Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили

Ҳафталик муҳим воқеалар таҳлили
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
﴿أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾
“Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Имонларикомил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчиким бор?!”
Исломий уйғонишга қарши янгича кураш услуби
Хабар: Экстремизм таърифига аниқлик киритилади ва жазо қайта кўриб чиқилади. (kun.uz 13.08.2026й)
Изоҳ: Хабарга кўра, амалдаги қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамаси чиқариб ташланиб, у «экстремизм» тушунчаси билан алмаштирилмоқда. Шунингдек, экстремизмга оид айрим ҳаракатлар биринчи марта содир этилганда жиноий эмас, маъмурий жавобгарлик қўлланиши, жиноий жазо эса асосан такрорий ҳолатларда юзага келиши белгиланмоқда. Ташқаридан бу қадам ҳуқуқий соҳани «либераллаштириш» ва инсон ҳуқуқларига амал қилишдек туюлиши мумкин. Бироқ жараённинг фикрий ва сиёсий моҳиятини теран тушунадиган инсон учун бу манёвр бутунлай бошқача маънога эга. Мустабид тузумнинг очиқдан-очиқ қатағон ва босимлари исломий уйғонишни тўхтата олмагач, кураш усули ўзгартирилмоқда: «каримовча» қўпол услублардан воз кечилиб, Ғарб стандартларига мосланган, очиқ эътироз уйғотмайдиган замонавий назорат механизмига ўтилмоқда. Ушбу стратегик ва юридик ўзгаришнинг асл моҳияти қуйидаги учта асосий нуқтада намоён бўлади:
- Исломни сиёсий-ижтимоий майдондан узиш: Илгари «диний экстремизм» айблови мусулмонларда эътиқодга ҳужум сифатида қабул қилинарди. «Диний» сўзининг чиқарилиши орқали тузум Исломни фақат шахсий ибодат ва маросимлар доирасига қамаб қўйишни мақсад қилган. Эндиликда Исломнинг жамият, сиёсат ва давлатчиликка оид аҳкомларини илгари суриш «динга қарши» эмас, балки «давлат тузумига қарши экстремизм» сифатида баҳоланади.
- Сохта енгиллик ва рақамли назорат тузоғи: Биринчи мартага маъмурий жазо белгиланиши жамиятда сохта хотиржамлик пайдо қилади. Аслида эса, маъмурий жавобгарлик орқали фуқаро автоматик равишда базага (электрон реестрга) тушади ва доимий назоратга олинади. Такрорий ҳолатда эса, у тўғридан-тўғри оғир жиноий жазога тортилади. Бу аҳолини шовқин-суронсиз жиловлаб туришнинг «либерал» воситасидир.
- Уммат бирлигини парчалаш ва «Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» сиёсати: Терминологиянинг универсаллаштирилиши жамиятни иккига бўлади: тузумга мутлақ итоат қилувчи «мўътадил» мусулмонлар ҳамда Исломни мукаммал ҳаёт низоми деб билувчи «экстремист» ёрлиғи ёпиштириладиган холис мусулмонлар. Бу бўлиниш Умматнинг фикрий бирлиги ва биродарлигини заифлаштиришга қаратилган.
Мусулмонларнинг ўз юртларида бу каби юридик манёврлар ва сиёсий ўйинлар қурбонига айланаётганининг ягона сабаби – уларни ҳимоя қилувчи Пайғамбарлик минҳожи асосидаги ягона Ислом Давлатининг (Халифаликнинг) йўқлигидир. Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилганларидек: «Дарҳақиқат, Имом (Халифа) қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади». (Муслим ривояти).
Капиталистик иқтисод шароитида одамларнинг боши қарздан чиқмай қолади
Хабар: 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, 9,3 миллион қарз олувчида умумий суммаси 610 триллион сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган. (gazeta.uz 13.08.2026й)
Изоҳ: Сўровномада респондентларнинг 73 фоизи қарздорлиги борлигини, 61 фоизи эса уни узишга қийналаётганини маълум қилган. Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров вазият ҳақиқатан ҳам хавотирли эканини тан олиб, асосий хавф кредитлаш ҳажмида эмас, балки аҳолининг қарзни узиш қобилиятида эканини таъкидлади. Бу расмий рақамлар ортидаги аччиқ воқелик шундаки, аҳолининг реал даромадлари ва харид қуввати издан чиққани сабабли одамлар яшаб қолиш учун сурункали равишда банк ва финтех кредитларига қарам бўлиб бормоқда. Шунингдек, ушбу манзаранинг юзага келишига сурункали инфляция, паст маошлар ҳамда тиббиёт ва таълим каби базавий соҳаларнинг қимматлашиб кетгани сабаб бўлди. Иккинчи томондан, банк ва нобанк ташкилотлари «2 дақиқада кафилсиз кредит» каби агрессив рекламалар ва йиллик 40-60 фоизлик оғир устамалар билан аҳолига қарзларни тиқиштирди. Даромад етмагач, одамлар даволаниш, контракт ёки кундалик озиқ-овқат учун ҳам тузоқдек жозибадор кредит иловаларига югуришга мажбур бўлмоқда. Бу вазият давлат ва банк тизимининг фуқарога нисбатан фақат фойда олишга йўналтирилган «истеъмолчи ва фоизчи» муносабатидан келиб чиқди. Банклар аҳолининг иложсизлигидан фойдаланиб, уларни қарзга ботириш ҳисобига ўз капиталини кўпайтирди. Марказий банк эса, бу жараённи йиллар давомида «ислоҳотлар» номи остида эркин қўйиб бериб, одамларнинг 61 фоизи қарз тўлашга қийналаётган бир пайтдагина «хавотир» билдира бошлади. Аммо бу хавотир ҳам одамларнинг қарз ботқоғига ботиб, янада қашшоқлашиши борасидаги куюниш эмас, балки улар қарзларини қайтара олмаса, банк тизимининг касодга учраши ва йирик иқтисодий инқироз келиб чиқиши оқибатида иқтидордаги режим учун катта муаммо туғилишидан қўрқувдир. Албатта, бунинг ортида инсон онгига «кўпроқ истеъмол қил, ҳозироқ завқлан» деган бузуқ фикрни сингдирувчи капиталистик тузум ва унинг истеъмолчилик культи турибди. Энг ёмони, ўзбек режими Аллоҳ қатъий ҳаром қилган судхўрликка рухсат бериб, шаръий ҳукмларга беписандлик билан қараб, мункар ишни қилиш билан бирга, одамларни қарз ботқоғига ботишига замин яратиб беряпти. Аллоҳ таоло айтади:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
– “Аллоҳ савдони ҳалол қилди, рибони (судхўрликни) эса ҳаром қилди”. (Бақара:275)
Халқ муаммолари фақат эшитилиши эмас, ечилиши лозим
Хабар: Президент халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов берган маълумотга кўра, 2026 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон аҳолиси Халқ қабулхоналарига 557 254 марта мурожаат қилган. (daryo.uz 14.08.2026й)
Изоҳ: Мурожаатларнинг энг катта қисми ҳуқуқ-тартибот (126,6 минг, шундан 36,8 минги алимент ундириш), ижтимоий ҳимоя ва уй-жой (113,8 минг) ҳамда коммунал соҳаларга (74,8 минг) тўғри келади. Хусусан, 18 ёшгача бўлган болаларга нафақа тайинлашга оид шикоятлар ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ошиб, 48 778 тани ташкил этган. Шу билан бирга, мансабдорлар устидан шикоятлар 36 фоизга камайгани, мурожаатларнинг 90 фоизи онлайн шаклда тушаётгани ва уч мингга яқин давлат ходими интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилгани таъкидланди. Очиқланаётган ушбу рақамлар ва аҳоли учун сунъий интеллект марказлари-ю “диагностика” хоналарининг кўз-кўз қилиниши ортида аслида нима ётибди? Биринчидан, 7 ойда ярим миллиондан ортиқ шикоят тушиши – бу мамлакатда аҳоли турмуш даражасининг кескин ёмонлашгани ва қуйи тизимларнинг мутлақо ишламаётганидан далолатдир. Болалар нафақаси бўйича шикоятларнинг 38 фоизга ошиши халқнинг кундалик озиқ-овқати ва рўзғори учун ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётган қашшоқлик даражасини кўрсатади. Алимент бўйича минглаб мурожаатлар эса, оилаларнинг иқтисодий ва ижтимоий инқирози нақадар чуқурлашгани ифодасидир. Иккинчидан, раҳбариятнинг халқ аҳволидан фақат «шикоят тушганда» хабар топиши – бошқарув тизимининг масъулиятсизлигини кўрсатади. Ўзбек режими аҳолининг реал эҳтиёжларини олдиндан ўрганиб, инфляция, паст маош ва ишсизлик муаммосини ҳал қилиш ўрнига, фақат оқибат билан курашмоқда. Раҳбарият ўз имижи ва қонунийлигини ушлаб туриш, аҳолидаги норозилик кайфиятини пасайтириш учун асосий айбни қуйи бўғин ижрочиларига (маҳалла раиси, МИБ, солиқчи ва банк ходимига) ағдармоқда. Муаммоларни ошкор қилиш ва медиа-турлар уюштиришдан асосий мақсад – аҳолига «давлат сизларни эшитяпти» деган сохта умид бериш ва амалдаги тизимнинг «адолатлилиги» ҳақида пиар-иллюзия яратишдир. Исломда эса давлат аҳолининг аҳволини кузатишда шикоят қилинишини кутиб ўтирмайди. Исломда давлат раҳбари – ғамхўр бошлиқ бўлиб, ҳар бир фуқаронинг оч-тўқлиги, кийими, уй-жойи ва соғлиғи учун бевосита жавобгардир. Умар ибн Хаттоб розиаллоҳу анҳунинг:
” لو عثرت بغلة في العراق ، لسألني الله لِمَ لَمْ تصلح لها الطريق يا عمر” ؟!
«Агар Ироқда бир хачир қоқилиб тушса, Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Эй Умар, нима учун унга йўлни текислаб қўймадинг?” деб сўрашидан қўрқаман». деган сўзлари Исломий бошқарувнинг асл моҳиятини кўрсатади.
Бойлик фақат бойлар қўлида айланадиган матоҳ бўлса, одамларнинг шўри қурийди
Хабар: Kun.uz сайтида Ўзбекистондаги реал даромадлар, ўртача иш ҳақи ва аҳолининг ҳақиқий молиявий аҳволига бағишланган таҳлилий видеокўрсатув эълон қилинди. (kunuzofficial 15.08.2026й)
Изоҳ: Унда келтирилган тафсилотлар экранлардаги жозибадор рақамлар билан реал ҳаёт ўртасидаги оғриқли узилишни бутун бўй-басти билан намоён этди. Бир томонда, расмий статистикада кўрсатилган, гўёки Тошкентда 12 миллион сўмдан ошадиган, Навоийда 8 миллион, мамлакат бўйлаб эса ўртача 7 миллион сўмни ташкил этадиган маошлар ҳақидаги ҳисоботлар жаранглайди. Лекин шу кўрсатувнинг ўзида ошкор бўлганидек, реал манзара тамоман бошқача: бир томонда ойига 19 миллион сўм оладиган банк ходими турса, бошқа томонда бор-йўғи 2 миллион сўмга ойни ойга улаётган боғча тарбиячиси яшамоқда. Кўрсатувда очиқ айтилганидек, Статистика агентлиги бу «жозибадор» рақамларни чиқаришда кичик корхоналар, микрофирмалар ва қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган миллионлаб одамларни, яъни мамлакат иқтисодиётининг ярмига яқинини умуман ҳисобга олмаган. Оқибатда, Тошкентда оддий, шароитсиз ижара уй учун маошининг ярмини ($400-$500) топшириб қўяётган ёш оилалар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида бор-йўғи 4-5 миллион сўм олиб яшашга мажбур бўлаётган фуқаролар, шунингдек, олаётган арзимас пенсияси ҳатто дори-дармонига етмаётган муҳтож кексалар ушбу «ўртача кўрсаткичлар» орқасига яширилмоқда. Бир йил ичида чиқинди хизмати 30 фоизга, газ 16 фоизга, электр 9 фоизга қимматлашди. Асосий эҳтиёжларни қондиришнинг ўзи оғирлашган бир шароитда, одамлар даромадининг ярмидан кўпини коммунал тўловлар ва аввал олинган қарзларни узишга сарфламоқда. Лекин жамиятни эзаётган бу машъум манзара шунчаки айрим мулозимларнинг хатоси ёки вақтинчалик иқтисодий омадсизлик эмас. Бу юртимизда татбиқ қилинаётган капиталистик тузум ва унинг иқтисодий низомининг аччиқ мевасидир. Зеро, бу тузум асосий эҳтиёжларни қондирувчи озиқ-овқат, бошпана, кийим-кечак, дори-дармон каби нарсаларни фойда олинадиган товарга айлантириб, кўпчилик одамларни ўзининг арзимас даромади чегарасида яшашга мажбур қилади. Юрт бойликлари эса, бир сиқим капиталист бойлар ва сиёсий элита ўртасида талон-торож қилинади. Агар Исломнинг олтин қоидаси – бойликни фақат бойлар қўлида айланиб юрадиган нарса бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги ҳукми жорий қилинганида эди, мусулмонлар ҳозиргидек иқтисодий жиҳатдан абгор аҳволда бўлмасдилар.
Кўчмас мулкларни қайта баҳолаш ортидаги солиқ тушумини кўпайтириш
Хабар: Тошкентда кўчмас мулк объектлари қайта оммавий баҳолаб чиқилди. (kun.uz 15.08.2026й)
Изоҳ: Президентнинг 2025 йил 5 мартдаги 43-сонли фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида ўтказилаётган ушбу тадбир натижаларига кўра, пойтахтдаги 600 мингдан ортиқ квартиранинг бозор нархига яқин қиймати амалдаги кадастр баҳосидан қарийб 7,4 баробарга (57,8 трлн сўмдан 426,7 трлн сўмга), 213 мингта ҳовли-жойнинг тахминий нархи эса 14 баробарга (39,1 трлн сўмдан 548,4 трлн сўмга) юқори экани аниқланди. Квартираларнинг 1 квадрат метри учун қиймат 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача, бир сотих ер участкасининг қиймати эса 115 млн сўмдан 890 млн сўмгача деб белгиланди. Расмий манбалар натижалар 60 кун давомида муҳокама қилиниши, келгусида мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланадиган база оширилиб, солиқ ставкалари пасайтирилишини билдирмоқда. Бу каби оммавий баҳолаш ва солиқ базасини кенгайтириш амалиёти капиталистик Ғарб давлатлари тажрибасида аҳоли учун қандай оғир оқибатларни олиб келгани яққол намоён бўлади. Масалан, АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларида мулкнинг бозор қиймати асосида солиқ солиш тизими сабаб, шаҳар марказида жойлашган эски кўчаларда авлоддан-авлодга ўтиб яшаб келаётган, даромади кам ёки пенсионер оилалар ўз-ўзидан «қиммат актив эгаси»га айланиб қолган. Натижада, уларнинг реал даромади ошмагани ҳолда, уйнинг баҳоси ўсгани сабабли йиллик солиқ тўловлари кескин кўтарилиб, бундай оғир молиявий юкни тўлай олмаган минглаб оилалар ота-бобосидан қолган уйларини сотиб, шаҳар чеккаларига кўчишга мажбур бўлган. Ставкаларнинг пасайтирилиши ҳақидаги ваъдалар эса, шунчаки жамоатчилик хавотирини юмшатиш воситасидир. Чунки баҳолаш базасининг 7 ва 14 баробарга ошиши барибир якуний солиқ суммасининг бир неча баравар кўпайишига олиб келади. Бундай адолатсизликнинг асл сабаби – жамиятда ҳукмрон бўлган капиталистик тузум ва давлатнинг ташқи кучлар ҳамда Жаҳон банки ва ХВФ каби халқаро ташкилотларга иқтисодий қарамлигидир. Халқаро капиталистик институтлар ривожланаётган давлатларга кредит бериш эвазига солиқ солиш базасини максимал кенгайтиришни шарт қилиб қўяди. Натижада, ташқи қарз ва бюджет дефицити босими остида қолган режим халқаро молия ташкилотларининг талаб ва моделларини кўр-кўрона ижро этиб, бюджетни тўлдириш учун ўз аҳолисини молиявий сиқувга олади.
Энди насия савдо ҳам монополлаштирилмоқда
Хабар: Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. (daryo.uz 17.08.2026й)
Изоҳ: Бу ҳақда президентнинг “Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди. Қарорга кўра, банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари бўлиб тўлаш (рассрочка/BNPL) хизматини кўрсатувчи барча юридик шахслар Марказий банкнинг алоҳида Реестрига киритилгандан сўнггина фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Шартномалар муддати кўпи билан 12 ой, объект қиймати БҲМнинг 250 бараваригача деб чекланади ҳамда барча операторлар Кредит бюролари билан маълумот алмашиши ва қарз юки кўрсаткичларига риоя қилиши шарт қилиб белгиланмоқда. Бу “ислоҳот”нинг асосий мақсади – аҳолини банк тизимига тўлиқ боғлаб қўйиш ва банк монополиясини мустаҳкамлашдир. Сўнгги йилларда одамлар банкдан мураккаб ҳужжатлар билан фоизли кредит олгандан кўра, хусусий финтех платформалари (Uzum Nasiya, Zoodpay ва ҳ.к.) ҳамда дўконлар орқали ортиқча бюрократиясиз маҳсулотларни бўлиб тўлашга олишни маъқул кўраётган эди. Бу эса тижорат банклари ва уларнинг ортида турган йирик капитал эгаларининг даромадларига жиддий рақобат туғдирди. Янги қарор билан одамлар учун банкдан ташқари муқобил молиявий манбалар бутунлай ёпилмоқда. Эндиликда кундалик маиший буюмни бўлиб тўлашга олмоқчи бўлган фуқаро ҳам бевосита банк ва Марказий банк назорати остига тушади. Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси (ХВФ) ва Жаҳон банки каби глобал капиталистик институтларнинг талабига мувофиқ, мамлакатдаги нақдсиз пул айланмасини тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган. Барча шартномаларнинг Кредит бюроларига уланиши орқали давлат ҳар бир фуқаронинг харид қобилияти ва молиявий ҳаракатларини 100% назорат остига олади. Бир марта тўловни кечиктирган фуқаро «қора рўйхат»га тушиб, молиявий-банк тизимига янада тобе аҳволга келиб қолади. Ўзбек режими олиб бораётган сиёсатнинг асл моҳияти шундаки, у аҳолининг реал даромадини ошириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш эмас, балки инсонларни қарз ва банк қарамлигига солишга қаратилган. Бундай қарамликдан қутулишнинг ягона ҳақиқий йўли – жамият фаровонлигини кафолатловчи Ислом тузуми ва унинг адолатли иқтисодий низомини қайта жорий этишдир.
Россия мусулмон юртларни чўкаётган кемасига чиқаришга уринмоқда
Хабар: Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги битимларни қайта кўриб чиқиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқ берди. (ozodlikkanali 19.08.2026й)
Изоҳ: Жумладан, Қозоғистон билан 2013 йилда ва Ўзбекистон билан 2016 йилда имзоланган шартномалар қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда. Расмий ҳужжатларда ўзига хос дипломатик анъанага мувофиқ, айнан қайси моддалар ва шартларга ўзгартириш киритилаётгани тўлиқ очиқланмаган. Аммо геосиёсий воқелик, Украинадаги давом этаётган уруш ва Россия атрофидаги санкциялар ҳалқасига назар ташланса, Москванинг бу қадами ортида турган асл мақсадлар ва стратегик мотивлар равшанлашади. Украинадаги уруш Кремлнинг ҳарбий-саноат мажмуаси потенциалини жиддий равишда синовдан ўтказмоқда. Ғарбнинг оғир санкциялари сабабли Россия ҳарбий техника ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар, микросхемалар ва замонавий технологик ускуналар дефицитига дуч келди. Ҳарбий шартномаларни қайта кўриб чиқиш орқали Москва Марказий Осиёдаги ҳарбий ва саноат корхоналаридан фойдаланиш, иккиламчи йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватларини ушбу мамлакатлар ҳудудида жойлаштириш ёки санкцияларни четлаб ўтиш имкониятларини кенгайтиришни кўзлаган бўлиши мумкин. Илгари бу келишувлар асосан Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга қурол-яроғ сотиши ёки етказиб беришини назарда тутган бўлса, эндиликда «икки томонлама мажбуриятлар»ни фаоллаштириш зарур бўлиб қолди. Яъни Москва илгари берилган ёки мавжуд бўлган ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотлар, таъмирлаш базалари ҳамда ресурсларни Марказий Осиёдан Россия эҳтиёжлари учун йўналтиришни талаб қилиши мумкин. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Тошкент ва Остона фақат Россия қуролига қараб қолмай, Туркия, Хитой ва НАТОга аъзо баъзи давлатлар билан ҳарбий-техникавий алоқаларни кучайтирган эди. Россия бундай мудофаа сиёсатини жиловлаш ва минтақанинг ҳарбий хавфсизлик архитектураси устидаги ўз назоратини сақлаб қолишни истайди. Гарчи расмий доиралар ушбу музокараларни ҳарбий-техникавий ҳамкорликни модернизация қилиш ва замон талабларига мослаштириш деб ниқоблашга уринсалар-да, ҳозирги геосиёсий шароитда бу қарорлар ҳеч бир жиҳатдан Ўзбекистон ёки Қозоғистон хавфсизлиги ва манфаатларига хизмат қилмайди. Қисқача айтганда, Москва Ғарбнинг геосиёсий тузоғига тушган бир пайтда, мусулмон юртларни ҳам ўз муаммолари ботқоғига тортишга ҳаракат қилмоқда.
Форуқ
22.08.2026й



Бу – Веб саҳифа Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон расмий сайтидир. Ҳизб ут - Таҳрир, вилоятлар, ахборот бўлимлари, расмий нотиқлар ва ахборот бўлимлари вакиллари томонидан чиқарилган нашрлар Ҳизб ут - Таҳрир раъй-қарашларини ифодалайди. Булардан бошқалари гарчи Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида нашр қилинсада ўз муаллифининг қарашларини билдиради. Бу – Ҳизб ут - Таҳрир Ўзбекистон сайтида чоп этилган нашрлардан иқтибос келтириш ва қайта нашр қилиш жоиз. Фақат бунда олиб ташламай ёки таъвил қилмай ёки ўзгартириш киритмай тўғри етказиш ва тўғри иқтибос келтириш шарт қилинади. Нақл қилинган ёки нашр қилинган нарсанинг манбаини ҳам айтиб ўтиш шарт.




ҚАРАМЛИК КИШАНИМИ ЁКИ ЕТАКЧИЛИК ШАМШИРИ?
НАКБАГА 78 ЙИЛ: ТАСЛИМИЯТ ЁКИ ХИЛОФАТ?!
ХИЛОФАТДАН БОШҚАСИ САРОБ!
ГЎДАКЛАР ФИҒОНИГА ТЎЛГАН ЯҲУД ЗИНДОНЛАРИ