирози Россияни четлаб ўтувчи «Ўрта йўлак» (Middle Corridor) аҳамиятини кескин оширди. Хитой–Қозоғистон чегарасидаги Хоргос каби марказлар трансчегaравий савдо, омборлаш ва қайта юклаш инфратузилмаси сифатида жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон эса Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Озарбайжон–Грузия–Туркия йўналишини Хитойдан Европага олиб борувчи энг қисқа йўлаклардан бири сифатида кўрмоқда. 2024 йилда Хитой–Ўзбекистон транзит оқимларининг сезиларли ўсиши бунинг амалий тасдиғидир.
Иккинчидан, стратегик рақобат омили. Марказий Осиё давлатлари бир томондан ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, эркин иқтисодий зоналар барпо этиш орқали ривожланишга интилса, иккинчи томондан Хитой худди шу инфратузилмани ўзининг глобал савдо экспансияси учун стратегик таянч сифатида фойдаланмоқда. Бу эса АҚШ учун икки карра — иқтисодий (Пекин Вашингтон жорий этган чекловларни амалда бекор қилмоқда) ва стратегик (АҚШ “C5+1” формати орқали минтақани Россия ва Хитой таъсиридан “тортиб олишга” ҳаракат қилаётган бир пайтда, минтақа иқтисодиёти Пекин инфратузилмасига янада қаттиқроқ боғланиб бормоқда) таҳдидни юзага келтиради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон транзит маркази бўлиш ва «жиноят»да иштирок этиш ўртасида
АҚШ ҳисоботи очиқ иккиюзламачилик ёндашувини намоён қилади. Марказий Осиёнинг географик ва логистик устунликлари Вашингтон манфаатларига хизмат қилган пайтда, стратегик имконият, муқобил транспорт коридори ва иқтисодий диверсификация воситаси сифатида баҳоланади. Аммо худди шу имкониятлар Хитойнинг савдо-иқтисодий манфаатларини илгари сурса, улар бирданига «айланма йўллар» ва «фирибгарлик схемалари»нинг эҳтимолий воситаси сифатида талқин қилинади. Демак, «Троя оти» ҳисоботи — бу шунчаки таҳлилий ҳужжат эмас, балки келажакдаги сиёсий-иқтисодий босимнинг олдиндан огоҳлантирувчи сигналидир. Ундан келиб чиқадиган хавфларни уч йўналишда кўриш мумкин:
- Иккиламчи санкциялар хавфи. АҚШ рўйхатдаги давлатларга, шу жумладан, уларнинг корхоналари ва божхона тизимларига нисбатан иккиламчи жазо чораларини қўллаш учун ҳуқуқий-сиёсий асос яратмоқда.
- Геосиёсий танловга мажбурлаш. Вашингтоннинг минтақа ҳукуматлари олдига “ёки Ғарб инвестициялари ва бозорлари, ёки Хитой билан шубҳали транзит” тарзидаги қатъий дилемма қўйиш эҳтимоли мавжуд.
- Технологик назоратнинг кучайиши. АҚШ маъмурияти божхона маълумотларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш, товарнинг келиб чиқишини кузатиш, қайта экспорт занжирларини аниқлаш ва учинчи давлатлардаги ишлаб чиқариш ҳажмини текшириш каби механизмларни бирлаштиришни режалаштирмоқда. Бу — савдо урушининг сифат жиҳатидан янги, техник жиҳатдан анча мураккаброқ босқичга ўтишидан далолат беради.
Имкониятми ёки хавф?
Расмий Тошкент мавжуд вазиятни – транзит мамлакат сифатида қанчалик кўп йўналишлар жалб этилса, транспорт, логистика, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун шунчалик кўп имконият очилади, шунингдек, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакат учун транспорт йўналишларини диверсификация қилиш стратегик зарурат, деб баҳоласа-да, бироқ йирик кучлар ўртасидаги савдо-тариф уруши ва геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайган сари, иқтисодий имконият бўлган ҳар қандай транзит йўлаги қатъий божхона назорати, экспорт чекловлари ёки иккиламчи санкциялар таҳдидига дучор бўлмоқда.
Шу боис йўл танлаш энди шунчаки иқтисодий ҳисоб-китоб эмас, балки санкциялар, экспорт назорати ва давлатлараро ишонч даражасига боғлиқ мураккаб тенгламага айланиб бормоқда.
Ўзбекистон учун тўғри стратегия нимада?
Хитойнинг иқтисодий экспансияси билан АҚШнинг ўз глобал гегемонлигини сақлаб қолиш интилишлари тўқнашган бир пайтда, Марказий Осиё жиддий синов қаршисида турибди. Бу ерда минтақа давлатлари олдидаги асосий вазифа — “қайси куч тарафида бўлиш” танлови эмас, чунки бундай танлов оқибатида минтақа, хоҳлайдими-йўқми, йирик кучлар ўртасидаги низонинг қурбонига айланиб қолиши муқаррар.
Шунинг учун, бу ўринда оқилона йўл — бирон тарафни танлаш эмас, балки йирик кучларнинг минтақа устидан кураши кучайиб бораётган ҳозирги даврда, мустақил стратегик позицияга эга бўлишдир. Аммо муаммонинг илдизини кесмай туриб, мустақил стратегик позицияни илгари суриш ўта хатарли ҳисобланади. Шуни унутмаслик лозимки, бугунги кунда АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат қанчалик шиддатли бўлмасин, уларнинг иккиси ҳам Ислом Уммати бойликларини талон-тарож қилиш ва унинг ягона куч сифатида бирлашишига йўл қўймаслик ғоясида ҳамфикрдир. Исломий юртлар орасидаги мустамлакачилар томонидан чизилган сунъий чегаралар доирасида тарқоқ ҳаракат қилувчи, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан чекланган Ўзбекистон ёки Қозоғистон каби заиф миллий давлатчалар йирик мустамлакачи давлатлар босимига дош бера олмаслиги кундек равшан. Минтақанинг, хусусан, Ўзбекистоннинг бу кучлар қаршисида ожиз қолаётганига сабаб — муаммолар ечимини «ташқи кучларга суяниш» ёки прагматик «кўп векторлилик» доирасида кўраётганидадир.
Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё алоҳида-алоҳида миллий бўлаклар эмас, балки Ислом Умматининг ажралмас бир бўлагидир. Минтақа давлатлари сунъий чегараларни бартараф этиб, ўз ерлари, демографик салоҳияти ва стратегик захираларини тикланажак исломий мафкуравий давлат — пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик Давлати байроғи остида бирлаштириши шарт. Бу Давлат нафақат ўз бойликлари ва транзит йўлакларини кофир мустамлакачилар манфаатига хизмат қилишдан ҳимоя қилади, балки Хитой, АҚШ ёки Россия каби кучлар қаршисида халқаро майдонда ўз шартини қўя оладиган буюк давлат сифатида майдонга чиқади. Минтақа учун бошқа ҳар қандай йўл эса, ташқи кучлар манфаати йўлидаги қурол ва қурбон бўлиб қолишдан ўзга натижа бермайди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَلِلَّهِ الْعِزَّةُ وَلِرَسُولِهِ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَلَٰكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَعْلَمُونَ﴾
“Ҳолбуки, азизлик (куч-қудрат) Аллоҳники, Унинг Расулиники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”. (Мунафиқун:8)
Иззатуллоҳ
17.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ