Капитализм мабдасидаги иқтисодий низом хусусидаги хулоса
بسم الله الرحمن الرحيم
Капитализм мабдасидаги иқтисодий низом хусусидаги хулоса
Иқтисодий низом ва иқтисод илмининг фарқи
(“Исломда иқтисод низоми” туркумидан)
وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الآخِرَةَ وَلاَ تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلاَ تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لاَ يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
– “Оллоҳ сенга ато этган молу давлат билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутма. Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма, чунки Оллоҳ бузғунчиларни суймас”. (Қасос:77)
Аввалги мавзуимизда иқтисодий низом ва иқтисодий илм, уларнинг фарқи ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдик. Капиталистларнинг бу фарқни англамай, уларнинг нозик жиҳатларига эътибор қаратмай, иқтисодий низом билан иқтисод илмини аралаштириб юборишлари натижасида муаммолар юзага келди. Мулк эркинлиги ва меҳнат эркинлиги принципига тақсимлашнинг кафолати, деб мурожаат қилишлари эса уларнинг қаршисида муаммони янада чигаллаштирди.
Мулк эркинлиги принципи мулкчиликни тартибга соладиган чекловларни йўқ қилишни англатса, меҳнат эркинлиги ҳар бир шахсни ўз имконияти ва салоҳияти доирасидаги ўзи истаган ишни амалга оширишида барча чекловларни олиб ташлади. Яъни улар жамиятда иқтисодий мувозанатни пайдо қиладиган омилларни синдириб ташлашди. Оқибатда ҳийлаи-найранглар ва қинғир услублар борасида устамон бўлиб кетган очкўз кимсалар ва монополистлар тизгиндан бўшалиб, ўз бойликлари ва пулларини зўр бериб турли йўллар билан кўпайтиришга киришишди. Натижада жамиятда ҳаддан ортиқ бойлар ва ўта қашшоқлар пайдо бўлди. Миллиардерлар, йирик мулкдорлар пайдо бўлди. Ахлат титкилаб кун кечирадиган одамлар ҳам пайдо бўлди. Буларнинг барчасига сабаб муаммо иқтисодий низом билан эмас, балки иқтисод илми воситасида, мулкчилик кайфиятини ва бу мулкни тасарруф қилиш кайфиятини тартибга соладиган қатъий қоидалар ва тушунчалар билан эмас, балки мулк эркинлиги ва меҳнат эркинлиги билан муолажа қилингани бўлди.
Капиталистлар эҳтиёжларни қондириш борасидаги изланишни эҳтиёжларни қондириш воситалари борасидаги изланишга қўшиб, аралаштириб юборишиди, иқтисодчилар эса қондириш воситаларига бошқа эътиборда эмас, балки фақат эҳтиёжни қондирувчи нарса деган эътиборда қарашди. Бунинг оқибатида бойлик ишлаб чиқаришга кўпроқ, бу бойликни эҳтиёжларни қондириш учун тақсимлашга эса камроқ эътибор берадиган бўлиб қолдилар.Ҳатто тақсимлашга эътибор бериш иккинчи даражали иш бўлиб қолди. Шу сабабли, капиталистик иқтисодий тузум битта мақсадни, у ҳам бўлса мамлакатнинг умумий бойлигини кўпайтиришни кўзлайди ва маҳсулот ишлаб чиқаришни мумкин қадар юқори даражага кўтаришга интилади ҳамда жамият аъзоларини мумкин қадар фаровон ҳаёт билан таъминлашни миллий даромаднинг кўпайишига ва мамлакатда ишлаб чиқариш даражасининг ўсишига боғлиқ қилиб қўяди. Буни (яъни фаровон ҳаёт билан таъминлашни) эса жамият аъзоларини бойлик ишлаб чиқариш ва унга эга бўлишда ўз эркларига ташлаб қўйиб, шу бойликдан бемалол фойдаланишларига имкон бериш орқали амалга оширмоқчи бўлади.
Демак, бу иқтисод жамият аъзолари эҳтиёжларини қондириш ва жамиятдаги ҳар бир шахснинг эҳтиёжини тўла қондириш учун вужудга келмаган, балки ундаги бутун эътибор маҳсулот ишлаб чиқариш даражасини кўтариш ва мамлакат миллий даромадини кўпайтириш орқали одамлар мажмуасининг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Миллий даромад кўпайган пайтда мулк ва меҳнат эркинлиги воситасида бу даромадни жамият аъзоларига тақсимлаш юз беради. Шунинг учун жамият аъзолари бу бойликдан қодир бўлганларича олиб, эга бўлишлари учун уларни ўз эркларига ташлаб қўйилади. Ҳар бир киши ўзи эга бўлган ишлаб чиқариш омилларига қараб бу бойликка эга бўлади. Бунда жамиятнинг барча аъзолари эҳтиёжлари қондирилдими ёки баъзилариники қондирилиб, баъзилариники қондирилмадими, бунинг фарқи йўқ.
Мана шу сиёсий иқтисод, яъни капиталистик иқтисод бўлиб, у аниқ хато ва воқеликка зиддир. Бу иқтисод жамиятнинг барча аъзолари турмуш даражасининг кўтарилишига олиб келмайди ва ҳар бир шахсга фаровон ҳаётни таъминлаб беролмайди. Бу иқтисоддаги хатолик жиҳати шундан иборатки, қондиришни талаб қиладиган эҳтиёжлар инсон эҳтиёжлари бўлиши билан биргаликда шахсий эҳтиёжлар ҳамдир. Чунки бу эҳтиёжлар инсонлар мажмуасининг ёки уммат ёки халқ мажмуасининг эҳтиёжлари эмас, балки Муҳаммад, Ҳасан ва Солиҳнинг эҳтиёжларидир ва ўз эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилувчи ҳам якка шахсдир. Унинг ўз эҳтиёжини қондириши емоқ-ичмоқ каби бевосита қондириш бўладими ёки умматни мудофаа қилиш каби инсонлар мажмуасининг қондирилиши орқали қондириш бўладими, бундан қатъий назар, уни қондиришга ҳаракат қилувчи якка шахсдир. Шунинг учун барча иқтисодий муаммо асосан якка шахсларга қондириш воситаларини тақсимлашдадир, яъни муаммо мол-мулк ва манфаатларни халқ ёки умматнинг ҳар бир аъзосини эътиборга олмай халқ ёки умматдаги одамлар жамоаси қондиришни талаб қиладиган эҳтиёжларга эмас, балки уммат ёки халқнинг ҳар бир аъзосига тақсимлашдадир. Бошқача айтганда муаммо кўпчилик маҳрум бўлишида эмас, балки ҳар бир шахснинг маҳрум бўлишидадир. Шунинг учун иқтисодий низомда иқтисодий моддани ишлаб чиқариш борасида эмас, балки ҳар бир шахснинг асосий эҳтиёжларини қондириш борасида изланиш олиб борилади.
Шундан келиб чиқиб, миллий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш шахсларнинг барча асосий эҳтиёжларини яккама-якка тўла қондириши борасидаги изланиш мавзуси бўлмади. Балки изланиш мавзуси инсоннинг инсон сифатидаги асосий эҳтиёжларини ўрганиш ва жамият аъзоларининг барча асосий эҳтиёжлари қондирилишини кафолатлаш учун уларга бойликни тақсимлашни ўрганишдан иборатдир. Мавзу мана шундай бўлиши ва биринчи ўринда туриши лозим. Мамлакатдаги қашшоқлик муаммосини муолажа қилиш ҳар бир шахснинг камбағаллиги муаммосини ҳал қилиб беролмайди, балки шахслар камбағаллиги муаммоларини муолажа қилиш ва юрт бойлигини тақсимлаш юрт аҳолисининг ҳаммасини ва ҳар бир шахсни миллий даромадни кўпайтириш учун меҳнат қилишга ундайди.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига ва миллий даромаднинг ўсишига таъсир ўтказувчи омилларни ўрганишга келсак, бу омиллар иқтисодий низом тартибга соладиган эҳтиёжларни қондириш баҳсида эмас, балки иқтисод илмида (фанида) ўрганилади, яъни иқтисодий модда ва уни кўпайтириш баҳсида ўрганилади.
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Ўзбекистондаги медиа офиси. Салоҳиддин
06.10.2017й.
Халифалик давлатини тилларингизга жойлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ғарбнинг фисқ-фасод омили бўлмиш лойиҳаларини амалга оширишда Халқаро меҳнат ташкилотининг роли
Насроний ва кофирларни байрамлари билан табриклаш тўғрисидаги саволга жавоб
Республика президентлиги сайловлари ҳукми