Онгимиз кимнинг мезон-ўлчовлари билан бошқарилмоқда?

Онгимиз кимнинг мезон–ўлчовлари билан бошқарилмоқда?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Маълумки, сақофат — бу инсон томонидан таълим, тарбия ва ўзлаштириш, сўнгра кузатиш ва хулоса чиқариш орқали қўлга киритилган билимлар тўпламидир. Мана шу сақофат асосида инсонда ишлар ва воқеа-ҳодисаларни муайян бир шаклда ёки услубда тушунадиган фикрлаш (фикр) шаклланади. Унда мазкур ишларни ўз ҳукмига бўйсундирадиган мезонлар ва қоидалар мавжуд бўлади. Агар бу қоида ва мезонлар Ғарб бизнинг зиёлиларимиз онгига сингдираётган қоида ва мезонларнинг худди ўзи бўлса, демак, кофир Ғарб ўзи хоҳлагандек фикрлайдиган авлодни яратаётган ва тарбиялаб вояга етказаётган бўлади. Шу тариқа, Ғарб жамиятни ўзи истаган услубда қура олади, чунки бундай фикрлашнинг вужудга келиши инсонларнинг ҳаётдаги йўли ва хулқ-атворини белгилаб берувчи тушунчаларнинг шаклланишига олиб келади.
Ушбу содда ва теран ҳақиқат бугунги кунда мусулмон Уммати бошидан кечираётган энг катта фикрий инқирозни ва онг ости урушларини фош қилади. Жамиятни мустамлака қилиш учун у ерга ҳарбий қўшин киритиш, танклар билан бостириб келиш шарт эмас. Бугунги дунёда энг хавфли мустамлакачилик тури — инсоннинг ўлчовларини, яъни ҳаётий мезонларини алмаштириб қўйишдир. Инсоннинг нимани яхши, нимани ёмон, нимани ютуқ, нимани бахтсизлик деб баҳолаши фақат ва фақат ундаги мезонларга боғлиқ. Агар бу мезонларни Ғарб белгилаб берса, инсон ўзи сезмаган ҳолда ўша бегона маданиятнинг қуролига ва улар қуришни истаган бузуқ жамиятнинг пойдеворига айланади.
Агар тарихга ва бугунги кундаги кундалик ҳаётимизга назар ташласак, бу мафкуравий урушнинг қанчалик теран илдиз отганини очиқ-ойдин кўрамиз. Илгари бизнинг жамиятимизда, яъни исломий сақофат халқ қонига сингиб кетган пайтларда оила ва номус мезони жуда баланд эди. Йигит киши оила қурмоқчи бўлса, қиз боланинг иффати, ҳаёси ва диндорлиги биринчи ўринга қўйилар эди. Бу исломий мезон эди ва у жамиятнинг мустаҳкамлигини таъминларди. Бироқ бугун медиа, хориж сериаллари ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар онгига ғарбча либерал мезонлар сингдирилди. Замонавийлик ўлчовига кўра, оила қуришдан олдин никоҳсиз бирга яшаб кўриш, узоқ йиллар «севишиб» юриш оддий ҳолга айланмоқда. Оқибатда нима бўляпти? Биргина Ўзбекистоннинг ўзида ФҲДЁ (ЗАГС) органлари томонидан йилига ўн минглаб ажрашишлар қайд этилмоқда, оила мўътабарлиги йўқолиб, ёлғиз оналар ва ярим етим болалар сони геометрик прогрессия билан ортиб бормоқда. Ғарб ўз оилавий инқирозини бизнинг жамиятга ҳам муваффақиятли экспорт қилишга эришмоқда.
Бундан ташқари, инсоннинг ҳаётдаги муваффақият ва бахт ҳақидаги тушунчаси ҳам буткул бошқа оқимга буриб юборилди. Ота-боболаримиз учун энг катта ютуқ – бу Аллоҳнинг ризолиги, ҳалол луқма ва солиҳ фарзанд тарбияси эди. Эндиликда капиталистик сақофат олиб кирган мезонга кўра, инсоннинг қадри унинг қандай машина ҳайдаши, уйининг ҳашамати, устидаги бренди ва банкдаги ҳисоб рақами билан ўлчанмоқда. Жамиятда кимўзарга пойга бошланди. Ҳалол ва ҳаром ўртасидаги чегара шу қадар бузилдики, бугун одамлар чиройли ҳаёт кечириш ва қимматбаҳо буюмларга эга бўлиш учун ҳеч иккиланмай рибога (кредитларга) ботиб кетмоқдалар. Ҳар куни минглаб одамларнинг судхўрлик балоси туфайли хонавайрон бўлаётгани, уй-жойларидан айрилиб, оилалари пароканда бўлаётгани айни шу сохта ва бузуқ мезоннинг аччиқ мевасидир. Аллоҳнинг ҳукми бўйича ҳаром қилинган ва лаънатга олиб борувчи ҳисобланган иш, Ғарб иқтисодий ўлчовида «молиявий саводхонлик» деб кўкка кўтарилмоқда.
Худди шундай ҳолат аёллар ва уларнинг кийиниш маданиятида ҳам яққол сезилади. Исломда аёл кишининг гўзаллиги ва қадри унинг иффати, ҳаёси ҳамда ҳижоби билан ҳимояланган эди. Бу эса ўз ўрнида аёлни жамиятда арзон товарга, қўлма-қўл ўтувчи матога айланиб қолишдан ҳам асрарди. Аммо Ғарбнинг «инсон ҳуқуқлари ва аёл эркинлиги» ниқоби остидаги мезони жамиятимизга кириб келгач, аёл қанчалик очиқ кийинса, ўзини кўз-кўз қилса, у шунчалик «эркин ва мустақил» деб талқин қилина бошланди. Натижада қизларимиз европаликларга кўр-кўрона тақлид қилиб, ўз қадрларини тўкиб юборишди. Кўчаларда, реклама плакатларида ва шоу-бизнесда аёл танаси шунчаки харидор жалб қилувчи маркетинг воситасига айланиб қолди…
Ғарб бу бузғунчи мезонларни жамиятимизга тўғридан-тўғри эмас, балки бизнинг ўз зиёлиларимиз, чет эл грантларини олган, хорижда ўқиб келиб, уларнинг сиёсий ва иқтисодий низомларига маҳлиё бўлган ёш кадрлар – сотилган сиёсатчилар орқали сингдирмоқда. Мактаб ва университетларимизда болаларимизга Ислом дунёқараши эмас, балки Ғарб либерализми ва дунёвий қадриятлари ўқитилмоқда. Таълим тизимидан чиқаётган янги авлоднинг исми мусулмонча бўлса-да, уларнинг ақли, мантиғи, ҳаётга қараши ва мақсадлари буткул кофирлар хоҳлагандек шаклланмоқда. Бунинг натижасида улар ўз юртида туриб, ўз халқининг қадриятларига қарши курашадиган мафкуравий аскарларга айланмоқдалар.
Ваҳоланки, Исломга кўра, давлатнинг энг биринчи ва муқаддас вазифаси — жамият онгини ва таълим тизимини соф Ислом ақидаси устига қуриш, инсонларни Ғарбнинг чириган маданиятидан ҳимоя қилишдир. Бизнинг ягона ва ўзгармас мезонимиз — Аллоҳ белгилаб берган Ҳалол ва Ҳаром ўлчовидир. Ниманики Шариат ҳалол қилган бўлса, у яхшилик ва ҳақиқий бахтдир, ниманики ҳаром қилган бўлса, у жамиятни ҳалокатга етакловчи омилдир. Токи халқимиз, айниқса зиёли қатлами Ғарб сингдирган сохта ўлчов ва қоидалардан воз кечмас ва ўз ҳаётини Ислом тарозисида ўлчашни бошламас экан, биз маданий заҳарланиш ва мафкуравий малайлик сиртмоғидан чиқа олмаймиз.
Салоҳиддин
03.07.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ