ЖСТга кириш: арзон товар ортида нима бор?

ЖСТга кириш: арзон товар ортида нима бор?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
«Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўртача бож ставкалари 15,3 фоиздан 7,5 фоизга туширилди. Саккиз мингдан ортиқ товар турига қўйилган божлар эса бутунлай бекор қилинди» (Spot, 18 сентябрь 2026 йил).
Расмий хабарларда бу чоралар товарларни арзонлаштириши, рақобатни кучайтириши ва Ўзбекистон маҳсулотларига ташқи бозорларни очиши айтилмоқда. Аммо масала фақат дўкондаги айрим товарларнинг арзонлашишидан иборат эмас. Чунки божларни пасайтириш мамлакат бозори, саноати ва иқтисодий қарорларига узоқ муддат таъсир кўрсатади.
Бож — четдан келадиган товарга давлат қўядиган тўловдир. Бож пасайса, импорт маҳсулоти ички бозорга арзонроқ киради. Масалан, хорижда ишлаб чиқарилган музлатгич, кийим, озиқ-овқат ёки бошқа маҳсулот нархи тушиши мумкин. Бу ҳолат дастлаб харидор учун қулай кўринади.
Бироқ шу маҳсулотни Ўзбекистонда ишлаб чиқараётган корхонанинг аҳволи нима бўлади?
Маҳаллий корхона электр энергияси, қиммат кредит, транспорт харажати, четдан келтириладиган ускуна ва эҳтиёт қисмлар учун кўп маблағ сарфлайди. Хорижий йирик ширкат эса катта капиталга, замонавий технологияга, арзон молияга ва дунё бўйлаб ишлайдиган савдо тармоғига эга. Бож пасайтирилганда ана шу икки томон «тенг рақобатчи» сифатида бир бозорга киритилади.
Натижада хорижий маҳсулот арзонроқ сотилиши, маҳаллий корхона эса ишлаб чиқаришни қисқартириши, ишчиларни бўшатиши ва охир-оқибат умуман ёпилиб кетиши ҳам мумкин. Дастлаб товар балки арзонлашиши мумкиндир, аммо кейин мамлакатнинг ўз ишлаб чиқариши заифлашиб, ташқи маҳсулотга эҳтиёжи ортади. Шундан сўнг ташқи қарамлик юзага келади ва бошида арзонроқ келган хорижий маҳсулотларни аввалгидан ҳам қимматроққа сотиб олишга тўғри келиб қолади.
Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи савдоси ҳам мана шу хавфни кўрсатмоқда.
«2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон 15,9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди, импорт эса 25,1 миллиард долларга етди. Экспорт 8,8 фоиз камайган бир вақтда импорт 21 фоиз ўсди» (Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси, 2026 йил).
Демак, Ўзбекистон олти ойда сотган маҳсулотидан қарийб 9,2 миллиард доллар кўпроқ товар сотиб олган. Энди божларнинг янада пасайтирилиши мамлакатга келаётган тайёр маҳсулотлар оқимини кучайтириши мумкин.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. ЖСТга кириш учун пасайтирилган божлар оддий ички қарор бўлиб қолмайди. Улар халқаро мажбуриятга айланади. Кейин давлат ўз саноатини ҳимоя қилиш учун божни кўтармоқчи бўлса, бошқа аъзо давлатлар билан музокара қилиши ва уларга бошқа имтиёзлар бериши талаб қилиниши мумкин. Келишмовчилик чиқса, унга қарши савдо чоралари қўлланади.
Шундай қилиб, мамлакат бугун ўз қўли билан пасайтирган божни эртага ўз хоҳиши билан қайта тиклай олмайди. У иқтисодий қарор қабул қилишда ЖСТ қоидаларини ҳисобга олишга мажбур бўлади.
«Ўзбекистон 2026 йил июлига қадар товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича 31 та икки томонлама келишувни ЖСТга топширди. Март ойидан кейин 190 га яқин қонун ва меъёрий ҳужжат ЖСТ талабларига мувофиқлаштирилди» (ЖСТ, 27 июль 2026 йил).
Бу рақамлар масала фақат божхона ҳақида эмаслигини кўрсатади. ЖСТга кириш учун валюта муомаласи, давлат корхоналари, субсидиялар, инвестиция, рақобат, қишлоқ хўжалиги, техник стандартлар ва бошқа кўплаб соҳалардаги қонунлар ўзгартирилмоқда.
Ушбу жараён Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар билан ҳам боғлиқ.
Жаҳон банки Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини қисқартириш, йирик тармоқларни эркинлаштириш, хусусийлаштириш ва ташқи сармоя учун қулай муҳит яратишни қўллаб-қувватламоқда. Банк ЖСТга аъзоликни ушбу ислоҳотларни мустаҳкамлайдиган восита сифатида кўрсатади (Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича шарҳи, 2026 йил).
Занжир равшан бўлди: аввал иқтисодиёт ташқи капитал учун очилади, давлат корхоналари хусусийлаштирилади ва бозор қоидалари ўзгартирилади. Сўнг ЖСТга аъзолик орқали бу ўзгаришлар халқаро мажбуриятларга айлантирилади.
Шунинг учун божларни 15,3 фоиздан 7,5 фоизга туширишдан мақсад халқимизга товар ва хизматларни арзонлаштириш эмас. Бу Ўзбекистон бозорини ташқи маҳсулот ва капитал учун кенгроқ очиш, маҳаллий корхоналарни йирик хорижий ширкатлар билан тенг бўлмаган рақобатга киритиш ва мамлакат иқтисодий сиёсатини Америка бошчилигидаги капиталистик халқаро тартибга боғлаш жараёнидир.
«Ал-Ваъй» журналида Америка «Халқаро Банк, Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон Савдо Ташкилоти орқали мусулмон юртларини иқтисодий жиҳатдан мустамлака қилишга уринмоқда», деб айтилган («Ал-Ваъй», 349-сон, 54-бет).
Бу иқтисодий мустамлакачилик давлатнинг қайси товарга қанча бож қўйиши, қайси корхонани қўллаб-қувватлаши ва бозорини кимга очишини ташқи қоидалар билан чеклашда намоён бўлади. Мамлакат қоғозда мустақил бўлиб қолади, аммо унинг иқтисодий қарорлари халқаро молиявий ва савдо ташкилотлари белгилаган чегаралар ичида қабул қилинади.
Энди бунга Исломий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ягона ва тўғри муқобил сиёсат Халифалик давлатининг яхлит иқтисодий ва ташқи савдо низомида намоён бўлади. Халифалик ташқи савдони «эркин бозор» қоидасига топширмайди. Қайси давлат билан қандай савдо қилиш, қайси хорижий савдогарга мамлакатга киришга рухсат бериш ва қайси маҳсулотни олиб чиқиш мумкинлиги шаръий ҳукмлар асосида белгиланади.
Халифалик давлати дастур лойиҳасининг 161-моддасида шундай дейилади: «Ташқи тижоратдаги муомала товарнинг қаерда ишлаб чиқарилганига эмас, савдогарнинг қайси давлат фуқароси эканига қараб амалга оширилади. Давлат билан аҳдлашган мамлакатлар савдогарлари шартнома шартларига мувофиқ савдо қилади. Мамлакат учун зарур ресурсларни ва душманни ҳарбий, иқтисодий ҳамда саноат жиҳатдан кучайтирадиган маҳсулотларни олиб чиқишга рухсат берилмайди».
Шунингдек, ушбу дастурнинг 190-191-моддаларида Халифалик шаръий ҳукмларга мувофиқ иқтисодий ва савдо шартномалари тузиши ҳамда Исломга асосланмаган ва ғайриисломий қонунлар асосида ишлайдиган халқаро ташкилотларга аъзо бўлмаслиги таъкидланади.
Шу билан бирга, Уммат молияси ва табиий бойликлари машинасозлик, оғир саноат ҳамда мустақил технологияни барпо этишга йўналтирилади. Чунки ўз машина ва ускунасини ишлаб чиқара олмаган мамлакат тайёр маҳсулотни йиғиши мумкин, аммо ҳақиқий саноат қудратига эга бўлолмайди.
Халифалик мусулмон юртларини битта давлатда бирлаштириб, уларнинг бойликлари, бозорлари ва саноат имкониятларини ягона сиёсий ирода остига олади. Шунда юртимиз бозорларини кимга ва қандай шартларда очишни мустамлакачи давлатлар тузган ташкилотлар эмас, Умматнинг ўз давлати белгилайди.
Салоҳиддин
06.10.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ